Баъзан “гендер тенглик” деган гапни эшитсак, жуда катта, расмий ва узоқ тушунчадек туюлади. Лекин аслида бу ҳар бир оила, ҳар бир иш жойида инсонга, яъни барчага тенг имконият берилиши демакдир. Яъни кимдир фақат аёл бўлгани учун четлатилмаслиги ёки ўзини ожиз ҳис қилмаслиги керак.
Илгари айни мавзу унчалик очиқ гапирилмасди. Ҳозир эса қонунлар қабул қилинди, янги имкониятлар пайдо бўлди, аёлларга кўпроқ эътибор қаратиляпти.
ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида гендер тенглик ва хотин-қизлар мурожаатларини самарали ҳал этиш масалалари бўйича ўтказилган давра суҳбатида шу мавзуга эътибор қаратилди.
Суҳбат жараёнида иштирокчилар томонидан бугунги кунда имкониятлар кенгайгани, қонунчилик такомиллашгани, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кучайгани, лекин шу билан бирга, хотин-қизларнинг бу борадаги мурожаатлари ҳам кам эмаслиги, яратилган имкониятлардан фойдаланишда айрим қийинчиликлар сақланиб қолинаётгани қайд этилди.
Акмал УМАРАЛИЕВ,
ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:
– Гендер тенглик ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт асоси ҳисобланади. Чунки жамиятда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар яратилмас экан, ҳақиқий ривожланишга эришиб бўлмайди.
Оддий қилиб айтганда, жамиятнинг ярми тўлиқ имкониятдан фойдалана олмаса, бу жамият тўлиқ куч билан ҳаракат қилмаяпти дегани. Шунинг учун ҳам гендер тенглик масаласи фақат аёллар муаммоси эмас, балки бутун жамиятнинг келажаги билан боғлиқ масаладир.
Ўзбекистон аҳолисининг 49,6 фоизини аёллар ташкил этади ва бу кўрсаткич уларнинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳим эканини яққол ифодалайди. Хусусан, Тошкент вилоятида 1 миллион 574 мингдан ортиқ аёл истиқомат қилаётгани ҳудудий сиёсатда хотин қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.
Биламизки, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун жамиятда гендер тенгликни таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. У нафақат ҳуқуқларни ҳимоя қилади, балки аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни амалга ошириш жараёнини тизимли равишда қонуний тартибга солади.
Бу қонун орқали аёлларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва давлат бошқарувидаги иштироки кенгайиб бормоқда. Бу энг асосий ижобий натижа ҳисобланади, чунки аёлларнинг фаоллиги жамиятдаги қарорлар қабул қилинишида ҳам ҳис этилади ва иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиётга сезиларли таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, хотин-қизлар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш ва уларга тез ва аниқ ечим топиш жараёнлари ҳам бу қонуннинг амалий аҳамиятини янада оширмоқда. Бу эса нафақат ҳуқуқий адолатни таъминлайди, балки аёлларнинг ўз ҳаёти ва имкониятлари устидан ишончини мустаҳкамлайди.
Албатта, ушбу жараёнда хотин-қизлар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш ва уларга тез ва аниқ ечим топиш учун қатор амалий чоралар кўрилиши муҳим. Бу борада бир қатор таклифларни баён этмоқчиман.
Айтиш керакки, мурожаат олганидан кейин тезкор қайта алоқа муҳим аҳамиятга эга. Аёлга унинг мурожаати қай даражада кўриб чиқилаётгани ҳақида маълумот бериш орқали ишонч ва очиқлик таъминланади. Бу ортиқча қўрқув ва шубҳаларни камайтиради. Ҳар бир мурожаат текширилишида қонун ва амалдаги йўриқномалар асос қилиб олиниши, аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши керак. Бу нафақат адолатни таъминлайди, балки аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилади.
Шу билан бирга, психологик ва маслаҳат бўйича қўллаб-қувватлаш ҳам муҳимдир. Мурожаат қилган аёллар психолог ёки ҳуқуқшунос билан учрашиб, ўз муаммосини тушунтириши ва ечим топишда қўллаб-қувватланиши лозим. Бу тизим самарадорлигини оширади ва аёлларнинг ўзини ишончли ҳис қилишини таъминлайди.
Шундай қилиб, оиладан бошлаб иш жойигача бўлган барча муҳитда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикрини эшитиш ва имконият бериш орқалигина ҳақиқий натижага эришиш мумкин.
Коммуна ШЕРМАТОВА,
Чиноз тумани “Тадбиркор аёл” уюшмаси раиси:
– Аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш – бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда аёллар нафақат оила бекаси, балки иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчисига айланган. Улар таълим олади, тадбиркорлик қилади, давлат ва жамоат бошқарувида фаол иштирок этади.
Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги — бу нафақат оила фаровонлиги, балки бутун мамлакатнинг иқтисодий ўсиши учун муҳим омилдир. Улар тадбиркорлик билан шуғулланса, янги иш ўринлари яратилади, бизнес ва инновациялар ривожланади. Шу билан бирга, давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки қарор қабул қилиш жараёнини мукаммаллаштиради ва жамиятнинг турли қатламлари фикрини ҳисобга олишга имкон беради.
Шу маънода партиямиз ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар орқали аёлларнинг муаммолари ўрганилмоқда, уларнинг мурожаатлари жойида ҳал этиляпти. Масалан, иш бошлаш ниятида юрган аёлларга молиявий маслаҳатлар ва кредит олиш имкониятлари бўйича кўмак кўрсатилмоқда, шунингдек, кичик бизнесни ривожлантириш учун тегишли давлат дастурларига йўналтирилмоқда.
Шунингдек, таълим ва касб-ҳунар соҳасида мурожаат қилган хотин-қизларга тегишли тренинглар ва малака ошириш курслари таклиф этилиб, уларнинг билим ва кўникмалари кучайтирилмоқда. Бу аёлларга нафақат ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, балки жамиятда фаол иштирок этиш имконини ҳам беради.
Шу тариқа, жойлардаги тадбирлар орқали аёллар ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар юзага келмоқда, уларнинг имкониятлари кенгаймоқда ва жамиятда аёллар иштироки тобора фаоллашмоқда. Бу эса нафақат гендер тенгликни таъминлайди, балки барқарор тараққиёт ва ижтимоий адолатнинг асоси ҳисобланади.
Давра суҳбатида халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши депутати Наргиза Холтўраева гендер тенгликни таъминлашда амалий ёндашувлар ҳақида гапириб ўтди. У жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ечиш самарали натижа бераётганини қайд этди.
“Аёллар дафтари” тизими орқали эҳтиёжманд аёлларни қўллаб қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича эришилган натижаларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, депутатлик сўрови институти орқали муаммоларни ҳал қилиш амалиёти самарали ишлаётгани таъкидланди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Ўғилой Ўразова ўз сўзида гендер тенглик тизимли сиёсат ва стратегик ёндашув маҳсули эканини қайд этди. У мамлакатимизда бу йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганини, 110 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини таъкидлаб, янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда гендер тенглик стратегиясида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилганига урғу бериб ўтди. Шунингдек, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли даражада яхшиланганига мисоллар келтирилди.
– Парламентлараро иттифоқ рейтингида 36-ўрин, гендер индексида 52-ўрин ва Жаҳон банки рейтингида 48-ўрин эгаллаши – амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самарадорлигини кўрсатади. Бу натижалар гендер тенгликка эътибор қаратилган чора-тадбирлар фойда бериши ва уларнинг ҳаётда сезиларли ўзгаришларга олиб келаётганини исботлайди, – деди Ўғилой Ўразова.
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Мухсиддин Низомиддинов бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини аниқ рақамлар ва таҳлиллар орқали изоҳлаб берди.
Маърузачи, айниқса, қизларнинг интеллектуал салоҳияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Масалан, қизлар орасида олий ва касб ҳунар таълими билан шуғулланувчи фуқаролар сони йилдан-йилга ўсмоқда, бу эса уларнинг билим ва кўникмалари кенгайиб, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун имкон яратмоқда.
Таъкидландики, 2024–2025 ўқув йилида республика бўйича 11-синфни 433 503 нафар, 9-синфни эса 633 952 нафар ўқувчи тамомлаб, жами 1 067 455 нафар битирувчига шаҳодатнома берилган. Шу билан бирга, 13 686 нафар иқтидорли битирувчи олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган бўлиб, уларнинг катта қисмини айнан қизлар ташкил этгани бугунги таълим тизимидаги муҳим тенденцияни кўрсатади.
Бу рақамлар таълим соҳасида аёлларнинг интеллектуал салоҳиятининг тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Қизлар нафақат билимли, балки фаол ва мақсадлилик хусусияти билан ҳам ажралиб турибди. Бу эса уларнинг келажакда иқтисодий, ижтимоий ва давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлайди.
Гендер тенгликни кафолатлаш фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар биримизнинг вазифамиздир. Чунки адолатли ва барқарор жамият айнан тенг имкониятлар асосида қурилади.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
