Кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги йиғилиши ҳам қизғин баҳслар асосида ўтди. Залда ўтирган депутатларнинг ҳар бири муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўз фикри, қараши ва таҳлилий ёндашувига эга. Аммо бирор қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун барча депутатларнинг турли фикрлари маълум бир уйғунликка келиши талаб этилади.
Бу осон жараён эмас. Чунки муҳокамаларда фикрлар хилма-хил бўлади ва ҳар бири асосли равишда илгари сурилади. Қонунчилик палатасининг биргина мажлисини кузатган инсон ҳам шуни англайдики, ҳар бир қонун лойиҳаси, ҳуқуқий ҳужжат чуқур ва ҳар томонлама муҳокамадан ўтади.
Энг муҳими, бу муҳташам ва ўта масъулиятли залда “дунёга келаётган” ҳар бир қонун, қабул қилинаётган ҳар бир қарор одамларимизнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Йиғилиш кун тартибига кўра, дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини 20 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда.
Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда
Мажлисда суғурта хизматларига оид рекламаларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот этиб белгилаш ҳамда ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари сифатида соҳалардаги ваколатли давлат органларини ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида истеъмолчиларни кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг бу хизматлардан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишончни оширишни назарда тутади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар барча саволларга тушунтиришлар бериб ўтди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Экспорт тартиб таомиллари жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштирилади
Мажлисда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга, шунингдек, миллий қонунчилигимизни ЖСТ қоидаларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Транспорт вазири парламентга ахборот беради
Депутатлар транспорт вазири И.Маҳкамовнинг “Темир йўл транспорти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йўловчи ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда темир йўл транспорти соҳасини жадал ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, логистика тизимини такомиллаштириш, юк ва йўловчи ташиш хизматлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли, узлуксиз ва сифатли транспорт хизматлари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларга чиқиб ўрганишлари жараёнида темир йўл транспортида йўловчи ва юк ташиш хизматлари даражасини ошириш, вагонлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, вокзаллар инфратузилмасини ривожлантириш, сервис ва рақамли хизматлар билан боғлиқ айрим масалалар кузатилмоқда. Мажлисда шундан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан транспорт вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
