Ҳар бир давлат ва жамият аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги, фикрлар муштараклиги, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий, сиёсий жараёнларда фаол иштироки демократик ислоҳотларнинг муҳим ва асосий индикатори ҳисобланади. Айниқса, давлатнинг молия, иқтисодиёт борасидаги сиёсати шаффоф кўринишга эга бўлиши аҳолининг ишончи ошишида катта роль ўйнайди.
Бундай имкониятларни яратган мамлакатларга нисбатан «good governance» (яхши ҳукумат) ёки «рublic governance» (халқ ҳукумати) мақомини бериш амалиёти ҳам мавжуд. “Халқ ҳукумати” қарорларни қабул қилишда ва уни бажаришда фуқароларнинг кенг иштироки билан белгиланади.
1990 йилда Жаҳон банки томонидан дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари учун тажриба кўринишида иқтисодий лойиҳаларда аҳолининг фаол иштирокига қаратилган биринчи дастур ишлаб чиқилган ва бунда дастлаб аҳолининг фикрини олиш ташаббуси берилган эди.
Бугун дунё мамлакатларида аҳолининг давлат бошқарувида бевосита иштирокини таъминлашда ахборот технологияларининг ўрни ва таъсири ошиб бормоқда. Аммо бу ўринда савол туғилади. Бунинг самарасини қандай баҳоланади? Унинг натижалари қандай аниқланади?
Таҳлилларга кўра, “электрон ҳукумат” ёки “электрон ҳужжат” айланмаси биринчи навбатда инсон омилининг аралашувини кескин камайтиришга хизмат қилади. Чунки кимларнидир бундай лойиҳаларга “суқилиб” киришига умуман йўл қўйилмайди. Бу биринчидан.
Иккинчидан, аҳоли лойиҳада кўрсатилаётган масала ҳақида тўлиқ ёки қисман хабардор бўлади. Буни сиёсий амалиётда “электрон демократия” ёндашуви деб ҳам номлаш урф бўлган, шу билан бирга, кўплаб ривожланган мамлакатларда бу қулай, содда механизм сифатида қўллаб келинмоқда.
Ўзбекистонда бошланган “Очиқ бюджет” лойиҳасида дастлаб 300 мингдан ортиқ аҳоли қатнашган. Бугунги кунда бу лойиҳа аҳолининг фаоллигини ошириш билан бирга, ислоҳотларда шахсан иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президент ташаббуси
Кейинги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар бу борада қанчалик тўғри йўналиш танланганини кўрсатиб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада кўпайтирилиб, бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлигини қўллаб қувватлаш белгиланган.
Унга кўра, депутатлар ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан бир йил давомида иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилган ва депутатларнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради. Бу очиқликни оширади, сиёсий фаолликни ривожлантиради.
Эндиликда ташаббусли бюджет доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳани депутат ташаббусига кўра ғолиб, деб эълон қилиш имконияти қатор янгича ёндашувларга асосланади.
Биринчидан, бу тизим депутатларнинг сиёсий фаоллигини ва сайловчилар олдидаги сиёсий масъулиятини янада ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда ташаббускорликни янада кучайтиришга туртки беради.
Иккинчидан, депутатларнинг ҳар йили аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган 2 та лойиҳани танлаш имконияти яратилади.
Учинчидан, сайлов округларида ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича депутатларни зарур ресурслар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Тўртинчидан, ташаббусли бюджет лойиҳаларини молиялаштиришда олий давлат вакиллик органи назорати кучайтирилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ аҳоли ва депутатлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Сайлов округларидан қайтган депутатлар ташаббуснинг аҳоли ижтимоий кайфиятига катта таъсир этганини, уларнинг мамнун эканини алоҳида таъкидлашмоқда.
Хусусан, Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари энг мақбул лойиҳаларни жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан кенг қамровли мулоқотлар ўтказиш орқали танлашга эътибор қаратди. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли экани ҳар томонлама ўрганилди. Энг асосийси, ҳаммаси шаффоф тарзда амалга оширилди, буни жамоатчилик ҳам эътироф этди.
Фракциянинг йиғилишида қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш, депутатлар ва сайловчилар, айниқса, электорат вакиллари орасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қарори катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу ташаббус орқали республика бўйича ижтимоий қиймати юқори бўлган, халқимиз орзиқиб кутаётган 300 та қўшимча лойиҳани амалга ошириш имконияти очилади.
Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида турли лойиҳалар билан бевосита танишиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида қатор лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда.
Хусусан, маълумотларга кўра, таълим муассасаларини таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича 10 та, йўлларни таъмирлаш бўйича 7 та, ирригация ва сув тармоқларини таъмирлаш бўйича 3 та, жами 20 та ижтимоий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, ташаббусли бюджет жараёнларида депутатларнинг иштироки – бу нафақат назорат ва вакиллик вазифасини бажариш, балки жамият ва давлат ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, қарор қабул қилиш жараёнларини янада демократлаштириш демакдир. Шу боис, ушбу жараёнларда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ҳақиқатан ҳам, бу янгилик муҳим сиёсий қарор бўлди, десам хато бўлмайди. Бу бизларга яна бир бор ишонч, шунингдек, халқимизнинг янада фаоллашувига асос бўлди. Яқинда ҳудудларда бўлганимизда асосий масалалар қаторида бу янгиликни сайловчилар билан ўртоқлашганимизда, уларнинг нечоғли хурсанд бўлганликларини тасаввур қилишингиз мумкин.
Хусусан, мен танланган лойиҳа аввал 15 минг овоз йиғиб ҳам юта олмаган экан. Аммо ижтимоий жиҳатдан муҳимлигини ҳисобга олиб, Денов туманидаги “Қизилжар” МФЙдан ўтувчи йўл учун овоз бердим. Сабаби, бу лойиҳа ҳудуд аҳолисининг ҳаракатланиши, айниқса, мактабларга қатнаётган ёшларимиз учун зарур.
Сайёра ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Туман Кенгашида, Жўқорғи Кенгесда, мана, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида уч чақириқ депутат бўлиш насиб этди. Лекин шунча йиллик тажрибамда депутатни халқ билан, сайловчилар билан яқинлаштирувчи бундай механизмни кўрмаганман, десам ҳам бўлади.
Ўзим Қорақалпоғистон Республикасидан сайланганим, ҳудудни яхши билганим учун бу ташаббус мен учун катта имконият бўлди, деб ўйлайман. Энг асосийси, Президентимизнинг ташаббуси орқали яна қўшимча имконият берилиши, айниқса, алоҳида сумманинг кафолатли ажратилиши тарихий ўзгаришларнинг яна бир дебочаси эканига ишонаман.
Мен Беруний туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида ички йўлларни таъмирлаш лойиҳасига овоз бердим, бу йўл иккита мактаб ўқувчиларининг ўқишга қатнаш имкониятини яхшилайди. Сайловчилар, минглаб ота-оналар бу лойиҳа, бу ташаббусдан жуда хурсанд.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашганимизда бир қатор ижтимоий масалаларга дуч келардикки, баъзан уларни ечишда ўзимизда ҳам имкониятлар, керак бўлса, ресурслар етишмас эди.
Президентимизнинг депутатларнинг сиёсий фаоллиги ва ташаббусларига куч берган қарори мени ҳам қаттиқ хурсанд қилди. Тошкент вилоятидан сайланганим учун Ангрен шаҳри “Кимёгар” МФЙ ҳудудидаги 1992 йилдан бери таъмирланмаётган ички йўлларни, яъни аҳоли учун сувдек зарур бўлган лойиҳани танладим, асосийси, халқ мамнун. Бу ишонч биз, депутатлар учун катта шараф.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Мен ўзим иқтисодчиман. Ҳар бир сарфланган пул амалий натижага йўналтирилиши муҳим, деб ҳисоблайман. Тажрибамда мени бунчалик руҳлантирадиган бундай ёндашувлар кам бўлган. Шу боис, пулни тўғри йўналтиришда ўзим иштирок этаётганим ва буни Президент барча депутатларга ишонч сифатида тақдим этиши мени ҳам хурсанд қилди. Ўзим ҳам энг оғир, энг зарур лойиҳаларга эътиборимни қаратдим. Кўкдала туманида касб-ҳунар техникуми билан боғлиқ лойиҳага овоз бердим. Техникум бор, амалий ишлар учун устахона йўқ, жиҳоз йўқ. Бу лойиҳага овоз беришимнинг сабаби, эртага ёшларнинг касб эгаси бўлиб чиқиши, бандлиги таъминланишида катта имкониятларни яратади.
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Бизнинг партиямиз электорати, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ушбу лойиҳани депутатларга катта имконият, масъулият ва ваколат, деб қабул қиламан.
Мен Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 39-умумтаълим мактабини жиҳозлаш, моддий-техник базасини яхшилаш лойиҳаси учун овоз бердим. Мактаб, ўқувчи ва ўқитувчилар анча йилдан бери шундай лойиҳа молиялаштирилишига муҳтож бўлиб юрган экан. Таълим ва билимга сарфланган маблағ ҳар доим ўзини оқлайди.
Зокиржон ЗОҲИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ташаббусли бюджет уникал десам, хато қилмаган бўламан. Бу сафарги сайлов округларидаги учрашувларим ҳамда сайловчиларнинг кайфиятини тасаввур ҳам эта олмайсиз.
Риштон туманидаги спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш тадбирлари учун, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига овоз бердим.
Амалга ошадиган лойиҳалар партиямизни, фракциямизни электоратимиз вакиллари билан янада ҳамжиҳатлаштиришга хизмат қилади.
Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши шўъба мудири,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори(Phd).
