Партия ҳаёти

Ҳаёти – мен учун ибрат мактаби

Blog Image
Email : 2 0

Ёшликда бирга ўниб-ўсган дўстинг ҳақида сўзлаш осон. Чунки бақамти кечирган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғуларни баён этиш билан кўз олдингда ўша даврлар гавдаланади, сўзлаш ҳам, ёзиш ҳам осон.. лекин ўзингдан олдин бир-икки кўйлакни йиртиб, кечмоқчи бўлган дарёларингни сендан олдин сузиб ўтган, забт этмоқни орзу қилган чўққиларга аллақачон байроқ қадаган инсон ҳақида фикр билдириш кишини ўйлантириб қўяр экан. Аслида, бундай зотларнинг олган унвонлари ва бошқа эришган натижаларини жамлаб, баён этишдан-ку осони йўқ, аммо Устоз – Қаландар Абдураҳмоновнинг муборак айёми муносабати билан улар ҳақида ўзим билганларим ва эшитганларимни баён этишда анча масъулият қаршисида қолдим, бироқ нима бўлганда ҳам уларни қоғозга туширишни афзал билдим.

Устоз Қаландар ака билан Чироқчи туманида бир вақтда бўлмаса-да бир мактабни (ўша пайтларда “Тельман номли 1-мактаб” деб юритилар эди) тамомлаганимиз менга ҳар доим ғурур бағишлаб келган. Мактабнинг 9-10 синфларида ўқиб юрган (70-йилларнинг иккинчи ярмида) пайтларда ўқитувчиларимиз бизга намуна сифатида шу мактабни битириб, айни пайтда Тошкент ва Самарқанд олийгоҳларида таҳсил олиб, илм ва амалиётда катта ютуқларга эришган инсонларни намуна қилиб кўрсатишар, улар қаторида биринчилардан бўлиб Қаландар акани алоҳида зикр этишар эди. Айниқса, устозимиз ёқуб Ҳамроев георграфия фанидан дарс ўтганларида Чироқчининг Қалқама тоғ бағрида жойлашган Лангар, Тарағай, Қуруқсой, Говхона ва бошқа қишлоқлари тўғрисида жўшиб гапирар экан, Тўлақул қишлоғига алоҳида тўхталиб: “Бу қишлоқ ўзи кичкинигина, лекин одамлари жуда қизиқувчан, зийрак ва ҳаракатчан. Биласизларми, ким чиққан бу қишлоқдан? Қаландар Абдураҳмонов чиққан, у мактабимизнинг битирувчиси. Ҳозир иқтисодиёт бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, Тошкентдаги нуфузли институтнинг катта домласи бўлиб ишламоқда”, дея фахр билан Устозга таъриф берганлари ҳеч эсимдан чиқмайди.

Мактабимизда нафақат Чироқчи, балки бутун вилоятда юқори савияга эга бўлган математика, физика, химия, география ва адабиёт ўқитувчилари фаолият олиб боришар эди. Бир куни адабиёт ўқитувчимиз ҳамда мактаб директорининг ўринбосари Жўра Лутфуллаев “Иншо ёзишни қишлоқдан келиб ўқиётган болалардан ўрганинглар. Мана, Тўлақулдан Қаландар Абдураҳмонов қандай иншолар ёзар эди. Таппа тайёр журналист эди-я, лекин ўзини иқтисодиётга уриб кетди. Шунда ҳам хато қилмабди, фан номзоди бўлди, қандини урсин”, деб қўярди.

Физика ўқитувчимиз Эшман Абдалов даср оралиғида ёки пахта даласида юрганимизда қишлоқдан Тошкентга бориб, илм олишнинг машаққатлари ҳақида кўп гапириб берар эди. Марказда қолиб, давлат хизматида ишлаётган, илм-фан, ижод билан шуғулланаётган мактабимиз битирувчилари Жаббор Рўзиев, Муродулла Нормуродов, Мусақул Усмонов, Жовли Ҳакимов ва бошқалар қаторида Қаландар акани ҳам тилга олар экан, мен бундай тиришқоқ, интилувчан, илмга берилган ва шу билан биргаликда одамохун йигитни кўрмаганман, деб таъриф берар эди. Шунда биз: “Нега у кишини одамохун дейишган, бу сўз нимани англатади”, деб сўраганимизда: “Одамохунлик хислати инсонпарвар, инсонларга ҳурмат кўрсатувчи, олижаноб, саховатли кишиларга хос фазилат”, деганлари эсимда қолган.

Устозга нисбатан бундай таъриф бежизга берилмаган экан. Ўтган асрнинг 60-70-йиллари, Тошкентда қолиб илм билан шуғулланишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермаган. Кўпчилик: “Илм қиламан деб Тошкентда қолсам-у, лекин эплолмасдан қишлоғимга шумшайиб қайтиб борсам ким деган одам бўламан?”, қабилидаги андиша билан юрган. Шу тахлит қобилияти бўлса ҳам дипломни олиб кетворганлар кўп бўлган. Қолганлар эса илмда ёки амалда ўз ўрнини топиши учун не-не синовлардан ўтиши керак бўлган. Ана шундай пайтларда ўзини аллақачон тутиб олиб, катта давраларга қўшилишга улгурган Қаландар ака кўпгина толиби илмларга, аспирантларга, ҳаттоки олимлик йўлига кирган ёш домлаларга ҳам қўлидан келган ёрдамни аямаганлигини кўп эшитганмиз.

Ўрта мактабни битиргунимга қадар Қаландар акани ҳеч кўрмаган эканман. Лекин у киши тўғрисида жуда кўп яхши фикрларни эшитардик. Мана шу эшитганларимдан у киши жуда ўзига ишонган, виқорли, салобатли, олдига унча-мунча одам ҳадди сиғиб бора олмайдиган, образли қилиб айтганда, худди “қуёшдек кўзни қамаштирадиган” инсон бўлса керак, деган тасаввур шаклланган эди менда.

Тақдир тақозоси билан 1978 йил Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирдим. Кутубхонада айрим “тақчил” адабиётларни уйга олиб ўқиш учун деканатнинг рухсати керак экан. Биз, шаҳарни энди кўриб, довдираб юрган талабалар учун деканнинг олдига кириш жуда катта матонат талаб этар эди.Мана шундай бир ҳолатда деканнинг эшиги қаршисида мен ва яна бир нечта талабалар навбат кутиб турганимизда, хонадан бир домла чиқди-да, “Сизлар бу ерда нимани кутиб турибсизлар?”, деб сўраб қолди. Бизнинг масаламизни эшитгандан сўнг, “Унда, юринглар орқамдан”, деб ҳаммамизни кабинетига олиб кирди ва бир зумда масаламизни ҳал қилиб берди. Чиққанимиздан кейин, “Бу киши ким?”, деб суриштирсак, умумиқтисодиёт факультети деканининг ўринбосари Қаландар Хўжаевич Абдураҳмоновнинг ўзи экан. Ўшанда у кишида кўрганим оддийлик, самимийлик мени ҳайрон қолдирди ва физика ўқитувчимизнинг “Одамохун” деган таърифларини қайта эсладим. Энди менинг тасавуримдаги “виқорлилик” ўрнини “оддийлик”, кўзни қамаштирадиган қуёш нурини эса илиқлик эгаллаган эди.

Устоз билан биринчи учрашишимиз мана шундай бўлган. Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен олийгоҳни битираётган пайтимда устоз менга: “Агар хоҳласангиз Давлат режа қўмитаси қошида илмий-тадқиқот институти бор. Меҳнат муносабатлари билан шуғулланадиган бўлимга тавсия қиламиз, ўша ерда илмий иш билан машғул бўлаверасиз”, деб таклиф билдирди. Мен ўйлаб кўришга вақт сўрадим. Тошкентда қолиб ишлаш учун “прописка” талаб қилинар экан, нима қилса бўлади, деб ўйлаб кетаётганимда олдимдан диплом ишим бўйича раҳбарим Мирсоли ака Ҳайдаров чиқиб қолди ва “Давлат имтиҳон комиссияси раиси сени Фанлар академиясидаги кибернетика институтига ишга таклиф қилаяпти, бормайсанми?” деб қолди. Улардан ҳам ўйлаб кўриш учун вақт сўраб, уйдагилар билан маслаҳатлашиш учун Чироқчига қараб йўл олдим.

Уйдагилар ҳам менга аниқ бир маслаҳат бериша олмади. Лекин “Кибернетика янгича, жарангдорроқ эшитилаяпти”, дейишгани худди “Шуни танлай қол” дегандек туюлди менга. Тақдирнинг изми билан Кибернетика институтида илмий ишим битгунга қадар Қаландар ака билан рўпара бўлишдан чўчиб, ўзимни олиб қочиб юрдим. Олдиларига бориб, узримни айтишга ботинолмадим. Орадан тўрт йил ўтиб, номзодлик илмий ишимни тугатиб, автореферат чиқарганимдан сўнг, минг истиҳола билан билан домла нима дер экан, деб қўрқа-писа олдиларига бордим. Устоз ўзининг самимийлиги ва очиқ кўнгилилиги билан мени яна бир бор лол қолдирди. “Ҳамма ишларингиздан хабарим бор, нега келмайсиз, балки бирор ёрдам керакдир, иш битиб қолдими?”, деб саволга тутди. Қўлимдаги авторефератни узатганимдан кейин, “Эй, яшанг, мана бу бошқа гап, зўр иш бўлибди”, деб самимий қутлади ва ишларини бир четга суриб, авторефератимга тақриз ёзиб берди. Четдан қаралса, бу хотиралар кундалик, оддий бир ҳол сингари туюлар, лекин мендек илм қиламан деб Тошкентда “дарбадар” бўлиб юрган аспирант учун бу катта бир мадад эди.

Устоз шогирдлари билан суҳбатлашганда Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган сўзини кўп қайтарганларининг гувоҳи бўлганмиз. Устознинг ўзлари ҳам Буюк Муҳаддиснинг ушбу шиорига содиқ бўлиб, бутун ҳаётини фақат илм-маърифатга бағишлаганлигини бу борада эришган ютуқлари амалда исботлаб турибди.

Бугун умидларга тўла, ҳаяжонли кунларни эслар эканман, ўша пайтларда кўз олдимда улкан чинор бўй кўрсатаётганини ҳис қилганман. Аввало, одамгарчиликдан сабоқ берган Устоз илмий фаолияти давомида юксак бир чўққини ҳам забт этганига ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг номи иқтисодиёт илми билан шуғулланаётган дунё афкор оммасига яхши маълум, десам муболаға бўлмайди. Бунга Устоз яратган илмий меросни қисқача таснифлаб, тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Академик Қ. Абдураҳмонов умумий ҳажми 1600 босма табоқдан ошиқ кўплаб илмий асарлар муаллифи саналади. Устоз олиб борган тинимсиз илмий изланишлар натижалари рус, ўзбек, инглиз тилларидаги йирик илмий монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларида ўз аксини топган. Унинг Буюк Британиянинг “Scientifie Publishing House IVG” нашриётида инглиз тилида чоп этилган “Labour economics” китоби айни пайтда кўплаб мамлакатларда дарслик сифатида фойдаланилмоқда. Муаллифнинг “Меҳнат иқтисодиёти” китоби Ўзбекистонда ва Россия Федерациясида бир неча маротаба қайта нашр этилган ва кўплаб олийгоҳларда дарслик сифатида қўлланилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари, Қаландар Абдураҳмонов томонидан тайёрланган “Меҳнат иқтисодиёти”, “Ташкилот персоналини бошқариш”, “Персонал менежментининг назарий асослари”, “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш”, “Аҳолининг турмуш даражаси”, “Демография”, “Инсон тараққиёти”, “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси”, “Ижтимоий соҳа иқтисодиёти”, “Меҳнат бозори” каби дарсликлар нафақат олийгоҳларда, шунингдек, бошқарув соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Давлат бошқаруви академияси ва бошқа малака ошириш институтлари томонидан дарслик ва ўқув қўлланмалари сифатида кенг фойдаланилмоқда.

Умуман олганда, иқтисодиёт фанида олиб борган кўп йиллик меҳнати натижасида академик Қаландар Абдураҳмонов мактаби яратилганлигини нафақат мамлакатимиз, шунингдек, хориждаги илмий доираларнинг йирик вакиллари ҳам эътироф этишган. Устознинг бевосита раҳбарлигида 100 га яқин фан номзоди ва докторлар етишиб чиқди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошида академик Қ.Абдураҳмоновнинг “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактаби фаолият олиб бормоқда.

Қаландар Хўжаевич кейинги йилларда меҳнат иқтисодиёти билан биргаликда меҳнат социологияси фанини ривожлантириш соҳасига ҳам катта эътибор қаратмоқда. Олим “Бозор ислоҳотлари шароитида меҳнат иқтисодиёти ва социолигияси” соҳасидаги янги иқтисодий назария ва амалий тавсияларни шакллантирибгина қолмасдан, уларнинг халқаро майдонда кенг тарқалишига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида кейинги йилларда 7 марта халқаро илмий конференция ўтказилди.

Устознинг илмий ишлари РИНЦ ва SCOPUS халқаро илм-фан манбалари индексига эга ҳамда ушбу манбалар орқали чет эл олим ва тадқиқотчилари ҳам олимнинг илмий натижаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, Устоз Муҳаммад Мусо ал Хоразмий ижодига катта қизиқиш билан қараб математик таҳлил, хусусан, эконометрик усулларни иқтисодий тадқиқиотларга кенг қўллаш борасида ҳам изланишлар олиб бормоқда. Эконометрика фанининг иқтисодий таҳлилда муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу фан дарслик сифатида университет программасига киритилган.

Ўзбекистоннинг улкан туризм салоҳиятига эга эканлигини ҳисобга олиб, Устоз Қ.Абдураҳмонов томонидан иккита йирик “Manajement of Tourism” ва “Manajement and marketing of Tourism” ўқув қўлланмалари тайёрланиб, 2013 йилда Индонезия ва Малайзия давлатларида нашрдан чиқарилди. Ушбу қўлланмалар Германия ва Россия Федерациясининг олийгоҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари томонидан ўқув ва амалий тадқиқотларда қўлланма сифатида ҳам фойдаланилмоқда.

Қаландар Хўжаевичнинг илм фан соҳасидаги ютуқларини ҳисобга олиб Россия Федерациясининг гуманитар фанлар ҳамда табиий фанлар академиялари ўзларининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилишган, шунингдек, 1998 йилдан Олий мактаб халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси ва шу академиянинг илмий котиби, 1999 йил апрель ойидан бошлаб Нью-йорк университетининг академиги бўлиб сайлангани биз ўзбекистонликларга фахр ва ғурур бағишлайди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ва тараққиёти юксалишини таъминлашда ўзининг сермаҳсул илмий ва маърифий ютуқлари билан муносиб иштирок этиб келаётган Устоз кенг қамровли фаолият олиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Олий ўқув юрти талабалари ва малакали илмий ходимларни тайёрлаш билан биргаликда Қ. Абдураҳмонов ўзининг лидерлик ҳамда ташкилотчилик қобилиятларини ҳам намоён этиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиалига асос солинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда илк халқаро даражадаги етакчи олий ўқув юртининг филиалини ташкил этишга ҳар ким ҳам жазм эта олмас эди. Бунинг учун жуда кўп тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиш талаб этилар эди.

Қ.Абдураҳмонов Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг филиали ректори лавозимида иш бошлаганидан кейин кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга самарали татбиқ этиш билан бирга таълим соҳасидаги интеграцион алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Қаландар Абдураҳмоновни хориждаги илмий доиралар иқтисодиёт назарияси, туризм менежменти, ижтимоий-меҳнат муносабатларини ташкил этиш ва бошқариш муаммолари бўйича таниқли олим сифатида тан олишади.

Шарқда, хусусан, мусулмон дунёсида “Олимнинг қаламидан томган сиёҳ томчиси шаҳидларнинг қонидан муқаддасроқ” деган ҳикмат азалдан маълум. Дунёнинг роҳат–фароғатидан ўзини чеклаб, деярлик 60 йил мобайнида илм йўлида изланган Қаландар Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг иқтисодиёт фанида ўз номини олтин ҳарфлар билан тарих саҳифасига битиб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Юқорида айтганимдек, ёшликда журналистикага бўлган иштиёқ Устоз етук иқтисодчи олим бўлиб шаклланганда ҳам сўнмаган экан. Вақти келиб, у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига ҳам қабул қилинди ва бу шунчаки фахрий аъзолик эмас эди. Устознинг “Ўзбекистон: кеча, бугун ва келажакда” номли китоби нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, Жанубий Корея ҳамда Германия мамлакатларида инглиз тилида чоп этилди. “Оламни маҳлиё айлаган диёр” номли китоби Ўзбекистондек жаннатмакон юртни англамоқчи бўлган чет элликлар учун ўзига хос “йўл кўрсатувчи” бўлиб хизмат қилаётганлиги билан таҳсинга лойиқ бўлди. 2017 йилда “Ўзбекистонда инсон омили ва манфаатлари – энг олий қадрият” номли китоби, 2018 йил ва 2021 йилларда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига атаб “Буюклар каҳкашонида”, “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” каби бадиий асарларни чоп этиб, китобсеварларнинг юксак ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди.

Устознинг илмдаги машаққатли синовларни енгиб ўтиб, бугун биз сиз билан гувоҳи бўлиб турган даражага етиши, энг аввало, уларнинг авлодларидан мерос бўлиб ўтиб келаётган маърифий салоҳият, ота-онаси ҳамда устозлари томонидан берилган таълим ва тарбиянинг самараси, деб биламан. Нафақат Тўлақулда, дарҳақиқат, бутун Чироқчи туманида Устознинг падари бузрукворлари – Абдураҳмон бобони билмаган, эшитмаганлар топилмайди. Туманимизда ул зот қишлоқ оқсоқолларининг (ўша даврдаги қишлоқ совети раисларининг) ичида энг саводли, халқнинг дарди ва ғами билан яшаган инсон сифатида эсланади. Қашқадарёча қилиб, бир сўз билан айтганда – “Кайвони инсон бўлган”, деб таърифлашади.

Хуллас, Қаландар аканинг ибратли ҳаёти ва илмий асарлари ўсиб келаётган ёш авлодга таълим ва тарбия беришда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Устоз Қаландар аканинг илм йўлидаги машаққатларни енгиб ўтиб эришган ютуқлари, таълим ва тарбияга нисбатан ёндашувлари шахсан мен учун катта ибрат мактаби бўлган, деб баралла айта оламан. Устоздан илм олишда бардавомлик, маслаҳатсиз иш бошламаслик, илмни доимо мукаммаллаштириб бориш, илм йўлида машаққатга сабр ва бардошли бўлиш, илм ҳосилидан бошқаларни ҳам баҳраманд қилиш каби хислатларни ўрганиш мумкин.

Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Устоз сингари илму маърифат йўлида хизмат қилаётган инсонлар учун ёш авлодни соф эътиқод, чиройли ахлоқ ва одоб соҳиби бўлиши борасида катта масъулият юклайди. Устоз Қаландар Абдураҳмонов доимо таълим-тарбия масаласини ўзининг жамият олдида турган муҳим вазифаси ҳисоблаб келган. ёшларга таълим беришда Устознинг ибратли ҳаёти ва илмий асарларини ўрганиш, ёшларимизда илм-маърифатга бўлган қизиқишни юксалтириб, уларни юксак маънавиятга тарғиб этишига ишончим комил. Шунингдек, Устознинг меҳнат иқтисодиёти фани соҳасида юксак даражани забт этган таълим методикаси бу борада малакали иқтисодчилар ва социологларни етиштириб чиқишда катта аҳамият касб этади.

Ушбу муборак дамларда Устозга ўзлари яратган илмнинг юксак натижаларини узоқ йиллар давомида кўриб юришини ҳамда буюк аждодларимизга хос кўплаб ворислар тайёрлаш борасида улкан зафарлар тилайман.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.