Бугун дунё анъанавий урушлардан анча узоқлашиб, инсон онги учун кураш майдонига айланиб бўлди. Қуроллар шовқини ўрнини ахборот оқимлари, танклар ўрнини эса манипулятив нарративлар эгаллади. Айтиш мумкинки, ахборот уруши, мафкуравий босим, қадриятларнинг унутилиши – булар, аввало, жамиятнинг интеллектуал иммунитетини синовдан ўтказмоқда.
Ижтимоий тармоқларда кучайиб бораётган ахборот провокациялари, сохта кун тартиблари, ҳис-туйғуга қаратилган таъсирлар бунга яққол мисол. Сиёсий маданият тамойиллари четлаб ўтилган ҳолда, давлатларнинг ички ишларига аралашиш, жамият онгини беқарорлаштиришга қаратилган уринишлар тобора тизимли тус олмоқда. Турли ахборот хуружлари орқали халқлар ва миллатлар ҳис-туйғуларига таъсир қилиш, уларни қўзғашга ундовчи жараёнлар кучайиб бормоқда.
Шу нуқтада бир ҳақиқатни аниқ айтиш лозим: ҳар қандай жамиятда куч, пул ёки маъмурий ресурслардан ҳам устун турадиган асосий омил бор – бу унинг интеллектуал салоҳиятидир. Ана шу устунликни шакллантирадиган, йўналиш берадиган, жамият онгини ҳаракатга келтирадиган қатлам, табиийки, зиёлилар ҳисобланади.
Хўш, зиёли ким? Мустафо Чўқай зиёли одам ҳақида фикр юритаркан, шундай дейди: “Биз ҳар қандай ўқиган одамни зиёли деб аташимиз мумкинми? Зеро, зиёлилик таҳсил олганлик билан ўлчанмайди. Зиёли инсонларни эса ғоя бирлаштиради”. Улар миллатнинг ақли, маънавий йўлбошчиси, тараққиёт ва таназзул ўртасидаги ноёб мезондир. Чинакам зиёли фақат ақл ва билим эмас, катта қалб ва маънавият эгаси ҳам бўлмоғи зарур. Умуман олганда, зиёли деганда, инсонга, айниқса, ёшларга ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатувчи шахслар тушунилиб, улар турли соҳаларга мансуб бўлишлари мумкин.
Биз, зиёлилар бугун глобал ахборот замонида бирлаша оляпмизми?
Сўнгги йилларда жамиятдаги айрим тенденциялар мени ўйлантирмоқда: зиёлилар сўзи кўпинча кечикаётгани, айрим муҳим масалаларда сукут устун келаётгани кузатилади. Агар зиёлилар сукут қилса, бу сукутдан ҳосил бўлган бўшлиқни бошқалар тўлдиради. Бу сукут жамиятда маънавий вакуумни юзага келтириб, уни бегона ғоялар эгаллашига шароит яратади. Ва кўпинча бу ёлғон, манипуляция ва зўравон ғоялар бўлади. Шунинг учун зиёлининг вазифаси фақат кузатиш эмас, балки йўл кўрсатиш, огоҳлантириш, маънавий устунликни сақлаб қолишдир.
Тарих буни кўп бор исботлаган: қайси жамиятда зиёли қатлам фаол, бирлашган ва келажак олдида жавобгарликни ҳис этган бўлса, ўша ерда ислоҳотлар чуқур, тараққиёт барқарор кечган. Аксинча, зиёлилар сукутга кетган, пароканда бўлган ёки четга сурилган даврларда жамият инерцияга тушган, оқибатда таназзул юз берган.
Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда бир ҳақиқат янада равшан кўринади: тинчлик – тасодиф эмас, у онгли танлов, ақлли сиёсат ва маънавий баркамоллик самарасидир. Шу маънода, бугунги осуда ҳаётимиз, барқарорлик ва хотиржамлик учун шукроналик ҳисси ҳар бир фуқаро, айниқса, зиёли инсон қалбида мустаҳкам ўрин эгаллаши шарт.
Жамиятда турли фикрлар, қарашлар мавжуд бўлиши табиий. Аммо улар қарама-қаршиликка эмас, мулоқотга, зиддиятга эмас, ҳамжиҳатликка айланиши керак
Бугунги асосий хавф фақат ташқи таҳдидлар ёки четдан уюштирилаётган тарғиботлар эмас. Энг хавфли омил ички бефарқлик ва умумий мақсад атрофида бирлаша олмасликда кўринади.
Шунинг учун ҳам зиёлилар уйғоқ бўлиши ҳаётий зарурат. Уйғоқлик – воқеаларга кечикиб эмас, ўз вақтида муносабат билдириш билан намоён бўлади. Уйғоқлик – жараёнларни чуқур таҳлил қилиш, ташқи таъсирларга танқидий ёндашиш, халққа тиниқ фикр бериш демакдир.
Фикрлар уйғунлиги, мақсадлар бирлиги ва умумий позиция жамиятни ҳаракатга келтиради. Миллатни уйғотиш орқали жамият онги тиниқлашади, хавф ва имконият ўртасидаги чегара аниқ кўринади. Бу вазифа фақат билим билан эмас, маънавий жасорат билан амалга оширилади. Зиёли сифатида соҳавий масалаларда фикрларимиз бир жойдан чиқмаслиги мумкин, соғлом маънода тортишувлар бўлиши аниқ, аммо Ватан масаласида қарашларимиз бир, ғояларимиз бир. Бу Ватанга садоқатдир! Зеро, бизни олим қилган, эл учун, хотиржамлик ила оиламиз билан бир дастурхонда ўтириб суҳбатлашмоқ завқи учун, шогирдларимизга илму урфонларни улашмоқ учун, шу юрт учун, шу халқ учун миллат зиёлилари бедор бўлмоғи лозим.
Ватанни асраш чегараларни қўриқлаш билан чекланмайди. Шукрки, миллий армиямиз кучли, мудофаа қобилиятимиз мустаҳкам. Қайсидир минтақада сониялар олдин тирик бўлган фарзандини лаҳза қадар кўз олдида вафотини кўраётган оналарни, уруш вайроналарига боққанча бахтли кунларини қўмсаб йиғлаётганларни, алп йигитларнинг қурбон бўлаётганини кўз олдимизга келтира оламизми? Шунда ҳам шукр айтмаймизми?!
Осуда кунларимиз, тўй-у томошаларимиз, фарзандларимизнинг оламшумул ютуқлари учун ҳам шу Ватанни шараф билан, илму зиё нурини сочиб асрамоғимиз керак! Олимликнинг ҳам, орифликнинг ҳам буюк миссияси шу аслида!
Уйғоқ онг, якдиллик ва маънавий устунлик бор жойда тинчлик мустаҳкам бўлади. Ва айнан шу йўл – зўравонликка қарши энг кучли жавоб, ахборот урушига қарши энг пўлат қалқондир.
Маҳфуза ЮЛДАШЕВА,
сиёсий фанлар доктори, Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти.
