Жамиятимиздаги ўзгаришларнинг, жамоатчилик кайфиятининг ўзига хос кўзгуси бўлиб улгурган ижтимоий тармоқларда баъзан киши кўнглини хижил қиладиган янгиликлар кўзга ташланиб қолади: кимдир ўзини юқори қаватдан ташлаб, жонига қасд қилган, қайсидир эркак (ёки аёл) дарғазабликда жуфтига пичоқ санчиган, мусофирдаги эридан аламини олиш ўйида ҳатто жондай азиз фарзандини аямай дўппослаётган она…
Инсонийликнинг юксак мақомига ярашмаган шундай оғриқли манзараларни, бизнингча, бир сабаб боғлаб туради. Бу – руҳий инқирознинг одамийлик мезонларини парчалаб юбораётганидир. Бинобарин, сўнгги йилларда руҳий саломатлик мавзуси бот бот тилга олинаётгани бежиз эмас.
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ҳар саккиз кишидан бири руҳий касалликдан азият чекмоқда. Аниқроқ айтганда, руҳий саломатлик глобал муаммолардан бири ҳисобланмоқда.
Халқаро экспертларнинг фикрича, бу масалага етарлича эътибор қаратмаслик мамлакатлар ва жамиятларнинг наинки ижтимоий барқарорлиги, балки иқтисодиёти учун ҳам қимматга тушади. Бироқ ҳали кўпгина давлатларда соғлиқни сақлаш учун ажратилаётган харажатларнинг жуда кам қисми руҳий саломатликка йўналтирилмоқда. Аксарият жамиятларда расмий руҳий саломатлик хизматлари умуман мавжуд эмас. Натижада кўпинча руҳий инқироз ичида яшаётган одамлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолаётир.
Хўш, бизда-чи, деган савол туғилиши табиий.
Сўзимиз аввалида келтирганимиз – кунда-шунда рўй бериб турган таассуфли ҳолатларга қўшимча равишда айтиш мумкинки, мазкур глобал муаммо юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўтган йили руҳий саломатлик индексида Ўзбекистон 83 давлат ичида 74-ўринда қайд этилгани фикримиз исботи.
– Бугунги кунда руҳий саломатлик масаласи бутун дунёда тиббиётнинг энг долзарб йўналишлари қаторидан жой олган, – дейди Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси бош ҳамшираси, олий тоифали мутахассис Муяссар Мирзаева. – Халқаро илмий-амалий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, рақамлаштириш даврига келиб дунё аҳолисининг катта қисми ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам руҳий бузилиш билан тўқнаш келяпти. “Руҳий бузилиш” деганда фақат оғир психик касалликлар эмас, балки депрессия, хавотир, стресс билан боғлиқ клиник ҳолатлар ҳам тушунилади.
Авваллари психиатрияга оид муаммоларга унчалик ҳам диққат қаратилмаган бўлса, ҳозирга келиб руҳий саломатлик очиқ муҳокама этилаётган, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга мавзуга айланди. Ўрганишлар замонавий ҳаёт тарзи, яъни ахборот оқимининг кескин ошгани, интернет ва ижтимоий тармоқларга қарамлик, экологик таназзул ва озиқ-овқат хавфсизлиги бунинг асосий сабаблари эканини кўрсатмоқда.
Айни тезкор даврда, таъбир жоиз бўлса, бутун ҳаёт тарзи рақамлашиб бораётган инсониятни руҳий инқироз билан юзма-юз қилаётган сабаблар ичида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳам борлиги кишини ўйлантиради.
– Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, – давом этади М.Мирзаева. – Генетик олимлар биз истеъмол қилаётган озиқ овқатлардаги сунъийлик туфайли танамизда турли мутациялар содир бўлишини аллақачон аниқлашган. Мутациялар сони ошиши инсонда руҳий оғишларни келтириб чиқаради. Мана шундай сабаблар оқибати ўлароқ ҳозирги пайтда амалиётда аутизм ташхиси қўйилган болалар, руҳий синдромлардан азият чекаётган ёши катта беморлар сони ошиб бораётганини кузатишимиз мумкин.
Нима қилмоқ керак?
– Одамларимизда истеъмолчилик кайфиятининг юқорилиги, бошқача айтганда, чегара билмаётган ҳою ҳаваслар, дейлик кредит олиб бўлса ҳам, уйини қўшнисиникидан бир қават юқори қилиб қайта қуриш, тўй-маъракани ҳашаматга айлантириш, барча соҳада шиддатли ўзгаришлар кечаётган замонга мослашиш юки, қашшоқлик, зўравонлик, ижтимоий тенгсизлик билан боғлиқ муаммолар фонида руҳий касалликлар хавфи ҳам юқори бўлади, – дейди тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Наргиза Нуралиева. – Гўдаклик, болалик ва ўсмирлик даврлари инсоннинг руҳий соғлиғига таҳдид солувчи хавф омилларига таъсирчан, заиф бўлади. Айнан шу даврдаги тарбия, ғамхўрлик ва ўрганиш учун қулай шароитлар келажакда руҳий саломатликни муҳофаза қилишнинг кучли омиллари бўлиши мумкин. Демак, аҳоли ўртасида руҳий саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун биринчи навбатда ёш авлоднинг руҳий саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирларига устувор эътибор қаратмоқ керак.
Биламизки, мактабларда штатдаги психолог лавозимлари жорий этилган, улар асосан ўқувчиларнинг ижтимоий мослашуви, хулқ-атворидаги муаммолар, стресс ва конфликт ҳолатлари билан ишлайди. Бироқ амалиётда битта психологга жуда кўп ўқувчи тўғри келиши, бунинг устига, ишнинг кўпроқ ҳисобот ва формал тадбирлар билан чекланиб қолаётгани каби муаммолар мавжудки, бу профилактика ишларига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Аҳоли ўртасида руҳий муаммоларни эрта аниқлаш ва профилактика механизмини йўлга қўйиш учун бирламчи тиббий бўғин — поликлиника ва оилавий шифокорлар тизимида психологик ёрдам йўлга қўйилиши шарт. Мазкур масалага меҳнат жамоаларида ҳам эътибор қаратилиши, иш берувчилар ходимларнинг руҳий саломатлигига жиддий ёндашиши ҳаётий заруратдир. Касбий чарчоқ, стресс ва турли конфликтлар энг камида агрессияларга, ўзаро жанжал ва бошқа хунук ҳолатларга олиб келади.
Мухтасар айтганда, аҳоли кенг қатлами руҳий саломатлик бўйича етарли маълумотга эга бўлиши лозим. Чунки бугун кишиларнинг руҳий ҳолатига фақат шахсий масала сифатида қараб бўлмайди. Аҳолининг руҳий саломатлиги иқтисодий ўсишга, оилаларнинг тинчлигига, таълим сифатини оширишга, жиноятчиликни камайтиришга ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қадам қўйилди
Мамлакатимизда халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асраш тараққиётни таъминловчи стратегик масалалар сирасига киритилган. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари, давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Яқинда эълон қилинган «Аҳолига наркологик ва психиатрик хизмат кўрсатиш тизимини трансформация қилиш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси замирида ҳам ана шу мақсадлар турибди.
Лойиҳа билан танишиш асносида юртимизда аҳолининг руҳий саломатлигини яхшилаш, соҳадаги муаммоларга ҳақчил, тезкор ечим топиш йўлида янги қадамлар қўйилаётганини англаш мумкин.
Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб Руҳий саломатлик миллий тиббиёт маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Тошкент шаҳар болалар психоневрология маркази Республика болалар руҳий саломатлик маркази этиб қайта ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. У болалар психиатрия хизмати бўйича бош муассаса ҳисобланади ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база вазифасини бажаради. Шу билан бирга, республика, жумладан, Тошкент шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатади.
Руҳий саломатлик хизматларини бирламчи тиббий ёрдам тизими билан интеграция қилиш, ёш психиатрлар тайёрлаш, уларни амалиётга кенг жалб этиш ҳамда аҳолига яқин, қулай хизматлар кўрсатиш вазифалари ҳам қамраб олинган. Ушбу мақсадда кўп тармоқли марказий поликлиникалар ва маслаҳат-диагностика бўлимларида катталар психиатри, болалар психоневрологи (болалар психиатри), нарколог, тиббий психолог ва ҳамширалардан иборат бирламчи руҳий саломатлик бўлинмалари ташкил этилади.
Шунингдек, психиатр ва клиник психологлар тайёрлаш тизими кенгаяди. Қарор лойиҳасида келтирилишича, 2026—2027 ўқув йилидан бошлаб наркология, психиатрия ва тиббий психология йўналишлари бўйича магистратура ҳамда клиник ординатура (резидентура)да ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланиши, уларни битирган мутахассислар катталар ва болалар психиатри (психоневролог), суицидолог шифокори сифатида ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. 2030 йил якунига қадар аҳолининг руҳий саломатлик хизматига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, психиатрия, наркология ва тиббий психология мутахассисларини магистратура ҳамда клиник ординатура босқичларида тўлиқ давлат гранти асосида тайёрлаш таклиф қилинмоқда.
***
Замонамизга келиб руҳий саломатлик мавзуси кун тартибига чиқаётганига, назаримизда, инсонларнинг маънавий руҳий озуқадан йироқлашиб бораётгани ҳам ҳал қилувчи сабаблардан биридир. Маҳдудлик, ахборотга, янгиликка, ижтимоий муносабатларга эҳтиёжни фақат гаджетлар орқали қондириш, илму маърифатнинг, китобхонлик ва асл санъатнинг инсон руҳиятидаги кемтикларга қай даражада даво бўлишини унутиб қўйиш пировардида руҳий инқирозга олиб келмаяптимикан?! Буниси энди алоҳида мавзу!
Фарида ИБРОҲИМОВА.
