Аёнки, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан маълум қилинишича, жаҳонда 15-24 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси катта ёшлиларга қараганда уч баравардан кўпроқдир. ХМТ экспертлари 2024 йилда глобал ишсизлик ва ижтимоий тенгсизлик даражаси ортишини башорат қилаётир. Рақамларда келтирилишича, ишсизлар армияси яна икки миллион нафарга ошади, бу эса глобал ишсизлик даражаси 5,2 фоизга етишига туртки беради. Бинобарин, 2023 йилда юқори даромадли мамлакатларда ишга талабгорлар улуши 8,2 фоизни, кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 20,5 фоизни ташкил этган. Юқорида айтилганидек, ишсизлик инқирозларидан азият чекаётган асосий қатлам одатдагидек ёшлар бўлиб қолмоқда (манба: UN News).
Мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда ёшлар ўртасида бандлик даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлаш нечоғлик долзарб эканини яққол ҳис қилиш мумкин. Ахир республикамиз меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар навқирон авлод вакиллари кириб келаётгани, келгуси ўн йилда мазкур рақам нақ бир миллионга етиши – бу ҳазилакам гап эмас. Ёшлар сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бўлган бандлик чора-тадбирларини таъминлаш ғоятда жиддий ва пухта ёндашувни талаб этади.
Маълумотларга кўра, бу йил “ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини битирадиган 300 минг нафар ёшни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшларга йўналтириш, ўзини ўзи банд қилиш орқали минглаб йигит-қизларга доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятини яратиш, рақамли технологиялар соҳасида “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасини ҳаётга татбиқ қилиш бугуннинг устувор вазифалари бўлиб қолмоқда.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ишсиз ёшларнинг салмоқли қисми қишлоқ жойларда яшайди. Қишлоқлардаги мавжуд инфратузилма, саноатлашиш жараёнининг ҳали-ҳамон сустлиги каби маълум омиллар қаторида чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли, инчунун, ёшларнинг етарли билим ва малакага эга эмаслиги ва натижада меҳнат бозорида ҳукм сураётган рақобатга дош беролмаслиги мазкур ҳолатнинг бош сабаби бўлиб қолмоқда. Бу нимани англатади? Демак, қишлоқларда энг биринчи галда таълимни сифат босқичига чиқаришни жадаллаштириш керак.
Яна бир жиҳати, Президент топшириғига асосан бу йил қишлоқ жойларда 600 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши белгиланди. Деҳқончилик қилиб, даромад топаман, деган ёшларни “Ўз кунингни ўзинг кўр” қабилида ташлаб қўймай, балки ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизми ўрнатиладиган бўлди. Яъни туман ҳокими ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича “маҳалла еттилиги” таклиф беради. Ер олган ёшлар “Агробанк”нинг “Фермерлар мактаби”да ҳосилдор ва экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади.
Агар бу механизм жойларда ўзининг амалий тасдиғини тўлиқ топса, шубҳа йўқки, юзлаб эмас, балки минглаб қишлоқ ёшлари бандлиги таъминланади.
Фарида МАҲКАМОВА