Фокус

Тошкент бекатларини “учар” тадбиркорлар эгаллаб олмоқда

Blog Image
Email : 66 12

Бугунги кунда пойтахтимизда 50 дан ортиқ маҳалла ҳамда 400 дан ортиқ кўча мавжуд ва бу кўчаларнинг 8 таси асосий ҳисобланади.

Табиийки, йирик мегополис шаҳарлардаги каби пойтахт аҳолиси, дунёнинг тўрт томонидан келадиган меҳмонлари ўсиб боряпти. Замонавий хизматлар, равон ва кенг кўчалар, иш ўринларию дам олиш жойлари билан бир қаторда жамоат транспортига бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. 

Сир эмаски, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг катта қисми жамоат транспортларидан фойдаланади. Шунга қараб пойтахт транспортини қулайлаштириш чоралари кўриляпти. Мисол учун, ер усти метро йўналишлари қурилиб, автобуслар сони ошириляпти. Замонавий транспортларга мос бекатлар қуриш  ишлари ҳам изчил бормоқда.

Хусусан, 2023 йилнинг ноябрь ойида синов тариқасида “смарт” бекатлар қуриш бошлангани хабар қилинди. Яъни, Бобур ва Фурқат кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш, транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, ITT жорий этилиши ҳақида хабар қилинган эди. Бекатларга конструкциядан ташқари, банкоматлар, вендинг аппаратлари, бепул Wi-Fi, маршрутлар ва автобуснинг етиб келиш вақти бўйича электрон табло, шунингдек, кузатув камералари, чиқинди ташлаш қутилари ва мобил қурилмаларни қувватлантиргичлар ўрнатилиши керак. Бундан ташқари, бекатлар ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар билан жиҳозланиши лозим.

Айни пайтда Тошкентда 2 мингдан ортиқ (!) автобус бекатлари мавжуд ва уларнинг кўпчилиги талабларга жавоб бермай қолган. Бекатларнинг ҳажми, узунлиги, жойлашуви эса жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган яна бир катта масала саналади.

Биринчи муаммо. Йўловчи гавжум бўладиган жойларда деярли барча бекатлар турли савдо, хизмат кўрсатиш шохобчаларига айлантириб олинган.

Иккинчи муаммо. Бекатларда йўловчилар учун жуда кам жой қолган. Ёзда жазирамада, қиш-қировли кунларда совуқда ташқарида туришига тўғри келмоқда.

Учинчи муаммо. Автомобиль йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларининг жиҳозланиш тартиби мавжуд, аммо бунга ҳар доим ҳам амал қилинмайди. Масалан, чиқиш ва тушиш майдончалари, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва албатта ёритиш ускуналари бўлиши лозим.

Тўртинчи муаммо. Бекатларда жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши ва хавфсизлиги учун шароит йўқ ҳисоби. Пойтахтимизнинг Юнусобод, Миробод, Яккасарой, Сергели, Шайхонтоҳур туманларидаги бир нечта кўчаларда бўлганимизда аксарият бекатларда ногиронлар аравачаси ҳаракатланиши, транспорт йўлидан ҳимояда, ноқулай об-ҳаводан панада туриши учун автопавильонга ўта олмаслигини кўрдик. Борлари ҳам белгиланган қиялик меъёрига жавоб бермайди. Уларда ҳаракатланиш имконсиз.

Албатта, автобус бекатларининг тадбиркорларга берилишининг ўзига хос талаблари бор. Мисол учун, бекатни ободонлаштириш, озодалиги ва қулайлигини назорат қилиш, муҳими, бекатда одамлар учун энг зарур бўлган хизматларни тақдим этишдан иборат бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 482-сон қарорига кўра, ҳокимликлар ва йўл органлари қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ шаҳарларда ва аҳоли пунктларида сутканинг қоронғи вақтида автобус бекатлари ҳамда уларнинг атрофи ёритилишини ташкил этишни таъминлаши зарур. Мазкур қоида марказларда амалда. Аммо марказдан узоқроқ бўлган бекатларда қарор ижросини кўрмайсиз. Ваҳоланки, бу сутканинг қоронғу қисмида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти саналади. Аксарият бекатлар эса ҳамон ўтган аср стандартлари билан қолиб кетган. Ўзгартирилганига ҳам ёғингарчилик пайтида одамлар сиғмайди.

Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси,  тест маркази бекати. Бекат тўлиқ тадбиркор томонидан эгалланган. 

Чингиз Айтматов ва Шивли кўчалари кесишмасида жойлашган “Шивли кўчаси” бекати. Бу ерда бекат нафақат тадбиркор томонидан эгаллаб олинган, балки руҳсатномасиз таг-туби билан бузиб юборилганига гувоҳ бўлинди.

Худди шу манзилдаги 2-бекат ҳам аҳоли, ҳалқ эмас, тадбиркорлар ихтиёрида. Холбуки, Президент қарорида автобус бекатларида фақат реклама воситаси, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматларини жойлаштиришга рухсат этилиши белгиланган. 

Шота Руставели, Бобур, Нукус, Амир Темур, Шаҳрисабз, Хуршида, Шароф Рашидов, Осиё каби кўчаларда бўлганимизда ҳам бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлдик. 

Автобусларнинг бекатлардан анча узоқда мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўхташлари, бекатлар кўпроқ савдо шохобчалари ва тамаддихоналарга айлантириб олингани, қаровсизлиги, ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмагани, атрофлари ташқи омил таъсиридан ҳимоялаш хусусиятига эга эмаслиги, бир сўз билан айтганда, эгасизлигини кўрдик.

Ҳайдовчилар билан суҳбатлашганимизда бекатларнинг кичиклиги, бир вақтнинг ўзида иккита автобус келиб қолса, тўхташ учун жой йўқлигини таъкидлашди. Айрим бекатлар атрофи автомобил тураргоҳига айлантириб олингани ҳам ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилиши айтилди. Айниқса, 15 метрдан узунроқ бўлган замонавий автобусларнинг тўхташи учун бекатларда шароит деярли йўқлиги уларни ҳам ташвишга солмоқда. 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА