Ёзги таътил мавсуми нафақат мактаб ёшидаги болаларимиз, балки биз, катталар ҳам интиқлик билан кутадиган палла. Ўқиш давридаги чарчоқлар, қайсидир маънода стресслардан енгил тортиб, ҳордиқ чиқариш учун қулай фурсат. Лекин ёзги таътил бошланиши билан ота-оналар олдида яна бир муҳим масала пайдо бўлади. Бу нақ уч ой давом этадиган таътилда боланинг бўш вақтини мақсадли ташкил этиш билан боғлиқдир.
Рақамларга эътибор қилинг. 2023 йилнинг ёз мавсумида мамлакатимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиклаш, таътил даврида уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида жами 196 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 158 минг нафар ўғил-қиз ҳордиқ чиқарган. Жорий йил мавсумида эса 192 та оромгоҳда 157 минг 960 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Бундан ташқари 1 минг 105 та кундузги оромгоҳга 174 минг 200 нафардан зиёд болаларни жалб қилиш кўзда тутиляпти. Ваҳолонки, юртимизда 7-14 ёшли болалар сони 4 миллион 668 минг 779 нафарни ташкил қилади. Муаммо ҳам айнан шу ерда юзага қалқиб чиқмоқда. Яъни, кўриб турганимиздек, оромгоҳларга йўналтириладиган болалар ўқувчилар умумий сонининг ўн фоизига ҳам етмайди. У ҳолда оромгоҳларга бормайдиган болалар-чи? Улар учун ёзги таътил қандай мазмун-аҳамият касб этади?
Ҳақиқат шуки, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари сони аҳолининг ўсиш динамикасига мутаносиб тарзда ошиб бориши таъминланмаган. Жумладан, болалар сони 1991 йилга нисбатан 71 фоизга кўпайган бўлса-да, уларни соғломлаштириш оромгоҳлари сони икки бараварга қисқарган.
Қишлоқ жойлардан фарқли ўлароқ шаҳар шароитида оромгоҳга бормаган болаларнинг уч ойлик таътилни спорт мактаблари ёки репетиторларга, ўқув курсларига, касб-ҳунар ўргатиш марказларига қатнаб ўтказиши урбанизациялашган муҳитга хос анъаналардан бирига айланди. Бола бекор қолмасин деган важ билан унинг жисмоний ва ақлий салоҳиятини ривожлантиришдек яхши ниятда таътил пайти асосан ўқишга ёки спортга йўналтирамиз. Сармояни аямаймиз. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бундай ёндашув қанчалар тўғри ва самарали? Асосийси, фарзандимиз хоҳиш-истагига, манфаатларига уйғунми?
Шуниси аниқки, ёзги таътил боланинг зиёнига бўлмаслиги керак. Психологлар катталардаги каби болаларда ҳам доимий иш фаолиятни ўзгартирмаслик руҳий зўриқишга олиб келишини, йил бўйи ўқигандан кўра таътил пайтлари росмана ҳордиқ чиқариб, кейин яна ўқишни давом эттириш нафақат жисмоний саломатликка, балки билимни ўзлаштириш даражасига ҳам фойдали эканини таъкидлайдилар. “Бундан ташқари таътил оиладаги ўзаро ака-ука, опа-сингил муносабатларини мустаҳкамлаш учун ҳам керак. Чунки доимий мактаб пайтида болаларнинг бирга вақт ўтказишга имконияти кам бўлади. Шунинг учун ҳам таътил оилавий яқинлик учун энг мақбул пайт”, деган фикрни илгари суришади.
Одатда ёз мавсумида қачон ва қайси оромгоҳга бориш ота-онанинг ва боланинг шахсий танлови ҳисобланади. Белгиланган тартиботга кўра, ота ёки она фаолият юритаётган ташкилот касаба уюшмаси бўлими томонидан бериладиган йўлланма орқали болани оромгоҳга юбориш мумкин. Агар ота ёки она ишлаётган ташкилот Касаба уюшма Федерациясига аъзо бўлмаса, у ҳолда танланган оромгоҳ ташкилотининг бошланғич касаба уюшмаси бўлимига мурожаат қилиб, йўлланмани тўлиқ нархда сотиб олиш тақозо этилади. Айтгандай, ҳозирги кунда ёзги оромгоҳларнинг электрон саҳифалари ҳам мавжуд бўлиб, Интернет орқали бу саҳифаларга кириб, онлайн шаклда йўлланма харид қилиш мумкин.
2024 йил ёзги таътил учун oromgohlar.uz сайтида юртимиздаги анчайин машҳур болалар оромгоҳларининг нарх-навоси билан танишганимизда, бир мавсум (10-12 кунлик муддат) йўлланмаси 1 млн. 400 минг сўмдан бошланиб, 3 млн. 200 минг сўмгача баҳоланганини кўрдик. Бир қарашда бу сумма унчалар қимматмасдек. Аммо ўртаҳол ва серфарзанд оила учун арзонлик ҳам қилмайди. Айниқса, қишлоқ жойларда.
Фарида МАҲКАМОВА