Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “маҳалла банкири” тизими аҳоли манфаатларини самарали қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий фаолликни оширишни янги босқичга олиб чиқди. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Фарғона вилоятидаги “маҳалла банкир”лари фаолияти ҳамда уларнинг лойиҳалари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-тур давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Аслида “маҳалла банкири” банкларнинг маҳалла даражасига тушиб, одамларнинг даромадини оширадиган тизим. «Маҳалла банкири» “хонадонбай” ишлаб, ҳар бир оилага тайёр лойиҳалар ёки бизнес режалар таклиф қилади. Лойиҳанинг барча занжирида – кредит олиш, бизнес очиш, маҳсулот сотиш жараёнларида аҳолига ҳамроҳлик қилади. Содда қилиб айтганда, нолдан даромадга киргунича ўша лойиҳани қўллаб-қувватлайди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Фарғона шаҳри “Сурхтепа” МФЙдаги “Хайрихон Камол орзу” оилавий пойабзал ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрдилар.
– Фаолиятимизни уйимизда 2022 йил бошида 20 нафар ишчи билан бошлагандик – дейди корхона раҳбари Камолиддин Зокиров. – Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қурилиш ва янги техникаларни харид қилиш учун “Бизнесни ривожлантириш банки”дан имтиёзли 300 миллион сўмлик кредит олдик. Бунда «маҳалла банкири»нинг ёрдами катта бўлди. Корхонамизда бир кунда минг жуфт, 20 турдаги аёллар пойабзаллари ишлаб чиқарилмоқда. Ишчилар сони 150 нафарга етди. Уларнинг 17 нафари “Аёллар дафтари”да турса, 45 нафари олдин хорижда ишлаб қайтганлар ҳисобланади.
Узоқ йиллар олис ўлкада ишлаб қайтган, сўнг бир муддат “Хайрихон Камол орзу” корхонасида меҳнат қилган Акромжон Ғойипов ҳам «маҳалла банкири» кўмагида оилавий уй-боғча очиб, ўз бизнесини бошлади.
-Аввалига “Бизнесни ривожлантириш банки” ажратган 33 миллион сўм кредит маблағига зарур жиҳозларни келтирдик, – дейди А. Ғойипов. – Болалар учун барча шароитни яратдик. Ҳозирда боғчамизда тарбияланаётган кичкинтойлар асосан “Хайрихон Камол орзу” корхонасида ишлаётган аёлларнинг фарзандларидир. Бир пайтлар мусофир юртда қийналиб юрган оддий ишчи эдим. Энди эса оилам бағридаман ва тадбиркорман.
“Сурхтепа” МФЙдаги яна бир тадбиркор – Алишер Баҳромов ташкил этган туристик маскан ҳам ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
– Хонадоним канал бўйида ва сув ёқалаб сўрилардан иборат дам олиш жойларини очганман, – дейди А. Баҳромов. – Бундан ташқари, «маҳалла банкири» кўмагида “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 60 миллион сўм кредит олиб, маҳалладошларимиз учун 300 ўринли тўйхона ҳам қуряпмиз. Тўйхона ишга тушса, 15 нафар ёш ишли бўлади.
Фарғона шаҳрида бетон маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган “Besh bola beton” МЧЖ фаолиятини кенгайтиришда ва юздан ортиқ иш ўринларини яратишда “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг молиявий кўмаги катта мадад бўлди. Айни пайтда кўп қаватли уй-жой қуриш билан шуғулланаётган корхона келгусида янада катта режаларни кўзламоқда.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Фарғона вилоятида банкка бириктирилган маҳаллаларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолининг ижарага олинган ер майдонларидан самарали фойдаланишини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудларда тупроқ иқлим шароити, фуқароларнинг деҳқончилик маданияти, маҳсулот сотиб олувчи кластер, кооперациялар, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг маҳсулот турига бўлган талаби ҳамда ички истеъмол бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинлари жойлаштирилмоқда, – дейди Қўқон шаҳридаги “Тепалик” МФЙ «маҳалла банкири» Муҳаммаджон Шокиров. – Ҳудудда уч гектар ер майдон 20 нафар фуқарога 15 сотихдан аукцион орқали узоқ муддатли ижарага берилган. Бу экин майдонларида эртапишар шолғом етиштирилмоқда, Ҳисоб-китобга кўра, ҳар бир ер эгасининг оладиган соф фойдаси бир йилда 30 миллион сўмни ташкил этади. Эртапишар шолғом апрель ойида сотиб бўлинади. Иккинчи ҳосил – дуккакли экинлардан бўлган ловия маҳсулоти орқали 15 миллион сўм ишлаб топилса, учинчи экинга ҳам 40 кунлик дуккакли экин уруғи ерга қадалади. Бу орқали ҳам 15 миллион сўм даромад топиш мумкин. Шу тариқа ҳар бир оиланинг 15 сотих ер майдонидан жами йиллик даромади 60-70 миллион сўмга айланади. Бундан ташқари, “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқончиликни йўлга қўйган фуқароларга 60 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Худди шундай, Бувайда тумани “Жов” МФЙда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида эртапишар сабзи етиштирилар экан.
Юқоридаги икки маҳаллада аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида қилинаётган мана шундай тизимли ишлар пресс-тур иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Кейинги манзил Қўқон шаҳридаги “Бастом бува сиҳатгоҳи” МЧЖ бўлди. Ҳар йили ушбу масканга мамлакатимизнинг турли нуқталаридан ҳамда қўшни республикалардан минглаб инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун келади.
– Санаториймизда даволаш ишлари 2850 метр чуқурликдан олинадиган йод-бромли шифобахш сув ёрдамида амалга оширилади, – дейди МЧЖ раҳбари Шерзод Исмоилов. – Бу шифобахш сув бўғим касалликлари, бел чурраси, нерв шамоллашлари, остеохондроз, артрит, артроз, бавосил, асаб, урологик хасталикларни даволашда катта натижа беради. Бир йилда 4 ярим минг нафар беморга хизмат кўрсатамиз. Санаторий қошида қўшимча замонавий дам олиш маскани фаолиятини йўлга қўйиш учун «Бизнесни ривожлантириш банки»дан ўтган йили 3 миллиард сўм кредит олдик. Айни кунда қурилиш ишлари кетяпти.
Журналистлар икки кун давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ салмоқли ҳисса қўшаётганига, татбиқ қилинаётган лойиҳалар халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганига гувоҳ бўлишди. Аҳоли билан «хонадонбай» ишлашда эса «маҳалла банкир»лари яқин ёрдамчи бўлаётгани айни муддаодир.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.