Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш депутатлик фаолиятининг ҳам энг муҳим ва самарадорлигини белгиловчи механизмларидан бири ҳисобланади. Чунки халқ билан мулоқот жараёнида кўтарилган ҳар бир муаммо айнан мурожаатлар орқали расмий тус олади ва ҳал этиш жараёни бошланади. Агар мурожаат фақат қабул қилиниб, рўйхатга олиниб, кейин жавобсиз ёки юзаки жавоб билан ёпиб қўйилса, бу на мулоқотнинг, на депутатлик институтининг ҳақиқий маъносини акс эттиради. Шу боис замонавий бошқарувда мурожаатлар билан ишлаш фақат “жавоб бериш” эмас, балки муаммони реал натижага олиб чиқиш тизими сифатида шаклланмоқда.
Аввало, мурожаатларни қабул қилиш механизми очиқ ва қулай бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда фуқаролар депутатларга бевосита қабул вақтида, сайёр қабулларда, маҳаллаларда ўтказиладиган мулоқот ва учрашувларда, ёзма аризалар, электрон платформалар ва телефон орқали мурожаат қилиш имкониятига эга. Бу эса жамиятнинг турли қатламлари учун тенг қулайлик яратади: кимдир шахсан келиб муаммосини айтади, кимдир ёзма шаклда баён қилади, кимдир эса онлайн мурожаат йўллайди. Муҳими, ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди ва расмий тартибда қайд этилади. Бу босқичнинг шаффофлиги фуқароларда “Мурожаатим идоралар ўртасида йўқолиб кетмайди”, деган ишончни шакллантиради.
Ҳар бир мурожаатнинг индивидуал кўриб чиқилиши эса тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Чунки муаммолар бир хил мазмунда бўлса-да, уларнинг сабаби, кўлами ва оқибати турлича бўлиши мумкин. Масалан, бир ҳудудда сув муаммоси техник носозлик сабабли юзага келган бўлса, бошқа жойда инфратузилманинг эскиргани оқибати бўлиши мумкин. Шунинг учун мурожаатларни умумий шаблон жавоблар билан ёпиш эмас, балки ҳар бир ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, масъул ташкилотлар билан биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ечим ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу ёндашув мурожаатни “рақам” сифатида эмас, балки инсон тақдири билан боғлиқ масала сифатида кўриб чиқишга хизмат қилади.
Натижага йўналтирилган ёндашув мурожаатлар билан ишлаш тизимининг асосий мақсадини белгилайди. Шунга кўра, эндиликда мурожаат натижаси ҳақида сўз борганда биринчи навбатда “Муаммо ҳал бўлдими?” деган савол ўртага ташланмоқда. Агар фуқаро электр таъминоти узилиши ҳақида мурожаат қилган бўлса, оддий тушунтириш хати эмас, балки носозлик бартараф этилгани натижа бўлиб ҳисобланади. Агар йўл таъмири талаб этилса, муаммо режа-жадвалга киритилиб, аниқ муддатда бажарилиши таъминланади. Шундай қилиб, мурожаат ижросининг реал натижаси тизим самарадорлигининг бош кўрсаткичи бўлиб қолмоқда. Бу эса депутатлик фаолиятини қоғозбозликдан амалий ечимлар майдонига олиб чиқмоқда.
Зарур ҳолларда такрорий мурожаатлар, депутатлик сўровлари ёки жамоатчилик муҳокамалари орқали масаланинг тезкор ҳал этилиши таъминланади. Бу механизм масъул идораларни бефарқ бўлиб қолишдан сақлайди ҳамда фуқаролар муаммосига жиддий ёндашишга мажбур этади. Натижада мурожаатлар жавобсиз қолмайди, балки амалий ечимга олиб келади.
Депутатлик сўровлари – муаммоларни ҳал қилиш воситаси
Депутатлик сўровлари бугунги вакиллик ҳокимияти фаолиятида муаммоларни тизимли ва мажбурий тартибда ҳал этишга хизмат қилувчи энг самарали ҳуқуқий механизмлардан биридир. Агар халқ билан мулоқот ва мурожаатлар муаммони аниқлаш босқичи бўлса, депутатлик сўрови ана шу муаммони давлат идоралари кун тартибига қатъий олиб чиқадиган, уни ижрога йўналтирадиган восита саналади.
Депутатлик сўровининг моҳияти шундаки, у муаммони шахсийлик даражасидан чиқариб, жамоатчилик манфаатига дахлдор масала сифатида кўриб чиқишга мажбур этади. Масалан, бир фуқаронинг электр ёки сув муаммоси депутатлик сўрови орқали бутун ҳудуд инфратузилмасига оид тизимли муаммога айланиши мумкин. Сўровда муаммо далиллар билан асосланади, унинг сабаблари кўрсатилади ва масъул ташкилотлардан аниқ муддатларда ечим тақдим этиш талаб қилинади. Бу ёндашув масалани юзаки “кўриб чиқилди” даражасида эмас, балки реал ижрога йўналтиради.
Назорат механизми сифатидаги аҳамияти эса депутатлик сўровининг энг кучли жиҳатларидан биридир. Депутат муаммо юзасидан сўров юборгач, унинг ижроси доимий кузатувга олинади, белгиланган муддатларда натижа талаб қилинади. Зарур ҳолларда масала қайта кўтарилади, кенг муҳокамага чиқарилади ёки юқори даражадаги органлар эътиборига ҳавола этилади. Бу жараён давлат идораларининг масъулиятини ошириб, “жавоб бердик – иш тугади” деган ёндашувнинг олдини олади. Эндиликда асосий мезон ҳужжат эмас, балки муаммонинг амалда ҳал бўлишидир.
Сўнгги йилларда депутатлик сўровлари институтининг аҳамияти янада кучайтирилди. Жумладан, Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда чуқур таҳлил қилиниши, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратура органларига тақдимномалар киритилиши алоҳида таъкидланди. Бу ташаббус депутатларга кўрсатилаётган юксак ишонч билан бирга, уларнинг ваколатлари реал кучга эга эканини ҳам амалда мустаҳкамлади.
Бироқ муаммоларни ҳал қилиш фақат депутатлик сўровлари билан чекланиб қолмайди. Айрим масалалар кенг ҳамкорлик, жойларда тизимли иш олиб бориш ва маҳалла институтлари билан узвий алоқани талаб қилади. Яъни депутатларнинг маҳаллалар билан олиб бораётган тизимли ҳамкорлиги, жойлардаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш амалиёти қандай йўлга қўйилгани бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланди.
Маҳаллалар билан тизимли ҳамкорлик
Маҳаллалар билан тизимли ҳамкорлик бугунги депутатлик фаолиятининг энг муҳим таянчларидан бири сифатида шаклланмоқда. Чунки маҳалла — бу жамиятнинг энг қуйи, аммо энг реал ҳаёт акс этадиган бўғини бўлиб, аҳолининг кундалик муаммолари, эҳтиёжлари ва ташаббуслари айнан шу бўғинда юзага чиқади. Депутат фаолияти маҳалла билан узвий боғланмаган тақдирда у фақат умумий масалалар билан чекланиб қолади, ҳаётдан узоқлашиб кетади. Шу боис, замонавий бошқарувда депутат ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорлик муҳим бўлиб, улар бир бутун механизм сифатида ишлаши айни заруратдир.
Биргаликдаги ташаббуслар депутат ва маҳалла ҳамкорлигининг яна бир муҳим йўналишидир. Кўплаб муаммоларни фақат давлат маблағи билан эмас, балки жамоатчилик иштироки орқали ҳам ҳал этиш мумкин. Масалан, ободонлаштириш ишлари, яшил ҳудудлар яратиш, спорт майдончалари барпо этиш, ёшлар учун тадбирлар ташкиллаштириш каби ташаббуслар маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва депутатлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат муаммоларни тезроқ ҳал этади, балки фуқароларда ўз маҳалласига эгалик ҳиссини кучайтиради. Натижада одамлар ҳудуд ривожига бефарқ бўлмай, фаол иштирок этишга интилади.
Ижтимоий лойиҳалар эса ҳамкорликнинг стратегик йўналишига айланмоқда. Кам таъминланган оилаларни қўллаб қувватлаш, ёшлар бандлигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш каби лойиҳалар депутатлар ташаббуси ва маҳаллалар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бундай лойиҳалар муаммоларни вақтинчалик эмас, балки узоқ муддатли барқарор ечим асосида ҳал этишга хизмат қилади. Шу орқали маҳалла ижтимоий ёрдам марказидан ижтимоий ривожланиш майдонига айланиб бормоқда.
Санжар СОБИРЖОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутати.
