8 март – Халқаро хотин–қизлар куни
Айтадиларки, Ер юзида агар биргина аёл қолса ҳам, демак, ҳаёт бор, меҳр-муҳаббат бор… Яратганнинг мўъжизаси саналмиш аёл қалби энг муаззам туйғуларга бешик бўлиб, унинг чеҳрасида нафосатни, ёруғ оламга зеб бериб турган назокатни кўрамиз. Вужудида инсоният келажагини улғайтирадиган бу тилсимот фидойилик, садоқат тимсоли ҳамдир. У миллатнинг буюк тарбиячиси, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг муҳим иштирокчиси эканига, неча минг йилдирки, бани башар гувоҳ бўлиб келмоқда.
Бугун дунё олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада шиддат билан ўзгаряпти. Қарашлар, тутумлар, ёндашувлар, ҳаттоки баъзи жамиятларда умуминсоний қадриятлар ҳам тамомила янгича мазмун-моҳиятга эга бўлиб бормоқда. Аммо бир ҳақиқат аниқ: жамиятнинг маданий даражаси, ундаги ижтимоий тенглик ва адолат айнан хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланишига оид улуғ мезон глобал доирада ҳамон қиймати ҳамда аҳамиятини зарра қадар йўқотгани йўқ.
Илм-фан ва техника энг юқори чўққига чиқаётган, инсон закоси ила ақл бовар қилмас кашфиётлар турмуш тарзимизга кириб келаётган янги замонда ШАХС тарбияси ўз тақдири ҳақида қайғураётган халқ ва миллат учун ҳаёт-мамот масаласига айлангани ҳам бор гап. Бу вазифани уддалаш эса, сўзсиз, аёллар ақлу заковати, салоҳияти, маърифати ва фидойилигига боғлиқлигини ортиқча таъриф этиш на ҳожат.
– Қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради. Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади, – деган эди Президентимиз.
Самимиятга йўғрилган мазкур сўзлар замирида аёлни улуғлашдек олижанобликни кўрамиз. Қолаверса, бугун юртимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсати юқори босқичга ўз-ўзидан чиқмаётгани, бунинг ортида мана шундай юксак эътибор, ғамхўрлик, азму шижоат турганини яна бир карра ҳис қиламиз.
Янги одимлар, халқаро эътирофлар
Янги Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги дадил одимлари халқаро даражада эътироф этилмоқда. Жаҳон банки индексида мамлакатимиз гендер тенгликка эришиш йўлида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та давлат қаторига киритилгани бунга мисолдир.
Очиқ гендер маълумотлар индексида Ўзбекистон энг яхши 20 давлат қаторида қайд этилди. Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган “Парламентдаги аёллар” рейтингида эса мамлакатимиз 193 давлат орасида 36-ўринга кўтарилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган хотин-қизлар учун жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятни кафолатлашга доир конституциявий тамойил амалиётга тизимли жорий қилинаётгани жаҳон жамоатчилиги диққатини тортмоқда. Бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар тубдан такомиллаштирилаётгани эса айни муддао.
Янги Ўзбекистон хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашлардан ҳимоя қиладиган барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Женева конвенцияси, «Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциялари, Пекин ҳаракатлар платформаси каби халқаро ҳужжатлар шулар жумласидан. Бундан ташқари, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш масалаларида давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ўнлаб фармон ва қарорлар ҳамда ҳукумат қарорлари ижрога йўналтирилди.
Бир сўз билан айтганда, жамиятда ва оилада аёл қадрини юксалтириш, бу жабҳада самарали давлат сиёсатини рўёбга чиқариш мақсадида юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга киритилгани кенг қамровли ислоҳотларга туртки бермоқда.
Стереотиплар ўзгармоқда…
Ёдингизда бўлса, ўтган йили май ойида кўҳна Самарқанд шаҳрида йирик анжуман – Осиё хотин-қизлар форуми бўлиб ўтган эди. Ўттиздан ортиқ давлатлардан нуфузли меҳмонлар ташриф буюрган бу форумда Ўзбекистоннинг, таъбир жоиз бўлса, дадиллик билан олиб бораётган гендер сиёсати самарадорлиги аниқ рақамлар асосида кўрсатилди.
Келтирилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етган. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи кенгайиб, хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги улуши 45 фоизга етди.
Cоғлиқни сақлашда банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77, таълимда 74, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизга етган. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони олти баробарга кўпайган.
Аёлларнинг парламентга келиши эса ҳамма давлатда ва ҳамма даврда ижтимоий-сиёсий феномен сифатида жуда катта резонанс берган.
Маълумки, ўтган йил октябрь ойидаги парламент сайловлари натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди. Уларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини аёллар ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Шунингдек, янги Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари, маҳаллий Кенгашларга янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Натижада Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтинги (IPU Parline)да парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича Ўзбекистон дунёдаги 193 та давлатлар ўртасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилди.
Буларнинг бари нимадан далолат? Табиийки, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликка эришиш, аёлларнинг фақат оилада эмас, балки жамиятда ҳам мавқеини юксалтириш, барча жабҳада ўз салоҳияти ва лаёқатини намоён этишига имконият яратиш йўлидаги тизимли ишлар маҳсулидир.
Шахсан мени энг мамнун қилаётган жиҳат нима, биласизми? Одамларимиз онгу шуурида узоқ йиллар турғун бўлиб келган “Аёлнинг ўрни – оилада. Унинг вазифаси қозон-товоқ, фарзанд тарбиялаш” қабилидаги стереотиплар ўзгариб бораётир. Аёл аталмиш хилқат оналик, бекалик миссияларини бажариши баробарида лидерлик қобилиятини, сиёсий иродаси ва шижоатини намоён эта олишига, қатъият ва фаоллигига жамиятимизда ишонч уйғонмоқда. Бу Ўзбекистоннинг гендер сиёсатида катта қадам, десак янглишмаймиз.
Таълим ва бандлик узвий бўлмоғи учун
Маърифатли хотин-қизлар келажак бунёдкорлари ҳисобланади. Юқоридаги фикримизнинг давоми сифатида айтиш мумкинки, аёлларни илмли қилиш, салоҳияти ва иқтидорини намоён этишига кўмаклашиш оила учун ҳам, жамият учун ҳам ҳаётий зарурат эканини одамларимиз аста-секин тушуниб етмоқдалар. Кўзининг қорачиғи, жонидан азиз қизи олий ўқув юртига кириши учун мадад бўлаётган оталар, рафиқасига қизиққан соҳада билим ва тажриба ошириши учун шароит яратиб бераётган оила беклари сафи бугун оз эмас. Ўз навбатида давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг илм олишга бўлган рағбатини қўллаб-қувватлаш йўлида кўрилаётган чора-тадбирлар суръати ва кўлами ҳам ошиб бормоқда.
Хусусан, 2020-2024 йилларда 8 минг 653 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. 5 йиллик меҳнат стажи бор, лекин олий маълумотли бўлмаган 1 минг 256 нафар қизларимиз, сингилларимиз ОТМда тўлов-контракт асосида таҳсил олиш имконига эга бўлди. 2021 йилдан 2024 йилга қадар 6 минг нафарга яқин эҳтиёжманд аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг контракт тўлови қоплаб берилди. Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини ҳам давлат зиммасига олди. 181 минг 500 нафардан зиёд талаба қизларимизга фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Ҳозирга келиб юртимиз ОТМда таҳсил олаётган 1 млн 479 минг 384 нафар талабанинг 52,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани кишини қувонтиради, албатта. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда 39 фоиз бўлган, холос.
2022/2024 ўқув йилида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг STEAM таълим йўналишлари бўйича кўрсаткичи таҳлил қилинганда, физика йўналишида ўқиётган талабаларнинг 64 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани маълум бўлди. Шунингдек, математика (60 фоиз), хизмат кўрсатиш (34 фоиз), қишлоқ хўжалиги (36 фоиз), ишлаб чиқариш ва ишлов бериш (32 фоиз) каби йўналишлар бўйича ҳам бу борада ўсиш кузатилган. Бу сингилларимизда, қизларимизда амалий ва аниқ фанларга бўлган қизиқиш ортаётганини, пировардида халқаро меҳнат бозорига рақобатдош кадрлар сифатида кириб бораётганини кўрсатади.
Таълим билан бир қаторда бандлик соҳасида ҳам хотин-қизларнинг узвий ҳуқуқини таъминлаш энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Айни йўналишда эътирофга арзирли натижалар қўлга киритилаётганини қайд этиш жоиз. Чунончи, ўтган йилнинг ўзида 889 минг нафар хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашилди. 289 минг 419 нафар аёлларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. 543 минг 504 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган сингилларимизга 240 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди. 520 дан ортиқ маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари очилди.
Таъкидлаш ўринлики, қўмитамиз Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” ягона автоматлаштирилган мониторинг ахборот платформасини ишга туширди ва тегишли тизимлар билан интеграция қилинди.
Бундан ташқари, ишбилармон ҳамда тадбиркорлик қилиш истагидаги аёлларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида жами 3,5 мингга яқин хотин-қизлар билан учрашув-мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида уларни қийнаб келаётган муаммолар аниқланди. Муаммолар фақат ўрганилиб қолмай, балки амалий ечимларига киришилди. Шу тариқа 1 минг 646 нафар хотин-қиз тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит, 610 нафари субсидия маблағларини олишга муваффақ бўлди. Натижада 2 минг 480 та иш ўрни яратилди.
Дарвоқе, жорий йилда яна 635 минг 366 нафар ишга талабгор аёлларимизни ўқитиш ва бандлигини таъминлаш вазифаси олдимизда турибди. Бунинг учун бор куч ва саъй-ҳаракатларимизни сафарбар қилмоқдамиз. Токи, жамиятимизда бугунги кунига бефарқ, эртанги кунига эса умидсиз боқадиган, ўз салоҳиятига ишонмайдиган бирорта ҳам аёл қолмасин.
Оналар саломатлиги – миллат саломатлиги
Миллат генофондини асраш, соғлом авлодни вояга етказиш биринчи галда хотин-қизлар саломатлиги муҳофазасини кучайтиришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, репродуктив кўрсаткичларни мониторинг қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ишлари қадамба-қадам такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар учун “Тиббий кўмак берилиши лозим бўлган хотин-қизлар билан ишлаш тартиби” ишлаб чиқилди. Унга кўра, ўтган йили 99 минг 976 нафар хотин-қизларга тиббий маслаҳатлар берилди.
“Соғлом оила – келажак пойдевори”, “Эрта ва яқин қариндошлар никоҳига қарши бирга курашамиз” рисолалари, “Репродуктив саломатлик тамойиллари” мавзусида тиббий ахборот материаллари ишлаб чиқилиб, 9 минг 452 та маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига етказилди.
Яна бир масала. Олиб борилган ўрганиш натижалари оилада фарзанд кўришни ихтиёрий режалаштириш бўйича билим ва тушунча аҳоли ўртасида етарли даражада шаклланмаганини кўрсатмоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи томонидан фарзанд кўриш бўйича мустақил ва онгли равишда қарор қабул қилишда оиланинг ижтимоий-иқтисодий имкониятини инобатга олишга қаратилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа асосида таълим муассасалари, ташкилот, идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун ўқув дастурлари жорий этилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Масъулиятли ота-оналик” мобил иловаси яратилади.
Интиқлик билан кутилган фарзанднинг соғлом туғилиши оила учун чинакам қувонч. Лекин, борди-ю фарзанд жисмонан ёхуд ақлан заиф бўлса, кўпинча бунинг жабрини она тортади. Кузатишлар кўрсатадики, оилада носоғлом ва ногиронлиги бор фарзанд дунёга келса, аксар ҳолларда оталар бу синов қаршисида туришни истамай, ажрашишни ихтиёр қилади. Бундай фарзандни минг уқубат билан парваришлаш эса она гарданига тушади.
Мана шундай нохуш ва оғриқли ҳолатларнинг олдини олиш, бошқача айтганда, аёлларимизни бу каби аянчли тақдир билан рўбарў қилмаслик учун ҳам “Масъулиятли ота-оналик” сингари лойиҳалар жуда муҳим.
Эзгулик мезони
Оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган “Аёллар дафтари”, энг аввало, ёрдамга муҳтож опа-сингилларимизга кўмак бериш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни узил-кесил ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритилган 1 млн 265 нафар аёлнинг 995 минг 239 нафарига тегишли ёрдамлар кўрсатилди: 548 минг 857 нафари ишли бўлди, 35 минг 968 нафарига эса тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу билан бирга 160 минг 893 нафар боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган ва ногирон фарзандлари бор аёлларга моддий ёрдамлар берилди.
5 минг 891 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 432 нафари муқим бошпана билан таъминланди, 5 минг 459 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди.
Гувоҳи бўляпмизки, хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган бундай амалий ишлар юзлаб, минглаб аёлларимизга қаддини тиклаб, жамиятда ўз ўрнини топиши, фарзандларини муносиб шароитда тарбиялаб, вояга етказишлари учун имкон бермоқда.
Гап хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаркан, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш масаласида ҳам сезиларли ўзгаришларга эришилаётганини тилга олмасликнинг иложи йўқ.
Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, бу иллатга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш мақсадида 2024 йилнинг ўзида иккита қонун ва Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ аёлларнинг ва болаларнинг оилада ҳамда жамиятда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид ташкилий-ҳуқуқий механизмлар янада мустаҳкамланди.
Асосийси, “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва ад олат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.
***
Тақвим бўйича баҳорнинг илк кунларидамиз. Бироқ қиш ҳамон навбаҳорга ўрнини бўшатгиси келмаётир. Баҳорий айём – Халқаро хотин-қизлар куни ҳам тобора яқинлашмоқда.
Юртимизда бу айём умумхалқ байрами сифатида шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий қадрият ва анъаналари асосида нишонланади.
Шуниси аниқки, хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш фақат бу байрамда эмас, балки йил бўйи давом этади. Бу соҳадаги жараённи сарҳисоб этарканмиз, эришилаётган ютуқлар, муаммолар ечими сари қатъий ҳаракат жамиятимизда ҳар бир аёл бахт ҳиссини туйиб яшаши учун хизмат қилаётганини англаймиз. Зеро, аёл бахти – оила саодати, жамият кўркидир.
Зулайҳо МАҲКАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси.
«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, №9