Ҳозирда жаҳонда ҳукм сураётган мураккаб бир даврда мамлакатимиз иқтисодий ривожини жадал суръатда олиб боришда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши учун ҳуқуқий асос 2024 йилнинг июль ойида яратилганига қарамай, исломий молия хизматларини солиққа тортиш масалалари ҳал этилмагани сабабли мазкур хизматларнинг микромолия ташкилотлари кредит портфелидаги улуши атиги 3,8 млрд. сўмни ёки 0,04 фоизни ташкил этган.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва банклар томонидан исломий молия хизматлари кўрсатилиши тартиби белгиланди.
Қонун билан Марказий банкка Кредит ташкилотлари учун исломий молия стандартларини тасдиқлаш ва Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш ва чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатлари берилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, банклар исломий банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олган ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий молия операцияларини, ҳам исломий молия операцияларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Бош регулятор томонидан Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг исломий молия кенгашини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши ва унинг фаолиятига доир талабларни белгилаши нормаси киритилди.
Марказий банкнинг исломий молия кенгаши МБ назорат қилиши керак бўлган шахслар томонидан амалга ошириладиган исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Марказий банк исломий молия кенгаши исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Марказий банкка кўмаклашади, баҳс мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар ва изоҳлар беради ҳамда исломий молия фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар тақдим қилади.
Банк томонидан банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар (қарзлар) бериш бўйича банк фаолияти операциялари бўйича банкларга нисбатан белгиланган қоидалар исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш, товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш, биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш ва мол-мулкни исломий ижарага бериш каби фаолиятни амалга ошириши мумкин.
Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларнинг тегишли фаолияти исломий молия стандартларига мувофиқлиги юзасидан ҳар йили камида бир маротаба исломий молия бўйича ташқи аудит текшируви ўтказилиши лозим. Исломий молия операцияларини солиққа тортишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам белгиланди, жумладан, солиққа тортиш мақсадларида банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия фаолияти доирасида мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устам ҚҚСдан озод қилинади.
Шунингдек, республикамиздаги банклардаги аҳоли омонатларини кафолатлаш механизмлари исломий молия соҳасидаги илғор амалиётларга мувофиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилинаётгани муносабати билан исломий банк фаолиятини лицензиялаш учун давлат божи белгиланган.
Мамлакатимизда исломий банк хизматлари босқичма-босқич йўлга қўйилиши яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси.
