Сиёсат

УЛКАН САЛОҲИЯТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНМОҚ КЕРАК

Blog Image
Email : 75 0

Бозорларимиздаги маъмурчилик, дастурхонларимиздаги тўкинлик ортида омилкор деҳқонларимиз меҳнати турганини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, табиати мўътадил, йилнинг 300 кундан ортиқ даври қуёшли бўлган юртимиз замини саховатли. Соҳибкор-боғбонларимиз етиштираётган мева-сабзавотлар мазасининг қиёси йўқ. Айни пишиқчиликда етиладиган сархил меваларимиз қишнинг қаҳратон кунларида ҳам худди шохидан энди узилгандек барра ҳолда сотилиши, шифобахш резаворлар, ошкўклардан тортиб полиз маҳсулотларигача йил давомида бозорларимиздан узилмаслиги – бу мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор ёндашувлар миллий тажриба билан уйғунликда амалиётга татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Хусусан, иссиқхона деҳқончилиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишда драйвер тармоқлардан бирига айланди. Лекин бугун бу тармоқ дуч келаётган муаммолар ҳам бор. Қиш мавсумида иссиқхоналар эгалари иситиш мақсадлари учун экологик жиҳатдан зарарли, аммо арзон ёқилғилардан – кўмир ва мазутдан фойдаланишга мажбур бўлаётгани сир эмас.

Бу эса яқин-атрофдаги ҳавонинг кескин ифлосланишига олиб келмоқда. Иссиқхона хўжаликларининг салмоқли қисми Тошкент вилоятида жойлашгани ҳолда уларда мана шу тажрибанинг қўлланилаётгани, неча йилдирки, мазкур хўжаликлар атрофидаги ҳудудлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун «тоза ҳаво» муаммосини келтириб чиқаряпти. «Пойтахт атрофида “яшил ҳалқа“ ўрнига амалда иссиқхона хўжаликларидан иборат “кулранг ҳалқа“ шаклланди”, дея бонг ураётган экологларимиз хавотирида жон бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида экологик вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилгани алоҳида эътиборга моликдир.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирда юртимизда 5 минг 100 гектар иссиқхоналар бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштирилган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайган. Лекин тадбиркорлар кредит юки оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлиги сабабли қийинчиликларга учраётгани ҳам кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Хусусан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхоналар фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк тасарруфига ўтган.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу ва шу каби муаммоларнинг ечими ўлароқ иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор чоралар белгилаб берилди. Эндиликда ички бозор билан бирга экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар қишки мавсумда газ билан кафолатли таъминланиши, кўмир ёки бошқа муқобил ёқилғига ўтган ҳолатда эса табиий газга қайтиш имконияти яратилиши, иссиқлик насослари технологиясидан фойдаланаётганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасининг 4 фоизи қоплаб берилиши шулар жумласидан. Бундан буён иссиқхоналар учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўланиши, 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши иссиқхоначиларни мамнун қилаётган яна бир янгиликдир.

Ҳар бир экспорт бозори муҳим

Табиатга антропоген таъсирнинг тобора ортиб бораётгани, иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция соҳаларида тўсиқларнинг мавжудлиги озиқ-овқат хавфсизлигига сезиларли даражада таҳдид солмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Ер юзида тўйиб овқатланмасликдан азият чекканлар сони 673 миллион кишини ёки дунё аҳолисининг тахминан 8,2 фоизини ташкил этди. 2,3 миллиард одам озиқ-овқат хавфсизлиги етарли даражада таъминланмаган шароитда яшаётганини ҳисобга олсак, вазият янада оғирроқ эканини англаш мумкин.

Ушбу глобал муаммога қарши юртимизда истиқболли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга жиддий ёндашилмоқда. Йилига қарийб бир миллион нафарга ўсиб бораётган аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини кафолатлаш, бунинг учун аграр сиёсатнинг самарадорлигини ошириш мақсадида бор куч ва имконият сафарбар қилиняпти. Ер ҳамда сув манбалари чекланган бир шароитда бу мақсадга эришиш осон эмас, албатта.

Юқорида келтирилган йиғилишда мамлакатимиз учун жаҳон аграр ва озиқ- овқат бозорларига интеграциялашувни ҳамда валюта тушумини таъминлаб берувчи тармоқлардан бири бўлган мева-сабзавотчиликни ривожлантириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Қўшимча имкониятлар кўрсатиб берилди.

Унда келтирилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда 250 минг гектар пахта ва ғалла ерлари қисқартирилган ва озиқ- овқат маҳсулотлари учун ажратилган. 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилган, эскирган 107 минг гектар боғлар янгиланган. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилган.

Мана шундай дадил ва жадал суръатдаги ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланяпти. Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Кенгаши аъзолигига сайлангани бунга мисол.

Дарҳақиқат, мева-сабзавотларимиз жаҳон бозорида қадрланади. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланган. Айниқса, юртимиз қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича дунёда юқори ўринларда туради.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион долларга тенг бўлган. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайган.

Бироқ соҳада бу кўрсаткичларни янада ошириш бўйича улкан салоҳият мавжуд. Ахир, йиғилишда урғу берилганидек, ҳар бир экспорт бозори, ҳар бир доллар иқтисодимиз учун муҳим. Чунончи, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг суръати бўйича бошқа ҳудудлардан ортда қолгани, Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларга етмагани, 21 та туманда бу борада ўсиш 70 фоизлик маррани ҳам эгалламагани танқид қилинди.

Ёки, бу йилги мева-сабзавот экспортининг 80 фоизи 5 та давлатга бўлган. Буюк Британия, Италия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Қатар каби талаб юқори ташқи бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кам экспорт қилинган. Бу эса ўз навбатида хориждаги элчихона ва консулхоналар, савдо маслаҳатчилари олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяди.

Йиғилишда ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар асосида экспорт бўйича янги захира ва имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Об-ҳаво инжиқлари ва мавжуд шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиш ғоятда зарур. Бинобарин, соҳада эскича усулда ишлашдан воз кечиш, инновацион технологияларни кенг жорий қилиш вақти аллақачон келган.

Дейлик, ўтган йили ўлкамиз мева-сабзавот экспортининг 75 фоизи май-октябрга, бошқача айтганда, жаҳон бозори бу турдаги маҳсулотларга тўйинган даврга тўғри келган. Бозор қонуни шундай: таклиф кўпайса, нарх тушади, камайса, нарх ошади. Демак, табиий ва такрорланмас таъмга эга мева-сабзавотларимизни қимматроқ сотиш, бир маромда етказиб бериш учун эса қайта ишлашни ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шу боис мева-сабзавотларни хорижий харидорларга сифатли етказиб бериш учун транспорт- логистика тизимларини такомиллаштириш, “яшил” йўлакларни барпо этишдан тортиб, маҳсулотлар имижини яратишгача бўлган жараёнда инновацион технологияларга талаб сезиляпти. Айниқса, пишиқчиликда мўл ва арзон бўлиб кетадиган мева-сабзавотларимизни қайта ишлайдиган корхоналарни кўпайтириш баробарида импортёр давлатлар томонидан маҳсулотларга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария ва қадоқлашга оид талабларни бажариш экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтиришнинг муҳим омилларидандир.

Йиғилишда бу йил жойларда 16 та замонавий қадоқ тайёрлаш корхонаси ишга тушгани, лекин бу етарли эмаслиги, экспортга чиқарилаётган мева-сабзавотларнинг атиги 18 фоизи замонавий қадоқланаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга йил якунигача мазкур йўналишда яна 15 та корхонани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар йили ташқи бозорга 450 миллион долларлик ловия, мош, тариқ ва нўхат чиқарилаётгани, ваҳоланки, дуккакли маҳсулотлар катта экспорт захираларимиздан бири экани, деҳқонларимиз етиштирган бу экинлар ҳосилини йиғиб-териб олишда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бугунги кунда янги боғлар барпо қилиш ва эскиларини янгилаш учун 350 миллион дона серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларига эҳтиёж бор. 16 та туманда ташкил этилган “Агростар” компаниялари шу мақсадга қаратилган. Улар ишни, аввало, шундан – уруғ, кўчат ва ўғитдан бошлаши кераклиги таъкидланди. Шу боис “Агростар” компаниялари учун “in vitro” лабораториялари, мазкур туманларда сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлашни ўз ичига олган замонавий агро мажмуалар барпо этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди.

Ризқ-рўзимиз ва фаровонлик манбаи

 

Мухтор ИЛҲОМОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

– Бугун сайёрамизда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг ортиб бораётгани ҳар бир давлат учун озиқ-овқат хавфсизлигини ҳаёт-мамот масаласига айлантирмоқда. Ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти ва табиий экотизимларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мана шундай мураккаб даврда энг бебаҳо ресурс – сувдан тежамкорона фойдаланиш ҳаётий зарурат эканига диққат қаратди. Юртимизда ҳозиргача 224 минг гектар экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара бераётгани, натижада 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилгани эътироф этилди. Йил якунигача яна 10 минг гектар майдон томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришга ўтиши сувнинг ҳар бир томчиси қадрли бўлган ҳозирги кунда мақбул чоралардан биридир.

Дарахт экиб, боғ яратиш халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, қадрият даражасига кўтарилган анъаналаридан. Бу анъана нафақат атроф-муҳитнинг ободлиги ва яшилликнинг кенгайишига хизмат қилади, балки озиқ-овқат хавфсизлигида ҳам муҳим ўрин тутади. Юртимизнинг қайси манзилига борманг, қайси хонадонга кирманг, бир қарич ер бўлса ҳам, мевали дарахт экилгани ёки экин-тикин қилинганини кўрасиз. Ҳатто 2 сотихли томорқасидан йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад олаётган омилкор ҳамюртларимиз кўп. Улар ўз эҳтиёжидан ортганини бозорга олиб чиқиб, эл дастурхонига тортиқ қилмоқда, ризқ-рўз улашмоқда.

Халқимизнинг толейини қарангки, еримиз унумдор, адашиб чўп суқсангиз ҳам кўкариб, ҳосил беради. Аслида буларнинг бари мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва деҳқонларимизнинг ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришини янада жадаллаштириш учун бемисл имконият! Фақат бу имкониятдан оқилона фойдаланиш, мавжуд муаммолар ечимини пайсалга солмаслик керак.

Йиғилишда бу бўйича ҳукуматга экспортчи, иссиқхоначи ва мева- сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиб, давлат идораларига боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилгани айни муддао бўлди. Ушбу вазифаларнинг сўзсиз ижроси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида муқим, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишда, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ жойларда ишсизликни ҳамда камбағалликни камайтиришда қўл келади.

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.