2024 йил 22 апрель куни Ўзбекистон аҳолиси сони 37 миллионга етди. Эсингизда бўлса, 36 миллионлик маррани 2022 йил 8 декабрь куни босиб ўтган эдик. Қаранг, 1 йилу, 4 ойда биз яна 1 миллионга кўпайдик.
Ўзбекистонда аҳоли сонининг ошиши
муаммоми ёки имкониятми?
– Масалан, айтайлик, аввалги йилларда туғилишлар сони 700-800 мингни ташкил этган бўлса, 2018 йилдан ҳозирги кунгача 920 минг – 960 мингтани ташкил этмоқда. Бу ижтимоий соҳа объектларига ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, мактабларга чиқаётган болалар сонини олайлик. Аввалги йилларда ўртача 700 мингга яиқн ёки 680 мингта бола биринчи синфга қабул қилинган бўлса, кейинги ва ундан кейинги йилларда ушбу болалар сони 900 мингтадан ошиши кутиляпти. Бунинг асосий сабабларидан бири бу юқори туғилиш кўрсаткичидир, – Мактроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходими Муҳаббат Аҳмедова. – Айтиш керакки, бугунги кунда глобал муаммога айланган аҳоли орасида “қариш” муаммоси Ўзбекистонда ҳали кузатилмаяпти. Бизнинг прогнозларга кўра, яқин 10 йилда бу кузатилмайди. Лекин шунга қарамасдан, меҳнатга лаёқатли ёшдан катта бўлган аҳоли сони секин-аста ошиш улуши кузатилмоқда. Бу эса албатта, пенсия жамғармасига катта таъсир ўтказади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига, қарияларнинг кўп бўлиши ижтимоий ходимлар сонининг ошишига, пенсияга ажратилаётган жамғармаларнинг кенгайишига ва умуман олганда, бугунги пенсия тизимини кўриб чиқишни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли сонининг ўсиши инсон капиталига сармоялар киритишни тақозо этади.
Аҳоли сонининг ўсиши ёмон, деб айта олмайман. Шунга қараб сиёсат олиб бориш керак. Аҳоли сонининг кўп бўлиши бу жамиятнинг, республиканинг бойлиги, деб ўйлайман.
Оилани режалаштириш вақти келдими?
Мутахассисларнинг айтишича, демографик жараёнлар аҳолининг табиий кўпайиши нафақат объектив омилларга, балки никоҳ-оила муносабатлари, ўзларининг хоҳиш-истакларига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда ёшларнинг ўз оилаларини онгли равишда режалаштираётганликларини келтириш мумкин. Бундан ташқари туғилиш даражасига никоҳ ва ажралишлар миқдорининг ўзгариши ҳам таъсир қилади. Ёш оилаларда уй-жой муаммоси, яшаш жойини ўзгартириш, аёлларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришга кенг жалб қилинганлиги туғилиш даражасининг камайишига олиб келаувчи асосий омиллардан биридир.
Оилани тўғри режалаштириш, энг аввало, болаларга зарур бўлган барча моддий ва номоддий неъматлар – сифатли таълим, озиқ-овқат, уй-жой билан таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.