Ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида тез-тез Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг аҳамиятли томонлари ҳақидаги эшитиб, ўқиб қоламиз. Хўш, бу қандай ташкилот ўзи?
ЖСТ 1995 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилот давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи ягона универсал халқаро тузилма ҳисобланади.
Унинг асосий вазифаси глобал иқтисодиётни шаффофлигини тартибга солиш, давлатлараро савдо-сотиқ муносабатларни йўлга қўйиш, улар ўртасида тенглик ўрнатиш, аъзо мамлакатлар барқарор тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилаш ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ЖСТ глобал платформа саналиб, унда ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатлари ҳисобга олинади. Шунинг учун кучли, ўзини иқтисодиётига ишонган давлатлар тезроқ бу ташкилотга киришга ҳаракат қилади. Чунки ЖСТ мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот доирасида қабул қилинган битимлар жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишда товарлар ва хизматлар ишлаб чиқувчиларга, экспортер ва импортерларга кўмак беришга қаратилган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги ушбу энг йирик иқтисодий ташкилотга 166 давлат аъзо бўлиб, улар ҳиссасига жаҳон савдоси ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 97 фоизи тўғри келади.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши иқтисодий сиёсатнинг башоратлилигини ва хорижий инвесторларда унга бўлган ишончни оширади, ташқи бозорларга эркин чиқишни таъминлайди, мамлакатимизда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар учун муҳим ҳуқуқий майдон бўлди, десак тўғри бўлади.
Фармонда миллий иқтисодиётнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг глобал ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирига интеграциясини янада чуқурлаштириш, эркин бозор тамойилларини амалда татбиқ этишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришишни жадаллаштириш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Унга кўра, 2025 йил 1 январдан экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференциялар, шу жумладан, товарларни экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзлар бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича бош битими (GATT 1994) талабларига мослаштириш мақсадида:
-
- 2025 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган божхона йиғимларининг фискал мақсадларда ундирилмаслиги белгиланади;
- Божхона қўмитаси 2024 йил 1 августга қадар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж.Хўжаев) 2024 йил 1 августга қадар:
-
- савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими (МФН) назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларини қўллаш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни;
- импорт божхона божлари ставкаларининг қўлланиши самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги божхона тарифларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририга мувофиқлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
***
ЖСТга кириш жараёни давлатимиз раҳбарининг кун тартиби ва қаттиқ назорати остида тургани бежиз эмас, албатта. Боиси, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, миллий маҳсулотларимизни рақобатбардош ва жаҳон бозорларида сотиш, мамлакатимизда инвестицион муҳитни яхшилаш ва инвестиция оқимини ошириш, ҳамда иқтисодиётимизни барқарор ривожланишига замин яратади. Шунингдек, бу мамлакатимиз ҳудудида ҳалқаро савдо субъектларига тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай шароит яратишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг халқаро савдо ташкилотининг аъзоси эканлиги, давлатимиз “бизнес учун очиқлигини” англатади.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.