Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан қандай дадил ва ҳақчил ташаббуслар билан чиқаётганига қараб баҳоланади, албатта. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда 82 та устувор мақсадни белгилаб олган эди ҳамда бугунга қадар уларнинг 70 дан ортиғи ўзининг амалий исботини топди. ХДП фракция аъзолари электорат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиришга қаратилган 206 та қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар билдиришди. 2 минг 600 дан ортиқ фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти адолатли якун топди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг пленумида эришилган бу сингари салмоқли натижалар алоҳида қайд этилди.
Дастлаб парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси, партия Ижроия қўмитаси фаолияти сарҳисоб қилиниб, олдинда турган долзарб вазифалар санаб ўтилди.
Партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов кун тартибидаги масалалар юзасидан ахборот бериб, устувор йўналишларга диққат қаратди.
Очиқ мулоқот, қизғин муҳокама ва аниқ таклифлар асосида ўтказилган йиғилишда фракция аъзоларининг фаолиятини янада кучайтириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини ошириш, партия ва депутатлик корпуси билан фаол ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Пленумда, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Зулфия Туйева, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши раиси Зокиржон Зоҳидов сўзга чиқди. Партия олдида турган масъулиятли ва шарафли вазифалар ижросини юқори савияда бажариш учун маҳаллий Кенгашларнинг ҳиссаси муҳимлигига эътибор қаратилди.
Пленумда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.