Ахборот тезлашган замонда яшаяпмиз. “Нега газета журнал ўқимайсиз?” деган саволга ҳатто ёши катталар ҳам “Ҳамма янгиликларни телевизордан кўраман, интернетдан ўқийман”, деб жавоб беришади. Демак, улар учун матбуот фақатгина ахборот олинадиган майдон.
Аслида эса газета ва журналларнинг ҳар бир сони бир асар кабидир. Шунинг учун ҳам энг ривожланган давлатларда матбуотга ёшларнинг китобхонлик кўникмасини шакллантирадиган муҳим восита сифатида қарайдилар. Ўзини зиёли санаган ҳар бир инсон эрта тонгни газета варақлаш билан бошлайди.
Бизда ҳам бир пайтлар шундай эди. Катта ва ўрта ёшли авлод яхши эслайди, болалигимизда ҳар бир хонадонга газета-журналлар кириб борар, кечқурунлари бобо-бувилар, ота-оналар дастурхон йиғилгач, уларни ўқишга киришардилар. “Гулхан”, “ғунча” сингари болаларбоп нашрлар эса деярли ҳар бир мактаб ўқувчисининг дарс столи устида турган.
Телевизор томоша қилишнинг ҳам ўз қоидаси, вақти бор эди. Бундан ташқари, оилавий бўлиб китоб ўқиш, ўша китоб ҳақида фикрлашиш, баҳслашиш мароқли эди. Ҳозирда эса оиланинг барча аъзолари қўлида биттадан телефон. Оилада ўзаро мулоқот, фикр алмашиш, дардлашиш, бир-бирига маънан-руҳан суяниш деярли йўқ.
Хусусий каналларда намойиш этилаётган иллюзиялар баъзи ёшларимизни реал ҳаётдан йироқлаштирмоқда. Улар экрандаги енгил-елпи ҳаётни кўриб, кўнгли тусагандек яшашни, меҳнат қилмаслик, илм олиш йўлида машаққат чекмасликни хоҳламоқдалар. Эътибор берган бўлсангиз, маиший мавзудаги телесериалларимизда воқеаларнинг барчаси ҳашаматли ҳовлиларда, осмонўпар қилиб қурилган ва қимматбаҳо жиҳозлар билан жиҳозланган уйларда тасвирга олинади.
Аслида ўша ҳашаматли ҳовлиларни, қимматбаҳо машиналарни сериал ташкилотчилари фалон пулга ижарага олишади. Ижара шартномаси тугаши билан тасвирга олиш гуруҳи у ҳашаматдан чиқиб кетади. Ҳалиги қасрларни, мовий ҳовузларни, фаввораларни, боғ ва ундаги товуслару, сайроқи қушларни кўрган ёшлар шинамгина бўлса-да, ўз бошпанасига норози қарай бошлайди. Ҳатто ўзини камбағал сезиб ўксинади. Экрандаги ҳаётни бера олмаган ота-онасидан норозилик кайфияти пайдо бўлади. Ота онасининг ҳалол луқма топиб келаётгани ва асл бахт шунда эканини билмайди.
Шундай ҳаётга учган ёшлар ҳаммадан айб қидира бошлайди. Гап қайтарай, деса отасига ҳадди сиғмайди. Унинг ҳаддини кўтарадиган биргина инсон — онадир. Бола онасига баланд пардада гапира бошлайди. Бола онага нисбатан қўполлашиб боради. Кундан-кунга жиззакилик билан оқибатда экранда кўрган тенгқурлари каби ҳамма-ҳаммага иззатсизлик қилади.
Дарвоқе, ўғил бола аёл зотига муомала қилишни, энг аввало, отасидан ўрганади. Отасидан аёл зотига ҳурмат кўрмаган болани мингта мактаб ҳам тарбия қилолмайди. Энг ёмони, экрандан ва отасидан юққан қўполлик ва аёл зотини пастга уриш унинг борлиғига чирмовуқдек чирмашиб, бирга ўсади. Сариқ чирмовуқ ёпишган гул хазонга маҳкум бўлади.
Онага эҳтиром, опа-сингилларга эъзоз шарқона қадриятлардан ҳисобланади. Оиладаги қадим урф-одатларни, миллий тарбияни маҳв этишга хизмат қилаётган ҳар қандай сериаллардан воз кечиш вақти келди, назаримизда.
Енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
Экран орқали ёки ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган сериаллар жамият ҳаётига бамисоли табиий офат кабидир.
Масалан «Seviмli» каналида намойиш этилган “Кечир” сериалида арзимаган рашкдан бошланган гумон гулдек оиланинг пароканда бўлишига олиб келиши кўрсатилган. Фильм қаҳрамонлари оила деб аталмиш қўрғоннинг муқаддаслигини бутунлай унутган. Сериалнинг бош қаҳрамонларидан бири – мулкдор эркак ўз уйида умр бўйи унга садоқат билан яшаган хотинига очиқчасига хиёнат қилади. Даволанишга ётган шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаётган Пари исмли оилали аёлга кўнгли тушиб, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, уни ўзиники қилиш учун макр тузоғини ташлайди. Эркак ўз уйида унга содиқ яшаб, фарзандлар туғиб берган аёлни камситиб, хўрлайди. Энг ёмони, бош қаҳрамоннинг хотинига хиёнатини унинг ўз ўғли ёқлайди. Ўз онасининг ота томонидан қилинаётган хиёнатнинг аламли ўтида куяётганига бола бепарво. Ҳатто ўғил хиёнаткор отанинг хизматида. Сериалнинг яна бир персонажи – ҳийлакор хотин тузоғига илинган йигит ҳам оиласидан воз кечади. Хиёнатдан зарба еган яна бир шўрлик аёл бу зарбаларни кўтара олмай, жонига қасд қилади. Маккора измидаги йигит эса етим қолган болаларининг ўгай она зуғмидан қочиб, саргардон бўлиб қолишигача бепарво яшайди.
Қани бу сериалдаги эзгу мақсад? Қани вафога вафо билан жавоб бериш? Чалкаш ҳаётлар, бузилган оилалар… Менимча, одамлар онгига тескари таъсир қиладиган, миллий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган шу каби на бадиий қиммати, на маънавий озуқаси бор сериаллар жамиятга нима наф беради?
Оилавий қадриятларимиз ота ва онанинг бир-бирига иззат-ҳурмати, қариндош-уруғга, қўни-қўшнига марҳамат кўрсатиш, маҳалла-кўй билан елкама-елка бўлишдек эзгуликлар билан суғорилган. Буни унутиш, азалий шарқона урф-одатларимизга эскилик қолдиқлари деб қараш бир кун келиб қимматга тушади!
Дейлик, бугун баъзи қайноналарнинг ҳеч бир инсонийликка тўғри келмайдиган тутумлари, фақат моддиятга асосланган тор қарашлари туфайли кўплаб ёш оилалар ажрим ёқасига келиб қоляпти. Шунинг ўзи ҳам муқаддас қадриятларимиздан узоқлашаётганимиз белгисидир. Яъни қайнонанинг ўзи турмуш машаққатларини, баъзи ҳоллардаги етишмовчиликларни сабр-бардош ва тежамкорлик билан енгишга тоқати йўқ. ёшгина келинини эса уқувсиз, малакасизга чиқаради. Оилани энг гўзал фазилат – қаноат асрайди. Қаноат — бу энг ёруғ йўл. Бу йўлни босиб ўтиш учун телеэкранда берилаётган сериаллардаги кибор хонимлар қиёфасига кириб бўлмайди. Ҳолбуки, “миллий” деб аталаётган сериалларимизнинг аксариятида асабий, жиззаки, калондимоғ оилалар турмуш тарзи гўёки намуна қилиб кўрсатилаётгани таассуфли.
Сиз оилангизга келин туширдингиз. Оилангизга ўзга бир боғдан нав- ниҳолни кўчириб келдингиз. У бирдан сизнинг тутумингизга, феъл – атворингизга ўз болангиздек кўникиб кетолмайди. У сизнинг рўзғорингиз ғорларини бирдан ёритиб, тўлдириб ташлайдиган сеҳргар эмас. Шундай экан, унга ўзига ёт бўлган муҳитга кўникиши учун вақт беринг. Хатоларини тузатишга шароит яратинг. Энг муҳими, оилавий қадриятларни асрашда унга намуна бўлинг.
Муқаддас ришталар узилмасин!
Оилада фарзандлар билан бирга дарс қилиш одати ҳам йўқолиб борётганига аниқ хулосалар бор. Бу ҳам асл қадриятларимиздан бири. Бола билан ҳар кеч ўтилган дарсни такрорлаш энг масъулиятли ишлардан бири. Ҳар қандай бола уйга келиб дарсликларга яқинлашмасликни, шунчаки гаджетлар билан “дам олиш”ни истайди. Атрофдагилар ундан дарс тайёрлашни талаб қилмаса, бора–бора бола қолоқлашиб боради. Мактаб ўқитувчиси унга мактабда дарс беради. Аммо 30 нафар ўқувчининг ҳар бирининг уйига бориб, уй вазифасини тайёрлаб бера олмайди. Боланинг уй вазифасини тайёрлаши, дарсдан ташқари ўқиши, қўшимча адабиётлар сотиб олиб, ўзини ривожлантириши учун масъул шахслар — ота-оналар, бобо – бувилардир. Боланинг ўзлаштиришида бутун оила ёрдамга келиши керак. Унинг ўқишга қизиқиши ва қобилияти йўқолиб кетишига сизнинг лоқайдлигингиз, фақат ўзингизни қизиқтирган сериалларни томоша қилишингиз, телеграм, инстаграм сингари ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетишингиз туфайли бўлиши керак эмас. Қолоқ бола бугун синфни, мактабни орқага тортса, эртага жамиятни орқага тортади. Ҳаёти буткул издан чиқади.
Баъзи оилаларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш, бир-бирига кўмаклашиш ҳамда ҳаё ҳисси кўтарилаётганига ҳам тийиқсиз ижтимоий тармоқлар, сериаллар сабаб эмасмикан?!
Оиладан ҳаё кўтарилмаслиги керак. Акс ҳолда бу ғоят хатарли, мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бизнинг бебаҳо оилавий қадриятларимиз бор. Бу қадриятлар ўзаро ҳаё қилиш, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жон-жигарлар ва атрофдагиларга мурувват кўрсатиш, юртга садоқат ҳисси билан яшашда яққол намоён бўлади.
Оилавий бахтимиз, ёшларнинг келажаги мана шу муқаддас ришталардан узилиб қолмаслиги учун бугун сизу биз жавобгар эканимизни унутмайлик. Бошқача айтганда, ижтимоий тармоқлару тутуриқсиз сериаллар томошасини газета журналлар ва китоб мутолаасига алишайлик!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.
