Ўзбекистон

Меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик манзили

Blog Image
Email : 2 0

Қўли калталик – бу танлов эмас, қисмат. Ҳар бир инсон тақдирнинг тайёрлаб қўйган синовларини темир иродаси, заҳматли меҳнати билан енгиб, таъбир жоиз бўлса, қувонч ва ташвишларга тўла ўз асарини битишга ҳаракат қилади. Қимирлаган қир ошади, албатта. Бироқ орамизда ҳаёт машаққатлари қаршисида қаддини тик тутиб, уларни ёриб чиқишга маълум бир имкониятлари чеклангани сабаб куч топа олмайдиган инсонлар ҳам бор. Улар бундай паллада жамиятнинг, давлатнинг кўмагига, мурувватига, мададига суянади. Ўз навбатида инсонпарвар, ижтимоий адолат тамойиллари олий мезон саналган давлат бу эҳтиёжманд шахслар манфаатларини тўла-тўкис таъминлашга интилади.

Якунига етган мўътабар Рамазон ойи мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг изчиллиги, манзиллилиги ва, табиийки, натижадорлигини яққол амалда намоён этган, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити янада кучайган давр сифатида муҳрланди. Бинобарин, давлат раҳбарининг 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида қатор чора-тадбирларни рўёбга чиқариш белгилангани ушбу даврда юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга умид ва шодлик улашишдек хайрли ишларга туртки берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлим бошлиғи Фарид НАЗАРОВ бу борада қуйидагиларни баён қилади.

– Қон-қонимизга сингиб кетган қадриятларимизга кўра, улуғ Рамазон ойида халқимизнинг кам таъминланганларга ёрдам қўлини чўзиш, кишиларнинг бир-бирига янада эътиборли ва меҳрли муносабат бўлиш фазилатлари бир қадар юксалади, – дейди Ф. Назаров. – Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар учун мана шу ўттиз кун юксак инсонпарварлик қадриятларини амалда намоён этиш ойига айланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан ислоҳ қилиниб, унинг марказида инсон манфаати ва унинг қадрини улуғлаш тамойили мустаҳкам ўрин олди.

Ижтимоий хизматларни ташкил этишда замонавий ёндашувлар жорий этилди, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари кенгайтирилди ва энг асосйси, ижтимоий ходим институти шакллантирилди. Бугунги кунда тизимдаги ходимларимиз инсон тақдири билан ишлайдиган, ижтимоий муаммоларнинг илдизигача етадиган ва уларни ҳал этиш учун давлатнинг мавжуд имкониятларини сафарбар қиладиган муҳим ижтимоий институтга айланди.

Айни пайтда юртимиздаги маҳаллаларда 8 мингдан ортиқ ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 60 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этяпти. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳал қилувчи ўрин тутаётирлар. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жаҳон амалиётида ижтимоий ходимлар жамиятдаги энг муҳим касблардан бири сифатида эътироф этилган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда мазкур институтнинг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилди. Ижтимоий ходим бугун маҳалладан бошлаб республика даражасигача бўлган ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим бўғинига айланиб, унинг вазифаси фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмасдан, аксинча, ижтимоий ходим инсонларнинг турмуш тарзини, маиший ҳолатини комплекс баҳолайди, муаммонинг сабабларини таҳлил қилади ва уни ечиш учун турли давлат органлари ва ташкилотларини бирлаштирувчи механизмни ишга туширади. Ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган устувор ислоҳотлардан бири ижтимоий хизматларни ягона нуқтада ҳисобга олиш ва мувофиқлаштириш механизмидир. Илгари аҳоли турли давлат органларига мурожаат қилиб, ҳар бир хизматни алоҳида тарзда олишга мажбур бўлган бўлса, бугунги кунда мазкур жараён анча соддалаштирилди. Яъни яхлитлаштирилди. Мана шу ўзгариш ва янгиланишлар, хусусан, давлат раҳбарининг Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга доир қарори ижросини самарали таъминлашда ҳам айни муддао бўлди, десак, янглишмаймиз. Рамазон ойи ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган мутахассислар учун алоҳида масъулиятли даврга айланди. Бу ойда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам бериш қамрови бир карра ортди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорида Рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ижтимоий ёрдам чоралари назарда тутилган. Шунга кўра, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббий даволанишни ташкил этиш, шунингдек, бир марталик моддий ёрдам ажратиш каби кўмак турлари тизимли йўлга қўйилди.

Жумладан, Бир марталик моддий ёрдам дастури доирасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 696 мингдан ортиқ фуқаролар рўйхати шакллантирилди, уларга ажратиладиган маблағлар умумий ҳисобда 467,2 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Янада аниқроқ айтганда, мазкур дастурга 216 мингдан ортиқ давлат таъминотида бўлган оилалар, 415 мингдан ошиқ камбағал оилалар, 17 мингдан зиёд ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, 4 мингдан ортиқ етим болалар яшайдиган хонадонлар, 43 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган эҳтиёжманд фуқаролар қамраб олинди.

Тиббий кўмакка муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлар натижасида 1 минг 668 нафар фуқаро даволанишга муҳтож экани аниқланиб, улар соғлиғини тиклаш ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида босқичма-босқич тиббий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар 1 минг 310 нафар фуқаро вилоят шифохоналарида, 358 нафар ҳамюртимиз эса республика ихтисослаштирилган тиббий марказларида чуқур тиббий кўриклардан ўтказилиб, зарур даволаш ишлари, жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Бу каби ишлар эҳтиёжманд фуқароларнинг саломатлигини асраш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизими инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги ёрқин намунасидир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат харажатларини қоплаш бўйича ҳам манзилли ишлар амалга оширилди.

Маълумки, “Саховат ва кўмак” жамғармасининг асосий мақсади оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли кўмаклашишдан иборат. Жамғарма томонидан Рамазон ойида республика бўйича 50 мингта оилага озиқ-овқат маҳсулотлари (ҳар бир оилага 412 минг сўм миқдорида маблағ ажратган ҳолда) тарқатиш белгиланди. Бу ташаббус саховат, бағрикенглик ва инсонларга ғамхўрлик қилиш каби қадриятларнинг жамият ҳаётидаги устунлигини кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараёнда “маҳалла еттилиги” маҳаллалар кесимида оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож фуқароларни аниқлаш, рўйхатларни шакллантириш ва ажратилаётган ёрдамнинг манзилли ҳамда адолатли тарзда баҳолаб, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва тегишли қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этиш орқали эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшди.

Яна бир масала. Ҳозирга келиб, янги давр руҳи ва талабларига мувофиқ ижтимоий хизматларнинг наинки кўлами, балки мазмуни ҳам ўзгармоқда. Илгари асосан моддий ёрдамга эътибор қаратилган бўлса, бугунги кунда инсонларни мустақил ҳаётга қайтариш, уларнинг имкониятларини очиш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган хизматларга устуворлик берилмоқда. Рамазон ойида бу борада ҳам кўп ва хўп ишлар қилинди.

Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарали ишлаши фақат давлат органларининг фаолияти билан чекланиб қолмайди. Бу жараёнда жамоат ташкилотлари, хайрия фондлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оддий фуқароларнинг иштироки ҳам сув ва ҳаво каби зарур.

Жамиятдаги саховат ва меҳр-оқибат муҳити ижтимоий ҳимоя тизимининг имкониятларини янада кенгайтиради. Ижтимоий ходимлар бу жараёнда кўприк вазифасини бажаради. Улар давлат, жамоат ташкилотлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаб, ёрдамнинг манзилли ва самарали бўлишига хизмат қилади. Шу маънода, файзу баракали ўтган Рамазон ойи юртимиз ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари учун нафақат маънавий, балки катта амалий аҳамиятга эга бўлди.

 

Миннатдорлигимни сўз билан таърифлай олмайман”

Бекободлик Моҳира Пўлатова кўп йиллардан буён юриш билан боғлиқ муаммодан азият чекиб келаётган эди. У учун уй остонасидан ўз оёғида кириб чиқиш ушалмас бир орзудек туюлар, тўшакка михланиб қолганидан руҳан синиб борарди. Лекин бу йилги муборак Рамазон ойи кўплар қатори у учун ҳам хайрли келди. Маҳалладаги ижтимоий ходим ва “маҳалла еттилиги” томонидан унинг турмуш шароити ўрганилиб, жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлиги аниқлангач, тиббий ёрдам кўрсатиладиган фуқаролар рўйхатига киритилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Моҳира Пўлатованинг жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда у ўзини жуда яхши ҳис этмоқда. Муҳими, энди у юра бошлади.

– Миннатдорлигимни сўз билан таърифлолмайман, – дейди Моҳира. – Менинг ҳолатимни мен каби узоқ вақт юриш орзусида яшаган, шифтга тикилганча Яратгандан умидини узмаган инсонлар тушунади. Тўғри, баъзан “Бошқалар каби юролмасам, оиламдагиларга юк бўлиб, яшаб нима қилдим?” деган тушкун хаёлларда кун ўтказган пайтларим ҳам бўлди, яширмайман. Аммо юртимизда ҳеч бир инсон давлатнинг эътиборидан четда эмаслигини бугун ўзимнинг ҳаётим мисолида кўриб, ҳис қилиб турибман. Мана, бепул жарроҳлик амалиётидан кейин ўша оғир кунларим ортда қоладиган бўлди. Бунинг учун давлатимизга, ўзгалар дардини ўзиникидек қабул қилиб, биз каби эҳтиёжмандлар ҳаётига нур олиб кираётган яхши инсонларга раҳмат дейман.

 

Оламни тингламоқ бахти

23 ёшли Озода Римбаева Қорақалпоғистон тиббиёт институтида ўқийди, бўлғуси шифокор. У юқори синфда ўқиб юрган чоғларида хасталик асорати ўлароқ эшитиш қобилиятини йўқотган. Тасаввур қилинг, кечагина ота-онасининг, ўртоқларининг овозини, қушларнинг чуғур-чуғурини, дарахтларнинг шовқинли тебранишини, бу оламдаги жамики сас садони тинглаб, ўйнаб-кулиб юрган қиз бирдан эшитмай қолса…

Озода тақдирга тан бериб, бор кучини, вақтини ўқишга бағишлади. “Эшитмасам ҳам, дунёни кўряпман-ку!” деди ўзига ўзи. Билим ва интилиши билан тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Кейинчалик ўқиб-ўрганиб билдики, эшитиш қобилиятини тиклаш мумкин экан. Фақат бу қиммат операция бўлиб, яхшигина маблағ талаб қилар эди. Оилавий шароит эса буни кўтармасди.

Рамазон ойи муносабати билан Президентимизнинг тегишли қарори асосида эҳтиёжманд беморларнинг даволаниш харажатлари қоплаб берилаётганидан хабар топгач, онаси билан бирга пойтахтга, Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказига етиб келди.

Марказда зарур тиббий текширувлардан сўнг унда кохлеар имплантация амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Яъни хасталик туфайли зарарланган нерв толалари ўрнига махсус датчиклар киритилиб, ички қулоқ қисмига кохлеар имплант ўрнатилди. Муолажа жараёнидан кейин Озоданинг эшитиш қобилияти тиклана бошлади.

– Кўнглимдаги кемтиклик ариди, -дейди Озода. – Энди мен ҳам бошқалар каби одамлар билан бемалол мулоқот қиламан, мусиқа тинглайман… Бунинг қанчалар бахт эканини билсангиз эди… Келгусида яхши шифокор бўлиб, дардига дармон излаётган инсонларни соғлом ҳаётга қайтаришга ҳисса қўшишни, яхшиликка яхшилик билан жавоб беришни ният қилганман.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.