БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 300 миллионга яқин одам Наврўз куни дастурхон ёзади. Бу кунни қаршилайдиган ҳар бир мамлакатда ўзига хос анъаналар мавжуд.
Дунёда кўклам анъаналари
Жаҳондаги миллат ва элатларнинг ҳар бирида кўклам фасли ва янги йилга бағишланган анъана-ю урф-одатлари бор. Уларнинг барчаси ўзига хос ва жозибали. Жумладан, Хитойда янги йил айёми январь ойи охири, февраль ойи бошларига тўғри келади. Янги йилни нишонлаш “уй тозалаш”дан, эскирган буюмларни чиқариб ташлашдан бошланади. Бу қадимий юртда янги йил тантаналари “Чунь чзе” – баҳор байрамига уланиб кетади. Эрамиздан аввалги иккинчи асрдан бери нишонланиб келинаётган “Чунь цзе” байрамининг мазмун-моҳияти, яъни, хонадонларда меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, қарияларни зиёрат қилиш, болаларни хурсанд қилиш, деҳқончилик ишларига киришиш кабилар худди бизнинг Наврўз удумларини эслатади.
Хитойда баҳор байрамида шовқинли халқ фестиваллари ва ярмаркалари кетма-кет бир неча кун давомида ўтказилади. Шер ва аждаҳо рақслари, “қуруқлик қайиқлари”нинг доира бўлиб қўшиқ куйлашлари, ёғочоёқлардаги намойишлар хурсандчилик руҳиятини янада кўтаради.
Японияда 21 март (кабиса йилларида, 20 март) баҳорги тенг кунлик «Шумбун но ҳи» ёки «Ҳиган но туничи», деб номланади. Бу давлат байрами бўлиб, табиатга ва барча тирик мавжудотларга муҳаббатни ифодалайди. Шу куни кўплаб японлар ота-боболарининг қабрларига бориб, тартибга келтиради ва гуллар қўйишади. Японияда, шунингдек, баҳорнинг дастлабки кунлари сакура дарахтининг гуллаши алоҳида байрам қилинади. Боиси мамлакат аҳолиси сакура гулларини турли тушунчалар ва ғоялар билан боғлайди. Сакуранинг гуллаши деҳқонлар асосий озиқ-овқат манбаи бўлган шоли экиш вақтига тўғри келади. Шуни ҳисобга олсак, сакура омад, фаровонлик ва мўл ҳосил рамзидир. 1873 йилгача Японияда янги йил баҳорда, сакуранинг гуллаш даврида нишонланган.
Эронликлар Наврўзни 13 кун давомида байрам қилиб нишонлайди. Аҳоли асосий вақтни хурсандчилик қилиш, қариндошлари ва дўстларини бориб кўришга бағишлайди. Ўн учинчи куни табиат қўйнига чиқишади. Шаҳарлар олов рамзлари билан безалади, гулханлар ёқилади, фонарлар осилади ва мушакбозлик қилинади. Байрам давомида эронлик аёллар махсус маросимда қатнашади. Яъни гулхан устидан сакраб ўтадилар. Бу тадбир азалдан покланиш ва гўзаллик, саломатликка чорловни англатади. Эркаклар қизил кийимларни кийиб, юзларига кул суртишади ва шаҳар кўчаларида сайр қилишади.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида апрель ойида Лолалар фестивали бўлиб ўтади. Ингичка учли барглари бўлган қизил гуллар миллий рамз, кўп асрлик маданиятнинг бир қисмидир. Ҳар баҳорда 100 дан ортиқ навдаги миллионлаб лолалар очилади. Фестивалнинг асосий тадбирлари Эмирган боғида ташкиллаштирилади. Энг маҳоратли ландшафт дизайнерлари бутун шаҳар бўйлаб, лолалардан иборат ҳайратланарли композицияларни яратишади.
Бутун дунё бўйлаб баҳорий анъана ва байрамлар қандай кўриниш ҳамда кўламда нишонланмасин, Наврўз айёмидаги сингари барчанинг чеҳрасида табассум, самимият, ҳушнудлик кайфияти уфуриб туради.
Хуршидабону НАЗАРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.