Ўзбекистон

Саратонга қарши кураш: Тошкент шаҳрида бу борада вазият қандай?

Blog Image
Email : 3 0

Тирик жон борки дардга чалинади, шифо излайди. онкология мавзусига таҳлилий ёндашганда, энг аввало, бир муҳим фикрни таъкидлаш лозим, у инсоният учун жиддий муаммо бўлса-да, мутлақ ҳукм ёки умидсизлик белгиси эмас. илмий асосларга кўра, бу касаллик ҳужайраларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида юзага келади, аммо замонавий тиббиёт уни аниқлаш ва даволаш борасида катта ютуқларга эришмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ана шундай ютуқлар туфайли онкологик касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда онкология соҳасини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва касалликни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ихтисослаштирилган онкология марказларини модернизация қилиш, замонавий ташхислаш ускуналари билан таъминлаш, скрининг дастурларини кенг жорий этиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда.

Мазкур қарор ижросини ўрганиш, тизимдаги самарадорликни баҳолаш ва аниқланган муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан депутатлар ва партия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти қарор ижросини фақат ҳисоботлар асосида эмас, балки бевосита жойига чиқиб, тиббиёт муассасалари фаолиятини кўздан кечириш, масъул раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилиш ҳамда реал ҳолатни аниқлашга қаратилди.

 

Назорат-таҳлил натижалари…

Ишчи гуруҳ томонидан пойхатимизнинг Шайхонтоҳур, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида манзилли ўрганиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган скрининг тадбирлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бирлашмасининг стационар маммографик ускунаси орқали аёллар орасида скрининг ва маммография тадбирлари ўтказилаётгани кузатилди. Бу ҳолат қарорда белгиланган стационар ва мобиль маммографик скринингни жорий этиш вазифалари муайян даражада амалга оширилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, мазкур тадбирлар доимий ва оммавий тус олмагани, қамров чеклангани ва скрининг асосан акциялар ёки алоҳида тадбирлар доирасида ташкил этилаётгани маълум бўлди.

Миробод туманида қарор ижроси депутатлик назоратининг институционал механизми – депутат сўрови орқали ўрганилди. Яъни халқ депутатлари туман Кенгашидепутатлари томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорига расмий депутат сўрови юборилди. Президентимизнинг тегишли қарори ижроси, скрининг тадбирларининг қамрови, кадрлар билан таъминланганлик ва ташкилий масалалар юзасидан маълумотлар сўралди.

Тиббиёт бирлашмасидан келиб тушган расмий жавоб таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, қарор ижроси бўйича муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, айниқса, маммографик скрининг қамрови, икки сменали иш тизимини жорий этиш ва бирламчи бўғинда аёлларни фаол жалб қилиш масалаларида қарор талаблари тўлиқ таъминланмагани кузатилди.

Мирзо Улуғбек туманидаги назорат-таҳлил натижаларига кўра, туман кесимида бачадон бўйни саратони ва кўкрак бези саратони бўйича 2025 йил учун алоҳида тармоқ режалари ишлаб чиқилган, режалар оилавий поликлиникалар ва КТМПлар кесимида ойлар бўйича тақсимлангани ҳужжатлар асосида тасдиқланган.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманида 30–65 ёшдаги аёллар сони 63 минг нафардан ортиқ бўлиб, бачадон бўйни саратони скрининги учун 2025 йилга 15 минг нафардан ортиқ аёлни қамраб олиш режалаштирилган, кўкрак бези саратони скрининги бўйича эса 11 минг нафардан ортиқ аёл қамраб олиниши кўзда тутилган. Бу ҳолат қарор талабларига мувофиқ режалаштириш ишлари амалга оширилганини кўрсатади.

Бироқ ишчи гуруҳ ўрганишлари шуни кўрсатдики, режаларнинг мавжудлиги уларнинг амалда тўлиқ ва сифатли бажарилаётганини англатмайди. Саволнома асосида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг ишлари икки йўналишда – маммографик скрининг ва “онко-назорат” хоналари орқали клиник кўриклар шаклида амалга оширилмоқда.

2025 йилда шаҳар бўйича маммографик скрининг орқали 11 688 нафар аёл қамраб олинган бўлса, “онко-назорат” хоналари орқали 120 171 нафар аёл клиник кўрикдан ўтказилган. Маммография орқали 63 нафар аёлда кўкрак бези саратони аниқлангани ушбу усулнинг юқори самарадорлигини яққол кўрсатади.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ 45-65 ёшли аёлларда кўкрак бези саратонини аниқлашда асосий усул сифатида маммография белгиланган бўлса-да, амалда скринингнинг асосий юки клиник кўриклар ҳисобига тўғри келмоқда. Бу эса қарорда белгиланган скрининг кўрсатгичлари билан амалдаги ҳолат ўртасида муайян тафовут мавжудлигини кўрсатади.

Саволнома натижалари шуни ҳам кўрсатдики, “онко назорат” хоналари фаолияти ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айрим поликлиникаларда клиник кўриклар фаол ўтказилаётган бўлса, айрим жойларда тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлиги ва скрининг кўрсатгичлари бўйича билимлари етарли эмас. Шубҳали ҳолатларни ўз вақтида маммографияга ёки ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтиришда узилишлар борлиги аниқланди. Электрон рўйхатга олиш ва мониторинг тизими ҳам барча муассасаларда тўлиқ ишламаяпти, бу эса қарорда назарда тутилган электрон база ва регистр тизимининг амалда тўлиқ жорий этилмаганини кўрсатади.

Ижобий жиҳат сифатида шуни қайд этиш лозимки, скрининг жараёнида касаллик аниқланган беморлар билан ишлаш тизими Тошкент шаҳрида нисбатан барқарор йўлга қўйилган. Беморлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилиб, чуқурлаштирилган диагностика, морфологик тасдиқ, консилиум ва комплекс даволаш билан давлат бюджети ҳисобидан таъминланмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар учун бепул диагностика ва даволаш имкониятлари мавжудлиги қарор ижросидаги муҳим ижобий натижа ҳисобланади.

Шу билан бирга, кадрлар билан таъминланганлик масаласида ҳам муаммолар бор. Туман даражасида врач онкологлар етишмовчилиги, айрим “онко-назорат” хоналарида тўлиқ штат билан ишламаслик ҳолатлари қарор талабларининг тўлиқ бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ахборот маърифий ишлар эса асосан мавсумий характерга эга бўлиб, қарорда белгиланган доимий ва тизимли тарғибот талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, Президентимизнинг тегишли қарори ижроси асосида туманларда ижобий натижалар мавжуд. Бироқ қарорнинг асосий мақсади — аёллар ўртасида онкологик касалликларни оммавий ва самарали равишда эрта аниқлаш ҳали тўлиқ таъминланмаган. Маммографик скрининг қамровини кенгайтириш, бирламчи бўғинда фаол жалб қилиш механизмларини кучайтириш, икки сменали иш тизимини тўлиқ жорий этиш, кадрлар билан таъминлашни яхшилаш ва электрон мониторингни амалда ишлайдиган тизимга айлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Партия фаоллари ва депутатлар нима дейди?

Мавжуда ҲАСАНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Очиғи, Ўзбекистонда ҳам ўсма касалликларини даволаш нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки бутун жамиятнинг доимий эътиборини талаб қиладиган соҳа эканлиги маълум.

Ҳудудларда олиб борилган кенг кўламли таҳлиллар, яъни ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган манзилли ўрганишлар, саволнома асосида тўпланган маълумотлар ҳамда тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан амалга оширилган мулоқотлар аёллар орасида онкологик касалликларнинг ҳолати ва уларни назорат қилиш тизимидаги мавжуд камчиликларни очиқ кўрсатди.

Партиямиз депутатлари ва ҳудудий мутахассислар фикрларини инобатга олган ҳолда, қарор ижроси самарадорлигини ошириш бўйича қатор стратегик таклифлар ишлаб чиқдик.

Аввало, қисқа муддатли чоралар сифатида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скринингни ташкил этишда “фаол чақирув” механизмини кучайтириш зарур ҳисобланади. Қарорда белгиланган 30-65 ёшли аёллар электрон базаси асосида ҳар бир оилавий поликлиника ва маҳалла кесимида аниқ мақсадли рўйхат шакллантирилиб, SMS-хабарнома, қўнғироқ ва патронаж орқали скринингга таклиф қилиш амалиётини жорий этиш лозим. Бу чора қисқа муддатда скринингга келувчи аёллар сонини ошириш, қамров кўрсаткичларини барқарор ўсишга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қисқа муддатда маммографик ускуналарнинг икки сменали иш режими тўлиқ жорий этилиши лозим. Бу қарорда тўғридан тўғри белгиланган бўлиб, унинг амалга оширилиши ишловчи аёллар учун қулайлик яратиш орқали маммографик скрининг қамровини кенгайтириш имконини беради. Натижада клиник кўриклар билан чекланиб қолиш ҳолатлари қисқариб, аниқ ташхис қўйиш улуши ортади, бу эса диагностика сифатини яхшилайди.

Қисқа муддатли чоралар қаторида бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлигини оширишга қаратилган мақсадли ўқувларни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қарорда белгиланган скрининг алгоритмлари бўйича қисқа модулли ўқувлар жорий этилса, шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва юқори бўғинларга йўналтириш яхшиланади. Бу эса эрта босқичда аниқланган касалликлар улушини ошириш орқали даволаш самарадорлигини кўтаради ва кейинчалик юқори харажатли даволаш эҳтиёжини камайтиради.

Шуни унутмайликки, давлат томонидан тизимга кўрсатилаётган эътибор саратонга чалинган юртдошларимизнинг тузалиб, яшаб кетиш даражасининг ортишига салмоқли ҳисса қўшади. Фақат қарор ижросини қатъий таъминлаш, белгиланган текширувларни вақтида олиб бориш зарур. Ахир, шифокорлар жуда кўп айтишади: саратон хасталиги қанча эрта аниқланса, уни даволаш имкони шунча ортади.

 

Мухтор ИЛҲОМОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Онкология соҳасидаги илмий изланишлар ҳар йили янги натижалар бермоқда. Янги дори воситалари, генетик тадқиқотлар ва инновацион терапия усуллари келажакда бу касалликни янада самарали даволаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрда қабул қилинган қарори мамлакатда онкологик касалликларга қарши курашишда янги босқични бошлаб берди.

Назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб шуни айта оламанки, ўрта муддатли стратегик чоралар сифатида, аввало, ушбу қарорда назарда тутилган электрон мониторинг ва регистр тизимини тўлиқ ишлайдиган ҳолатга келтириш зарур. Скринингдан ўтган ҳар бир аёлнинг натижаси, қўшимча текширувлар, ташхис ва даволаш босқичлари ягона электрон тизимда акс эттирилса, скрининг натижадорлигини баҳолаш имконияти ошади. Бу орқали ресурслар мақсадли йўналтирилиб, такрорий текширувлар ва асоссиз харажатлар қисқартирилади.

Ўрта муддатда кадрлар билан таъминланганлик масаласини тизимли ҳал этиш ҳам долзарб ҳисобланади. Хусусан, “онко-назорат” хоналари ва маммографик скринингда ишловчи мутахассислар учун мақсадли қайта тайёрлаш, рағбатлантириш ва иш юкламасини қайта тақсимлаш механизмларини жорий этиш таклиф этилади. Бу чора хизмат сифати ошишига, кадрлар алмашинуви камайишига ва скрининг жараёнларининг барқарор ишлашига хизмат қилади.

Шунингдек, қарорда белгиланган тарғибот ишлари йил давомида узлуксиз ташкил этилса, аёлларнинг онкологик касалликлар ҳақидаги хабардорлиги ошади, профилактик кўрикларга муносабат ўзгаради. Бу эса қамровнинг ошиши, касалликларни эрта аниқлаш ва умумий ўлим кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади.

Бу борадаги қонунчилик, имтиёз ва имкониятларни маҳалларга бориб, аёллар, умуман, аҳоли орасида тарғиб қилиш керак, деб ўйлайман. Учтепа туманидаги маҳаллаларда соҳа мутахассислари билан тушунтириш тадбирларини ўтказишни режалаштирдик. Бу жорий йилдаги муҳим вазифаларимиздан бири этиб белгиланди.

 

***

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда онкологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришиляпти. Тошкентдаги клиникаларда бу йўналишда муҳим жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда.

Дунёда давосиз дарднинг ўзи йўқ. Ишонч, сабр ва ҳаракат ҳар қандай дардни енгади. Белгиланган чоралар ижроси ўз вақтида ижро этилса, бу соҳада катта ютуқларга эришиш, минг минглаб одамлар ҳаётга, оиласи бағрига қайтиши учун имконият яратилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг депутатлари мазкур масалани доимий депутатлик назоратига олади. Президент қарори ижросини таъминлашга, аёллар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий адолат ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифалар нуқтаи назаридан жиддий эътибор қаратишда давом этади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.