Ўзбекистон

Халқ ўйинларида миллат руҳи яшайди

Blog Image
Email : 2 0

Баҳор, Наврўз деганда кўз олдимизда гўё ранг баранг манзаралар жонланади: сумалак иси анқиган ҳовлилар, кулгуга тўлган сайиллар, миллий либосларда безанган одамлар… Яқиндагина шукроналик туйғуси билан ҳаммамиз учун қадрли айём бўлмиш Наврўзни, Рамазон ҳайитини нишонладик. Шундай қутлуғ кунларга етказганига шукр, деб оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, дўст ва яқинларимиз билан сайилларга чиқдик, қувончли учрашувлар ўтказдик.

Ана шундай паллада хаёлимга халқ ўйинлари келади. миллий ўйинлар, пойгалар, беллашувлар, турли мусобақалар, маросимлар авлоддан-авлодга ўтиб, тарихий меросга айланиб, сақланиб келмоқда. Улар шунчаки ўйин эмас. Улар — одамларимизнинг руҳи, тарихи ва тарбиясини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Ҳар бир ўйинда аждодларимиздан қолган донолик, жасорат ва бирдамлик ҳисси яширинган.

Қизиғи шундаки, биз болалигимизда бу ўйинларни фақат Наврўзда эмас, деярли ҳар куни ўйнар эдик. Кўчаларда кулгу, баҳс, шовқин-сурон авж олар, дўстлар билан тортишиб-тортишиб бўлса ҳам ўйинни давом эттирар эдик. Бугунги болалар эса бундай ўйинларни камроқ билади, камроқ ўйнайди…

Шу ўйлар билан болалигимизни, ўша беғубор кунларни эсладим. Дўстларимиз, тенгдошларимиз, ака-укаларимиз, опа сингилларимиз билан талашиб, кулиб, баъзан ранжишиб ҳам ўйнаган миллий ўйинларимиз хотираси яна бир бор кўнглимни тўлқинлантирди. Шунинг учун ҳам шу унутилмас ўйинлар, улар ортидаги самимий хотиралар ҳақида ёзмоқликка қарор қилдим.

 

Ўтмишга назар

Азалдан халқ ўйинларининг тарихий илдизлари ота-боболаримизнинг ҳаёт тарзи, меҳнат фаолияти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Аввалги замонларда аждодларимиз кундалик ҳаётда зарур бўлган чаққонлик, куч ва эпчилликни ошириш учун турли машқларни бажаришган. Вақт ўтиши билан улар аста-секин ўйин шаклига кириб, халқ орасида оммалашиб кетган. Шу тариқа миллий ўйинлар шаклланиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтган келган.

Халқ ўйинлари ўзининг хусусиятларига кўра, шартли равишда гўдакликда, болалик ёшида, ўсмирликда ва йигитлик ёшида ўйналадиган жисмоний ва ақлий ўйинларга бўлинади. Масалан, илгариги замонларда ёшларни жасоратли, чидамли ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш муҳим ҳисобланган ва шу сабабли кўплаб ўйинлар кураш, чавандозлик, куч синашга асосланган.

Фольклоршуносларнинг ёзишича, тарихий манбаларда халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланишига доир қизиқарли ҳикоялар, воқеалар талайгина. Айрим олимлар ҳаттоки халқимиз севиб ўйнаган ўйинлар эрамиздан аввалги даврларга бориб тақалишини ҳам асослаб берган. Уларнинг фикрини археологик, этнографик, фольклор ва бошқа манбалар тўла-тўкис тасдиқлашига тааллуқли асослар мавжуд. Улардан бирида ёзилишича, саклар, массагетлар ва бошқа қабилалардаги ўйинлар, мусобақаларни бугун ҳам халқимиз севиб ўйнайди. Отлар иштирокидаги ёки кураш услубидаги ўйинлар ана шулар жумласидандир.

Кураш, кўпкари сингари ўйинлар қадимдан саховат белгиси сифатида қаралган. Сабаби, ўша пайтларда машҳур улоқчилар, полвонлар ва бошқа иштирокчилар тез-тез мусобақалар ўтказиб, тўпланган маблағ ёки совринни етим-есирлар, кўп болали оилалар ҳамда қарияларга ҳадя этган. Шундан бўлса керак, халқ ўйинлари ёшларни жасорат ва адолат, ватанни севиш, халққа хизмат қилиш, меҳнатсеварлик, меҳр-саховат, ҳалоллик ва поклик руҳида тарбиялайди. Шунингдек, улар жамиятда бирлик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Демак, ўйинларнинг тарихий илдизлари халқнинг узоқ ўтмиши, турмуш тарзи ва маданияти билан узвий боғлиқ. Улар орқали биз аждодларимизнинг ҳаёти, қадриятлари ва дунёқараши ҳақида тасаввур ҳосил қиламиз. Шу сабабли ўйинлар нафақат кўнгилочар фаолият, балки халқ тарихининг жонли акс-садоси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Юрагимизга яқин ўйинлар

Ўзбек халқининг ўзигагина хос ўйинлари жуда бой ва ранг-баранг. Улар орасида жисмоний куч талаб қиладиган, зеҳнни чархлайдиган ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган турли ўйинлар мавжуд.

Миллий ўйинларимиз қадимдан халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу ҳақда буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида ҳам қимматли маълумотлар учрайди. Ушбу асарда 150 га яқин миллий ўйинлар ва 20 дан ортиқ болалар ўйини тавсифлангани бежиз эмас. Жумладан, “қоранғуни” (қоронғида қўрғон олиш), “бандол” (асир олиш), “ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “чавгон” (тўп ўйини), “ўт бандал” (таёқ ўйини), шунингдек, қиличбозлик ва найзадорлик каби ўйинлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Мавсумий ўйинлардан “толбаргак”, “гул ўйини”, “қорхат”, “ёмғир ёғалоқ”, “топишмоқ топ”, “тез айтиш”, “ким айтди” кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Ўғил болалар одатда “Чиллак”, “Тортишмачоқ” каби ҳаракатли ўйинларни севиб ўйнашган бўлса, қизлар “Супур супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” каби ўйинларга кўпроқ қизиқиш билдиришган. Бу ўйинларга эътибор берсак, уларнинг деярли барчаси ҳаракат, жисмоний фаоллик ёки ақлий машқ билан боғлиқ эканини кўрамиз. «Беркинмачоқ», «Ошиқ», «Бойчечак», «Хола-хола», «Қорхат», «Кўпкари» каби ўйинлар рўйхатини мингга етказиш мумкин.

Вақт ўтиши билан бундай ўйинлар янада такомиллашиб, янги кўринишларда намоён бўла бошлади. “Тош кўтариш”, “От устида кураш”, “Кўпкари”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” каби халқ ўйинлари халқ сайиллари ва байрамларининг ажралмас қисмига айланиб, ёшларнинг севимли машғулоти ва мусобақалари сифатида давом этиб келмоқда.

Энг, муҳими, уларнинг ҳар бири болалар учун фойдали. Масалан, “тез айтиш” орқали болалар нутқидаги айрим нуқсонлар тўғриланган, топишмоқлар эса уларнинг зеҳнини чархлаган. “Тортишмачоқ”, “Чиллак” каби ўйинлар эса болаларнинг жисмоний бақувватлиги ва чаққонлигини оширишга хизмат қилган.

Кўриш, эшитиш, ҳис қилиш каби туйғуларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ўйинлар ҳам талайгина. “Оқ теракми, кўк терак”, “ғозлар” каби ўйинлардаги қўшиқ ва шеърларнинг куйланиши нуқтни ўстириш, томоқ йўлларини чиниқтириш каби хусусиятларга эга.

Биз болалигимизда кўп ўйнаган “Гулчамбар” ўйинини олайлик. Бу ўйин баҳорнинг айни гуллар очилган пайтида ўйналади. Унда тахминан 10 нафар бола иштирок этарди.

Ҳар бир иштирокчининг қўлида исталганча турли-туман гул бўлиши мумкин. Ўйинбоши доира шаклида турган болаларнинг ўртасига чиқиб, бир гулнинг номини айтади. Шу гулни ушлаб турган иштирокчи гулнинг ўсиш шароити ҳақида гапириб беради.

Бундай ўйинлар болаларнинг табиатга меҳр уйғотиш, қолаверса, сўзларни тўғри талаффуз қилиш, кўпчилик орасида ўз фикрини қўрқмай айта олиш қобилиятларини шакллантиради.

Бундан ташқари, болалар ўйин пайтида ижодий фаолият кўрсатиш орқали ўзларидаги ташкилотчилик қобилиятини ҳам шакллантириб борган. Айниқса, жамоавий ўйинларда бу яққол акс этган. Мисол учун, етакчи ва ақлли болалар мақсадга эришиш йўлида ўртоғига ёрдам беришни ўрганган ва бу борада тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини оширган. Бу эса ижодий ташаббускорлик саналади.

 

Холида ЗИЯЕВА,

ЎзмУ ижтимоий фанлар факультети доценти, PhD.

– Халқимиз азалдан табиат билан уйғун яшаб келган ва шу боис экологик мазмунга эга ўйинларни ҳам ардоқлаган. Асрлар давомида табиатни асраш, уни авайлаш ва унга меҳр қўйиш ота-боболаримиз томонидан юксак қадрият даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам турна, қарға, олмахон, лайлак каби қуш ва ҳайвонлар билан боғлиқ ўйинлар халқимиз орасида кенг тарқалган.

Халқ ўйинларини ўрганар экансиз, уларнинг аксариятида тошдан фойдаланилганини ҳам кўриш мумкин. Айниқса, қизлар ўйнайдиган бундай ўйинлар жуда кўп. Масалан, ҳаракатли ўйинлардан асфальтга чизилган катаклар ва рақамлар билан жанубий вилоятларда “Ҳаппак”, водий тарафларда “Лаппак” деб аталадиган ўйинлар ўйналган. Шунингдек, майда тошчалар билан ўйналадиган “Тўп тош”, бир нечта иштирокчи ва копток ёрдамида ўйналадиган “Жамбил” каби ўйинлар ҳам болаларнинг севимли машғулотларидан бўлган.

Ёшлигимизда байрамда дугоналар билан кўришиш ва шу асносида тўдалашиб ўйинлар ўйнаш имкони пайдо бўларди. Улар орасида энг осони “5 тош” деб аталиб, 5 та тошни ҳар хил шаклда қўлдан қўлга ўтказиш, тўп ёрдамида 2 гуруҳга бўлиниб, ўртага кирган рақибларни тўп билан уриш, резинка ёрдамида ўйин қисмларини ўзимизча 1 дан 11 гача бўлган ҳолда сакраб рақиблардан ўзиб кетиш каби ҳаракатлар билан кун кеч бўлиб қолганини ҳам сезмасдик. Байрамлар дўстлар ва улар билан ўйналадиган ўйинлар сабаб янада завқли эди.

Бу каби ўйинлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилган, балки уларни чаққонликка, эпчилликка, сабр-тоқатга ва жамоада ҳаракат қилишга ҳам ўргатган. Айниқса, жамоавий ўйинлар орқали болалар ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирини қўллаб қувватлаш каби инсоний фазилатларни ҳам ўрганишган.

Умуман олганда, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари бўлгани каби, ўша ҳудудларда оммалашган миллий ўйинлар ҳам шу муҳитга мос равишда шаклланган. Шу боис айрим ўйинлар бир вилоятда бошқача ном билан аталса, бошқа ҳудудда унга ўхшаш, лекин бироз фарқ қилувчи қоидалар асосида ўйналган. Бу эса миллий ўйинларимизнинг қанчалик бой ва ранг-баранг эканидан далолат беради.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Миллий ўйинлар нафақат болаликнинг шодон кулгуси, балки халқнинг унутилмас хотираларидир. Биз ҳам болалигимизда “Мак-мак” “Оқ теракми, кўк терак” ўйинларини кўп ўйнардик.

Илгарилари болалар кўчаларда тўпланиб, турли миллий ўйинларни қувноқлик билан ўйнар эди. Ҳозир эса уларнинг ўрнини кўп ҳолларда турли гаджетлар, телефон ва компьютер ўйинлари эгаллаб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2010 йилдан кейин деярли ўйналмай қўйган ва улар компьютер, телефонларга кўчган. Лекин, шуни унутмайликки, миллий ўйинларнинг болани жамиятга қўшишдаги ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайди.

Тўғри, биз ХХI аср – ахборот, фан ва техника юксак тараққий этган даврда яшаяпмиз. Хоҳлаймизки, йўқми ҳозир рақамли технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Аммо унинг ҳам меъёри, чегараси бўлиши керак. Айниқса, болаларимиз компьютер, телефондаги ўйинларига ружу қўймаслиги лозим. Чунки бу уларнинг соғлиғига ҳам зарар.

Технологияларга термулиб эмас, табиат қўйнида чопиб, ҳайқириб ўйнаб юришга нима етсин? Сабаби, ҳаракат ўйинлари инсонни фаол ва соғлом бўлишига ҳисса қўшади.

Яна бир афзаллиги, халқ ўйинлари фақат кўнгилочар машғулот эмас, балки болаларни жисмонан бақувват, зеҳнан теран ва жамоада ҳамжиҳат бўлиб улғайишига хизмат қилувчи муҳим тарбия воситасидир. Улар болаларни чиниқтиради ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Психологлар бу ўйинлар болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини, уларни қувноқ, фаол, эпчил бўлишида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди. Шу сабабли миллий ўйинларни мактаб дарсликларига, боғча машғулотларига янада кўпроқ киритиш лозим. Боғчаларда эса ҳар жума болаларга халқ ўйинларини ўргатадиган маданий кун сифатида белгиланса яхши бўларди. Чунки бу ўйинларнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта.

Шунинг учун ҳам бу ўйинларни асраб авайлаш, уларни яна болалар ҳаётига қайтариш ва келажак авлодга етказиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Истардимки, фарзандларимиз югурсин, қувласин, сакрасин, кулсин, куйласин, умуман, кўпроқ ҳаракатда бўлишсин. Бунда эса биз катталарнинг ўрни ва эътибори талаб этилади.

 

***

Албатта, халқ ўйинлари бу шунчаки ўйин эмас, балки тарихимиз, маданиятимиз ва тарбия мактабини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Шунинг учун ҳам уларни унутмаслик, байрамлар, сайиллар, мактаб ва маҳалла тадбирларида кенг тарғиб этиш, энг муҳими, ёш авлодни улар билан янада кўпроқ таништириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ана шундагина аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган халқ ўйинлари келажак авлод қалбида ҳам яшаб қолади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.