“Оскар”да яна бир номинация

Дунёнинг энг нуфузли кино мукофоти – “Оскар” 2026 йилда янги категорияга эга бўлади. Бу ҳақда ББC хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда кастинг режиссёрлари кино саноатининг бошқа мутахассислари, жумладан, овоз муҳандислари, кийим дизайнерлари ва бўяниш санъаткорлари билан бир қаторда эътирофга эришдилар.

Жумладан, “Энг яхши кастинг” номинациясини қўшиш кампанияси бошланганига бир неча йил бўлган. АФП баёнотига кўра, каскадёрлар ҳам ўзларининг “Оскар” мукофотига номзод бўлишлари учун лоббичилик қилмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ.

Шунингдек, Кастинг режиссёрларининг номинацияга киритилиш сабаби улар фильмни яратиш жараёнида асосий рол ўйнайди – актёрларни танлаш, иккала А-лист ва ёрдамчи ўйинчиларни ёллаш учун масъулдирлар.

Академия бош директори Билл Крамер ва президент Жанет Янг қўшма баёнотда: “Кастинг режиссёрлари кино ижодида муҳим рол ўйнайди ва Академия ривожланиб бораётгани сари биз тан олган ва нишонлайдиган фанлар қаторига кастингни қўшганимиздан фахрланамиз”, дейди.

“Энг яхши кастинг” ҳайкалчаси тақдирлаш маросимида топшириладими ёки йўқми, аниқмас. Ҳозирда гала-спектакль давомида барча 23 номинация бўйича мукофотлар жонли эфирда топширилмоқда.

Охирги марта “Оскар”га 2002 йилда “Энг яхши анимацион фильм” номинацияси қўшилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Оскар” мукофотининг навбатдаги тақдирлаш маросими қачон ўтказилиши маълум қилинган эди.

Европа Иттифоқи Полина
Гагаринани “қора рўйхат”га…

Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг 14-пакети доирасида россиялик қўшиқчи Полина Гагарина, Шаман тахаллуси билан танилган қўшиқчи Ярослав Дронов ва актёр Иван Охлобистинни “қора рўйхат”га киритди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилган ҳужжатда айтилади.

          Бундан ташқари, актёр Вячеслав Манучаров ҳам рўйхатга киритилди. Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу маданият арбоблари Россия Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш тадбирларида қатнашган. Европа Иттифоқи чекловлари синхрон сузиш бўйича уч карра Олимпия чемпиони Мария Киселевага нисбатан ҳам жорий этилди, у оммавий баёнотларда Украинадаги урушни қўллаб-қувватлади.

          Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни ЕИ 14-санкция пакети доирасида Россиянинг 116 жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан чекловлар киритганди. Ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқи ҳамжамиятдан ташқари давлатлар, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркиядан 61 фирмага нисбатан икки томонлама мақсадли товарлар ва технологиялар экспортига чекловлар жорий қилган.

Мен янада таъсирчан ўлимни ҳохлагандим

“Тахтлар ўйини”да бош қаҳрамон кимлигини сўрасангиз, мухлислар ё иккига бўлинади ёки шунчаки жавоб бера олмайди. Ижодкорлар ҳам бу борада баъзи қийинчиликларга дуч келишди.

Якуний мавсумга келиб, продюсерлар ҳар бир эпизод учун 1,2 миллион доллар олган бешта етакчи актёрни ажратишди. Бироқ улардан фақат биттаси учун гонорар дақиқасига 69 минг долларни ташкил қилган.

Гап Эмилия Кларк (Дейнерис Тайргариен), Питер Динклаж (Тирион Ланнистер), Кит Харингтон (Жон Сноу), Николай Костер-Валдау (Жейми Ланнистер) ва Лина Хиди (Серсей Ланнистер) ҳақида кетмоқда.

Улар орасида Лина Хиди бутун бошли фильмда атиги 25 дақиқа экранда кўринган, бу эса уни суратга олиш гуруҳи ичида энг кўп гонорар олган актрисага айлантирган.

Қизиғи шундаки, Хиди шундай катта гонорарга қарамай фильмдан ҳафсаласи пир бўлган. Актрисанинг сўзларига кўра, у ўз қаҳрамони учун янада қизиқарли ва таъсирчан ўлимни хоҳлаганди.

Япония – Ойни забт этган бешинчи давлат

Япония  учирган космик кема Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.

Унга кўра, Япониянинг СЛИМ (Смарт Ландер фор Инвестигатинг Моон) космик кемаси Ой юзасига муваффақиятли қўнган. Бироқ ҳозирда муҳандислар унинг аккумуляторининг қуввати бутунлай тугаб қолишидан қўрқмоқда. Чунки қурилманинг қуёш панеллари электр энергияси ишлаб чиқармайди. Агар батареялар тугаса, СЛИМ билан алоқа узилиши мумкин.

Япония космик агентлиги вице-президенти Хитоши Кунинака ракетанинг Ерга  юмшоқ қўниши асосли эканини қайд этди:

“Агар қўниш  муваффақиятли бўлмаганда, жуда катта тезликда Ой юзаси билан тўқнашув содир бўларди ва космик кеманинг функциялари бутунлай йўқоларди. Лекин у ҳали ҳам бизга мунтазам равишда маълумотлар етказмоқда. Демак, биз мақсадимиз – муваффақиятли қўнишни эпладик”, дейди у.

Маълумот учун, СЛИМънинг ойга муваффақиятли қўниши Японияни АҚШ, Совет Иттифоқи, Хитой ва Ҳиндистондан кейин Ойга етган бешинчи давлатга айлантирди.

Telegram ўз ички валютасини жорий қилди

Telegram Stars деб номланган рақамли валютани электрон китоблар ва онлайн курслардан тортиб то ўйинлардаги маҳсулотларгача ҳар қандай рақамли товарларга сарфлаш мумкин.

Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжерда ички валюта ишга туширилганини эълон қилди. У Telegram Stars деб номланади ва ундан ботлар ва мини-иловаларда рақамли хизматларга ҳақ тўлаш учун фойдаланиш мумкин. 

Компания блогида хабар қилинганидек, «юлдузлар» Apple ва Google маркетларида илова ичидаги харидлар тизими орқали ёки PremiumBot ёрдамида харид қилинади. Уни Telegram платформасидаги электрон китоблар ва онлайн курслардан тортиб то ўйинлардаги маҳсулотларгача ҳар қандай рақамли товарларга сарфлаш мумкин. 

Мини-илова ишлаб чиқувчилари тўпланган «юлдузларни» кейинчалик Fragment платформаси орқали Toncoin криптовалютасида чиқариб олиши мумкин бўлади. Шунингдек, Telegram иловаларини янада тарғиб қилиш учун ички валютадан фойдаланиш мумкин.