Ўзбекистон мобиль интернет нархлари рейтингида нечанчи ўринда туради?

Мамлакатдаги ўртача иш ҳақи асосида мобиль интернет мавжудлигини баҳоловчи Мобиль маълумотларнинг арзонлиги индексида (Мобиле Дата Аффордабилитй Индех) Ўзбекистон 179 давлат орасида 43-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ушбу индекс сайтида маълум қилинди.

Мобиль маълумотларнинг арзонлиги рейтингини аниқлаш учун муаллифлар 10 Гб дан ортиқ маълумотга эга бўлган ойлик мобиль телефон режасининг ўртача нархини ўртача иш ҳақи билан солиштирган.

МДҲ давлатларидан мобиль интернет мавжудлиги бўйича Россия 26, Ўзбекистон 43, Арманистон 55, Беларус 61, Қозоғистон 63, Қирғизистон 90, Озарбайжон 114, Тожикистон 163-ўринни эгаллаган.

Афғонистон интернетдан фойдаланиш имконияти бўйича Тожикистонни рейтингда икки поғонага ортда қолдириб, 161-ўринни эгаллаган.

Рейтингга кўра, бутун дунё бўйлаб 10 Гб дан ортиқ маълумотларга эга мобиль телефон режасининг ўртача нархи 24,20 долларни ташкил этади, одамлар бунга ўз маошларининг 4,1 фоизини сарфлайди.

МДҲ давлатлари орасида интернет нархлари рейтингида Қирғизистон 8-ўринда (1 гигабайтнинг ўртача нархи 0,17 доллар), Россия 15-ўринда (0,25 доллар), Ўзбекистон 22-ўринда (0,30 доллар). Қозоғистон 35-ўринда (0,41 доллар), Беларус 66-ўринда (0,67 доллар), Арманистон 88-ўринда (0,98 доллар), Озарбайжон 146-ўринда (1,76 доллар) жойлашган.

ChatGPT томонидан 
эгалланадиган касблар..

Саҳнага сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган виртуал ёрдамчилар чиққанидан сўнг, одамларнинг ишсиз қолиш хавотирлари кучайди.

OpenAI компанияси яқинда сунъий интеллектни (СИ) одамларга бироз яқинлаштирадиган GPT-4о тил моделини чиқарди. Шундан сўнг, интернетда одамлар ўрнини чатбот эгаллаши мумкин бўлган касблар рўйхати тарқалди. 

Маълум бўлишича, 95 фоиз эҳтимоллик билан GPT-4о «маълумотларни киритиш бўйича мутахассис» ўрнини боса олади, чунки СИ «тезроқ, аниқроқ, тинимсиз ва кунига 24 соат узлуксиз ишлаши мумкин».  

Шунингдек, телемаркетинг, қўллаб-қувватлаш хизматлари, копирайтерлик, рерайтинг, корректорлик ва бошқа шуларга ўхшаш касбларда ишлайдиган одамлар ҳам ишсиз қолиш хавфи остида. 

Шу билан бирга, чатбот, «ижодий директор» каби соҳаларда ожиздир. Сабаби – ноёб ижодкорлик, қарашлар ва жамоаларни илҳомлантириш қобилиятининг йўқлиги. Шунингдек, нейрон тармоқ психотерапевт, жарроҳ, ўқитувчи, актёр ва ўт ўчирувчининг ўрнини боса олмайди. 

Умуман олганда, амалий касблар билан шуғулланадиган одамлар ҳозирча ҳеч нарсадан қўрқиши шарт эмас, чунки ноёб кўникма ва қобилиятлар, шунингдек, қўл меҳнати СИ имкониятларидан ташқарида. 

СИ чатботлари, хусусан, ChatGPT, Copilot ва Google Gemini саҳнага чиққанидан бери, одамларда ишсиз қолишга шубҳа кучайди. Ва бу қўрқувлар мутлақо асоссиз эмас. Технологик компаниялар сўнгги 6 ой ичида минглаб иш жойларини қисқартиришди, чунки улар СИ тизимларига эътиборни кучайтирдилар. Meta, Google, Apple ва Amazon каби йирик IT компаниялари аллақачон минглаб ходимларини ишдан бўшатган. 

Жаҳон технология саноатидаги бандликни кузатувчи Layoff портали маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликнинг ўзида 302 технология компанияси 90 мингга яқин ходимини ишдан бўшатган. 

2024 йил охирида сунъий интеллект соҳасида инқилобни ваъда қиладиган ChatGPT-5 ишга туширилиши кутилмоқда. Гап сунъий умумий интеллект (СУИ) тушунчаси ҳақида кетмоқда. Бу шуни англатадики, СИ одамлар ўйлаб топиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммони ҳал қилиши мумкин. Бу уни одамдан ажратиб бўлмайдиган даражага чиқаради.

“Ишёқмас” талабалар 50хил вазифани
бажара оладиган робот ясади

Калифорниядаги Стенфорд университети талабалари оддий материалдан 2 функцияли ёрдамчи роботни ихтиро қилди. Бу ҳақда “Гагадгет” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу роботга “Мобиле Алоҳа” деб ном берилган. У 50 хил вазифани бажара олади. Жумладан, у лифтнинг чақириш тугмачасини босиш, қисқичбақа қовуриш, ошхона анжомларини жойлаштириш, шкаф эшигини очиш, қўнғироқ қилиш ва қўнғироққа жавоб бериш каби вазифаларни мустақил бажара олади.

Шунингдек, ишлаб чиқувчилар барча лойиҳа материаллари, жумладан шунга ўхшаш роботни ясаш бўйича кўрсатмалар, маълумотлар тўплами ва роботни вазифа бажаришга ўргатиш кодларини оммага тақдим этган. Бу орқали қизиқувчилар ҳам худди шундай робот ясаши мумкин бўлади.

Ҳозирда ушбу ёрдамчи робот 32 минг долларга баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британиянинг Энвисион Раcинг формула пойгалари компанияси рассом Лиам Хопкинс билан биргаликда ташлаб юборилган гаджетлардан Формула Э пойга машинасининг тўлиқ ўлчамли, бошқариладиган нусхасини ясаганди.

Очиқ мулоқот ва қизғин муҳокама руҳида

Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан қандай дадил ва ҳақчил ташаббуслар билан чиқаётганига қараб баҳоланади, албатта. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда 82 та устувор мақсадни белгилаб олган эди ҳамда бугунга қадар уларнинг 70 дан ортиғи ўзининг амалий исботини топди. ХДП фракция аъзолари  электорат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиришга қаратилган 206 та қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар билдиришди. 2 минг 600 дан ортиқ фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти адолатли якун топди. 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг пленумида эришилган бу сингари салмоқли натижалар алоҳида қайд этилди. 

Дастлаб парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси, партия Ижроия қўмитаси фаолияти сарҳисоб қилиниб, олдинда турган долзарб вазифалар санаб ўтилди. 

Партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов  кун тартибидаги масалалар юзасидан ахборот бериб, устувор йўналишларга диққат қаратди.

Очиқ мулоқот, қизғин муҳокама ва аниқ таклифлар асосида ўтказилган йиғилишда фракция аъзоларининг фаолиятини янада кучайтириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини ошириш, партия ва депутатлик корпуси билан фаол ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.

Пленумда, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Зулфия Туйева, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши раиси Зокиржон Зоҳидов сўзга чиқди. Партия олдида турган масъулиятли ва шарафли вазифалар ижросини юқори савияда бажариш учун маҳаллий Кенгашларнинг ҳиссаси муҳимлигига эътибор қаратилди. 

Пленумда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири. 

Камбағал оилалар камайди ( ми)?

БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 1,2 миллиард одам камбағалликда ҳаёт кечирган. Ўзбекистонда-чи? Очиғи, 2020 йилгача бу ҳақида ҳеч нима билмасдик. Чунки бу очиқ муҳокама қилинмаган. Шу пайтгача камбағаллар йўқ эдими? Бор эди, албатта. Аммо ҳеч ким Ўзбекистондаги камбағаллар сони ҳақида аниқ билмасди.  Чунки йиллар давомида бу атама ҳам, мамлакатда камбағал аҳоли борлиги тан олинмас эди.

2020 йилга келибгина Ўзбекистон раҳбари расмий минбардан туриб, мамлакатда камбағаллик даражаси ва унга қарши курашиш ҳақида гапирди.                                                                                                      Ўшанда давлатимиз раҳбари мам лакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Тўғри, камбағаллик ҳар қайси замон да ҳам бўлган, ҳар бир мамлакатда бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Асосий масала камбағаликка қарши қандай курашилиши, давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатлари бирлашиши, аниқ мақсадга йўналтирилишида. Ҳамма гапмасалага тўғри ёндашишда. Шуларни инобатга олиб, камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибига чиқди. 

Ўзбекистон камбағаликка қарши қандай курашмоқда? 

Бундан бир неча йил олдин, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги камбағалликни қисқартириш жараёнларини тартибга солиш учун махсус ташкил этилди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, 2030 йилгача Камбағалликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқишга қарор қилинди. 

Жойлардаги давлат ва жамоатчилик ва киллари билан биргаликда «темир дафтар» лар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб қувватланмоқда. Ҳудудларда камбағаллик даражасини қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қув ватлаш, аҳолини касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳтож қатламни манзилли қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракати сифатида белгиланди. 

2021 йилда Ўзбекистонда илк бор камбағаллик тушунчасининг ҳуқуқий асослари белгилаб олинди. Унга кўра, аҳолининг минимал ижтимоий стандартлари ва камбағаллик чегараси белгиланиб, республикада камбағаллик мезони сифатида минимал истеъмол ҳаражатлари миқдори белгиланган. 

Оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш учун жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатлари миқдорига, яъни камбағаллик чегарасига тенглаштирилди.

Минимал истеъмол ҳаражатлари (30 турдан ортиқ озиқ-овқат ва ноозиқ овқат товарлар ҳамда хизматлар қиймати) – камбағаллик мезони сифатида қабул қилиниб, жон бошига бундан кам даромадга эга бўлган оилаларга кам таъминланганлик нафақаси тўланиши белгиланган.

Яна бир муҳим масала. Мамлакатда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинган. Ўзбекистон президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг барча ҳудудларда бўлимлари, шунингдек, республиканинг ҳар бир шаҳар ва туманида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

«Минимал истеъмол харажатларига асосланган миллий камбағаллик чегараси тасдиқланди. 

Маълумот учун: 

Ўзбекистонда камбағалликнинг янги ўлчови сифатида минимал истеъмол харажатлари жорий қилинганди. Унинг миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди. Кейинчалик бу миқдор 2023 йил июл ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача, 2024 йилнинг январида эса 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилди. Жорий йилнинг 1 майидан электр энергияси ва газ тарифларининг қимматлашаётгани фонида эса 648 минг сўмга етказилди.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

ЧЕКЛАШ ЭМАС, ТЕНГЛИК ЗАРУР

Давлат хизматига ишга киришда ҳар доим ҳам профессионаллик асосий ўринда турмайдиган, бошқа муҳим бўлмаган омиллар тарози палласини босиб кетадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Тенглик, шаффофлик, очиқлик ўрнида таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупциявий ҳолатлар, қариндош-уруғчилик каби иллатлар давлат хизматини ривожлантиришга тушов бўлиб келди. 

Давлат хизматини чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлантириш, бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш мақсадида 2022 йилда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида» қонун қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги  қонун лойиҳаси ҳам фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратиш мақсадларини назарда тутади.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар изчил амалиётга татбиқ қилинмоқда. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 28-моддасида “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деган қоида бор.

Бироқ бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида фуқаролар яқин қариндошида судланганлик ёки тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги боис ишга кира олмаётгани билан боғлиқ вазиятлар ҳам тўла барҳам топган, дея олмаймиз. Инчунун, давлат хизматига бел боғлаган номзодни ишга қабул қилишни айни важ билан рад этиш амалиёти ҳамон мавжуд.

Юқорида келтирилган қонун лойиҳаси эса бундай ҳолатларга узил-кесил чек қўйиш, конституциявий нормаларнинг реал ҳаётда ишлашига эришиш, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни  таъқиқлаш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси “қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишидаги ва уни ўташдаги ҳуқуқлари чекланиши учун асос бўлиши мумкин эмас”, деган жумлалар билан тўлдирилмоқда.

Аҳмад Қурбонов,

“Ўзбекистон овози” мухбири

Биз 37 миллион бўлдик: бу муаммоми ёки имкониятми?

2024 йил 22 апрель куни Ўзбекистон аҳолиси сони 37 миллионга етди. Эсингизда бўлса, 36 миллионлик маррани 2022 йил 8 декабрь куни босиб ўтган эдик. Қаранг, 1 йилу, 4 ойда биз яна 1 миллионга кўпайдик. 

 Ўзбекистонда аҳоли сонининг ошиши 

муаммоми ёки имкониятми? 

– Масалан, айтайлик, аввалги йилларда туғилишлар сони 700-800 мингни ташкил этган бўлса, 2018 йилдан ҳозирги кунгача 920 минг – 960 мингтани ташкил этмоқда. Бу ижтимоий соҳа объектларига ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, мактабларга чиқаётган болалар сонини олайлик. Аввалги йилларда ўртача 700 мингга яиқн ёки 680 мингта бола биринчи синфга қабул қилинган бўлса, кейинги ва ундан кейинги йилларда ушбу болалар сони 900 мингтадан ошиши кутиляпти. Бунинг асосий сабабларидан бири бу юқори туғилиш кўрсаткичидир, – Мактроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходими Муҳаббат Аҳмедова. – Айтиш керакки, бугунги кунда глобал муаммога айланган аҳоли орасида “қариш” муаммоси Ўзбекистонда ҳали кузатилмаяпти. Бизнинг прогнозларга кўра, яқин 10 йилда бу кузатилмайди. Лекин шунга қарамасдан, меҳнатга лаёқатли ёшдан катта бўлган аҳоли сони секин-аста ошиш улуши кузатилмоқда. Бу эса албатта, пенсия жамғармасига катта таъсир ўтказади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига, қарияларнинг кўп бўлиши ижтимоий ходимлар сонининг ошишига, пенсияга ажратилаётган жамғармаларнинг кенгайишига ва умуман олганда, бугунги пенсия тизимини кўриб чиқишни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли сонининг ўсиши инсон капиталига сармоялар киритишни тақозо этади.

Аҳоли сонининг ўсиши ёмон, деб айта олмайман. Шунга қараб сиёсат олиб бориш керак. Аҳоли сонининг кўп бўлиши бу жамиятнинг, республиканинг бойлиги, деб ўйлайман. 

Оилани режалаштириш вақти келдими?

Мутахассисларнинг айтишича, демографик жараёнлар аҳолининг табиий кўпайиши нафақат объектив омилларга, балки никоҳ-оила муносабатлари, ўзларининг хоҳиш-истакларига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда ёшларнинг ўз оилаларини онгли равишда режалаштираётганликларини келтириш мумкин. Бундан ташқари туғилиш даражасига никоҳ ва ажралишлар миқдорининг ўзгариши ҳам таъсир қилади. Ёш оилаларда уй-жой муаммоси, яшаш жойини ўзгартириш, аёлларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришга кенг жалб қилинганлиги туғилиш даражасининг камайишига олиб келаувчи асосий омиллардан биридир.

Оилани тўғри режалаштириш, энг аввало, болаларга зарур бўлган барча моддий ва номоддий неъматлар – сифатли таълим, озиқ-овқат, уй-жой билан таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири. 

Бизнес учун очиқлик…

Ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида тез-тез Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг аҳамиятли томонлари ҳақидаги эшитиб, ўқиб қоламиз. Хўш, бу қандай ташкилот ўзи?

ЖСТ 1995 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилот давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи ягона универсал халқаро тузилма ҳисобланади.

Унинг асосий вазифаси глобал иқтисодиётни шаффофлигини тартибга солиш, давлатлараро савдо-сотиқ муносабатларни йўлга қўйиш, улар ўртасида тенглик ўрнатиш, аъзо мамлакатлар барқарор тараққиётини таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилаш ҳисобланади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ЖСТ глобал платформа саналиб, унда ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатлари ҳисобга олинади. Шунинг учун кучли, ўзини иқтисодиётига ишонган давлатлар тезроқ бу ташкилотга киришга ҳаракат қилади. Чунки ЖСТ мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот доирасида қабул қилинган битимлар жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишда товарлар ва хизматлар ишлаб чиқувчиларга, экспортер ва импортерларга кўмак беришга қаратилган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги ушбу энг йирик иқтисодий ташкилотга 166 давлат аъзо бўлиб, улар ҳиссасига жаҳон савдоси ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 97 фоизи тўғри келади.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши иқтисодий сиёсатнинг башоратлилигини ва хорижий инвесторларда унга бўлган ишончни оширади, ташқи бозорларга эркин чиқишни таъминлайди, мамлакатимизда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар учун муҳим ҳуқуқий майдон бўлди, десак тўғри бўлади. 

Фармонда миллий иқтисодиётнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг глобал ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирига интеграциясини янада чуқурлаштириш, эркин бозор тамойилларини амалда татбиқ этишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришишни жадаллаштириш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. 

Унга кўра, 2025 йил 1 январдан экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференциялар, шу жумладан, товарларни экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзлар бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича бош битими (GATT 1994) талабларига мослаштириш мақсадида:

    • 2025 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган божхона йиғимларининг фискал мақсадларда ундирилмаслиги белгиланади;
    • Божхона қўмитаси 2024 йил 1 августга қадар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж.Хўжаев) 2024 йил 1 августга қадар:

    • савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими (МФН) назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларини қўллаш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни;
    • импорт божхона божлари ставкаларининг қўлланиши самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги божхона тарифларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририга мувофиқлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

***

ЖСТга кириш жараёни давлатимиз раҳбарининг кун тартиби ва қаттиқ назорати остида тургани бежиз эмас, албатта. Боиси, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, миллий маҳсулотларимизни рақобатбардош ва жаҳон бозорларида сотиш, мамлакатимизда инвестицион муҳитни яхшилаш ва инвестиция оқимини ошириш, ҳамда иқтисодиётимизни барқарор ривожланишига замин яратади. Шунингдек, бу мамлакатимиз ҳудудида ҳалқаро савдо субъектларига тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай шароит яратишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг халқаро савдо ташкилотининг аъзоси эканлиги, давлатимиз “бизнес учун очиқлигини” англатади.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Болалар меҳнати ва зўравонликларга қарши

Бахтиёр болалик ҳуқуқи таълим олишдан ташқари малакали тиббий хизматдан фойдаланишни ҳам назарда тутади. Мамлакатимизда бу йўналишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар хусусида мухтасар сўз юритиш имконсиз. Бироқ шу ерда болаликни муҳофаза қилиш борасида яна бир дадил қадам қўйилганини айтиб ўтиш ўринли. Гап шундаки, жорий йил 5 февраль куни ўтган видеоселектор йиғилишида Президент тиббий хизмат сифати ҳақида тўхталар экан, эндиликда ҳар бир она ва бола ўлими “фавқулодда ҳолат” деб баҳоланиши ва сўров ҳам шунга яраша бўлишини урғулади. 2030 йилга қадар мамлакатда оналар ва болалар ўлими, шунингдек, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича ўлимни 2 ярим баробарга камайтириш  устувор вазифалар сирасига киради.

Айтгандай, яқиндагина давлат раҳбарининг “Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш учун муҳим вазифалар аниқ-тиниқ белгилаб берилди. Бу болалар саломатлиги соҳасида яна бир катта маррадир.

Янги Конституциямизнинг 44-моддасида болалар меҳнатининг бола соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши кўрсатиб ўтилди. 2018 йилдан бери тегишли кодекс ва қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга мажбурлаш каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Бундай қатъий ёндашув пировардида юртимизда яқин давргача бола ҳуқуқлари соҳасида оғриқли нуқтамиз бўлиб келган болалар меҳнатига узил-кесил чек қўйиб, давлатнинг кучли сиёсий иродасини, жамиятнинг тоқатсизлигини намоён этаётгани кундай равшан.

Худди шундай, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан  асраш, улар учун оилада ҳам, жамиятда ҳам қулай, хавфсиз муҳитни қарор топтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ишлари аллақачон янги суръатга кирган. 

Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги қарорига мувофиқ, Болалар омбудсмани лавозими жорий этилди. 2024 йилнинг 29 февралидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Шу йўсинда боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бутун жамият ва давлатни фаол жалб қилишнинг ташкилий, институционал асослари янада мустаҳкамланди. 

Бола ҳуқуқлари соҳасидаги бу ўзгаришларни давр тақозоси, десак янглишмаймиз. Чунки ўз-ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлмаган болаларнинг аксар вазиятда оилада ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан калтакланиши, зўравонликнинг бошқа турли шаклларига дуч келиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб туриши сир эмас. Мультииндикатор кластер кузатуви (MISС) Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари (62 фоиз) зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечиргани (жисмоний жазо ва/ёки психологик босим), 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи оилада эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблашини кўрсатгани сўзимиз исботи. Дарвоқе, болага етарлича ғамхўрлик қилмаслик, меҳр кўрсатмаслик ҳам зўравонликнинг бир тури саналади.

 Маълумот учун. Ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади.

Фарида МАҲКАМОВА

Тошкент бекатларини “учар” тадбиркорлар эгаллаб олмоқда

Бугунги кунда пойтахтимизда 50 дан ортиқ маҳалла ҳамда 400 дан ортиқ кўча мавжуд ва бу кўчаларнинг 8 таси асосий ҳисобланади.

Табиийки, йирик мегополис шаҳарлардаги каби пойтахт аҳолиси, дунёнинг тўрт томонидан келадиган меҳмонлари ўсиб боряпти. Замонавий хизматлар, равон ва кенг кўчалар, иш ўринларию дам олиш жойлари билан бир қаторда жамоат транспортига бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. 

Сир эмаски, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг катта қисми жамоат транспортларидан фойдаланади. Шунга қараб пойтахт транспортини қулайлаштириш чоралари кўриляпти. Мисол учун, ер усти метро йўналишлари қурилиб, автобуслар сони ошириляпти. Замонавий транспортларга мос бекатлар қуриш  ишлари ҳам изчил бормоқда.

Хусусан, 2023 йилнинг ноябрь ойида синов тариқасида “смарт” бекатлар қуриш бошлангани хабар қилинди. Яъни, Бобур ва Фурқат кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш, транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, ITT жорий этилиши ҳақида хабар қилинган эди. Бекатларга конструкциядан ташқари, банкоматлар, вендинг аппаратлари, бепул Wi-Fi, маршрутлар ва автобуснинг етиб келиш вақти бўйича электрон табло, шунингдек, кузатув камералари, чиқинди ташлаш қутилари ва мобил қурилмаларни қувватлантиргичлар ўрнатилиши керак. Бундан ташқари, бекатлар ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар билан жиҳозланиши лозим.

Айни пайтда Тошкентда 2 мингдан ортиқ (!) автобус бекатлари мавжуд ва уларнинг кўпчилиги талабларга жавоб бермай қолган. Бекатларнинг ҳажми, узунлиги, жойлашуви эса жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган яна бир катта масала саналади.

Биринчи муаммо. Йўловчи гавжум бўладиган жойларда деярли барча бекатлар турли савдо, хизмат кўрсатиш шохобчаларига айлантириб олинган.

Иккинчи муаммо. Бекатларда йўловчилар учун жуда кам жой қолган. Ёзда жазирамада, қиш-қировли кунларда совуқда ташқарида туришига тўғри келмоқда.

Учинчи муаммо. Автомобиль йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларининг жиҳозланиш тартиби мавжуд, аммо бунга ҳар доим ҳам амал қилинмайди. Масалан, чиқиш ва тушиш майдончалари, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва албатта ёритиш ускуналари бўлиши лозим.

Тўртинчи муаммо. Бекатларда жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши ва хавфсизлиги учун шароит йўқ ҳисоби. Пойтахтимизнинг Юнусобод, Миробод, Яккасарой, Сергели, Шайхонтоҳур туманларидаги бир нечта кўчаларда бўлганимизда аксарият бекатларда ногиронлар аравачаси ҳаракатланиши, транспорт йўлидан ҳимояда, ноқулай об-ҳаводан панада туриши учун автопавильонга ўта олмаслигини кўрдик. Борлари ҳам белгиланган қиялик меъёрига жавоб бермайди. Уларда ҳаракатланиш имконсиз.

Албатта, автобус бекатларининг тадбиркорларга берилишининг ўзига хос талаблари бор. Мисол учун, бекатни ободонлаштириш, озодалиги ва қулайлигини назорат қилиш, муҳими, бекатда одамлар учун энг зарур бўлган хизматларни тақдим этишдан иборат бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 482-сон қарорига кўра, ҳокимликлар ва йўл органлари қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ шаҳарларда ва аҳоли пунктларида сутканинг қоронғи вақтида автобус бекатлари ҳамда уларнинг атрофи ёритилишини ташкил этишни таъминлаши зарур. Мазкур қоида марказларда амалда. Аммо марказдан узоқроқ бўлган бекатларда қарор ижросини кўрмайсиз. Ваҳоланки, бу сутканинг қоронғу қисмида хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти саналади. Аксарият бекатлар эса ҳамон ўтган аср стандартлари билан қолиб кетган. Ўзгартирилганига ҳам ёғингарчилик пайтида одамлар сиғмайди.

Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси,  тест маркази бекати. Бекат тўлиқ тадбиркор томонидан эгалланган. 

Чингиз Айтматов ва Шивли кўчалари кесишмасида жойлашган “Шивли кўчаси” бекати. Бу ерда бекат нафақат тадбиркор томонидан эгаллаб олинган, балки руҳсатномасиз таг-туби билан бузиб юборилганига гувоҳ бўлинди.

Худди шу манзилдаги 2-бекат ҳам аҳоли, ҳалқ эмас, тадбиркорлар ихтиёрида. Холбуки, Президент қарорида автобус бекатларида фақат реклама воситаси, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматларини жойлаштиришга рухсат этилиши белгиланган. 

Шота Руставели, Бобур, Нукус, Амир Темур, Шаҳрисабз, Хуршида, Шароф Рашидов, Осиё каби кўчаларда бўлганимизда ҳам бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлдик. 

Автобусларнинг бекатлардан анча узоқда мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўхташлари, бекатлар кўпроқ савдо шохобчалари ва тамаддихоналарга айлантириб олингани, қаровсизлиги, ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмагани, атрофлари ташқи омил таъсиридан ҳимоялаш хусусиятига эга эмаслиги, бир сўз билан айтганда, эгасизлигини кўрдик.

Ҳайдовчилар билан суҳбатлашганимизда бекатларнинг кичиклиги, бир вақтнинг ўзида иккита автобус келиб қолса, тўхташ учун жой йўқлигини таъкидлашди. Айрим бекатлар атрофи автомобил тураргоҳига айлантириб олингани ҳам ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилиши айтилди. Айниқса, 15 метрдан узунроқ бўлган замонавий автобусларнинг тўхташи учун бекатларда шароит деярли йўқлиги уларни ҳам ташвишга солмоқда. 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА