Глобал ишсизлик ва Ўзбекистон ёшлари

Аёнки, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан маълум қилинишича, жаҳонда 15-24 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси катта ёшлиларга қараганда уч баравардан кўпроқдир. ХМТ экспертлари 2024 йилда глобал ишсизлик ва ижтимоий тенгсизлик даражаси ортишини башорат қилаётир. Рақамларда келтирилишича, ишсизлар армияси яна икки миллион нафарга ошади, бу эса глобал ишсизлик даражаси 5,2 фоизга етишига туртки беради. Бинобарин, 2023 йилда юқори даромадли мамлакатларда ишга талабгорлар улуши 8,2 фоизни, кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 20,5 фоизни ташкил этган. Юқорида айтилганидек, ишсизлик инқирозларидан азият чекаётган асосий қатлам одатдагидек ёшлар бўлиб қолмоқда (манба: UN News).

Мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда ёшлар ўртасида бандлик даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлаш нечоғлик долзарб эканини яққол ҳис қилиш мумкин. Ахир республикамиз меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар навқирон авлод вакиллари кириб келаётгани, келгуси ўн йилда мазкур рақам нақ бир миллионга етиши – бу ҳазилакам гап эмас. Ёшлар сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бўлган бандлик чора-тадбирларини таъминлаш ғоятда жиддий ва пухта ёндашувни талаб этади.

Маълумотларга кўра, бу йил “ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини битирадиган 300 минг нафар ёшни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшларга йўналтириш,  ўзини ўзи банд қилиш орқали минглаб йигит-қизларга доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятини яратиш, рақамли технологиялар соҳасида “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасини ҳаётга татбиқ қилиш бугуннинг устувор вазифалари бўлиб қолмоқда.

Яширишнинг ҳожати йўқ, ишсиз ёшларнинг салмоқли қисми қишлоқ жойларда яшайди. Қишлоқлардаги мавжуд инфратузилма, саноатлашиш жараёнининг ҳали-ҳамон сустлиги каби маълум омиллар қаторида чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли, инчунун, ёшларнинг етарли билим ва малакага эга эмаслиги ва натижада меҳнат бозорида ҳукм сураётган рақобатга дош беролмаслиги мазкур ҳолатнинг бош сабаби бўлиб қолмоқда. Бу нимани англатади? Демак, қишлоқларда энг биринчи галда таълимни сифат босқичига чиқаришни жадаллаштириш керак. 

Яна бир жиҳати, Президент топшириғига асосан бу йил қишлоқ жойларда 600 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши белгиланди. Деҳқончилик қилиб, даромад топаман, деган ёшларни “Ўз кунингни ўзинг кўр” қабилида ташлаб қўймай, балки ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизми ўрнатиладиган бўлди. Яъни туман ҳокими ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича “маҳалла еттилиги” таклиф беради. Ер олган ёшлар “Агробанк”нинг “Фермерлар мактаби”да ҳосилдор ва экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади. 

Агар бу механизм жойларда ўзининг амалий тасдиғини тўлиқ топса, шубҳа йўқки, юзлаб эмас, балки минглаб қишлоқ ёшлари бандлиги таъминланади. 

Фарида МАҲКАМОВА

Фармбозорда назорат институти ишлаши керак

Статистикага кўра, мамлакатимизда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етган. Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40-45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди. Янада аниқроқ қилиб айтганда, маҳаллий фармсаноатда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти. Юртимизда йилига истеъмол қилинаётган 1,6 миллиард долларлик дори-дармоннинг 80 фоиздан зиёди импорт ҳисобидан қопланмоқда.

Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрига жорий йил январь ойи ҳолатига маҳаллий қувватлардан ташқари 76 мамлакатнинг 1 минг 451 та  корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ўн минглаб фармацевтика маҳсулотлари киритилган. Лекин дори воситаларининг яширин айланмаси бўйича қатъий чоралар кўриш тобора долзарб бўлиб бораётир.

Асосий муаммо эса халқимизнинг дори воситаларидан фойдаланиш маданиятининг сустлигида яққол кўринмоқда. Жумладан, жаҳон тиббий амалиётида баҳсталаб бўлган турли антибиотикларни қабул қилиш (ЖССТ маълумотига кўра, бир йилда дунёда антибиотикни нотўғри истеъмол қилгани туфайли 700 минг одам ҳаётдан кўз юмади) устидан назоратнинг умуман йўқлиги, оилавий поликлиникалар ва шифохоналарда белгиланган протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиш ҳолатларининг учраши бор гап. Бу ҳақида шу йилнинг 4 февраль куни Президент раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда сўз юритилиб, мана шундай ўзибўларчиликдан  халқимизнинг соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраётгани қаттиқ танқид қилинди. 

Қолаверса, бир турдаги дорининг турли дорихоналарда турлича нархларда сотилиши, бирламчи тиббий муассасаларда аҳолини 120 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминлаш амалиёти барча жойда ҳам бирдек ишламаётгани, айрим “учар” тадбиркорларнинг мавсумий касалликлар авж олган паллада талаб юқори бўлган хапдори, сироп, томчи ёки инъекция воситаларини қиммат нархларда сотиши ва аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун оғир вазиятни пайдо қилаётганини яширишнинг ҳожати йўқ. 

Янада оғриқли жиҳати, фармацевтика соҳасида назорат институтининг етарли даражада шаклланмагани, кенг жамоатчилик ва соҳа мутахассисларининг фармбозоридаги муаммоларни ўрганиб, асосли ечимларни таклиф қилиш бўйича айтарли ташаббус кўрсатмаётгани нафақат фарммаҳсулотлари нарх-навосининг асоссиз ошишига, балки қалбаки, контрафакт дори воситалари муомаласига ҳам шароит яратмоқда. Коррупция ва дори воситаларини рўйхатга олиш ҳамда сотишни тасдиқлаш жараёнларида шаффофликнинг йўқлиги эса қандай оқибатларга олиб келишини ўша машъум “ДОК-1 МАКС” иши (Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган ушбу препарат туфайли юртимизда 65 нафар бола вафот этди) мисолида кўришимиз мумкин.

Ёдингизда бўлса, ўтган ойнинг 23 санасида Президент айнан фармацевтика тармоғига оид истиқболли режалар тақдимоти билан танишиб, иқтисодиёт ҳамда аҳоли саломатлигида муҳим ўрин тутадиган бу соҳани тартибга солишга алоҳида урғу берган эди. 

Таъкидланганидек, 2024-2025 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича “йўл харитаси” асосида жорий йилда  400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2 миллиард долларлик 147 та лойиҳага старт берилиб, шундан 28 таси 2024 йилда ишга туширилиши белгиланган. 450 турдаги фармацевтика маҳсулотини маҳаллийлаштириш мўлжалланган. Ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга ўтказиш, нарх ва сифат мутаносиблигини таъминлаш мақсадида соҳада рақамлаштиришни бу йил 65 фоизга етказиш, кейинги йил эса тўлиқ якунлаш вазифаси кун тартибига қўйилди. Бу орқали фарммаҳсулотлар нархини камида 20 фоизга арзонлаштириш мумкинлиги қайд этилди. Соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Мутахассислар мамлакатимизда дорихоналарнинг кўплиги (ўртача 2 минг аҳолига 1 та дорихона тўғри келиши) иқтисодий жиҳатдан фойда келтиргани ҳолда ижтимоий томондан кўпроқ зарарли эканини айтмоқдалар. Чунки ҳар қадамда дорихона бўлгач, рецептсиз дори воситалари сотиш ҳолатларига буткул чек қўйиш имконсиз қоляпти. Демак, ўша масала – соҳада ҳар қанча яхши ўзгаришлар, истиқболли режалар амалга ошмасин, фармацевтика ривожига эришиш, аҳолининг сифатли, хавфсиз, кафолатланган ва арзон дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар таъминотини том маънода яхшилаш учун назорат институти ҳар қачонгидан ҳам керак бўляпти. 

Назорат институтининг ишлаши учун биринчилар қаторида, табиийки, халқ ишонч билдирган сиёсий партиялар ташаббускор бўлмоғи лозим.

Фарида МАҲКАМОВА

Ёзги таътил тотли ўтяптими?

Ёзги таътил мавсуми нафақат мактаб ёшидаги болаларимиз, балки биз, катталар ҳам интиқлик билан кутадиган палла. Ўқиш давридаги чарчоқлар, қайсидир маънода стресслардан енгил тортиб, ҳордиқ чиқариш учун қулай фурсат. Лекин ёзги таътил бошланиши билан ота-оналар олдида  яна бир муҳим масала пайдо бўлади. Бу нақ уч ой давом этадиган таътилда боланинг бўш вақтини мақсадли ташкил этиш билан боғлиқдир.

Рақамларга эътибор қилинг. 2023 йилнинг ёз мавсумида мамлакатимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиклаш, таътил даврида уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида жами 196 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 158 минг нафар ўғил-қиз ҳордиқ чиқарган. Жорий йил мавсумида эса 192 та оромгоҳда 157 минг 960 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Бундан ташқари 1 минг 105 та кундузги оромгоҳга 174 минг 200 нафардан зиёд болаларни жалб қилиш кўзда тутиляпти. Ваҳолонки, юртимизда 7-14 ёшли болалар сони 4 миллион 668 минг 779 нафарни ташкил қилади. Муаммо ҳам айнан шу ерда юзага қалқиб чиқмоқда. Яъни, кўриб турганимиздек, оромгоҳларга йўналтириладиган болалар ўқувчилар умумий сонининг ўн фоизига ҳам етмайди. У ҳолда оромгоҳларга бормайдиган болалар-чи? Улар учун ёзги таътил қандай мазмун-аҳамият касб этади?      

Ҳақиқат шуки, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари сони аҳолининг ўсиш динамикасига мутаносиб тарзда ошиб бориши таъминланмаган. Жумладан, болалар сони 1991 йилга нисбатан 71 фоизга кўпайган бўлса-да, уларни соғломлаштириш оромгоҳлари сони икки бараварга қисқарган.

Қишлоқ жойлардан фарқли ўлароқ шаҳар шароитида оромгоҳга бормаган болаларнинг уч ойлик таътилни спорт мактаблари ёки репетиторларга, ўқув курсларига, касб-ҳунар ўргатиш марказларига қатнаб ўтказиши урбанизациялашган муҳитга хос анъаналардан бирига айланди. Бола бекор қолмасин деган важ билан унинг жисмоний ва ақлий салоҳиятини ривожлантиришдек яхши ниятда таътил пайти асосан ўқишга ёки спортга йўналтирамиз. Сармояни аямаймиз. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бундай ёндашув қанчалар тўғри ва самарали? Асосийси, фарзандимиз хоҳиш-истагига, манфаатларига уйғунми?

Шуниси аниқки, ёзги таътил боланинг зиёнига бўлмаслиги керак. Психологлар катталардаги каби болаларда ҳам доимий иш фаолиятни ўзгартирмаслик руҳий зўриқишга олиб келишини, йил бўйи ўқигандан кўра таътил пайтлари росмана ҳордиқ чиқариб, кейин яна ўқишни давом эттириш нафақат жисмоний саломатликка, балки билимни ўзлаштириш даражасига ҳам фойдали эканини таъкидлайдилар. “Бундан ташқари таътил оиладаги ўзаро ака-ука, опа-сингил муносабатларини мустаҳкамлаш учун ҳам керак. Чунки доимий мактаб пайтида болаларнинг бирга вақт ўтказишга имконияти кам бўлади. Шунинг учун ҳам таътил оилавий яқинлик учун энг мақбул пайт”, деган фикрни илгари суришади.

Одатда ёз мавсумида қачон ва қайси оромгоҳга бориш ота-онанинг ва боланинг шахсий танлови ҳисобланади. Белгиланган тартиботга кўра, ота ёки она фаолият юритаётган ташкилот касаба уюшмаси бўлими томонидан бериладиган йўлланма орқали болани оромгоҳга юбориш мумкин. Агар ота ёки она ишлаётган ташкилот  Касаба уюшма Федерациясига аъзо бўлмаса, у ҳолда танланган оромгоҳ ташкилотининг бошланғич касаба уюшмаси бўлимига мурожаат қилиб, йўлланмани тўлиқ нархда сотиб олиш тақозо этилади. Айтгандай, ҳозирги кунда ёзги оромгоҳларнинг электрон саҳифалари ҳам мавжуд бўлиб, Интернет орқали бу саҳифаларга кириб, онлайн шаклда йўлланма харид қилиш  мумкин.

2024 йил ёзги таътил  учун oromgohlar.uz сайтида юртимиздаги анчайин машҳур болалар оромгоҳларининг нарх-навоси билан танишганимизда, бир мавсум (10-12 кунлик муддат) йўлланмаси 1 млн. 400 минг сўмдан бошланиб, 3 млн. 200 минг сўмгача баҳоланганини кўрдик. Бир қарашда бу сумма унчалар қимматмасдек. Аммо ўртаҳол ва серфарзанд оила учун арзонлик ҳам қилмайди. Айниқса, қишлоқ жойларда.

Фарида МАҲКАМОВА