Аср аёлининг қабртоши ҳам сотилди

Кеча, 31 март куни Америкалик қўшиқчи, модель Мерилин Монро ва “Плайбой” журнали асосчиси Хю Хефнерга тегишли кўплаб буюмлар, жумладан, актриса бир пайтлар кийган пушти либоси, шунингдек, Хефнерга тегишли смокинг ва шиппак кимошди савдосида сотилди. Бу ҳақда “Тҳе Ҳоллйwоод Репортер” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Лос-Анжелесдаги “Пирс Бротҳерс мемориал” парки Хю Хефнер ва Мерилин Монрога тегишли турли хил буюмларни сотган. “Жулианʼс Ауcтионс” маълумотларига кўра, тарихий кўйлак 325 000 долларга сотилиб, у кимошди савдосидаги олдинги рекордларни янгилаган.

Шу билан бирга, Монро қабрининг эскирган тоши 88 900 долларга баҳоланган. Хефнернинг рангли смокинги, шиппаклари, пижамалари ва трубкаси 13 000 долларга ва унинг учун буюртма қилинган махсус захира думалоқ кровати 13 000 долларга сотилган. 

Хефнернинг думалоқ кроватини, Монронинг чўмилиш костюмини сотиб олган мижоз кўп йиллик орзуси ушалганини таъкидлаган.

“Мен умримнинг қолган қисмини Мерилин Монронинг ёнида ўтказмоқчиман”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америкалик рассом Энди Уорхол томонидан 1960 йилларда яратилган актриса Мерилин Монронинг портретлари сериясидан бири Чристиэʼс аукционида 195 миллион долларга сотилганди.

“Мона Лиза”ни портлатиб юбормоқчи бўлишди

20 март, чоршанба куни Лувр музейига ҳужум таҳдиди режалаштирилаётгани бўйича Париж полициясига  шикоят келиб тушди. Бу ҳақда Франциянинг “Ле Фигаро” нашри маълум қилди. 

Қайд этилишича, 17 март куни эрталаб соат 04:00 лар атрофида юборилган хабарда номаълум шахслар Мона Лиза ва бошқа кўплаб дурдоналарни портлатиш ниятида экани айтилган.

“Биз “Мона Лиза” ва бошқа кўплаб дурдона асарларни портлатиш ниятидамиз. Фақат огоҳлантириш: 100 кг C4 бомба жуда кўп зарар келтиради”, дейилади хатда.

Лувр музейига хабар келиб тушганидан сўнг, Маданият вазирлиги фаол мудофаа ва хавфсизлик хизмати навбатчиларидан музейда шубҳали нарсаларни қидиришни сўралган, бироқ ҳеч нарса топилмаган.

Маълумот учун, бу Луврга портловчи моддалар билан таҳдид қилинган биринчи воқеа эмас. Ўтган йилнинг октябр ойида дунёнинг энг кўп ташриф буюрадиган сайёҳлик жойларидан бири бўлган машҳур Париж музейи ва Версал саройи бомба таҳдиди туфайли эвакуация қилинган эди. Париж полицияси биноларни синчиклаб текширган, аммо воқеа жойида ҳеч нарса топилмаган ва эртаси куни музей қайта очилганди. 

Машҳур рассом Леонардо Да Винчининг дурдона асари “Мона Лиза” (Жоконда) эса сўнгги 20 йил ичида вандалларнинг бир неча бор ҳужумига учраган. 2009 йилда бир сайёҳ расмга чой улоқтириб, ўша пайтдаги оддий қоплама ойнани синдириб ташлаган, шундан сўнг расм устига зирҳли экран ўрнатилган. 2022 йил май ойида зирҳли ойнага торт суртилган, Жорий йил бошида эса экофаоллар портретга шўрва улоқтирди.