Ўзбекистон

Эркинлик ва озодлик – беназир қадрият

Blog Image
Email : 16 1

Замонавий қулликнинг энг оғир кўриниши – одам савдоси моҳиятан ўзгалар эрки ва озодлигига, ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қимматига дахл қилиш, инсонийликни нафс қутқусида сариқ чақага алишиш демакдир. Ушбу трансмиллий жиноятга қарши барча давлат ва жамиятларда кескин курашилмоқда, унинг аянчли оқибатларидан аҳоли хабардор қилинмоқда, олдини олиш чора-тадбирларига жиддий урғу берилмоқда. Бироқ ҳамон бу глобал муаммо на чекинади, на барҳам топади. Ҳали ҳам ғаламис кучлар, жиноий гуруҳлар томонидан инсонларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи эксплуатацияга, муносиб ҳаёт кечириш умиди эса жиноий даромад манбаига айлантириляпти. Меҳнат миграцияси кенгайиб, давлатлараро ҳаракатланиш эркинлашаётган бир пайтда турли фирибгарлик схемалари, сохта иш таклифлари, қалбаки меҳнат шартномалари пайдо бўлмоқда. Натижада, айниқса, ижтимоий заиф қатлам – аёллар, болалар, иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги фуқаролар ҳамда чет элда ишлаш истагидаги инсонлар жиноятчилар тўрига илинмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, ҳозирги вақтда дунё бўйича тахминан 49,6 миллион инсон замонавий қуллик шароитида яшамоқда — бунга мажбурий меҳнат ва мажбурий никоҳ киради. Лекин мутахассислар бу рақам “айсбергнинг учи” эканини, реал вазиятда мазкур рақам анча юқорилигини таъкидлайдилар. Сабаби, айни жиноий ҳолатларнинг аксарияти яширин ҳолда содир бўлади.

Таҳлиллар одам савдоси қурбонларининг фақат ҳар ўн нафаридан бири аниқланиб, тегишли ёрдам олиши, қолганларнинг тутқинлиги ва келгуси ҳаёти мавҳум бўлиб қолишини кўрсатади. Ачинарлиси, замонавий қуллик қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади. Аниқланган қурбонларнинг тахминан 38 фоизи эса болалардан иборат. Ушбу кўрсаткич коронавирус пандемиясигача бўлган даврга нисбатан, яъни сўнгги беш йилда 31 фоизга ошган.

Глобал статистика одам савдоси ва мажбурий меҳнат «қора кучлар» учун йилига тахминан 236 миллиард АҚШ доллари миқдорида ноқонуний даромад келтиришини кўрсатмоқда. Бу жаҳондаги Walmart, Visa, Amazon, Google ва Apple каби йирик компанияларнинг йиллик умумий фойдасидан ҳам кўпроқдир.

Мана шу фактнинг ўзиёқ бугун одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳар бир давлат учун қанчалар машаққатли эканига ишора беради.

Жиноят қурбонлари – бу миллионлаб жисман ва руҳан парчаланган тақдирлардир. Қишлоқдан пойтахтга иш излаб келган жувоннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати “сақлаш учун” олиб қўйилиб, ҳатто эшикдан чиқишига йўл қўйилмасдан тутқунликда ушлаб турилиши, жинсий эксплуатация қилиниши, ижтимоий тармоқдаги “хорижда юқори маошли иш” эълонига ишониб борган йигитнинг оғир меҳнат шароитларида ҳақ-ҳуқуқсиз ишлашга мажбурланиши, виртуал танишган хорижликка турмушга чиққан қизнинг мусофир ўлкада эрксиз, инсон зоти чидаши мумкин бўлмаган азобларга маҳкум этилиши — бугун булар ҳақида доим эшитяпмиз, ўқияпмиз, ҳатто ён-веримизда бундай аччиқ қисматларга рўбарў ҳам келяпмиз. Ана шундай тақдир эгаларини бирлаштириб турадиган жиҳат шуки, улар фақат ва фақат яхши ҳаёт умидида йўлга чиққан эди…

Дарҳақиқат, одам савдоси нафақат жиноятчилик, балки иқтисодиёт, меҳнат бозори, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари билан узвий боғлиқ муаммодир. Шу боис дунё давлатлари бугун бу масалага фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан эмас, балки ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида ёндашмоқда.

Янги жаҳон тажрибаси

Сўнгги йигирма йил ичида халқаро ҳуқуқда одам савдосига қарши кураш фалсафаси тубдан ўзгарди. Илгари асосий эътибор жиноятчини аниқлаш ва жазолашга қаратилган бўлса, ҳозирги босқичда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа ҳисобланмоқда.

Бу ўзгаришнинг ҳуқуқий асосини 2000 йилда қабул қилинган БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси ва уни тўлдирувчи Палермо протоколи ташкил этди. Мазкур ҳужжатлар одам савдосига қарши курашнинг учта устунини белгилаб берди: жиноятнинг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларни жамиятга қайта интеграция қилиш. Энг муҳими, халқаро ҳуқуқ биринчи марта жабрланувчини жиноят ишининг иштирокчиси эмас, давлат ҳимоясига муҳтож шахс сифатида тан олди.

Бу ёндашув кейинчалик Европа Иттифоқининг “Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Директивасида, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Япония ва Жанубий Корея қонунчилигида ҳам мустаҳкамланди. Қатор давлатларда одам савдоси жабрланувчиларини қўллаб- қувватлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда маҳаллий ҳокимиятлар, ижтимоий хизматлар, тиббиёт муассасалари ва нодавлат ташкилотлар зиммасига ҳам аниқ вазифалар юкланди. Фақат айбланувчиларга нисбатан муқаррар жазони оғирлаштириш билангина эмас, балки ҳимояга муҳтож инсонларни эрта аниқлаш ва уларга тезроқ зарур ёрдамларни кўрсатиш орқали замонавий қулликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мумкинлиги жаҳон тажрибасида ўз тасдиғини топа бошлади.

Ўзбекистонда…

Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жами 177 та ҳолат қайд этилган. Шундан 92 тасини жинсий эксплуатация жинояти ташкил қилса, қолганлари меҳнат эксплуатацияси ва чақалоқлар савдоси билан боғлиқ бўлган.

Расмийлар сўнгги йилларда мамлакатимизда одам савдоси ҳолатлари сони камайиш тенденциясига эга эканини айтмоқдалар. Бу яхши, албатта. Зотан, Ўзбекистон мазкур соҳада изчил ҳуқуқий сиёсатни амалга ошириб келаётган давлатлар сирасига киради.

Конституциямизда инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида мустаҳкамланган, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда эса давлат органларининг ваколатлари, жабрланганларни ҳимоя қилиш механизмлари ва профилактика чоралари белгилаб берилган.

Шунга қарамай, яқин-яқингача одам савдосидан жабрланган шахсларни эрта аниқлаш масаласи долзарблигича қолмоқда эди: бундай жабрдийдаларнинг айримлари давлат органларига мурожаат қилишдан, аниқроғи, турли стереотиплар таъсиридаги жамиятнинг нотўғри муносабатидан ҳайиқар, истиҳола қилар, бошқалари ўз ҳуқуқлари бузилганини англамас, яна бошқалари расмий мақоми аниқлангунга қадар ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдалана олмасди. Кўрсатиладиган хизматлар ҳам турли идоралар ўртасида тарқоқ ҳолда ташкил этилган — ҳуқуқий ёрдам бир жойда, психологик хизмат бошқа жойда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш эса алоҳида тизим орқали амалга оширилар эди.

Айнан шу эҳтиёжлар мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш тизимини янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилди. Шундай қилиб, жорий йилнинг 3-августида давлат раҳбари томонидан “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

— Фармоннинг асосий хусусияти шундаки, у янги комиссиялар ёки маъмурий тартибларни кўпайтириш эмас, давлатнинг бутун ёндашувини ўзгартиришни назарда тутади, — дейди ҳуқуқшунос Руслан Муҳаммадиев. — Илгари асосий эътибор жиноят оқибатларини бартараф этишга қаратилган бўлса, эндиликда жабрдийда инсонни эрта аниқлаш, унинг ҳуқуқларини тиклаш, ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш ва муносиб ҳаётга қайтариш давлат сиёсатининг марказига чиқмоқда.

“Аввал ҳимоя, кейин расмийлаштириш”

Ҳамсуҳбатимиз Р. Муҳаммадиевнинг айтишича, юқорида келтирилган фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири — бу жабрланган шахсларни барвақт идентификация қилиш тизимининг жорий этилишидир. Яъни, давлат аввал инсонни ҳимоя қилади, кейин унинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштиради. Илгари шахс расман жабрланган деб эътироф этилгунга қадар вақт ўтар, шу давр ичида у психологик босим, қўрқув ёки иқтисодий муҳтожлик сабабли яна жиноий муҳит таъсирига тушиб қолиш хавфи остида қолар эди.

Энди эса, агар муайян шахс одам савдосидан жабрланган бўлиши мумкинлиги ҳақида асосли маълумот келиб тушса, у дарҳол давлат ҳимоясига олинади. Буни халқаро ҳуқуқда кенг қўлланиладиган “аввал ҳимоя, кейин расмийлаштириш” тамойилининг миллий қонунчиликдаги амалий ифодаси, дейиш мумкин.

Мазкур жараёнда ижтимоий хизматлар тизими марказий ўринни эгаллайди. Илгари асосий вазифалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган бўлса, эндиликда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам дастлабки идентификация жараёнининг тўлақонли иштирокчисига айланади. Чунки одам савдоси қурбони, аввало, жиноят ишининг объекти эмас, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож инсондир. У учун биринчи ўринда тергов-суриштирув ҳаракатлари эмас, хавфсиз муҳит, тиббий ёрдам, психологик қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий маслаҳат ҳаммасидан муҳимроқ.

— Эндиликда амалиётга яна бир янги институт — жабрланган деб тахмин қилинган шахс учун вақтинчалик ҳуқуқий мақомнинг жорий этилиши кириб келмоқда, — дея давом этади Р. Муҳаммадиев. — Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, жабрланувчиларнинг катта қисми давлатга мурожаат қилишга иккиланади: айримлари ўзини айбдор деб ҳисоблайди, бошқалари жиноятчиларнинг таҳдиди остида яшайди. Шахсдан дастлаб барча ҳужжат ва далилларни талаб қилиш эса уни давлат ҳимоясидан маҳрум қилиши мумкин. Энди дастлабки маълумотлар мавжуд бўлган тақдирдаёқ шахс ҳимояга олинади ва унга ижтимоий хизматлар кўрсатилади, ҳуқуқий мақом масаласи эса кейин ҳал этилади. Бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларга тўлиқ мос келади.

Ихтисослашган марказлар ва “1146” ишонч телефони

“Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги фармонда жабрланган шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг минимал кафолатланган ҳажми белгиланган. Энди давлат ёрдами муайян муассасанинг имкониятларига эмас, инсоннинг эҳтиёжига асосланади.

Ҳужжатга кўра, Аёллар ва болаларни реабилитация қилиш республика маркази ва унинг ҳудудий марказларида одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари қабул қилиниб, тегишли хизматлар кўрсатилади. Одам савдосидан жабрланган эркаклар, чет эл фуқаролари ва махсус дастурлар асосида Ўзбекистонга олиб келинган репатриантлар (жиноят қурбонлари) Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказига қабул қилинади, ихтисослашган ҳудудий марказларнинг ушбу борадаги фаолияти эса республика маркази томонидан мувофиқлаштириб борилади. Шунингдек, жабрланган шахсларнинг марказларга келиб-кетиши билан боғлиқ транспорт харажатлари ҳам “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилган.

Профилактика йўналишида эса республика бўйича ягона «1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларга мутахассислар томонидан ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳат ҳамда ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади.

Ихтисослашган муассасалар вазифаси даволаш ва бошпана билан чекланмайди. Фармонга кўра, жабрланган шахсларнинг меҳнат фаолияти ва касбга қизиқишига доир маълумотлар асосида ҳар бир шахс учун шахсий касбга йўналтириш тавсияси ишлаб чиқилади ва унга асосан тегишли вазирликка касб-ҳунарга ўқитиш бўйича электрон буюртма берилади. Бу инсоннинг нафақат хавфсизлигини кафолатлаш, балки уни мустақил, хавфдан холи, умидли ҳаётга қайтариш стратегиясининг бир қисми, десак янглишмаймиз.

Шу билан бирга фармон хорижда меҳнат қилаётган ёки меҳнат қилиш учун чиқиб кетаётган фуқаролар учун ҳам янги кафолатларни назарда тутади — дипломатик ваколатхоналар ҳузурида ва халқаро аэропортларда миграция маслаҳат хизматлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Экспертлар мазкур амалиёт халқаро тажрибада ўз самарасини берганини, хусусан, Жанубий Корея, Филиппин ва Индонезия каби мамлакатларда миграциядан олдин ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими минглаб инсонларни қалбаки иш таклифлари, эксплуатация, алалоқибат одам савдосидан асраб қолганини алоҳида эътироф этадилар.

Реинтеграция — тўлиқ ҳаётга қайтиш йўли

Одам савдосидан жабрланган шахсларни жамиятга интеграция қилиш бўйича амалиётга киритилаётган янги ёндашувлардан шундай тўхтамга келиш мумкинки, эндиликда бу жиноят қурбонига фақат вақтинчалик бошпана ёки ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш эмас, уни тўлиқ ҳаётга қайтариш давлат сиёсатининг олий мақсадига айланмоқда.

Реинтеграция тушунчаси кенг маънога эга: у психологик ҳолатни тиклаш, соғлиқни яхшилаш, ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат бозорига чиқариш, доимий даромад манбаи яратиш ва, энг муҳими, инсоннинг жамиятда ўз ўрнини қайта топишини таъминлашни қамраб олади. Бинобарин, халқаро тажрибалардан аёнки, тизимли реинтеграция ишлари олиб борилмаган давлатларда жабрланувчиларнинг қайта эксплуатацияга тушиб қолиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

Одам савдоси битта идора ҳал қилиши мумкин бўлган муаммо эмас — у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ижтимоий ҳимоя тизими, меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, таълим, миграция, маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқ ҳаракатини талаб қилади. Президент фармонида айнан шу иштирокчиларнинг вазифалари ягона мақсад атрофида уйғунлаштирилган.

— Алоҳида эътибор болалар ҳуқуқларига қаратилган, — дейди иккинчи даражали адлия маслаҳатчиси Шаҳноза Одинаева. — БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, боланинг энг устувор манфаатларини таъминлаш давлатнинг асосий вазифасидир. Одам савдосидан жабрланган вояга етмаганлар билан ишлашда уларнинг ёши, руҳий ҳолати ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда махсус ёндашувлар қўлланилиши назарда тутилмоқда. Чунки болаликда олинган психологик жароҳат ўз вақтида бартараф этилмаса, инсоннинг бутун ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

***

Одам савдосининг оқибатлари жабрланувчи шахс учун ҳам, жамият учун ҳам жуда оғир бўлади. Жисмоний зўравонлик, руҳий жароҳатлар, ижтимоий стигма ва иқтисодий қарамлик жабрланувчиларнинг ҳаётини бутунлай издан чиқаради. Кўпчилик жабрланувчилар ҳатто озод бўлганидан кейин ҳам жамиятга қайтишда катта қийинчиликларга дуч келадилар — уят, стигма ва ижтимоий мослашув муаммолари уларни узоқ вақт таъқиб этади.

Бугун одам савдосига қарши курашиш фақат Жиноят кодекси нормаларини қатъий қўллаш билан кифояланадиган муаммо бўлмай қолди. Бу, аввало, инсон ҳуқуқларини тиклаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва давлатнинг ҳар бир фуқаро олдидаги масъулиятини амалда намоён этиш масаласидир.

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон бу соҳада ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиб, идоралараро ҳамкорликни кенгайтиришга, профилактика ишлари самарадорлигини оширишга, янада аҳамиятлиси, инсоннинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фарида МАҲКАМОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.