Оилада – оқила, жамиятда – илғор

Анъанага кўра, нафосат ва гўзаллик айёми – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида намуна кўрсатган бир гуруҳ опа-сингилларимиз Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолари ҳам бор.

 

Сўз – мукофотланганларга!

 

Гулзар МАМБЕТНИЯЗОВА,

Чимбой туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Озми-кўпми меҳнатим юксак қадрланиб, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бу мукофот менга янада куч беради, янги ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини каррасига оширади. Бор билимимни, бор кучимни юрт тараққиёти учун бағишлашга ҳаракат қиламан.

Бугун мамлакатимизда биз, аёлларга барча соҳада ўз салоҳиятимизни намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Бу эса амалда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Оилада оқила ва фидойи аёлларимиз ҳамма соҳада фаол, етакчига айланаётир. Масалан, ўтган йилги парламент сайловларида Чимбой туманидан сайланган депутатларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этди. Олдин бундай кўрсаткич кузатилмаган. Ёки юртимиз олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун қорақалпоғистонлик ёшларга 10 мингта қўшимча квота ажратилиб, унинг 67 фоизи хотин-қизларимиз ҳиссасига тўғри келгани ғоятда қувонарли.

Давлатимиз раҳбари Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини алоҳида таъкидлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши қайд этилди. Бу давлат ва жамият ҳаётида ташаббускор, шижоатли аёлларимиз сафи тобора кенгайиб боришига замин ҳозирлайди. Ҳар бир аёл оиланинг, жамиятнинг таянчи, умиди, бахтидир.

 

Гавҳарой ТОЖИХОНОВА,

Марҳамат тумани «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси:

– Тўғрисини айтсам, бундай эътиборни кутмаган эдим. Кўксарой қароргоҳида ўтган байрам тадбирида иштирок этиб, Президентимизнинг қўлларидан мукофот олаётган чоғимда кўнглимда ўтган ҳаяжон ва қувончни сўз билан таърифлай олмайман. Ниҳоятда мамнун бўлдим. Ундан ҳам кўпроқ масъулиятни ҳис қилдим. Бу ишончни оқлаш ва ҳамиша муносиб бўлиш учун ўз олдимга янги мақсадларни қўйдим.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб бормоқда. Оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан, оилавий муаммоларга, турмушида зўравонликка дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди. Буни чуқур англаган ҳолда иш фаолиятим давомида ҳудудимиздаги ҳар бир аёл ҳаётидан, орзу-мақсадлари, ташвиш-муаммоларидан бохабар бўлишга, турли оғир вазиятларга тушиб қолган опа-сингилларимизга ёрдам қўлини чўзишга вақтимни ҳам, кучимни ҳам аямайман.

 

Ойгул ШОМУРАТОВА,

Термиз туман ободонлаштириш бошқармаси гул етиштирувчиси,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

– Орден билан мукофотланганимни эшитганимда хурсандлигимдан ичимга сиғмай кетдим. Неча кун ўтдики, ҳали ҳам ҳаяжоним босилгани йўқ. Бундай юксак даражада меҳнатим эътироф этилади, деб ҳеч ўйламаганман. Бу Термиз тумани ободонлаштириш бошқармасида иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай меҳнат қилаётган барча аёлларнинг ҳам ютуғи, ҳаммамизга берилган рағбатдир. Шу билан бирга юртимизда ҳар бир хотин-қизнинг ўз ўрни, қадри борлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Чиндан ҳам сўнгги йилларда биз, аёлларнинг оилада ва жамиятда ўрнимизни, мавқеимизни янада ошириш йўлида қилинаётган ишларни ҳаётимиздаги яхши ўзгаришлар, яратилаётган енгиллик ва қулайликлар мисолида кўриб-билиб турибмиз. Бундай ғамхўрлик, шароит ва имтиёзлар янги мақсадларга, янги марраларга руҳлантирмоқда.

Янгиликлар яхшиликларга уланаверсин, ҳар бир аёл бахтли, саодатли яшасин, дейман. Бунга унинг тўла ҳаққи бор.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Хуршидабону НАЗАРОВА ёзиб олди.

 

Маҳаллий кенгашларда. Мурожаат асосида ўрганиш олиб борилди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар жойларда тизимли равишда ўрганишлар олиб бормоқда.

Хусусан, халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Ирода Қодирова “Ўрикзор” МФЙда фуқаролар мурожаатлари юзасидан ўрганиш олиб борди. Аниқландики, маҳалладаги 5 та кўча таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Шунингдек, маҳалладан чиқиндилар олиб кетилмаётгани, хонадонларга ичимлик суви қувурлари тортилмагани, аҳоли маҳалла бошидаги 1 дона крандан сув ташиб фойдаланаётгани маълум бўлди. Ушбу масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга хат билан чиқилиши айтилди.

Депутат шу куни кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш тарзи билан танишди. Мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Энг фаол БПТ етакчилари аниқланмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона туман кенгаши томонидан “Йилнинг энг яхши БПТ етакчиси” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Танловнинг асосий мақсади — партиянинг мафкуравий ғояларини кенг тарғиб қилиш, партия аъзолари орасида ижодий ва илмий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилият ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган кадрларни танлаб олишдан иборат.

Шунингдек, партиянинг бошланғич ташкилотларида рақобат муҳитини яратиш ва фаол, ташаббускор етакчиларни рағбатлантириш масалалари ҳам мақсад қилинган.

Бундан ташқари, танлов партия аъзоларининг профессионал ва шахсий қобилиятини баҳолайди. Шу орқали партиянинг сиёсий ривожи ва кадрлар захираси юксалишини таъминлашга эришилади.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Депутат сўрови орқали муаммо ижобий ҳал этилди

Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Омон Мухторовга «Шанба» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ободмаҳалла, Халқобод ва Шамсиобод қишлоқлари фуқаролари томонидан мурожаат келиб тушган эди.

Унда аҳоли хонадонларида зах кўтарилиши натижасида бир қатор ноқулайликлар юзага келаётгани, шу боис ҳудуддан ўтган захкашни тозалашда ёрдам сўралганди.

Мазкур масала бўйича депутат томонидан туман сув хўжалиги бўлимига депутатлик сўрови юборилди ва махсус техниклар ёрдамида захкаш тозаланди. Натижада зах кўтарилишининг олди олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Маҳаллий кенгашларда. Бошланғич ташкилот сарҳисоби

Ўзбекистон ХДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши ташаббуси билан «Чордара» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бошланғич партия ташкилотида ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Унда бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Жумладан, 2024 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тингланди. Шунингдек, йиғилишда Ф.Низомов «Чордара» МФЙ БПТ етакчиси этиб қайта сайланди.

Худди шундай тадбир Ўрта Чирчиқ тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар агентлигидаги бошланғич ташкилотда ҳам бўлиб ўтди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишларида Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Баъзи мажбуриятлар кучайтирилди, айрим масалаларда енгиллик таклиф этилмоқда

Қонун ҳужжатлари, биламизки, «Нормативҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Сўнгги пайтларда қонун ижодкорлиги жараёни анча кенгайди ва такомиллашди. меъёрийҳуқуқий ҳужжатлар сифати, ҳаётийлиги, амалиётдаги самарадорлигига оид талаблар ошди. Табиийки, бу жараён ислоҳотлар, турмуш тарзимиздаги ўзгаришлар, замонавий касбҳунарлар, умуман, жамиятдаги янги қараш ва тушунчалар билан бевосита боғлиқдир. Шу маънода қонунчилик ҳам бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан тўлдирилади, бойитилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларида таклиф қилинаётган ўзгартиришлар ҳам табиий жараёнлар билан боғлиқ экани асос қилиб кўрсатилди.

 

45 фоиз қидирувдаги шахс Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган

Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, сўнгги 4 йилда республика бўйича жиноят содир қилиб, тергов ва судлардан яширинган 39 038 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Уларнинг 45 фоизга яқини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган.

Ваҳолонки, тегишли қонун ҳужжатларида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган бўлса-да Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тартибини жорий этиш белгиланган. Бунда суриштирув, дастлабки тергов ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судларнинг қарори билан мазкур чеклов ўрнатилади.

Фракция йиғилишида айни масалага оид қўшимча ва ўзгартиришларни қамраб олган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ташаббускорларга кўра, жиноят-процессуал қонунчиликда процесс иштирокчиларининг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи норма мавжуд эмаслиги процесс иштирокчиларининг давлат ҳудудини тарк этиб, суриштирув, тергов ва суддан бўйин товлаб юришларига шароит яратиб бермоқда.

Бу эса, ўз навбатида, тергов ва суд жараёнларининг чўзилишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ўз вақтида тикланиб, одил судловни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли, Жиноят-процессуал кодексини шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйишни назарда тутувчи мажбурлов чораси кўрсатилган янги боб билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

Йиғилишда кўрилаётган мазкур қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган моддаларнинг концепциясига депутатлар муносабат билдирди.

Хусусан, Фирдавс Шарипов чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш масаласи бекор қилинишига оид меъёр механизми тўлиқ очиб берилмаган, деган фикрни билдирди. Масалан, чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш суриштирув ва дастлабки тергов босқичида жиноят иши тугатилганда, суд муҳокамасида эса жиноят ишини тугатиш ҳақида ажрим чиқарилганда ёки ҳукм қонуний кучга кирганда бекор қилиниши лозим экани кўрсатиб ўтилган. Бироқ жиноят иши суриштирув тугатилмасданоқ ушбу чорага зарурат қолмаганда, суриштирувда ёки терговда кимнинг қарори ёхуд қандай ҳужжат асосида бекор қилиниши ҳақидаги тушунчага ойдинлик киритиш зарур.

Ташаббускорлар қарор, ажрим ва ҳукм асосида бекор қилинишини таъкидлади. Агар бунга қадар ҳам зарурат юзага келса, терговчи ёки прокурорда процессуал чорани бекор қилиш ҳуқуқи қонунчиликда мавжуд эканини қайд этди.

Депутат саволга берилган жавоб қонунда акс этмагани, очиқланмаганини таъкидлади. Ташаббускорлар кейинги ўқишгача таклифлар асосида тузатиш киритадиган бўлди.

 

Ўттиз кундан тўқсон кунга ўзгартирилади

Йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳаларидан бири «Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ. Унга кўра, транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, мазкур муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатларни ҳамда узайтириш мумкин бўлган муддат чегарасини аниқ кўрсатиш назарда тутилган.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тўғрисида»ги 2002 йил 21 февралдаги қарори билан мазкур муддат йигирма кундан ошмаслиги зарурлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, Қонунда ушбу муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтирилиши мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгиланмаган.

Ташаббускорлар махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинишига оид ўзгаришни таклиф этмоқда. Зарур ҳолларда мазкур муддат бир ойгача узайтирилиши мумкинлигини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатноманинг амал қилиш муддатини амалдаги ўттиз кундан тўқсон кунга ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Таъкидландики, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши транзит ташувларнинг ҳажмини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, логистика тизимини ривожлантириш ва миллий қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга олиб келади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фракция аъзолари қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлади.

 

Масъулияти чекланган жамият нимага ва қандай ҳолатда жавобгар бўлади?

Таҳлилларга кўра, амалдаги «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонунни янада такомиллаштириш тақозо қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, қатор ўзгартиришлар фракция йиғилишида кўриб чиқилди.

Ташаббускорларнинг фикрича, қонунчиликдаги баъзи бўшлиқларнинг тўлдирилиши жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга, улушларнинг алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилишига йўл қўймаслигини таъминлашга ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.

Ўз навбатида, бу мулкдорлар синфининг янада ўсиши ва ривожланишига, хусусан, инвестиция муҳити ривожланишига, фаол хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга кириб келишига замин яратади. Масалан, лойиҳада жамият нафақат лицензия, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартибида фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Жамиятларнинг филиали ва ваколатхоналарини очиш ҳамда шўъба ва қарам хўжалик жамиятлари тартиблари алоҳида модда сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, жамият иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартномалар тузиш каби яна ўнга яқин ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Депутат Анвархон Темировга кўра, қонун лойиҳаси билан бир қатор муаммоларга қонуний чоралар белгиланмоқда. Бироқ баъзи масалаларда тушунча кенг очиб берилмаган. Масалан, лойиҳада жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади, деб кўрсатилмоқда. Қандай ҳолатда, нимага нисбатан жавобгар бўлишига ойдинлик киритиш сўралди.

Ташаббускорларга кўра, жамият ва жамиятда ижро органи деган икки хил тушунча бор. Ижро органи жамият фаолиятига бевосита жавобгар ҳисобланади. Шунингдек, жамият иштирокчилари деган тушунча ҳам бор. Умумий қоидага кўра, таъсисчи жамият учун жавоб бермайди. Яъни, таъсис ҳужжатларида назарда тутилган жамиятнинг умумий мулкига жамият иштирокчилари жавобгар эмаслиги, уларининг жавобгарлик даражаси ва чегарасига оид масалада бўшлиқ бор эди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар билан бу борада жавобгар аниқ белгиланмоқда.

 

Ҳомийлик фаолияти ва маҳкумларга енгиллик бериш

Фракция йиғилишида тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга енгиллик беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Зуҳра Шадиева маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги қандай мезонларга асосан тасдиқланиши ва қандай назорат қилиниши ҳақида мутасаддиларга савол билан юзланди. Қонун ташаббускорлари бу масалада республика Маъанавият ва маърифат маркази ходимларидан иборат экспертлар жамоаси жалб этилганини билдирди. Депутат холис ва профессионал мутахассислар хулоса бериши зарурлигини, жараёнда мустақил экспертлар иштирок этиши, очиқ, шаффоф тизим шакллантирилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

Фракция аъзоси Иба Наризова юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик билан шуғулланиши кенгаяётгани, лекин ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, мезонлари қонунчиликда аниқ белгиланмагани сабабли айрим ғараз ниятли шахслар ишончга кириб, манфаатдорлик пайида бўлаётгани, бундай хабарлар ОАВда чиқиб турганини таъкидлади. Бундай муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қонун лойиҳасида таъсир чоралари назарда тутилган-тутилмаганини сўради.

Қонун ташаббускорлари лойиҳада ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга хизмат қиладиган меъёрлар белгилаётганини маълум қилди. Депутатлар бундай ёндашувни қўллаб-қувватлашини қайд этиб, қўшимча мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Хусусан, қонун лойиҳалари ҳуқуқий муносабатларни осонлаштириши, ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиши кераклиги, тўғридан-тўғри ишлаш механизмларига эга бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаларини маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилди.

Шунингдек, фракция йиғилиши якунида Президент томонидан ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида кўтарилган масалалар якунлари, хусусан, юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишлар самарадорлиги, келгуси вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов ушбу йиғилишда Президентимиз томонидан парламент ва партиялар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлашга фаоллик билан ёндашув зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, қабул қилинаётган қонунларда коррупцияга қарши курашишга доир янгича ёндашувлар асосида ишлаш кераклигига алоҳида урғу берилди. Ҳар ойнинг якунида депутатларнинг ўз сайлов округларига чиқишлари баробарида уларнинг соҳавий фаолиятига биноан ҳудудларда коррупциявий ҳолатлар, унинг ижтимоий сабабларини аниқлаш юзасидан ўрганишлар ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Келгусидаги фаолиятни билдирилган мулоҳаза ва тавсиялар асосида олиб бориш белгиланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10

 

Биргаликда ва муросасиз

Дарахт танасига тушган қурт на унинг кўкка бўй чўзиб, барқ уриб яшнашига йўл беради, на мева тугиб, ҳосил кўтаришигаҲатто минг йиллик забардаст чинор ҳам бу балои офат дастидан заифлашиб, ерга қуламоғи тайин. Бугун давлат ва жамиятнинг ривожига жиддий ғов бўлаётган иллаткоррупция худди шу кабидир. У нафақат мамлакатдаги барқарор ҳаётни издан чиқаради, балки одамларнинг ҳукуматга, Конституция ва қонунларнинг амалда ишлашига бўлган ишончини йўқотиши, халқда тушкунлик, умидсизлик кайфиятини ҳосил қилиши мумкин. Коррупциянинг хавфхатари, оғир оқибати ҳам мана шунда.

 

5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилиши кенг жамоатчиликни, бошқача айтганда, парламент аъзоларидан тортиб, турли соҳа вакилларини, ёшларимизни бир қадар сергак торттиргани бежиз эмас. Таҳлилий-танқидий руҳда кечган бу йиғилиш ўзи ва фарзандларининг эртасига, эл-у юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишини дўппини бир четга қўйиб, бафуржа ўйлаб кўришга ундагани рост.

Аниқки, йиғилишда ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифларни тинглай туриб, ислоҳотларнинг қонунийлигини таъминлаш жараёнларида масъул идора ва ташкилотларгина эмас, жамоатчилик, яъни, сиз-у биз баравар иштирок этишимиз кераклигини яна бир бор чуқур ҳис қилдик. Қонун талабларидан оғиш натижасида юзага келадиган коррупцияга қарши курашиш жамиятда умуммиллий вазифага, ҳар биримизнинг виждон ишимизга айланмоғи янги давр талаби эканини теранроқ англадик.

 

Глобал таҳдид

Жорий йилнинг 11 февраль куни Transparency International халқаро ташкилоти 2024 йил учун Коррупцияни идрок этиш индексини эълон қилди. 180 та давлатдаги коррупция даражаси экспертлар ва бизнес ҳамжамиятлари (оддий одамларнинг эмас!) нинг баҳолари асосида аниқланадиган ушбу рейтингда, икки йилдирки, Ўзбекистон 121-ўринни эгаллаб турибди.

Коррупция геосиёсий курашлар авж олиб бораётган, экологик ва ижтимоий-иқтисодий инқирозлар кўплаб мамлакатларни боши берк кўчага олиб кириб қўйган ҳозирги замонда ҳеч бир давлатни четлаб ўтаётгани йўқ. Ҳаттоки бу жиноятни содир этганлик учун энг олий жазо – ўлим жорий қилинган юртларда ҳам уни таг-томири билан йўқ қилиш имконсиз қолмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, эркин оммавий ахборот воситалари, фаол фуқаролик жамияти ва адолатли судларсиз коррупцияни енгиб бўлмайди. «Коррупция нафақат ривожланишга тўсқинлик қиладиган, балки демократик таназзул, беқарорлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг асосий сабаби бўлган глобал таҳдиддир. Халқаро ҳамжамият ва ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашни асосий ҳамда узоқ муддатли устувор вазифага айлантириши шарт”, – дейди Transparency International ташкилоти раҳбари Франсуа Валериан.

Ташкилот ҳисоботида дунё бугун экологик инқирозларга қарши курашда ҳалокат ёқасида тургани, коррупция бу курашни тобора қийинлаштираётгани таъкидланади. Маълум бўлишича, деярли 6,8 млрд инсон – сайёрамиз аҳолисининг 85 фоизи коррупция таъсири сезилаётган давлатларда яшамоқда. Бу жуда катта рақам.

Дарвоқе, Коррупцияни идрок этиш индексида кетма-кет етти йилдан буён Дания (90 балл), Финляндия (88 балл) ва Сингапур (84 балл) етакчилик қилиб келмоқда.

 

Доимий жараён

Юқорида келтирилган йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинаётган ишларга баҳо берилди. Айтиб ўтилганидек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон бу иллатга қарши курашишда ўзининг қатъий сиёсий иродасини намоён этмоқда. Айни йўналишда ҳуқуқий ва институционал механизмлар тубдан такомиллаштирилди. «Коррупцияга қарши курашиш» жумласи янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди.

Шундай қилиб, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилаётгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани эътироф этилди.

Йиғилишда давлат харидлари, банк, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва таълим соҳаларида инсон омилини камайтириш орқали шаффофликни кафолатлаш, моҳиятан қараганда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Чунончи, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечиб, аукцион шаклга ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалгани соҳада дадил ўзгаришлардан далолат беради.

Ёки бугунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни саноқли дақиқалар ичида онлайн беряпти. Эсланг, бир пайтлар банклардан бу турдаги кредитни олиш учун одамлар қанча сарсонгарчилик билан рўбарў келар эди…

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида ўндан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани, олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилгани коррупция омилларини кескин камайтирди. Аҳоли ва тадбиркорларга «халқ хизматидаги давлат» тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келгани, чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашгани бунинг яққол натижасидир.

Худди шундай, электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. «Олдинги 25 йил давомида бу тушунчалар бизга ёт эди. Кўриб-кўрмасликка олинарди. Буларнинг ҳеч бири ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Ҳаммасига машаққатли меҳнатимиз билан эришдик. Энг муҳими, буларнинг ҳисобига аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларимизга ишончи мустаҳкамланди», – деди давлат раҳбари.

Йиғилишда тараққиётга тушов бўладиган иллат – коррупцияга қарши кураш доимий жараён эканига урғу берилди. Бу борадаги долзарб масалалар ва устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилиши, маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилиши, давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим йўлга қўйилиб, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарларига тегишли чора кўрилиши шулар жумласидандир.

 

Хуршида ҚАЛАНДАРОВА,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати:

– Йиғилишда коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллаларда, маиший коррупция шаклида содир этилаётгани танқид қилинди. Бунинг ечими сифатида эндиликда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланадиган, уларга вилоят халқ депутатлари Кенгаши раислари бошчилик қиладиган бўлди.

Мазкур ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга аниқ таклиф киритади. Парламентнинг масъул қўмиталари ҳар бир маҳаллага тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ойдинлаштириши, мансабдор шахслар олдига коррупциянинг олдини олиш бўйича масала қўйиши, соҳага оид таклифлар ишлаб чиқиши, қонунларни такомиллаштириш чораларини кўриши ҳаётий зарурат эканига ҳам диққат қаратилди.

Буларнинг бари нимани англатади? Табиийки, эндиликда коррупцияга қарши курашда давлат ва халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайдиган депутатлик корпусининг роли ҳамда масъулияти сезиларли кучаяди. Бу масала улар фаолиятининг асосий стратегик йўналиши бўлиб қолади. Бинобарин, соҳада қонунчиликдаги бўшлиқларни яхши биладиган ҳам, уларни бартараф этиш учун ҳақчил, ҳаётий таклифларни берадиган ҳам айнан депутатлардир.

Шунингдек, Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари қуйига тушиб, бевосита жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Бундай амалиёт парламент назоратининг самарасини, қонун ижодкорлиги сифатини оширади.

Коррупциявий жиноятлар учун жазони кучайтириш – бу ягона ечим эмас. Ушбу жиноятларнинг олдини олиш, одамларимизда бунга нисбатан муросасиз ва тоқатсиз муносабатни шакллантириш, жиноятни фош этишга ёрдамлашганларни рағбатлантириш бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартишлар киритиш, превентив чораларни кенг қўллаш мақсадга мувофиқ, албатта.

 

Иллат илдизи

Яшириб нима қилдик, айни пайтда аҳоли ўртасида давлат хизматчиларининг ҳалоллигига, коррупциявий ҳолатлардан тийилиш тенденцияси мавжудлигига ишонч ҳисси унчалик юқори даражада, дея олмаймиз. Хўш, бунга сабаб нима? Жамиятда коррупциявий жиноятларга узил-кесил барҳам беришга қандай омиллар халал бермоқда?

Ҳақиқат шуки, коррупция иллатининг илдизи ҳашамат ва дабдабага ўчлик қусурлари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда, худди эт билан тирноқ каби.

 

Фурқат ҲАМИДОВ,

халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгаши депутати:

– Бугун давр янгиланаётгани, одамларимизнинг, жамиятнинг қарашлари ўсиб, ҳаётий мезонларимиз, мақсадларимиз илғорлашгани ҳақида ғурур билан гапирамиз. Аммо шунча ижобий силжишларга қарамай, бир жиҳатимиз – ҳашамат ва дабдабага ўчлигимиз ўзгаргани йўқ.

Ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларимизга зид бу ижтимоий иллат фақатгина тўй-ҳашамларимизда кўринмаяпти, балки айрим давлат хизматчилари фаолиятида ҳам учраб тургани таассуфли ҳол. Ҳашаматга интилиш эса коррупциявий жиноятларга мойиллик туғдиради, ўз мансаб ва ваколатларидан моддий манфаат йўлида фойдаланишга йўл очади.

Ҳозирги пайтда дунёда, айниқса, ҳар томонлама тараққий этган жамиятларда минимализм устун эканини кўрамиз. Барча жабҳада қонунларнинг мукаммал ишлаши, бюджет маблағларининг тийин-тийинигача мақсадли ва аниқ манзилли сарф этилиши, ҳашаматдан қочиш, амалдорларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги – аслида уларнинг ривожланишига мана шу омиллар сабаб бўлган.

Ҳашаматнинг зидди заҳри, яъни, вакцинаси – бу ҳалоллик. Шу маънода парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари коррупциянинг олдини олиш давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланишини алоҳида таъкидлагани кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Бундан буён ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилдики, уларнинг рўёбга чиқиши, шубҳасиз, коррупцияга тоқатсиз кадрлар сафи кенгайишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилиши, давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни тезроқ қабул қилиш зарурати қайд этилди.

Мансабдор шахслар фаолиятида ҳашаматни чеклаш, шу жумладан, уларнинг транспорт таъминоти даражасини пасайтириш, давлат хизматчиси фаолиятида ҳашаматни кўз-кўз қилиш ҳолларини одоб-ахлоқ кодексини бузиш сифатида баҳолашга доир ғоялар кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлган Халқ демократик партияси сайловолди дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Мақсадимиз эса эзгу – бюджет маблағлари ортиқча сарфланишининг олдини олиш, халқ пулини таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш каби долзарб соҳаларга қаратиш, давлат ва жамиятда ижтимоий адолат ҳамда ижтимоий барқарорликни қарор топтиришдан иборат.

 

Фикри тоза авлод керак

Муҳсиддин Низомиддинов,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати:

– Коррупцияга қарши курашиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Йиғилишда Президентимиз мазкур масалада фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслигини, бу бутун жамиятимизнинг иши эканини айтиб ўтди. Умуман олганда, коррупция ва унга етакловчи лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сингари иллатларга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги кўп бора давлатимиз раҳбари томонидан тилга олинади.

Йиғилишда кадрларда фидойилик, коррупциявий жиноятларга қарши курашишда ҳамжиҳатлик етишмаётгани энг катта камчилик сифатида кўрсатиб ўтилди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, кечаги кун билан бугунги кун фарқини яхши тушуниш, маҳаллада, тўй-маъракада ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечиришни тушунтириш ишлари бўйича жамиятимизда намунали тажрибалар айтарли йўқ.

Ёш депутатлар сифатида биз ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашига жалб этилиб, ҳозирги ҳал қилувчи жараёнда ўз ғояларимиз, ташаббусларимиз билан фаол бўлишимиз керак.

Ҳозирги кунда ёшларимиз таълим олиш ҳамда меҳнат бозорига кириб, ўз ўрнини топишида турли кўринишдаги коррупциявий ҳолатларга дуч келиши мумкинлигини инкор қилолмаймиз. Бундай вазиятда қонун талабларини бузмаслик, ҳалолликда собит туриш учун ҳам ёшларимиз орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби иллатлардан узоқ бўлиши учун тушунтириш-тарғибот ишларини мазмунан янгича ва самарали тарзда амалга ошириш керакка ўхшайди.

Президентимиз ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришишимиз муқаррарлигини, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қараш кераклигини таъкидлади. Шунинг баробарида фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни камолга етказиш бугуннинг устувор вазифалари қаторига киритилди. Келажагимиз эгалари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган, дабдаба, ҳашамат сингари майда ҳавасларни эмас, балки катта-катта мақсадларни олдига қўйиб, қалбида халқини, Ватанини севадиган инсонлар бўлиши учун бугун биз ўзгаришимиз керак. Тафаккуримиз, мақсадларимиз бир жойда депсиниб қолмай, юксалиши лозим.

Коррупцияга қарши биргаликда ва муросасиз курашсак, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижадорлигини халқимиз сезади, қонунлар амалда тўлиқ ва мукаммал ишлайди, ҳудудлар ҳаётида ўсиш, ривожланиш ва самарадорлик янада юқори бўлади.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10

 

Электорат вакиллари депутатлар эътиборида

Сўнгги вақтларда депутат халқ хизматчиси, деган қараш пайдо бўлди. Эътиборли жиҳати, бу амалда ўз исботини топмоқда. Чунки, бугунги кун халқ ноиблари мурожаатлар билан хоналарида ўтириб ишламайди, уларни жойига чиқиб ўрганади.

Ҳар ойнинг учинчи ўн кунлигида ҳудудларда назораттаҳлил олиб бораётган депутатлар нафақат ўз округида, балки Республикамизнинг турли вилоятларида бўлиб, у ердаги реал ҳаёт билан танишмоқда. Бу эса бир масалага турли нуқтаи назар билан қараш ва ечими юзасидан асосли, самарали таклиф бериш имконини оширмоқда.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларни тинглаймиз!

Нукус шаҳрида 4-сонли ихтисослаштирилган кар ва эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернати фаолият олиб боради. Маълум бўлишича, у ердаги барча ўқувчи эшитиш қобилияти диагностикасидан ўтказилган. Олинган натижаларга кўра, 2021 йилда “Замин” халқаро жамоат фонди томонидан мактабга 204 та эшитиш аппарати ажратилган ва кохлеар имплантациялар ўтказилган. Шу йўл билан болалар учун таълим ва ҳаётни идрок этиш сифати сезиларли даражада яхшиланиб, замонавий ФМ-тизимлари, нутқни ривожлантириш учун машғулот ускуналари каби махсус ёрдамчи воситалар билан жиҳозланган.

Сир эмаски, Халқ демократик партияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб келади. Турли даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари эса мазкур йўналишдаги фаолият бўйича назорат-таҳлил ишлари билан шуғулланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Сайёра Имомова ҳам ушбу тартибга амал қилди. Ҳудуддаги махсус мактабга бориб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан самимий суҳбат ўтказди, уларнинг қалбидагини тинглади.

Депутатнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш, инклюзив таълим тизими учун малакали педагог кадрлар тайёрлаш лозим. Бунинг учун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида инклюзив таълим методикаси бўйича махсус таълим мутахассислик йўналишини очиш керак, деб ҳисоблайди. Бу эса таълим соҳасини ривожлантирибгина қолмай, мутахассисликлар турини оширади ва келгусида бандликни таъминлашга ҳисса қўшади.

С.Имомова назорат-таҳлилга мўлжалланган сафари чоғида кўплаб ташкилот ва муассасаларда бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Карлар жамияти ҳамда Кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимларининг фаолияти ва ногиронлиги бор шахсларга яратилган шароитлар билан танишди, мурожаатларни қабул қилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Карлар жамиятининг Тўрткўл, Қўнғирот ва Тахтакўпир туманларидаги ҳудудий бўлимлари Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олиниб, гувоҳномалар берилган. Лекин Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан Карлар жамиятининг туман (шаҳар) ҳудудий бўлимларига штат бирликлари ажратилмаган.

Шунингдек, Кўзи ожизлар жамияти Нукус ўқув ишлаб чиқариш корхонасини янгидан қуриш ишлари бошланган бўлиб, бугунги кунда якунига етмасдан тўхтаб қолган. Тўрткўл ўқув ишлаб чиқариш корхонасини тўлиқ янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш зарурати бўлса, Хўжайли ўқув ишлаб чиқариш корхонаси бутунлай янгидан қурилишга муҳтож.

Таъкидландики, корхоналарда кўплаб аҳоли вакиллари ишлайди, оиласини боқади. Шу сабабли ушбу масаланинг ечими жамият аъзолари учун долзарб. Уларни тинглаган депутат ҳар бир мурожаатни ёзиб олди ва ваколати доирасида ҳал этишга ваъда берди.

 

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 53 мингдан зиёд партия аъзоси бор. Уларнинг 15500 га яқинини ёшлар ташкил қилади. 45 фоиздан зиёди эса хотин-қизлардан иборат. Партия сафида аёллар ва ёшларнинг сафи кенгайиб бораётгани, табиийки, қувонарли.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Имомназар Турсунов вилоятдаги таълим муассасаларида бўлиб ўтган учрашувларда ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Жамиятда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллиги ошиши бевосита тараққиётга хизмат қилишини таъкидлади.

Хусусан, Қарши давлат университетидаги мулоқот чоғида ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида сўз борди. Таъкидландики, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қизлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.

Шунингдек, бандлик масалаларида ўзгаришлар катта. Мисол учун, ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, улар бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этмоқда. Қувонарли жиҳати эса ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Бандликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш бўлса, яна бир устуворлик олий таълим қамровини кенгайтириш билан боғлиқдир. Авваллари битта ўрин учун камида 10 нафар бола кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилиб, 42 фоиз ёшлар олий таълимга қамраб олинмоқда.

Депутат ана шу жиҳатларга тўхталар экан, кенг қамровли ислоҳотларни янада жадаллаштириш ёшларга боғлиқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, иштирокчиларнинг истакларига кўра, “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини тушунтирди.

Парламент вакили Қарши тумани “Кат” МФЙда бўлиб, ҳудуддаги сайловчилар билан учрашди. Аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича мулоқот ўтказилди.

Суҳбат давомида қурилиш соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш, иш билан таъминлаш ҳамда таълим тизимида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар кўтарилди. Маҳаллий тадбиркорлар бизнесни кенгайтириш учун имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича ўз фикрларини ўртоқлашди.

Шунингдек, хонадонида балиқчилик, қуёнчилик, иссиқхона каби тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар фаолияти ўрганилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли ҳолидан хабар олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, №9