Партия ҳаёти

КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ БОШҚАРИШ МУАММОЛАРИ

Blog Image
Email : 8 0

Ҳар биримиз эрталаб уйимиздан чиқамиз ва кечқурун яна шу уйимизга қайтамиз. Биз учун уй — шунчаки яшаш жойи эмас. Уй — фарзандимиз лифтга кирганидаги хавфсизлик, кекса ота-онамиз зинадан тушганидаги қулайлик, ёмғир ёққанда томимиздан сув ўтмаслиги, қишда хонадонда иссиқлик бўлиши, йўлакда ёруғлик ёниб туришидир. Шу маънода кўп квартирали уй юзлаб оилаларнинг ҳаёти, хавфсизлиги ва хотиржамлиги мужассам бўлган макон. Шунинг учун уйни бошқариш фақат коммунал тўловларни йиғиш ёки чироқни алмаштириш эмас, бу одамларнинг ишончини бошқаришдир.

Бир нарсага эътибор берсак: бугун республикамизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар инсон яшайди. Бу кичкина рақам эмас. Аслида, кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида биз рақамларни эмас, уларнинг ортидаги инсонларни кўришимиз керак. Бизнингча, масаланинг энг муҳим нуқтаси ҳам айнан шу ерда.

Масалан, эрталаб ишга шошилаётган инсонларни тасаввур қилайлик. Улар ўз уйидан чиқиши билан лифтга ошиқади. Чунки юқори қаватда яшашади.

Ёки кекса онахон. Хонадони олтинчи қаватда. Лифт ишламаса, унинг учун бу оддий техник носозлик эмас — уйдан кўчага чиқиш чинакам машаққатга айланади.

Ёхуд ёмғирли кунда томдан сув ўтиб, юқори қаватдаги хонадоннинг шифти намланди. Бу ўша хонадонда яшаётган оила учун қўшимча ташвиш, харажат.

Қишнинг совуқ кунларини олайлик. Иситиш тизимида муаммо юзага келишини «тизимда носозлик» деб айтишимиз мумкин. Аммо хонадондаги оила, айниқса, болалар учун бу — совуқ уй.

Демак, 44 мингдан зиёд уй фақат яшаш учун жой эмас, бу шунча хонадонлар, оилалар ва турли тақдирлар дегани.

Маълум бўлишича, бугунги кунда уларга мингга яқин бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат кўрсатмоқда. Соҳа сўнгги йилларда анча тартибга солинди. Бошқарув сервис компаниялари институти шакллантирилди. Норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Рақамли бошқарув механизмлари жорий этилди.

Қолаверса, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2027 йилдан эса республиканинг барча ҳудудларида мулкдорларнинг умумий йиғилишларини ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, ҳисоботлар тақдим этиш каби ишлар фақат “Менинг уйим” каби ахборот биллинг тизими орқали амалга ошириладиган бўлди. Бироқ мурожаатлар сонининг кўплиги, бошқарув ташкилотлари фаолияти юзасидан мунтазам танқидий муҳокамалар кузатилаётгани соҳада ҳали ечимини кутаётган тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Халқ демократик партияси “Мунозара майдони” пресс-клубининг навбатдаги сессияси мазкур соҳада амалга оширилган ишлар, кузатилаётган муаммолар таҳлили ва янги таклифлар учун навбатдаги майдон бўлди.

Малика Қодирхонова, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси сўл қанот сиёсий куч сифатида ушбу масалага фақат уй-жой фондини бошқариш ёки коммунал хизматлар кўрсатиш эмас, балки инсон манфаатлари ва ижтимоий барқарорлик нуқтаи назаридан қарайди.

Кўп квартирали уйларни бошқариш — бу фақат коммунал хизматларни ташкил этиш масаласи эмас. Бу, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш шароитини таъминлаш ҳамда мулкдорларнинг бошқарув тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашдир.

Кейинги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ипотека тизимини такомиллаштириш, қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш, кўп квартирали уйларни бошқаришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу ўзгаришлар халқимиз турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилаётганини эътироф этамиз.

Бироқ бугун аҳолидан келаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимида ҳал этилишини кутаётган муаммолар оз эмас. Бошқарув сервис компаниялари фаолиятидан норозилик, хизмат сифати пастлиги, маблағларнинг сарфланиши бўйича етарли шаффофликнинг мавжуд эмаслиги, аҳоли билан мулоқотнинг сустлиги, авария ҳолатларига кеч муносабат билдирилиши каби ҳолатлар одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

ХДП бозор муносабатларига қарши эмас, лекин уй-жой ва коммунал хизматлар соҳаси фақат фойдани кўзлайдиган бизнесга айланиб кетмаслиги зарур. Бу миллионлаб инсонларнинг кундалик ҳаёти, кайфияти билан боғлиқ ижтимоий соҳадир.

Шунинг учун бу ерда эркин бозор тамойиллари билан бир қаторда давлат, жамоатчилик назорати, ҳисобдорлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиниши шарт.

Партиямизнинг позицияси аниқ – аҳоли манфаати хусусий манфаатдан устун туриши керак.

Партиямиз бошқарув сервис компаниялари фаолиятига, соҳага масъул вазирлик, идораларга қўйиладиган талабларни янада кучайтириш тарафдори. Аввало, хизмат сифати бўйича аниқ мезонлар жорий этилиши, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ва самарали муносабат билдириш ҳамда масъулият ва жавобгарликнинг таъсирчан тизими йўлга қўйилиши лозим.

Шунингдек, соҳада раҳбар ва мутахассисларнинг касбий малакасини мунтазам ошириш, уларнинг замонавий бошқарув кўникмаларини шакллантириш ҳам тизим самарадорлигини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Амалда уй-жой мулкдорлари мажбурий тўловларни мунтазам амалга оширади. Бироқ бошқарув сервис компанияси шартнома ёки қонунчиликда белгиланган мажбуриятларини ўз вақтида ёки сифатли бажармаган ҳолларда ушбу тўловларни қайта ҳисоблаш механизми ишламайди.

Оқибатда мулкдор хизмат тўловини тўлиқ амалга оширса-да, хизмат ўз вақтида кўрсатилмагани ёки умуман бажарилмагани учун амалда ҳеч қандай молиявий компенсация олмайди. Бу эса томонлар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар мувозанатига салбий таъсир қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси парламентда ҳам, маҳаллий Кенгашларда ҳам ушбу соҳада аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг сиёсий вазифаси, деб билади.

Тадбирда келтирилган маълумотлар орасида бошқарув компаниялари билан боғлиқ мурожаатлар масаласи ҳам алоҳида қайд этилди. Хусусан, 19 минг 600 га яқин эътироз ва шикоят келиб тушгани, уларнинг 13 минг 900 га яқини Тошкент шаҳрига тўғри келиши таъкидланди.

Бу рақамлар, ўз навбатида, соҳада яратилган бошқарув тизими ва механизмларининг амалиётдаги самарадорлиги ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқади.

Яъни, тизим яратилди — энди энг муҳим масала унинг аҳолига қай даражада хизмат қилаётгани ва қандай натижа бераётганини баҳолашдир, дейишди сўзга чиққанлар.

Бекзод Аҳмаджонов, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи:

– Тошкент шаҳри бўйича мурожаатлар сонининг юқорилиги ҳақида гап кетганда, бунинг сабабларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.

Менимча, асосий масалалардан бири — бошқарув органларида авария-диспетчерлик хизмати ва аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларга тезкор жавоб бериш тизими етарли даражада йўлга қўйилмагани билан боғлиқ.

Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси билан ҳамкорликда мониторинг ўтказилиб, 76 та бошқарув органида умуман авария-диспетчерлик хизмати ташкил этилмагани аниқланган.

Бу рақамнинг ўзиёқ жиддий савол туғдиради: авария ёки муаммо юзага келганда аҳоли кимга мурожаат қилади? Ким унинг мурожаатини қабул қилади ва ким тезкор чора кўради?

Шунинг учун гап фақат хизматни ташкил этишда эмас. Унинг ҳақиқатан ҳам ишлаши, мурожаатни қабул қилишдан тортиб, муаммони бартараф этишгача бўлган жараён аниқ йўлга қўйилиши керак.

Пресс-клуб сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари соҳага масъул вазирлик ва идоралар мутасаддиларига эътирозли фикрларини билдиришди.

Зокиржон Зоҳидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Янги уй-жойлар қуриляпти, шу билан бирга туманларда йиллар давомида фойдаланиб келинаётган эски кўп квартирали уйларимиз ҳам бор. Уларнинг ҳар бирига доимий ва сифатли хизмат кўрсатиш талаб этилади.

Менимча, бу ерда муҳим масалалардан бири — бошқарув сервис компаниясининг ҳудудга яқинлиги ва доимий ишлаш тизими. Яъни бошқарув компаниясининг раҳбари ўша ҳудудни, ўша уйларни, улардаги муаммоларни яхши билиши керак. Унинг пайвандчиси, сантехниги, электр тармоқлари мутахассиси каби асосий мутахассислари ҳам шу ҳудудда ёки унга яқин жойда бўлиши мақсадга мувофиқ.

Чунки муаммо юзага келганда мутахассисни узоқдан кутиш — вақт йўқотиш дегани. Айниқса, қувур ёрилиши, иситиш тизимида авария, электр тармоғида носозлик каби ҳолатларда ҳар бир дақиқа муҳим.

Балким, пойтахтда бу масала қандайдир даражада йўлга қўйилгандир. Лекин туманларда ҳолат бир хил эмас. Айрим ҳудудларда малакали мутахассисларнинг ўзи етишмайди, айрим жойларда эса хизмат кўрсатиш тизими ҳудуднинг эҳтиёжига мос шаклланмаган.

Шунинг учун одамлар муаммо юзага келганда «Мутахассис қаердан келади?» деб кутиб ўтирмаслиги керак. Уста ҳам, масъул ҳам, ечим ҳам аҳолига яқин бўлиши керак.

Чунки сифатли хизматнинг биринчи ша рти — муаммога яқин бўлиш. Яқин бўлган тезкор бошқарув эса аҳолининг ишончини оширади.

Шокиржон Аҳмедов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Оғриқли нуқталаримиздан яна бири — уй-жой мулкдорлари билан бошқарув сервис компаниялари ўртасидаги шартномавий муносабатларнинг аниқ ва шаффоф йўлга қўйилмагани.

Шартнома масаласи бу ерда жуда муҳим. Чунки мулкдордан маблағ ундирилаётган бўлса, аввало, бу тўловнинг ҳуқуқий асоси, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ бўлиши керак. Амалда эса шартнома масаласи билан боғлиқ турли саволлар ва низолар учраб турибди.

Яна бир жиҳат — мулкдор тўловни амалга оширмаса, бошқарув сервис компанияси тегишли ҳужжатлар асосида суд орқали ундириш чораларини кўриши мумкин. Аммо аксинча, фуқаронинг бошқарув компанияси билан низоси юзага келганда, унинг қўлида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етарли ҳуқуқий ҳужжатлар бўлмаслиги мумкин.

Натижада икки томон ўртасида ишончсизлик ва турли низолар пайдо бўлади.

Шунинг учун шартнома фақат тўловни ундириш воситаси эмас, балки икки томоннинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ҳуқуқий кафолат бўлиши керак. Бу масала қанчалик аниқ ва шаффоф йўлга қўйилса , низолар ҳам шунчалик камаяди.

Сессияда аҳоли вакиллари, кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган фуқаролар ўзларини ўйлантираётган муаммолар бўйича мутасаддиларга юзланди.

Исматилла Собиров, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Мен ўз ҳудудимиз мисолида бир масалага тўхталмоқчиман. Чилонзор тумани “Навбаҳор” маҳалласида 16 та кўп квартирали уй бор, ҳозир уларга 3 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Бошқарув сервис компаниялари ташкил этилганига 4–5 йил тўлган бўлса-да, шу давр мобайнида компаниялардан бири 4 марта ўзгарди. Энг қизиғи, баъзи ҳолатларда бу ўзгаришлардан биз — маҳалла сифатида ўз вақтида хабардор бўлмай қоляпмиз.

Тўғри, бу жараёнда жамоатчилик назорати бор. Лекин назорат самарали бўлиши учун ахборот ҳам ўз вақтида берилиши керак.

Шу ўринда бир таклифим бор: ҳар бир муҳим йиғилиш, мулкдорлар қарори ёки протокол қабул қилинганда, бу ҳақда маҳаллага ҳам расмий тарзда маълумот бериб бориш механизмини йўлга қўйиш керак.

Чунки маҳаллада бу масалаларга бефарқ бўлмайдиган кенгаш аъзолари, нуронийлар, фаоллар бор. Улар билан биргаликда аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш, муаммоларни жойида муҳокама қилиш мумкин.

Натижада аҳолидаги норозиликни кучайтириш эмас, аксинча, тушунмовчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, тўловлар масаласида ҳам аҳоли билан ишлаш ва ишончни ошириш имконияти пайдо бўлади.

Менимча, маҳалла бу жараёнда четда турадиган эмас, аҳоли билан бошқарув ташкилоти ўртасидаги мулоқотга кўмаклашадиган муҳим жамоатчилик майдони бўлиши керак.

“Мунозара майдони”да хизмат учун ҳақ тўлаш ва албатта, тўловга яраша сифатли хизмат кўрсатиш, фуқаролар, мулкдорлар олдида бошқарув сервис компанияларининг ҳисобдорлигини амалда таъминлаш масаласи қизғин мунозарага айланди.

Сессияда ҳар бир фуқаро мулкдор эканидан келиб чиқиб, ҳисобдорликни қатъий йўлга қўйиш, меъёрий ҳужжатлар ҳамда тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш, маҳаллаларда янги тартиб бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини кенгайтиришга келишиб олинди.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.