Партия ҳаёти

ДЕПУТАТЛИК ФАҚАТ ВАКОЛАТ ЭМАС, ХАЛҚ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТДИР

Blog Image
Email : 10 0

Маҳаллий Кенгашларнинг фаолияти, аввало, халқни қийнаётган масалаларни аниқлаш, уларни муҳокама майдонига олиб чиқиш ва ижросини назорат қилиш орқали баҳоланиши керак.

Бугун маҳаллий Кенгашларнинг ваколати ва масъулияти ортаётган бир пайтда депутатнинг вазифаси ҳам ўзгариб бормоқда. У энди сессияда қарорларни шунчаки маъқулловчи эмас, балки сайловчининг талабини кун тартибига олиб кирувчи, муаммога ечим изловчи ва қабул қилинган қарор натижасини кузатувчи вакил бўлиши зарур.

Самарқанд вилоятида ЎзХДП депутатлари фаолиятига назар ташласак, бу борада муайян амалий натижалар борлигини кўриш мумкин.

Хусусан, маҳаллий Кенгашларда 95 нафар депутатларимиз фаолият юритмоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида улар томонидан 71 та масала ўрга нилиб, 40 таси доимий комиссияларда кўриб чиқилди ва 11 та масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди.

Бу рақамлар муҳим, аммо масаланинг асл моҳияти рақам ортида турган мазмунда. Сессияларда соғлиқни сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, таълим сифати, давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти, ижтимоий ҳимоя, пенсия таъминоти, аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш, уй-жой қурилиши, қишлоқларни комплекс ривожлантириш ҳамда маҳалла тизимини такомиллаштириш каби бевосита инсон манфаатига дахлдор масалалар муҳокама қилинди.

Бу йўналишларнинг ҳар бири оддий статистик кўрсаткич эмас. Унинг ортида сифатли тиббий хизматни кутаётган бемор, фарзандининг яхши таълим олишини истaётган ота-она, уй-жойга муҳтож оила , иш излаётган фуқаро ёки ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд инсонлар тақдири турибди.

Муаммо кўтарилиши — натижанинг бошланиши

Депутатлик фаолиятининг энг муҳим мезони, бизнингча, қанча мажлисда қатнашилгани эмас, балки қанча муаммо амалий ечимга йўналтирилганидир.

Самарқанд вилоятида жорий йил давомида депутатларга 646 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 596 таси ижобий ҳал этилган.

Шунингдек, депутатлар томонидан 376 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 313 таси бўйича ижобий натижага эришилган.

Бу кўрсаткичлар бир ҳақиқатни кўрсатади: депутатнинг халқ билан мулоқоти қанчалик фаол бўлса, Кенгаш минбарига олиб чиқилаётган масалалар ҳам шунчалик ҳаётий бўлади.

Сессия қарори ижроси муҳим

Буни айрим туманлардаги амалий мисоллар ҳам тасдиқлайди. Масалан, Иштихон туманида уй-жой қурилиши соҳасидаги ишлар ўрганилиб, масала Кенгаш сессиясида муҳокама қилинган. Натижада 2026 йилда қурилиши бошланган 9 та 180 хона донли ҳамда 3 та 120 хонадонли уй-жойларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, реновация ва янги қурилиш лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш, қурилиш сифати ва шаффофлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Бу ерда депутатлик назоратининг моҳияти яққол кўринади: муаммо ўрганилди, сессияга олиб чиқилди, муҳокама қилинди ва масъул ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Пахтачи туманида эса ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Хусусан, муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини ташкил этиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Қарорда туман Кенгаши депутатларига ҳам ўз сайлов ҳудудларида ижтимоий масалалар юзасидан доимий депутатлик назоратини олиб бориш вазифаси юклатилгани эътиборлидир.

Демак, Кенгаш сессияси — муаммо қайд этиб қўйиладиган жой эмас. У муаммони масъулиятга, масъулиятни эса натижага айлантириши керак.

Асосий мезон — инсон манфаатидир

Бугун Самарқанд вилоятида маҳаллий Кенгашлар олдида катта вазифа турибди. Ҳудудлар ривожланаётган, янги лойиҳалар амалга оширилаётган бир пайтда депутатлик назорати ҳам янги мазмун билан бойиши керак.

ЎзХДП депутатлари учун бу, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатини ҳимоя қилиш, бандлик ва даромад масалаларини доимий эътиборда тутиш, таълим ва тиббиёт сифатига бефарқ бўлмаслик, маҳаллалардаги муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг ечимини таъминлаш демакдир.

Чунки маҳаллий Кенгашларнинг ҳақиқий кучи унинг мажлислар залида эмас, қабул қилган қарорлари одамлар ҳаётида сезилганда намоён бўлади.

Шу маънода, бугунги депутат олдида оддий, аммо жуда масъулиятли вазифа турибди: халқнинг овозини эшитиш, уни Кенгаш минбарига олиб чиқиш ва қарорни натижага айлантириш. Зеро, халқ манфаатини ифода этмаган сессия — оддий йиғилиш, натижа бермаган қарор эса шунчаки ҳужжатдир.

Бадриддин Насриев,
ЎзХДП Самарқанд вилоят
кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати.