Сиёсат

Ҳар бир муҳокама ҳаёт билан ҳамнафас

Blog Image
Email : 16 0

Жамият кутаётган ўзгаришлар ва эртанги кун учун муҳим қарорлар — буларнинг барчаси парламент муҳокамаларида ўз аксини топади.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда мамлакат тараққиёти, фуқаролар манфаатлари ва турли соҳалардаги долзарб масалаларга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Муҳими, ҳар бир муҳокама ортида муайян масъулият, ҳар бир қарор ортида эса катта мақсад мужассам.

Лизингнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Мажлисда дастлаб якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат билан якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг олиш имкониятларини кенгайтириш, лизинг муносабатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида лизинг объектини ҳисобга олиш тартибини такомиллаштириш ҳам белгиланган. Унга кўра, лизинг объекти лизинг олувчининг балансида ҳисобга олинади. Лизинг олувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган ҳолларда эса лизинг объекти лизинг берувчининг балансида ҳисобга олиниши белгиланмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши якка тартибдаги тадбиркорларнинг лизинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, лизинг объектини ҳисобга олиш билан боғлиқ талабларни такомиллаштириш ҳамда лизинг шартномаларининг ҳуқуқий аниқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ҳужжатда назарда тутилган нормалар тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, молия бозори инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг узлуксиз тизимини шакллантиришга замин яратади.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Интеллектуал мулк муҳофазасида янги ёндашув

Шундан сўнг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, муаллифлар манфаатларини таъминлаш ва соҳадаги ҳуқуқий механизмларни замон талабларига мослаштириш масалалари парламент муҳокамасида бўлди.

Депутатлар интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди.

Ушбу ҳужжат интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида ходим томонидан яратилган асарлар ёки дастурий маҳсулотларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлиги таъминланмоқда. Хусусан, хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг ўн йилдан кейин автоматик равишда муаллифга ўтиши ҳақидаги норма бекор қилиниб, ушбу муносабатларни шартнома асосида белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш билан бир қаторда, бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва селекция ютуқларига оид патентларнинг амал қилишини сақлаб қолиш учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти яратилмоқда. Бу ҳуқуқ эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш ва интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланиш учун айни муддаодир.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратиш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Тадбиркорликни рағбатлантириш механизмлари

Бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун эса тадбиркорлар олдидаги ортиқча тўсиқларни бартараф этиш, уларга қулай шарт-шароит яратиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга йўл очиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш фақат ишлаб чиқариш ҳажми билан эмас, балки табиий ресурслардан, айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Зеро, бугунги тежамкорлик эртанги тараққиёт, барқарор фаровонлик ва келажак авлодлар манфаатларининг муҳим кафолатидир.

Мажлисда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, солиқ имтиёзларини қўллаш механизмларини соддалаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва даромадларини ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларини солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини рағбатлантириш ҳамда ҳудудларда ишбилармонлик фаоллигини оширишга қаратилган асосий нормалар ўз аксини топган.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлар учун назарда тутилган енгилликлардан самарали фойдаланиш, солиқ муносабатларида ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ҳамда ҳудудларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Ойлар эмас, кунлар ҳисобида

Бугунги кунда миграция жараёнлари тобора фаоллашиб, мамлакатлар ўртасидаги меҳнат ва ижтимоий алоқалар кенгайиб бормоқда. Бундай шароитда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, уларнинг мамлакатимиз ҳудудида бўлиш тартибини шаффоф ва тушунарли ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Миграция соҳасидаги ҳар бир тартиб-қоида нафақат давлат органлари фаолияти, балки юртимизга келаётган инсонларнинг кундалик ҳаёти, ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис бу борадаги қонунчиликнинг аниқ, изчил ва замон талабларига мос бўлиши долзарб вазифалардан биридир.

Айниқса, давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш, ҳуқуқий тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва масъул идоралар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш самарали миграция тизимини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ялпи мажлисда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳаси билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш муддатлари аниқлаштирилмоқда. Хусусан, амалдаги қонунчиликда ойлар билан белгиланган муддатлар кунлар ҳисобида ифодаланиб, рўйхатдан ўтказиш муддатларини ҳисоблашда аниқликни таъминлаш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқинларнинг олдини олиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари ҳамда номланишини амалдаги ташкилий тузилмага мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, «миграция ва фуқароликни расмийлаштириш» тушунчаси «миграция ва персоналлаштириш» тушунчасига алмаштирилиб, қонунчилик ҳужжатларида ягона ёндашув таъминланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишининг олдини олиш, миграция соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди

Депутатлар инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Қудратовнинг «Ҳудудларда чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўровига жавобини кўриб чиқишди.

Тақдим этилган жавобга кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 44,3 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган. Шу даврда қиймати 3,8 млрд доллар бўлган 106 та йирик лойиҳа ишга туширилиб, 13,8 мингта иш ўрни яратилган.

Шунингдек, инвестиция лойиҳалари ижросини рақамли мониторинг қилиш, уларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, махсус иқтисодий зоналар бошқарувини такомиллаштириш ҳамда давлат кафолати остида жалб этилган хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тақдим этилган жавобда махсус иқтисодий зоналарнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилгани, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари мамлакатимизнинг халқаро савдо мажбуриятларига мувофиқлаштириб борилаётгани баён қилинган.

Депутатлар инвестициялар самарадорлигини фақат ўзлаштирилган маблағлар билан эмас, балки яратилган қўшилган қиймат, барқарор бандлик, маҳаллий кооперация ва аҳоли фаровонлигига таъсири орқали баҳолаш муҳимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, ҳудудларнинг мавжуд салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, иқтисодий қайтими юқори лойиҳаларни танлаш, маҳаллий корхоналар билан кооперацияни кучайтириш ҳамда инвестиция ташаббусларини амалий натижага йўналтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мазкур масалалар юзасидан парламент назоратини амалга ошириш инвестиция соҳасида қонунчилик ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда масъул давлат органлари фаолиятининг натижадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Мажлисда парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилгани таъкидланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.