Ўзбекистон

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ВА ЎРГАНИШЛАР ИНСОН МАНФААТЛАРИ УСТУВОРЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Blog Image
Email : 13 0

Аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, уларнинг ечими бўйича тегишли ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйиш, ислоҳотларнинг халқ ҳаётидаги амалий натижаларини таҳлил қилиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шу мақсадда ўтган ҳафтада Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимиз ҳудудларида ўрганишлар ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишди.

Бу жараёнларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш каби кундалик ҳаёт билан бевосита боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Пойтахт маҳаллаларида жамоат хавфсизлиги қай аҳволда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ирина Токарева масъуллар билан биргаликда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Зулфизар ва Юсуф Саккокий маҳаллаларида жамоат хавфсизлиги ҳолатини ўрганди.

Маҳалла — инсон ўзини, энг аввало, хавфсиз, хотиржам ва ҳимояланган ҳис қилиши лозим бўлган маскан. Шу боис ҳудудларда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммоларига бефарқ бўлмаслик муҳим аҳамиятга эга.

Ўрганишлар давомида «маҳалла еттилиги» вакиллари ҳамда профилактика инспекторлари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, профилактик ишларни самарали ташкил этиш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бунда фақат содир этилган ҳуқуқбузарликларга муносабат билдириш эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, хавф омилларини олдиндан бартараф этиш ва аҳоли билан профилактик ишларни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Муҳим йўналишлардан яна бири ижтимоий ҳимоя масаласи бўлди. Бугунги кунда Зулфизар маҳалласида 360 нафар пенсионер ва 35 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Бу эса мазкур тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжларини мунтазам ўрганиш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва кундалик ҳаётда дуч келаётган қийинчиликларни ўз вақтида ҳал этишни талаб қилади.

Айниқса, ёши улуғ инсонлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар билан ишлашда манзилли ёндашув жуд а муҳим. Чунки ижтимоий ҳимоянинг самараси фақат белгиланган ёрдам турлари билан эмас, балки инсоннинг реал эҳтиёжи қанчалик инобатга олинаётгани билан ҳам белгиланади.

Шунингдек, маҳаллалардаги хавфсизлик муаммолари, оилавий низоларни бартараф этиш, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлаш ҳамда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жиззахда аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари таҳлил қилинди

Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги даромад манбаларини яратиш ва меҳнатга лаёқатли фуқароларни иқтисодий фаолликка жалб этиш ижтимоий соҳадаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлиб, бандлик ҳолати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилган имкониятларни ўрганди.

Хусусан, туман ҳудудида жойлашган умумий майдони 110 гектар бўлган боғ фаолияти, унда ташкил этилган иш ўринлари ҳамда фуқаролар бандлиги борасидаги натижалар таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра, мазкур боғда 45 нафар фуқаро доимий, 100 нафар фуқаро эса мавсумий иш билан банд. Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалиги нафақат маҳсулот етиштириш, балки аҳоли учун даромад манбаи ва бандлик имконияти сифатида ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

Айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларининг меҳнат фаолиятига жалб этилаётгани эътиборга молик.

Ўрганиш жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланиш, эҳтиёжманд фуқаролар учун янги даромад манбаларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, депутат Муқаддас Ўразалиева соҳа мутасаддилари иштирокида фуқаролар билан учрашув ўтказди. Қабул давомида 5 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг 2 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян муддат талаб қиладиган 3 та мурожаат эса тегишли масъулларга бириктирилиб, уларнинг ижроси депутат назоратига олинди.

Аҳоли мурожаатларини эшитиш ва уларнинг ечимини назоратга олиш депутатлик фаолиятининг муҳим жиҳатидир. Чунки ҳар бир мурожаат ортида муайян инсоннинг ҳаётий муаммоси, оиласининг эҳтиёжи ёки ҳал этилишини кутаётган масала туради. Шунинг учун уларга ўз вақтида ва қонуний асосда муносабат билдириш аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Депутат томонидан,шунингдек, депутатлик танлови асосида белгиланган «Ёшлик» маҳалласининг Элобод ва Деҳқонобод кўчаларида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилди.

Жараёнда кўчаларда бажарилган ишлар кўздан кечирилиб, ички йўлларнинг ҳолати ва аҳоли учун яратилган қулайликларга эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида йўл инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Зеро, обод ва равон кўчалар, қулай инфратузилма аҳолининг кундалик ҳаётида сезиладиган муҳим ўзгаришлардан биридир.

Қаршида мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилди

Таълим муассасаларида муносиб шароитларни яратиш, ўқувчиларнинг хавфсиз ва қулай муҳитда билим олишини таъминлаш ҳам доимий эътибор талаб қиладиган масалалардан. Айниқса, куз-қиш мавсумида мактаб биноларининг иссиқлиги, энергия ресурслари таъминоти ва моддий-техника базасининг ҳолати таълим жараёнининг узлуксизлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Имомназар Турсунов Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги 10-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, муассасада яратилган шароитлар билан танишди.

Ўрганиш жараёнида мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, таълим муассасасини электр энергияси, кўмир, табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш ҳолати, ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда моддий-техника базаси кўздан кечирилди.

Шунингдек, мактаб ҳудудида ўқувчиларни сифатли ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи ошхона ҳамда пишириқ цехи фаолияти билан танишилди. Бундай хизмат кўрсатиш нуқталари ўқувчиларнинг кун давомида соғлом ва сифатли овқатланишини ташкил этишда муҳим ўрин тутади.

Ўрганиш давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан боғлиқ айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Мактаб биноларини мавсумга тўлиқ тайёрлаш, энергия ресурслари таъминоти узлуксизлигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.

Навоийда мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ишларга эътибор қаратилди

Таълим соҳасини ривожлантириш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, педагоглар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Иба Наризова Навоий вилоятининг Конимех туманида мактабгача ва мактаб таълими соҳаси масъуллари билан учрашди.

Таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришда нафақат ўқув дастурлари ва таълим жараёни, балки муассасалардаги мавжуд шарт-шароитлар, педагогларнинг меҳнат фаолияти ва болалар учун яратилган имкониятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, учрашувда таълим муассасаларида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, болаларнинг сифатли таълим олиши учун муносиб шароитларни яратиш, педагогларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Таълим тизимидаги ҳар бир ижобий ўзгариш, аввало, болаларнинг келажаги, ота-оналарнинг ишончи ва жамиятнинг интеллектуал салоҳияти билан боғлиқ. Шу боис бу йўналишдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, масъуллар билан ҳамкорликда уларнинг ечимини излаш муҳимдир.

Умуман олганда, ҳудудларда олиб борилаётган мазкур ўрганишлар депутатлик фаолиятининг аҳоли ҳаёти билан бевосита боғлиқлигини намоён этади. Маҳаллада хавфсизликни таъминлашдан тортиб, фуқаролар бандлигини ошириш, таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш ва аҳоли мурожаатларини ҳал этишгача бўлган масалаларнинг ҳар бири инсон манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.