Барчамиз учун бирдек қадрли айём — мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги шукуҳи ҳукм суриб турган айни пайтда Билимлар куни ҳам шаҳар ва қишлоқларимиз бўйлаб юксак кўтаринкиликда қарши олинди. Айниқса, бу кунни ҳаммадан ҳам кўра интиқ бўлиб кутган, мактаб аталмиш нурли даргоҳга илк қадам қўйган жажжи ўғил-қизларимиздаги ҳаяжон, ҳайрат ва қувончдан дил яйрайди.
Билимлар куни муносабати билан давлат раҳбари юртимиз аҳлига, ўқитувчи ва мураббийларга ҳамда азиз фарзандларимизга қутлов йўллади. Бинобарин, замирида Янги Ўзбекистоннинг инсон капиталини ривожлантиришга оид устувор мақсадлари мужассам ушбу табрикда таълим тизими ва жамият тараққиётига дахлдор энг муҳим йўналишлар акс этган.
Ҳеч шубҳа йўқки, бугун ўқишда, касбий таълимда, рақамли технологияларда, ижодий изланишлар, спорт ҳамда жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан барчани қувонтираётган ўғил-қизларимиз — Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий олтин фонди ва нурли келажагидир. Табрикда келтирилганидек, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган мана шундай зукко, тиришқоқ фарзандларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, эртанги кунимизнинг мустаҳкам устунлари этиб тарбиялаш давлат ва жамиятнинг энг муқаддас вазифасига айланган.
Таҳлилларга назар ташласак, охирги йилларда 1-синфга қабул жараёнларида ўзига хос динамика кузатилмоқда. Масалан, 2024-2025 ўқув йилида қарийб 700 минг нафар бола мактаб тизимига кириб келган бўлса, ўтган ўқув йилида ушбу рақам 738 минг нафарни ташкил этди. Жорий 2026-2027 ўқув йилида эса республика мактаблари рекорд даражадаги — 800 мингга яқин болани 1-синфга қабул қилди.
Кўриб турганимиздек, мамлакатимизда барқарор демографик ўсиш натижасида мактаб ёшидаги болалар сони йил сайин ортиб бораётгани таълим тизими олдига энг биринчи навбатда инфратузилмани изчил кенгайтириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш вазифасини қўймоқда. 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчилар оқимининг кескин ортиши янги замонавий мактаб биноларини барпо этиш, мавжудларини кенгайтириш ҳамда дарсларни икки навбатлилик (смена) меъёридан оширмаслик чораларини кўришни тақозо этаётир. Шу билан бирга, синфхоналарни рақамли технологиялар, замонавий лаборатория ускуналари ва янги авлод дарсликлари билан ўз вақтида таъминлаш, ўқув масканларида сифатли ва хавфсиз муҳитни сақлаб қолиш соҳа мутасаддиларидан катта иқтисодий ва ташкилий сафарбарликни талаб қилмоқда.
Педагогик кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини назорат қилиш тизимини тубдан янгилаш, ҳар бир болага индивидуал ёндашув, таълим жараёнига илғор халқаро методикаларни татбиқ этиш ва синфлардаги болалар сонининг ортиши фонида ўқитиш сифатини тушириб юбормаслик ҳам тизимнинг долзарб вазифаси саналади.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда мазкур жабҳада дадил силжишлар кузатилмоқда. Нафақат умумтаълимни сифат босқичига олиб чиқиш, балки мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма олаётган фарзандларимизнинг ҳам пухта билим ва камида битта замонавий касб-ҳунар эгаси бўлиб чиқиши учун барча куч-имкониятлар сафарбар қилинаётир. Табрикда тилга олинган — ҳудудларда яратиладиган «Касблар шаҳарчалари» айнан ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашига, мустақил ҳаётда ўз ўринларини тезроқ топишларига хизмат қилмоғи тайин.
Шу маънода янги ўқув йили мамлакатимизнинг бутун таълим тизимида — мактаб ва лицейлардан тортиб, техникум ва олийгоҳлар ҳаётида янги маърифий юксалиш йили бўлади, десак янглишмаймиз.
Ҳозирги шиддаткор ва юксак технологиялар асрида ёшлар учун муваффақият ҳамда саодат эшикларини очадиган ягона калит бу — билимдир. Умрнинг энг жўшқин ва гўзал палласи — ёшликнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаб, янги илм, ғоя ва инновацияларни, замонавий касб-ҳунарларни, она тилимиз, бой тарихимиз ва маданиятимиз асосларини пухта эгаллаш ҳар бир ўқувчи ва талабанинг кундалик мақсадига айланиши шарт.
Бугун мактаб остонасига қўйилаётган илк қадамлар кун келиб, Янги Ўзбекистон тараққиётининг яна бир мустаҳкам пойдевори, миллатимиз тафаккурини чўққиларга олиб чиқадиган нажоткор маёқ бўлиши муқаррар.
Фарида ИБРОҲИМОВА.
