Иқтисод

«C5+1»: Стратегик инвестициялар ва иқтисодий манфаатлар туташган нуқта

Blog Image
Email : 8 0

Ташқи ҳамкорлар иштирокидаги минтақавий мулоқот форматлари Марказий Осиё дипломатиясининг доимий қисмига айланиб бормоқда. Хусусан, “C5+1” формати Америка бизнеси ва молия институтлари билан иқтисодий алоқалар учун алоҳида имконият яратади. 2015 йилдан буён амал қилиб келаётган ушбу формат доирасида иқтисодиёт, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.

Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШнинг салоҳиятли инвесторлари иштирокида ягона мулоқот майдони яратилгани миллий лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий шароитларни ҳисобга олиш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Президентлари даражасидаги “C5+1” биринчи олий саммити 2023 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди. 2024 йил февралда стратегик аҳамиятга эга минераллар бўйича мулоқотнинг илк йиғилиши, март ойида эса Олмаота шаҳрида “B5+1” форматидаги биринчи бизнес-форум ўтказилди.

Мазкур бизнес-форум тадбиркорларга инвестиция муҳити ва минтақавий иқтисодий интеграция масалаларини муҳокама қилишда бевосита иштирок этиш имконини берди. Шу тариқа сиёсий даражадаги мулоқот тармоқлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги амалий ҳамкорлик билан тўлдирилди.

2025 йил 6 ноябрда Оқ уйда ўтказилган саммит ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, бизнес-форум доирасида Марказий Осиё минтақаси бўйича умумий қиймати 25 миллиард доллардан ортиқ савдо ва инвестиция келишувлари эълон қилинди. Улар авиация, қишлоқ хўжалиги техникаси, темир йўл инфратузилмаси, рақамли технологиялар ҳамда стратегик аҳамиятга эга минералларни қазиб олиш соҳаларини қамраб олади.

Саммитда Президентимиз инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш, Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғловчи транспорт ҳамда энергетика лойиҳаларини ривожлантириш, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этди. Илгари сурилган ташаббуслар қаторидан навбатдаги саммитни Самарқандда ўтказиш таклифи ҳам ўрин олди.

2026 йил февралда Ўзбекистон Президенти Тинчлик кенгашининг таъсис йиғилишида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида янги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Халқаро капитални жалб этишнинг яна бир имконияти Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси – UzNIF акцияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) орқали юзага келди. 2026 йил 18 майда жамғарманинг глобал депозитар тилхатлари Лондон фонд биржасида савдога қўйилди. 2025 йилдан буён Franklin Templeton компанияси бошқарувида бўлган жамғарма 13 та давлат корхонасидаги улушларни бирлаштиради. Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги нуқтаи назаридан ушбу тажриба Америка бошқарув компаниясининг давлат активлари портфелини ислоҳ қилишдаги иштироки ва халқаро акциялар бозори орқали капитал жалб этиш имкониятларини кенгайтириши билан аҳамиятлидир.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши инвестиция активларини бошқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири BlackRock билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилган. 2026 йил январь ойида Давосда Президентимиз компания директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди. Музокараларда BlackRock компаниясининг Ўзбекистон корхоналари капиталида иштирок этиши, қўшма инвестиция механизмларини яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро тажрибани жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

2026 йил 7 июлда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда томонлар хусусийлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, молия бозорини ривожлантириш, ёнилғи-энергетика комплекси ва нефть-кимё саноатида лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларига қўшма инвестициялар киритиш масалаларини кўриб чиқди.

АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. DFC инвестиция лойиҳалари учун хусусий капитални жалб қилувчи АҚШ давлат молия институтидир.

2026 йил февралда томонлар қўшма инвестиция платформасини ташкил этиш тўғрисида келишув имзолади. 2026 йил 16 июнда DFC платформанинг ишга туширилгани эълон қилинди. У Америка ва халқаро капитал иштирокида устувор инвестиция лойиҳаларини танлаш ва молиялаштиришга мўлжалланган.

Платформанинг устувор йўналишлари энергетика, стратегик аҳамиятга эга минераллар, инфратузилма, транспорт ва логистика, юқори технологик ишлаб чиқариш, ахборот- коммуникация технологиялари ҳамда фармацевтика соҳаларини қамраб олади. Лойиҳаларни молиялаштиришга хусусий инвесторлар, суверен жамғармалар ва халқаро молия институтларини жалб этиш назарда тутилган.

Инвестиция лойиҳаларини танлаш ва молиялаштиришнинг амалий механизми яратилгани платформанинг аҳамиятли томонларидан. Бу бўлажак учрашувда аниқ лойиҳалар, уларнинг амалга оширишга тайёрлик даражаси ва ҳамкорларнинг иштирок этиш шартларини муҳокама қилиш имконини беради.

Маълумки, 2026 йил февралда “C5+1” саммити ташаббуслари доирасида муҳим минераллар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ишончли таъминотни таъминлаш бўйича ҳукуматлараро меморандум имзоланди.

Ўзбекистон учун юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш энг катта иқтисодий самара бериши мумкин. Бунинг учун минерал хомашёни қазиб олиш билан чекланмасдан, уни бойитиш, қайта ишлаш ва саноат истеъмолчилари талабларига жавоб берадиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Шу боис, қўшма лойиҳаларни баҳолашда хомашёни қайта ишлаш даражаси, замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг мамлакат ҳудудида амалга ошириладиган улуши муҳим мезонлар ҳисобланади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017-2025 йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробар, яъни 215 миллион доллардан 1 миллиард долларгача ошди. Шу даврда экспорт 32,1 миллион доллардан 291,7 миллион долларга, импорт эса 182,9 миллион доллардан 712,3 миллион долларга етди. Ушбу кўрсаткичлар икки томонлама савдо алоқалари кенгайгани, шу билан бирга, АҚШ маҳсулотлари ва хизматлари импорти устунлигича қолаётганини кўрсатади.

2026 йил январь-август ойларида ўзаро савдо ҳажми 810,4 миллион долларга етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 33,4 фоиз ошди. Ўзбекистон экспорти 59,9 фоиз ўсиб, 304,5 миллион долларни, импорт эса 21,3 фоизга кўпайиб, 506 миллион долларни ташкил этди. АҚШнинг Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 1,1 фоиздан 1,4 фоизга кўтарилди.

2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокида тўрт юзга яқин корхона фаолият юритмоқда. Америка компанияларининг фаолияти ва қўшма лойиҳалар қайта ишлаш ва тоғ-кон саноати, энергетика ва нефть-газ кимёси, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда ахборот технологияларидан иборат хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади.

2017-2025 йилларда АҚШдан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларнинг умумий ҳажми 2,9 миллиард доллардан ошди. Йиллик кўрсаткич 2017 йилдаги 8,6 миллион доллардан 2025 йилда 383,2 миллион долларга етди.

Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг фаоллашуви савдо ва инвестиция алоқаларининг кенгайиши, Америка капитали иштирокидаги корхоналар сонининг ортиши ҳамда АҚШ компанияларининг Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки кучайиши билан кузатилмоқда. Бу ҳақида 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида сўз борди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, аввало, эришилган келишувларни амалга ошириш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан боғлиқ. Энергетика, инфратузилма, қайта ишлаш саноати ва юқори технологияли тармоқлардаги қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Минтақавий мулоқот икки томонлама ҳамкорликни тўлдириб, транспорт, энергетика ва савдо соҳаларидаги масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини беради.

Умуман, Самарқандда Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги учун очилган янги имкониятлар икки мамлакат компанияларининг қўшма корхоналар ташкил этиши, технологиялар алмашиши ва янги бозорларга биргаликда чиқиши учун кучли суръат бағишлайди.

Сайёра Имамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси.