Ўзбекистон

“Афросиёб”, йўлинг ҳамиша равон бўлсин!

Blog Image
Email : 7 0

Афросиёб. Самарқанд фарзанди бўлганим учун тарихи милоддан аввалги VII асрларга бориб тақалувчи бу қадим кентга ўзгача қизиқиш, меҳру муҳаббат, унинг кечинмаларидан хабардор бўлиш истаги қалбимда мен билан баробар ўсди, десам адашмайман. Кейинчалик билдимки, Самарқанд ёнидаги қадим тепаликлар ўрнида бир пайтлар жуда гўзал шаҳар — Афросиёб қад ростлаб турган.

Аввало, бу кўҳна ва сирли шаҳарга номи берилган тарихий шахс Алп Эр Тўнга – Афросиёб ҳақида бироз тўхталмоқ жоиз.

Шарқ олами, хусусан, Эрон ва Туроннинг деярли ҳамма алломалари, адибу тарихчилари Афросиёб ҳақида муайян маълумот бериб ўтганлар. У Туроннинг улуғ таянчи, дунёнинг машҳур ҳукмдорларидан бири сифатида тасвирланган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» (1069—1072 й.) асарида Афросиёб ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «Туркларнинг улуғ хони Алп Эр Тўнгани Афросиёб деб атар эдилар. Йўлбарс каби кучли, баҳодир одам демакдир» (3-жилд, 379-бет). Шунингдек, Тўнга сўзининг «метиндек қаттиқ, қўпориб бўлмас даражада мустаҳкам» деган маънолари ҳам мавжуд эканлиги мазкур девонда айтиб ўтилган.

Баҳор фаслида Афросиёб тепаликлари қизғалдоқларга бурканади. Бу чирой остида қадим боболаримизнинг ақлу шижоати билан бунёд этилган шоҳона саройлар, уйлар, ҳунармандларнинг устахоналари, савдогарларнинг дўконлари, масжид ва мадрасалар, мудофаа иншоотлари, боғу гулзорлар, шаҳарни сув билан таъминлаш тизимлари ётгани археологик қазишмалар туфайли маълум бўлди.

Биламизки, бу табаррук шаҳар бошидан не-не суронлар ўтган. 1220 йилда Чингизхон қўшинлари Жуйи арзиз тўғонини бузиб, шаҳарни сувсиз қолдиргани, босқинчилар девор ва дарвозаларни вайрон қилиб, сарой, масжид ва мадрасаларни, тинч аҳоли хонадонларига ўт қўйгани тарихий манбаларда келтирилади.

Афросиёбдек Ер юзининг нодир шаҳарини забт этиш учун не-не шоҳлар, хонлар, амирлар, хоқону ҳукмдорлар шамшир ўйнатиб, қилич сермаб, бу заминга келмишлар. Улар шаҳарнинг бойликларини олиб кетгандир, маълум муддат бунда давру даврон сургандир, аммо боболаримизнинг пешона терлари тўкилган тупроқларни, ватанга бўлган садоқатни, қон билан ёзилган достонларни, тарихни олиб кетолмаганлари аниқ.

Бизнинг замонга келиб, Афросиёб тепаликлари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди.

Биз учун у ерда топилган кўҳна шаҳар деворлари, буюмларнинг синиқ бўлаклари, куйган кийимларнинг қорайиб қолган парчалари ҳам қадрли. Улар тарихдан сўзлайди. Улар сўнгги нафасигача ўз шаҳрини ҳимоя қилган аждодларимиз ҳақида мардликнинг дардли достонини куйлайди. Сиёб ариғи, Сиёб бозори, Сиёб маҳалласи, Сиёб кўчаси номлари билан бутун бир тарихни елкаларида елкалаган.
Афросиёб. Менинг болалик хотирамда гул бўлиб, қуш бўлиб гавдаланган ном ҳақиқатга яқин экан. Афросиёб – кулда ўсиб чиққан гул экан. Афросиёб оловлардан омон чиққан Ҳумо қуши экан.
Бундан ўн беш йил олдин Ўзбекистонга Испаниядан тезюрар Тalgo поезди келтирилди. У худди Ҳумо қушига ўхшайди. Номини “Афросиёб” деб атадилар. Унинг қанотига мустақил Ўзбекистон байроғининг тимсоли туширилди.
Мустақиллик байрами арафаси эди. “Афросиёб” ўзининг биринчи «учиши»да Самарқандга қараб йўл олди. У ўз қанотида асрий армонларни олиб учди. Унда йўлга чиққанлар орасида мен ҳам бор эдим.
“Афросиёб”нинг юмшоқ ўриндиқларида ўтириб, ойнадан қараб кетаяпман. Поездимиз атиги икки соат атрофида Ер юзининг сайқали Самарқандга боришини хаёлимдан кечириб, ҳаяжонланиб кетаман.
Вагон ойнасидан кино тасмасидек бир-бир ўтаётган кўркам бинолар, ям-яшил ькенгликлар, темир йўл ёқасидаги сўлим манзиллараро болалигимга қайтаман.
Мен туғилиб, камолга етган Нарпай туманининг Янгисарой қишлоғи ёнидан темир йўл ўтган. Темир йўлдан пишқириб қатнайдиган поездларнинг овози кеча-ю кундуз бизга эшитилиб туради. Тинимсиз ўтаётган юк вагонларини санаб ўтириш биз, болаларнинг одатий юмушимиз эди. Аҳён-аҳёнда йўловчи поездлари ўтар, бизнинг наздимизда ўша поездда кетаётганлар дунёнинг энг бахтли одамлари саналарди. Кўпинча уларни нигоҳларимиз билан кузата туриб, адирда, сайхонликда, темир йўл ёқасида жойлашган кенгликларда гоҳ чорва боқаётган, гоҳо ем-хашак йиғаётган, ғўза қаторларидаги бегона ўтларни юлаётган, куз фаслида пахта тераётган биз, болалар маъюс тортиб қолардик. Аксариятимизнинг орзуимиз – бир кун поездга чиқамиз-у, пойтахтга бориб, “катта-катта” ўқишларда ўқиш эди.
Ниҳоят, ўрта мактабни битириб, Тошкентга поездда кетадиган бўлдик. Мен, дугонам Холбуви ва қўшнимизнинг Тошкентда ўқийдиган ўғли Шопўлат поездга чиқдик.
Биз чиққан вагон “плацкарт” дейилар, ёнимиздан хоҳлаган одам ўтиб кетаверар экан. Ундай вагонларда ўғрилар бир бекатдан чиқиб, одамларнинг пул ва қимматли буюмларини ўғирлаб, бошқа бекатда тушиб кетиши одатий ҳол эканини айтишди. Ўша-ўша поездга чиқмайдиган, фақат автобусда Самарқандга қатнайдиган бўлдим.
Кейинги йилларда барча соҳа қаторида транспорт тизимида ҳам яхши ўзгаришлар рўй берди. Хизмат сафарларига поездда борадиган бўлдик. Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг аъзоси сифатида “Афросиёб” поездида Самарқандга, Бухорога, Қашқадарёга йўл олган дастлабки кунларимизда гўёки эртак оламида юргандек ўзимни ҳис қилганларим ёдимда.
“Афросиёб” – Ўзбекистондаги энг тезюрар поезд. У Тошкент, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарлари ўртасида юқори тезликда қатнайди. Бирин-кетин Шаҳрисабз ва Хива каби тарихий шаҳарларга ҳам “Афросиёб” қатнови йўлга қўйилди.
“Афросиёб” энди менинг энг қулай транспорт воситамга айланди. Поездда йўловчилар учун ҳамма шароитлар яратилган: исталган қияликда созланувчи юмшоқ ўриндиқлар, мўътадил ҳарорат назорати, юқори сифатли хизмат…
Мана, яқинда “Афросиёб”да маърифий тадбирни ўтказиш мақсадида хизмат сафарига йўл олдик. Шинам ва баҳаво вагонда кимдир китоб ўқияпти, кимдир телефонида яқин инсони билан ёзишяпти, кимдир пинакка кетган. Барча чеҳраларда хотиржамлик, мамнунлик сезилади. Мен эса вагон ойнасидан юртим жамолига боқиб тўймайман. Тинчлик, қут-барака ҳукм сурган бу юртнинг чўллари ҳам, пурвиқор шаҳарлари ҳам, поездга қараб қўл силкитганча қолаётган болаларнинг қувончлари ҳам – ҳамма-ҳаммаси гўзал ва бетакрор.
«Афросиёб», йўлинг ҳамиша равон бўлсин!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.