Ўзбекистон

Цивилизациялараро мулоқот ва халқаро илмий ҳамкорлик майдони

Blog Image
Email : 7 0

Бугун Янги Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун мусулмон оламининг йирик маърифат ва цивилизация марказларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу эътироф тасодифий эмас. У мустақиллик йилларида тарихий меросни асраб-авайлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, маданий дипломатияни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида амалга оширилган изчил сиёсатнинг амалий самарасидир.

Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар тарихий меросга муносабатни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Буюк аждодларимиз қолдирган илмий ва маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш ҳамда инсоният тараққиёти манфаатларига хизмат қилдириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мустақиллик йилларида амалга оширилган маънавий-маърифий сиёсатнинг энг йирик ва стратегик лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Бу мажмуа фақат бой тарихий меросни намойиш этадиган музей эмас, балки Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини илмий асосда тадқиқ қиладиган, халқаро мулоқотни ривожлантирадиган ва янги ғоялар туғиладиган интеллектуал марказ сифатида шаклланмоқда.

Бунинг ёрқин тасдиғини 2026 йил июль ойида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми мисолида кўриш мумкин. Мазкур нуфузли анжуман мамлакатимизнинг ташкилий салоҳияти, илмий мактаби ва маданий дипломатияси юксак даражага кўтарилганини яққол кўрсатди. Энг муҳими, форум мустақилликнинг 35 йили давомида амалга оширилган маънавий ва илмий тараққиёт сиёсатининг халқаро эътирофи сифатида тарихга кирди.

Мустақилликдан Учинчи Ренессанс сари

Тарихий ҳақиқатни тиклаш, миллий ўзликни англаш ва буюк аждодлар меросини холисона ўрганиш жараёни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида янада юқори босқичга кўтарилиб, мамлакатимизни жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатида намоён этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳам ана шу узоқ йиллик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Марказни барпо этишдан кўзланган мақсад фақат ноёб тарихий ёдгорликларни бир жойга жамлаш эмас, балки халқимиз томонидан яратилган улкан цивилизацион меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, уни халқаро илмий жамоатчиликка холис ва асосли тарзда етказиш ҳамда келажак авлод учун ишончли маънавий пойдевор яратишдан иборат эди.

Шу боис Марказнинг ҳар бир бўлими, ҳар бир экспозицияси ва ҳар бир илмий хулосаси кенг жамоатчилик муҳокамаси ҳамда халқаро экспертизадан ўтказилди. Бу жараён мустақиллик йилларида шаклланган миллий илмий мактабнинг салоҳиятини, юртимиз олимларининг масъулияти ва фидойилигини яна бир бор намоён этди.

2024 йилда ўтказилган Ўзбекистон олимларининг биринчи миллий форуми ушбу йўлда муҳим босқич бўлди. Тарихчилар, шарқшунослар, археологлар, манбашунослар, қўлёзмашунослар, музейшунослар ва бошқа соҳалар вакиллари иштирок этган мазкур анжуманда Марказ концепцияси кенг муҳокама қилинди. Форум якунлари бўйича Кенгайтирилган илмий кенгаш ташкил этилди ва экспозиция мазмунини янада бойитиш юзасидан юзлаб илмий таклифлар ишлаб чиқилди. Кейинчалик айнан шу таклифлар Марказ фаолиятининг илмий дастурига айланди.

Орадан кўп ўтмай, Самарқанд шаҳрида 350 нафардан зиёд хорижий олим ва эксперт иштирокида ўтказилган халқаро конгресс Марказнинг илмий концепциясини жаҳон миқёсида муҳокама қилиш имконини берди. Турли мамлакатлардан келган мутахассислар томонидан билдирилган фикр ва тавсиялар асосида экспозициялар янада такомиллаштирилди, янги тадқиқот йўналишлари белгилаб олинди ҳамда юзлаб илмий-инновацион лойиҳаларга старт берилди. Бу эса Марказ фақат миллий эмас, балки халқаро илмий ҳамкорлик майдонига айланаётганини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари Марказ оддий музей эмас, балки халқимиз цивилизацион тафаккурини, миллий давлатчилик анъаналарини ва буюк аждодларимиз илмий меросини ўзаро боғлайдиган маърифат маскани бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шу асосда экспозициялар қайта кўриб чиқилди, илмий матнлар бойитилди, янги артефактлар жамланди ва замонавий музей технологиялари кенг жорий этилди. Айниқса, хорижий музейлар ва хусусий коллекциялардан минглаб ноёб артефактларнинг Ватанимизга қайтарилиши, жаҳоннинг етакчи музейлари ва кутубхоналари тажрибасининг ўрганилиши ҳамда рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши Марказнинг мазмун ва салоҳиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Халқаро эътироф

Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ўзаро ҳурмат, очиқ мулоқот ва гуманитар ҳамкорлик устувор тамойилга айланди. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар мулоқоти ғоялари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Буни, юқорида айтиб ўтганимиздек, 7-11 июль кунлари азим Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларини қамраб олган Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми мисолида кўришимиз мумкин.

Элликдан ортиқ давлатдан қарийб уч юз нафар нуфузли олим, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, университет ректорлари, музейшунослар, қўлёзмашунослар ва маданий мерос соҳаси вакилларини бир майдонда жамлаган мазкур форум Ўзбекистоннинг халқаро илмий-маърифий ҳамкорлик борасидаги имкониятларини намойиш этди. Форум иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам мамлакатимиз танлаган тараққиёт йўлининг тўғри эканини яна бир бор тасдиқлади. Хорижлик олимлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонда тарихий меросни асраш, буюк аждодлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда уни жаҳон илм-фани билан уйғун ҳолда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳоладилар. Улар мамлакатимизни цивилизациялар ўртасидаги мулоқот, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари сураётган етакчи давлатлардан бири сифатида эътироф этдилар.

Айниқса, Янги Ўзбекистон шароитида Учинчи Ренессанс ғояси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида нафақат мамлакатимиз, балки бутун мусулмон олами ва жаҳон илмий ҳамжамияти учун муҳим маънавий-маърифий масканга айланиб бормоқда.

Юксак марралар йўлида

Бугунги кунда Ўзбекистон буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Аксинча, ушбу бебаҳо бойликни замонавий илм-фан, инновациялар ва халқаро ҳамкорлик билан уйғунлаштирган ҳолда инсоният тараққиётига хизмат қилдириш йўлидан бормоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, аввало, илм-фан, маърифат ва тарихий меросга таянади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишга хизмат қиладиган нуфузли илмий-маърифий даргоҳ сифатида келгусида ҳам мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби,
филология бўйича фалсафа доктори
(PhD).