Марказий осиё

Оролбўйида кенг имкониятлар ишга солинмоқда

Blog Image
Email : 9 0

Инсоннинг фаровон ҳаёти, аввало, унинг соғлом бўлиши, ишлаши ва оиласи учун муносиб даромад топа олиши билан бошланади. Бугун маҳаллада болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш қанчалик муҳим бўлса, оддий хонадон эгасининг томорқасидан даромад олиши, ёшлар ёки хотин-қизларнинг ўз меҳнати билан пул топиши учун имконият яратиш ҳам шунчалик муҳим. Айниқса, Оролбўйининг оғир иқлим шароитида бу вазифаларга одатий эмас, балки ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган янги ёндашувлар билан орқарли ечим топиш зарур.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган жамоатчилик эшитувида аҳоли саломатлиги, оммавий спорт, бандлик ва оила даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Жойлардаги мавжуд муаммолар, аҳоли эҳтиёжлари ва уларга ечим бўла оладиган амалий таклифлар юзасидан фикр алмашилди. Зеро, одамлар ҳаётида ўзгариш бўлсагина, қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилаётган ишлар ўзининг ҳақиқий натижасини беради.

Соғлом ҳаёт маҳалладан бошланади

Соғлом турмуш тарзи ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бу тушунча ҳаётда қандай намоён бўлади?

Бу — боланинг телефонга эмас, спорт майдончасига ошиқиши. Бу — ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши. Бу — ота-онанинг фарзанди саломатлигидан хотиржам бўлиши. Бу — кекса инсоннинг эрталаб маҳалласида бемалол юриб, бадантарбия қилиши учун шароит борлиги.

Айнан шу масалалар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган жамоатчилик эшитувида кенг муҳокама қилинди.

Унда Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги раҳбар ва масъуллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, туман ва шаҳар партия ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов очиб берди.

У ўз сўзида жойларда партия депутатлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига тўхталиб, спорт ва соғлом турмуш тарзи учун яратилган шароитларни янада яхшилаш билан бирга, мавжуд муаммоларни очиқ айтиш ва уларга амалий ечим топиш зарурлигини таъкидлади.

Бугун Қорақалпоғистонда спорт соҳасида муайян натижалар бор. Ҳудудда 44 та спорт федерацияси ва ассоциацияси фаолият юритмоқда. 26 та спорт мактабида 1 527 нафар мураббий 46 643 нафар ёшга спорт сирларини ўргатмоқда.

Йил бошидан буён 4 806 та оммавий спорт тадбири ўтказилиб, уларга 653 569 нафар фуқаро қамраб олинган. Қорақалпоғистонлик спортчилар республика ва халқаро мусобақаларда 2 156 та медални қўлга киритди.

Кўриниб турибдики, натижаларимиз ёмон эмас. Аммо спортнинг ҳақиқий самараси фақат медаллар билан ўлчанмайди. Унинг энг катта натижаси — соғлом бола, фаол ёш, соғлом оила ва ҳаракатдаги маҳалладир.

Шу маънода, спорт инфратузилмасини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. 2022–2025 йилларда ҳудудда 134 та спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Уларнинг 36 таси универсал, 70 таси стритбол-воркаут, 28 таси воркаут майдончаларидир. 2026 йилда яна 37 та спорт майдончаси қурилиши режалаштирилган.

Бироқ жамоатчилик эшитуви бир ҳақиқатни кўрсатди: ҳали спорт майдончасига муҳтож маҳаллалар бор.

Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши депутати Б. Қурбанов жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган ана шундай ҳолатларга эътибор қаратди.

– Биз жойларда ўрганишлар олиб борганимизда, айрим маҳаллаларда аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун етарли шароитлар йўқлигига гувоҳ бўлдик. Хусусан, Хўжайли туманидаги «Саманкол» ва Тахиатош туманидаги «Сарайкол» маҳаллаларида спорт майдончалари етишмаслиги сезилди. Бу, биринчи навбатда, ёшлар учун муаммо. Чунки ҳар бир маҳаллада болалар ва ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, футбол, волейбол, баскетбол ёки бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун шароит бўлиши керак.

Хўш, муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? Аввало, спорт инфратузилмаси етишмайдиган маҳаллаларни аниқлаб, уларда босқичма-босқич янги спорт майдончаларини қуриш керак. Менимча, бу майдончалар фақат битта спорт тури учун эмас, имкони борича универсал бўлиши лозим. Шунда бир жойнинг ўзида футбол, волейбол, баскетбол, воркаут каби машғулотларни ташкил қилиш мумкин бўлади.

Яна бир муҳим масала — майдонча қуриб қўйишнинг ўзи етарли эмас. У ерда кечқурун ҳам ёшлар бемалол шуғулланиши учун ёритиш, хавфсизлик ва зарур жиҳозлар бўлиши керак. Энг муҳими, бу майдончалардан доимий ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш зарур.

Спортни ёшларга яқинлаштириш керак. Масалан, маҳалланинг ўзида мунтазам мусобақалар, турнирлар, эрталабки бадантарбия ва оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш мумкин. Мактаб ўқувчилари, ёшлар ва хотин-қизларни ҳам бу жараёнга кенг жалб қилиш зарур. Чунки спорт билан шуғулланган ёшнинг бўш вақти ҳам мазмунли ўтади, ҳам соғлом муҳитда улғаяди, – деди депутат.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Бердибек Сейтназаров ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оммавий спортни ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.

Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Азамат Қалбаев соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида ҳисобот берди.

Муҳокама давомида янги таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, партия фракцияси аъзоси С. Хўжамуратова ҳудудда йога спорти бўйича федерация ташкил этиш таклифини билдирди.

Жамоатчилик эшитувида соҳада ечимини кутаётган масалалар ва истиқболдаги вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Энг муҳими, муаммолар очиқ айтилди, таклифлар билдирилди ва уларни амалий ечимга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлом турмуш тарзи шиор билан эмас, шароит билан шаклланади. Агар маҳаллада спорт майдончаси бўлса — ёшларда қизиқиш ортади. Агар қизиқиш бўлса ҳаракат пайдо бўлади. Ҳаракат бор жойда эса соғлом ҳаётга интилиш кучаяди.

Камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди

Жамоатчилик эшитувининг иккинчи қисми айнан Оролбўйида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини оширишда илм-фан, замонавий технологиялар ҳамда инновацион ечимлардан фойдаланиш масаласига бағишланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси, Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Бахитжан Хабибуллаев «Оролбўйи минтақасида камбағалликни қисқартиришда аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг инновацион ечимлари» мавзусида маъруза қилди:

— Оролбўйининг шароити бошқа ҳудудлардан бироз фарқ қилади. Бу ерда сув танқислиги, ерларнинг шўрланиши, қурғоқчилик каби муаммолар бор. Шунинг учун бошқа жойда самара берган усулни шунчаки олиб келиб, бу ерда қўллаш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Бизга айнан Қорақалпоғистоннинг шароитига мос ечимлар керак. Шу мақсадда марказимизда қурғоқчилик ва шўрга чидамли экин турларини синовдан ўтказяпмиз, кам сув талаб қиладиган, кам харажат билан самарали натижа берадиган агротехнологияларни ўрганиб, амалиётга жорий қиляпмиз.

Менимча, илм-фаннинг энг катта қиймати унинг оддий инсонлар ҳаётига қанчалик наф келтириши билан ўлчанади. Агар олим яратган технология лабораторияда қолиб кетса, унинг фойдаси чекланган бўлади. Биз эса бу ишланмаларни хонадонларга олиб киришни мақсад қилганмиз.

Масалан, бир оиланинг томорқаси бор, лекин ундан етарлича даромад ололмаяпти. Агар унга ҳудуд шароитига мос уруғлик берилса, уни экиш ва парвариш қилиш бўйича тўғри агротехнология ўргатилса, сувдан самарали фойдаланиш йўли кўрсатилса, ўша кичик томорқанинг ўзи оила учун қўшимча даромад манбаига айланиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёжманд ва кам даромадли хонадонларга сертификатланган уруғликларни бепул тарқатяпмиз.

Лекин бу ерда мақсад фақат уруғлик бериш эмас. Асосий мақсад — инсонга ўз қўли билан даромад топиши учун имконият яратиш.

Чунки бир марталик ёрдам маълум бир муаммони вақтинча ҳал қилиши мумкин. Аммо инсонга билим, технология ва барқарор даромад манбаи берилса, бу унинг ҳаётини ўзгартиради. Айниқса, томорқаси бор оилалар учун бу жуда муҳим. Баъзан инсоннинг қўлида катта маблағ бўлмаслиги мумкин, лекин унинг ери, меҳнати ва ишлаш истаги бор. Агар шу имкониятларга замонавий билим ва технологияни қўшсак, натижа бўлади, – деди у.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ҳудудларида бандликни таъминлаш ва томорқа хўжаликларини ривожлантириш вазифалари доирасида Б. Хабибуллаев томонидан 7 та устувор таклиф илгари сурилди.

Улар орасида ҳар бир маҳаллада инновацион намунали томорқалар ташкил этиш, ҳудуд иқлимига мос агротехнологияларни кенг жорий қил иш, янги навларни кўпайтириш, хотин-қизлар ва ёшлар учун «яшил» тадбиркорликни ривожлантириш, рақамли агромаслаҳат хизматларини йўлга қўйиш, халқаро инвестиция ва грантларни жалб қилиш ҳамда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш каби муҳим йўналишлар ўрин олди.

Муҳокама натижасида Жўқорғи Кенгесдаги партия фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, партия депутатлари ўз сайлов округларида инновацион агротехнологияларни аҳолига кенг тарғиб қилиш, уларнинг жойларда жорий этилиши ва самарадорлигини ўрганиш бўйича тизимли депутатлик назоратини олиб боради. Аниқланган муаммолар юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари киритилиб, таклифларнинг қоғозда қолиб кетмасдан, амалиётга татбиқ этилишига эътибор қаратилади.

Жамоатчилик эшитуви доирасида тадбир иштирокчилари Оролбўйи халқаро инновация маркази тажриба-синов участкасида ҳам бўлишди. Бу ерда иштирокчилар инновациянинг амалиётда қандай натижа бераётганига бевосита гувоҳ бўлишди.

Иштирокчиларга Қорақалпоғистоннинг оғир иқлим шароитига мослаштирилаётган ўсимлик ва экин турлари, сув ва ресурсни тежайдиган технологиялар, шунингдек, оддий хонадон томорқасидан кам харажат билан кўпроқ даромад олиш имконини берувчи замонавий агротехник усуллар намойиш этилди.

Оролбўйи халқаро инновация маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Бахитжан Хабибуллаев иштирокчиларга марказда олиб борилаётган илмий изланишлар, тажриба-синов ишлари ва келгусида аҳолига татбиқ этилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Эътиборлиси, бу ерда тадқиқотлар шунчаки янги нав яратиш билан чекланмайди. Оролбўйида шўрланган ва деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, сув танқис шароитда ҳам ҳосил олиш, иқлим ўзгаришига мослашиш каби муаммоларга амалий ечим изланмоқда. Мўйноқ ва Нукус туманларида ташкил этилган тажриба-синов майдонларида ана шу йўналишларда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бу ишлар Оролбўйи учун жуда муҳим. Чунки бу ҳудудда ер ва сув масаласи оддий қишлоқ хўжалиги муаммоси эмас, у бевосита одамларнинг даромади ва турмушига таъсир қилади. Ер унумдор бўлса, томорқадан ҳосил олиш мумкин. Сув тежалса, харажат камаяди. Ҳосил кўпайса, оила даромади ортади. Демак, илмий изланишнинг якуний натижаси охир-оқибат инсон ҳаётида кўриниши керак.

Шу мақсадда марказда Оролбўйи шароитига мос, қурғоқчилик ва шўрга чидамли ўсимлик ҳамда экин навлари синовдан ўтказилмоқда. Иқлим ўзгаришига мослашган, сув ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш учун ҳам янги имкониятлар яратилмоқда.

Иштирокчиларга марказ олимлари томонидан ўрганилаётган ўсимлик турлари, яратилган технологиялар ва эришилган натижалар ҳам бевосита тажриба майдонларида тушунтириб берилди. Бу эса илмий ишланмаларнинг ҳаёт билан қанчалик яқин боғлиқ эканини кўрсатди.

Эшитувда кўтарилган масалалар ҳар бир оиланинг бугуни ва эртанги кунига бевосита дахлдорлиги билан аҳамиятлидир. Соғлом ва фаол ҳаёт кечириш, спорт билан шуғулланиш, муносиб ишга эга бўлиш ва оила даромадини ошириш — инсон фаровонлигини белгилайдиган, бир-бири билан узвий боғлиқ омиллар. Энг муҳими, бугун билдирилган фикр ва таклифлар эртага одамларнинг ҳаётида ўз аксини топиши, ҳар бир оила ўзгаришни амалда ҳис қилиши керак.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.