Фан Техника

Муаллимнинг жамиятдаги янги қиёфаси

Blog Image
Email : 11 0

Мана, янги ўқув йили ҳам бошланди. Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги тантаналари билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ўтган Билимлар куни биз, ўқитувчи-мураббийлар учун илм урфонида, касбий фаолиятимизда яна бир янги марралар сари интилиш дебочаси ҳисобланади.

Шундай кезларда беихтиёр ортга назар ташлайсан киши. Яшириб нима қилдик, юртимизда таълим тизими ўзининг энг оғир, энг синовли кунларини бошидан ўтказди. Бир пайтлар «ўқитувчи» деган номнинг ортида пахта даласида қадоқ бўлган қўллар, қоғозбозликдан чарчаган нигоҳлар ва, энг ачинарлиси, рўзғорини тебратиш учун мактабдан кейин мардикорлик ёки бозорда савдо қилишга мажбур бўлган зиёлининг афсус-надоматлари ётарди. Ўша кезлари « Ўқитувчининг маоши 1000 долларга етади» деган гапни биров айтса, ҳеч ким ишонмаслиги аниқ эди. Чунки ўқитувчининг жамиятдаги қадр-қиммати ва нуфузи ҳам худди унинг арзимас маоши каби пасайиб кетганди.

Аммо кейинги йилларда таълим тизимини ривожлантириш билан боғлиқ давлат сиёсатининг марказига, жамиятнинг тўрига айнан муаллим олиб чиқилди. Ўқитувчининг росмана мақоми ошди.

Умуман олганда, Президентимизнинг Билимлар куни муносабати билан йўллаган табригида қайд этилганидек, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Мен 18 йилдан буён ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келаётган устоз сифатида тизимдаги туб бурилишларни ҳаяжонсиз гапира олмайман.

2024 йилда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги тарихий қонун биз, муаллимлар учун чинакам «ижтимоий ва ҳуқуқий қалқон»га айланди. Қонун билан ўқитувчини касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга — мажбурий меҳнатга, ободонлаштириш ёки турли хил ортиқча ҳисоботбозликка жалб қилиш қатъий тақиқланди, бунга йўл қўйганларга маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланди. Муаллимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат учун жазо муқаррарлиги таъминланди. Педагогларнинг соғлиғини сақлаш давлат назоратига олинди. Қонунга мувофиқ, биз давлат тиббиёт муассасаларида бепул мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш, шунингдек, сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар олиш имкониятига эга бўлдик. Бу — муаллимнинг руҳий ва жисмоний хотиржамлиги, демакки, таълим сифатининг кафолатидир.

Яна бир муҳим жиҳат — Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси» ҳамда таълим сифатини оширишга оид фармон ва
қарорлари асосида миллий ўқув дастуримиз тубдан янгиланди. Финляндия ва Сингапур каби ривожланган давлатлар тажрибаси асосида критериал (форматив ва сумматив) баҳолаш тизимига ўтдик. Бу тизим шунчаки балл қўйиш эмас, балки ўқувчининг танқидий ва креатив фикрлашини, мантиқини ҳамда амалий кўникмаларини адолатли баҳолашга хизмат қилмоқда. Натижада ўқувчида баҳо учун эмас, бевосита реал билим ва мустақил фикр учун интилиш пайдо бўлди.

Бугунги кунда ойлик даромадимнинг 1000 АҚШ доллари эквивалентидан ошгани кимлар учундир шунчаки баландпарвозликдек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг туб моҳиятига назар ташласак, бу маблағ осмондан тушгани йўқ. Бу — тизимда яратилган шаффоф, адолатли ва энг муҳими, соғлом рақобатга асосланган муҳитнинг амалдаги натижасидир.

Ўқитувчилик шундай касбки, кечаги билим билан бугунги авлодга дарс бериб бўлмайди. Масалан, мен ўзим 2025 йили кузги аттестация жараёнларида иштирок этиб, максимал 100 балл тўпладим. Бу натижани юзлаб китоблар мутолааси, замонавий методикаларни ўзлаштириш ва тинимсиз ўз устимда ишлаганим меваси, деб биламан. Давлатимиз томонидан жорий этилган Миллий сертификатлаш тизими эса бу борада чинакам адолат тарозисига айланди. Касбий маҳоратимни синовдан ўтказиб, она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификатнинг энг юқори — «А+» даражасини қўлга киритдим. Мазкур сертификат туфайли базавий маошимга 50 фоизлик устама қўшилди. Таълимда шундай тизим яратилдики, эндиликда ўз касбининг фидойилари эътибордан четда қолмаяпти. Яқиндагина шахсий кабинетим орқали яна бир хушхабарни қабул қилиб олдим: фаолиятим давомида иккинчи маротаба Вазир жамғармаси устамаси соҳибасига айландим. Ўз устида ишлаган, ўқувчилари юқори натижалар қайд этган ўқитувчига бериладиган бу 70 фоизлик қўшимча даромад педагогларни уйқудан уйғотди, мактабларда соғлом рақобатни шакллантирди.

Қолаверса, яқиндагина мамлакатимиз миқёсида ўтказилган «Йил ўқитувчиси» нуфузли кўригида ғолибликни қўлга киритдим. Президентимиз ташаббуси билан ушбу танловнинг илк бор бундай кенг қамровда ва йирик молиявий мукофотлар билан ташкил этилиши жамиятда муаллимнинг қаддини нақадар баландга кўтарганини изоҳлашга сўз ожиз.

Энг қувонарлиси шундаки, бундай натижаларга эришаётган фақат мен эмасман. Ўзим фаолият юритаётган Вобкент туманидаги мактабимиз ва бошқа таълим даргоҳларида математика, инглиз тили каби фанлардан халқаро сертификатларни қўлга киритиб, маоши 1000 доллардан ошаётган ҳамкасбларим талайгина.

Бу жамиятимизда «ўқитувчи ночор, маоши рўзғоридан ортмайди» деган эски стереотипларнинг бутунлай барҳам топганини англатади. Моддий ва ма ънавий жиҳатдан таъминланган, жамиятда ўз ўрни ва ҳурматига эга бўлган устозларгина Учинчи Ренессанснинг эркин фикрли, жаҳон билан бўйлаша оладиган бунёдкорларини тарбиялай олади.

Бизга берилаётган бу рағбат зиммамизга улкан масъулият юклайди. Давлатимиз раҳбари ўқитувчи, мураббий ва зиёлиларни Учинчи Ренессанснинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва таянчи сифатида эътироф этган. Шундай экан, бизга ишониб топширилган ҳар бир фарзандни жаҳон андозалари даражасида фикрлайдиган, билимли инсонлар қилиб тарбиялашга бор кучимизни бағишлаймиз.

Бугунги ёшларга қараб ҳавасим келади, чунки улар учун барча эшиклар очиқ. Университетларда квоталарнинг кўпайиши, хусусий олийгоҳларнинг очилиши, профессионал таълим — касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳар бир ёшнинг ўз йўлини топиши учун катта майдондир.

Ишончим комилки, бугунги ёшлар орасидан янги бобурлар, навоийлар, хоразмийлар, берунийлар етишиб чиқади. Улар ўз илми ва салоҳияти билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиб, давлатимиз ва халқимиз умидини, ишончини оқлайдилар. Биз, муаллимлар бу жараённинг фаол иштирокчиси бўлишдан фахрланамиз.

Биллура ЗАЙНИЕВА,
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги
3-умумий ўрта таълим мактабининг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.