Ўзбекистон

ҲАМЖИҲАТ ХАЛҚИМИЗНИНГ МУҲТАШАМ БАЙРАМИ

Blog Image
Email : 14 1

Мустақиллик халқимизнинг жипслиги ва ҳамжиҳатлигини янада оширадиган энг улуғ, энг азиз байрамга айланганига шу кунларда яна бир бор гувоҳ бўлдик. Байрам дастуридаги улуғвор ва жўшқин чиқишлар ғурур ва ифтихорни оширди. “Янги Тошкент” ҳудудида қад ростлаган муҳташам майдонда янграган тарихий фикр ва янги ташаббуслар халқимиз куч-қудрати, бунёдкорлик салоҳиятининг ҳаётий намоёни бўлди.

Президентнинг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги айёмидаги нутқи байрам табригигина эмас, яқин йиллар учун ҳаётий дастур бўлди. Нутқда одамларнинг розилиги, кучли ижтимоий ҳимоя ва инсон қадри энг олий ўринга қўйилди. Амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга тушгани таъкидланди. Мана шу рақамлар ортида миллионлаб оилаларнинг рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланганини англашимиз мумкин. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бош мақсади бўлган ижтимоий ҳимоя ва аҳоли турмуш фаровонлиги тамойиллари бугун мамлакатимизда давлат сиёсатининг бош мезонларидан бирига айланганини яна бир бор қатъий исботлади.

Энг муҳими, келгуси ўн йиллик – биз учун янада стратегик аҳамият касб этиши, ушбу даврда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилайдиган 7 та миллий дастур амалга оширилиши эълон қилинди. Ушбу дастурлар партиямиз электорати ва ғояларига айни мувофиқ келади.

Биринчи дастур билан билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш мақсад қилинган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун таълим бу фақат билим бериш тизими эмас, балки ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт кечириш саодатини яратишнинг энг муҳим воситасидир.

Шу боис, биз мамлакатимизда ҳар бир боланинг, унинг яшаш жойи, оиласининг моддий аҳволи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бунда, аввало, болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини 100 фоизга етказиш муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Чунки боланинг мактабга қай даражада тайёр ҳолда кириб келиши унинг кейинги таълимдаги муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади. Айниқса, чекка ва олис ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мактабгача тайёрлов тизимининг тўлиқ жорий этилиши катта аҳамиятга эга.

Дастурда техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, у ерда ёшларни замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш тизимини кенгайтириш орқали қамровни 1 миллионга етказиш кўзда тутилмоқда. Энди касб-ҳунар таълимида назария билан бирга амалий кўникмаларни шакллантиришга устувор аҳамият берилади. Натижада ёшларда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб, амалий малака ва ўз меҳнати билан муносиб даромад топиш имконияти кенгаяди.

Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмаслиги, ҳар бир ёш ўз қобилияти ва қизиқишига мос билим ва касб танлаши, шу орқали муносиб ҳаёт қуриш имкониятига эга бўлиши мақсад қилинган.

Шунингдек, иккинчи миллий дастурда халқимизнинг соғлом бўлиши ва тиббий суғуртани ҳар бир хонадонга киритиш назарда тутилмоқда. Бу партиямиз йиллар давомида курашиб келаётган «ҳар бир инсон учун сифатли ва бепул тиббиёт» тамойилини ҳаётимизга изчил олиб киради.

Қолаверса, олтинчи миллий дастурга мувофиқ маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш ташаббуси маҳаллий бюджет ва лойиҳаларни юқоридан эмас, айнан оддий одамлар, кўмакка муҳтож оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб тақсимлаш имконини беради. Бу биз ҳимоя қилаётган ижтимоий тенглик, шунингдек, давлатнинг халқимиз олдидаги масъулиятини янада ошириш ғоялари рўёбининг асл ифодаси бўлади.

Давлат раҳбари 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 10 минг доллардан ошириш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифасини қўйди.

Бу рақамлар ортида юз минглаб оилаларнинг фаровонлиги, ёшларимизнинг муносиб иш билан таъминланиши турибди. Иқтисодий ўсиш билан бирга ижтимоий уй-жойлар қурилиши ва ижтимоий хизматлар сифатининг оширилиши Халқ демократик партияси аъзолари ва хайрихоҳлари фаол қўллаб-қувватлайдиган катта қадамдир.

Яна бир нарсани англадик, халқимиз жипс экан, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, керак бўлса, ҳам сиёсий жиҳатдан эртага, албатта, янада қудратлироқ бўламиз. Парламентдаги ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, фаоллар ва фидойиларимиз билан бирга халқимиз манфаатлари ҳимояси йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Улуғбек Иноятов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.