Ўзбекистон ХДПнинг тиббий хизмат соҳасида илгари сураётган ғоялари аҳолининг барча қатламлари учун тиббий хизматдан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш, давлатнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, тиббий суғурта тизимини ривожлантириш, дори-дармонлар нархини тартибга солиш ва тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Бу ғоялар бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида жадал суръатда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.
Ўтган ҳафтада давлат раҳбарининг Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифалар ҳам инсон саломатлигини асраш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади. Таъкидланганидек, инсоннинг оиласи бахтини кўриши, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиши ва умрини мазмунли ўтказиши учун, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига муносиб тиббий хизмат кўрсатиш ва ҳаёт сифатини оширишдан иборат қилиб белгиланган.
Шубҳасиз, сўнгги ўн йилда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш, тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш ва замонавий тиббиёт инфратузилмасини шакллантириш борасида салмоқли ишлар рўёбга чиқарилди. 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий тиббиёт муассасаларининг кўпайиши ва хусусий секторнинг ривожланиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди. Энг муҳими, илгари фақат хорижда бажарилган туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб амалиётлар каби юздан зиёд тиббий хизматларни мамлакатимизда кўрсатиш имконияти яратилди. Бу ўзгаришлар миллий тиббиётнинг илмий ва амалий салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, беморларнинг ўз юртида даволаниш имкониятлари кенгайиб, тиббий хизматларнинг сифати ва қамровини ошириш учун янги шароитлар юзага келмоқда.
Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, Ўзбекистон бугунга келиб хорижлик фуқароларга ҳам юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи йирик минтақавий хабга айланиб бормоқда. Миллий статистика агентлигининг энг сўнгги расмий маълумотлари ҳам мамлакатимизнинг тиббий жозибадорлиги йилдан-йилга ошиб бораётганини исботлайди. Агар 2021 йилда юртимизга даволаниш мақсадида 32 минг 400 нафар чет эл фуқароси ташриф буюрган бўлса, 2025 йил якунига кўра, бу кўрсаткич 86 минг 199 нафарга етган. Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида эса 46 минг 157 нафар хорижлик юртимиз шифохоналарида соғлиғини тиклаган.
Ҳар бир инсоннинг ўз вақтида, сифатли ва молиявий жиҳатдан қулай тиббий ёрдам олиши, аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси ва саломатлик кўрсаткичларининг яхшиланиши – бу соҳадаги ислоҳотлардан кутилаётган пировард натижа ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ХДПнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган ғоялари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим йўналишлардан бири бирламчи тиббий ёрдамни такомиллаштириш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кенгайтиришдир. Чунки инсон саломатлигини асрашда касалликни даволаш билан бир қаторда, унинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Президент учрашувида 28 та туманда синовдан ўтказилган янги тизим доирасида 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилгани, лабораториялар ишга туширилгани, шифокор ва ҳамширалар ўқитилгани қайд этилди. Ушбу моделнинг келгуси йилдан яна 100 та туманда жорий этилиши бирламчи тиббий ёрдамнинг қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Кафолатланган тиббий хизматлар тўплами доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситасининг бепул берилаётгани ҳам аҳолининг тиббий харажатларини камайтиришга қаратилган муҳим чоралардан биридир. Келгуси йилдан бепул бериладиган дори воситалари турини 73 тага, тиббий текширувлар турини эса 36 тага етказиш режалаштирилган. Бу чоралар, айниқса, доимий тиббий назоратга муҳтож ва ижтимоий ҳимояталаб аҳоли қатламлари учун муҳим аҳамиятга эга.
Афсуски, ҳозирги даврда юртимиз аҳолиси ўртасида қандли диабет, инфаркт ва инсультга чалиниш ҳолатлари юқори. Шунга кўра, республикамиздаги бешта ҳудуд (Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент шаҳри)да юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш дастури амалга оширилиши самарасида бу хасталиклардан эрта ўлимнинг 15 фоизга камайгани, 855 нафар инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга эришилгани профилактик тиббиётнинг амалий аҳамиятини кўрсатади. Келгуси йилдан ушбу дастурнинг барча туман ва шаҳарларда жорий этилиши тиббий хизматларнинг ҳудудий қамровини янада оширади.
Тиббиёт соҳасида ижтимоий адолатни таъминлашда дори-дармонлар нархини тартибга солиш, ижтимоий дорихоналар фаолиятини ривожлантириш ва аҳолининг зарур дори воситалари билан таъминланишини яхшилаш ҳам алоҳида ўрин тутади. Фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсадининг белгиланиши мамлакатнинг фармацевтика соҳасидаги мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Сўнгги йилларда соҳада 1 миллиард долларлик 330 та янги фармацевтика қувватининг ишга туширилиши, ҳудудларда фармацевтика эркин иқтисодий зоналарининг ташкил этилиши ва уларда 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилаётгани ички фармацевтика бозорини ривожлантириш учун муҳим замин яратмоқда. Бу жараён келгусида дори воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг зарур фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш имконини беради.
Тиббий ислоҳотларнинг муваффақияти, аввало, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга боғлиқ. Президент учрашувида таъкидланганидек, қанча замонавий клиникалар қурилмасин ва энг сўнгги тиббий ускуналар олиб келинмасин, малакали ходимларсиз кутилган натижага эришиб бўлмайди.
Ҳозирги кунда 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланаётгани соҳа учун муҳим кўрсаткичдир. Келгуси йилдан тиббиёт талабаларининг ҳафтада уч кун беморлар билан ишлашни ўрганиши, битирувчиларнинг охирги ўқув йилини тиббиёт муассасаларида амалиётда ўтказиши кадрлар тайёрлаш сифатини ошириши аниқ. Шунингдек, ҳамширалар ва тиббиёт оғаларини рағбатлантириш, уларнинг малакасини ошириш харажатларини давлат томонидан қоплаш, тор мутахассисликлар бўйича резидентура таълимини ривожлантириш каби чоралар тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Замонавий тиббиётни сунъий интеллект, геномика, биотехнологиялар ва рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда сунъий интеллект тизимларини жорий этиш режалаштирилгани мамлакатимиз тиббиётининг инновацион ривожланишига муҳим қадамдир. Бундай технологиялар касалликларни эрта аниқлаш, тиббий маълумотларни таҳлил қилиш ва даволаш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Бироқ замонавий технологияларни жорий этиш билан бирга, беморларнинг ҳуқуқлари, тиббий маълумотлар махфийлиги, инсоннинг розилиги ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳам айни пайтда долзарб. Учрашуда бу масалага диққат қаратилгани бежиз эмас. Айтиш мумкинки, эндиликда тиббиёт муассасалари фаолиятида аҳолининг фикри ва тиббий хизматдан қониқиш даражасини ҳисобга олиш механизмларининг жорий этилиши тиббий хизмат сифатини халқимиз талаблари даражасига олиб чиқишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Тиббиёт — бу жамият барқарорлиги, миллат соғломлиги ва мамлакат келажаги билан чамбарчас боғлиқ бўлган стратегик соҳа. Бу соҳадаги ҳар бир ўзгариш ва янгиланиш бевосита ҳар биримизнинг ҳаётимизга дахлдор. Шундай экан, янги тиббий ислоҳотлар бугун ўзининг амалий исботини топиб боришида фақат соҳа ходимлари эмас, барчамиз бирдек масъулликни ҳис қилишимиз ҳаётий заруратдир.
Ф.Иброҳимова.
