Ўзбек адабиётининг забардаст вакили Абдулла Қаҳҳор «Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас», деб ёзган эди. Бугунги рақамлаштириш ва глобаллашув асрига келиб эса оддий бир ахборот атомдан-да хавфлироқ қуролга айланди. Агар атом бомбаси шаҳарларни, биноларни вайрон қилса, ахборот инсонларнинг онгини, жамиятнинг ишончини ва миллий қадриятларни емиради.
Ҳар куни интернет тармоғидан фойдали янгиликлар, илм-фан ва бизнесга оид чексиз маълумотларни оляпмиз, бу рост. Лекин ахборот оқимининг бу қадар тезлашуви ва чегарасизлиги танганинг иккинчи томонидан ўтиб қарашга ҳам мажбур қилади.
Инглизларда шундай бир машҳур ибора бор: «Ҳақиқат этигини кийиб улгурмасидан, ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқади». Бугун бу ёлғонга дунёни айланиб чиқиши учун сониялар кифоя қилмоқда. Қўлимиздаги смартфон экранида айланаётган 15 сониялик видео, битта сохта аудио ёки жарангдор сарлавҳа — бир инсоннинг тақдирини барбод қилиши, минглаб одамларни ваҳимага солиши ёки бутун бир жамиятни қарама-қарши қутбларга ажратиб юбориши учун етарли бўлиб қолди.
Ахборот манипуляцияси шундай кўринмас кишандирки, унинг қурбони ўз қарорларини мустақил қабул қиляпман, ўзим тўғри хулоса чиқаряпман, деб ўйлайди. Хўш, биз бу кўринмас таъсир доирасига қандай қилиб тушиб қоляпмиз? Нега ҳатто зиёли, ўқимишли қатлам ҳам баъзан навбатдаги ахборот хуружининг тузоғига осонгина илинмоқда?
Кесилган ҳақиқат ёхуд контекст қурбонлари
Замонавий ахборот хуружларининг энг маккор ва хавфли жиҳати шундаки, улар сизга ҳар доим ҳам очиқдан-очиқ ёлғон гапиравермайди. Улар «ярим ҳақиқат» қуролидан фойдаланади — фактнинг фақат бир четини юлиб олиб, унга бутунлай бошқача, кўпинча провокацион тус беради. Ижтимоий тармоқларда кенг оммалашган, бугунги куннинг «урф»ига айланган «контекстдан юлиб олиш» усули фикримизнинг яққол далилидир.
Манипуляторлар инсон психологиясини жуда яхши билишади: биз узун, таҳлилий гаплардан кўра, қисқа, жаҳлимизни чиқарадиган ёки ғуруримизга тегадиган парчаларга тезроқ реакция билдирамиз. Демак, контекст қурбонлари — фақатгина нутқи кесиб ташланган ўша шахслар эмас. Асосий қурбон — шу 10 сониялик ёлғонга ишониб, ўз асабини, вақтини сарфлаётган ва жамиятдаги ўзаро ҳурмат, соғлом мушоҳада туйғуларини йўқотаётган оддий ахборот истеъмолчиларидир.
Фирибгарликнинг навбатдаги босқичи
Бугунги кундаги ахборот манипуляциясининг энг таҳликали, мураккаб кўринишларидан яна бири — дипфейклар (сунъий интеллект ёрдамида юксак аниқликда сохталаштирилган видео ва овозлар)дир. Инсоният азалдан «кўз билан кўрган ва қулоқ билан эшитган» нарсасига ишонишга мойил. Замонавий технологиялар эса айнан мана шу табиий ишонч туйғусига зарба бермоқда.
Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, таниқли жамоат арбоблари, машҳур санъаткорлар, кўп кузатувчига эга блогерлар ёки йирик тадбиркорларнинг аҳолини «фалон платформага пул тикиб, қисқа муддатда бойиб кетишга» ундаётган ўта ишончли кўринишдаги видеоларига тез-тез кўзингиз тушади. Фирибгарлар бу орқали аҳолининг таниқли шахсларга ёки расмий идораларга бўлган ишончидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланмоқда. Ҳатто, расмий телеканаллар бошловчиларининг овози ва қиёфасини сунъий интеллект ёрдамида жонлантириб, «давлат томонидан ҳар бир фуқарога 2 миллион сўмдан моддий ёрдам пули тарқатиляпти» деган сохта хабарлар яратилди. Бундай виртуал ўғрилик оқибатида қанчадан-қанча соддадил фуқароларимиз ёлғон ваъдаларга учиб, пластик карталаридаги бор маблағидан, йиллар давомида мисқоллаб йиққан пулларидан айрилиб қолмоқда.
Бундай технологик манипуляциялар жамият учун нафақат молиявий, балки жиддий маънавий ва ижтимоий хавф туғдиради. Филология фанлари доктори, доцент Беруний Алимов ушбу ҳолатни бугунги замонавий цивилизациянинг энг глобал муаммоларидан бири сифатида шундай баҳолайди:
— Сунъий интеллект ёрдамида генерация қилинадиган ахборотларнинг кўпайиб кетиши дезинформациянинг кескин ошишига сабаб бўляпти. Бу ахборотларнинг аксарияти манипулятив таъсирга эга бўлиб, улар жамиятнинг ривожланишига эмас, аксинча, турли зиддиятлар ва тушунмовчилик пайдо бўлишига замин яратяпти. Бундан ташқари, атайлаб қилинмайдиган, аммо зарарли бўлган «мисинформация»лар, яъни хайплар ва мавзуга умуман алоқадор бўлмаган ёлғон сарлавҳалар орқали чалғитиш ҳолатлари ҳам авж олмоқда.
Шу ўринда олим энг оғриқли нуқталардан бирига эътибор қаратади: манипулятив ва сохта ахборот тарқатадиган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш амалиёти ҳали тўла такомиллашмаган. Виртуал оламнинг чегарасизлиги ва технологияларнинг қонун ижодкорлигидан кўра тезроқ ривожланаётгани бунга асосий сабабдир. Биз ахборотни тўлиқ чеклаб ёки блоклаб қўйиб бўлмайдиган очиқ маконда яшаяпмиз. Шу боис, ҳар биримиз медиасаводхонлигимизни оширишимиз, кўзга ялтираб кўринган ҳар қандай хабарга совуққонлик билан ёндашишни ўрганишимиз зарур. Ахборотнинг оқини қорасидан, фойдалисини зарарлисидан мустақил ажрата олиш бугунги жамиятда энг муҳим ҳаётий кўникмага айланиши керак.
Нишондаги ҳиссиётлар
Манипуляторлар нега айнан бизни осонгина тузоққа туширади? Бунинг сири оддий: психологияда исботланган қоида бор — инсон кучли ҳиссиёт таъсирига тушганда, унинг танқидий фикрлаш ва мантиқий таҳлил қилиш қобилияти автоматик равишда пасаяди. Ахборот фирибгарлари инсон табиатининг мана шу нозик нуқтасини жуда яхши билишади ва тўғридан тўғри ҳиссиётларимизга — қўрқув, ғазаб, тез бойиб кетиш илинжи ёки раҳм-шафқат туйғуларига зарба беришади.
Ижтимоий тармоқлардаги оғир хасталикка чалинган гўдакларнинг суратлари илова қилинган ёлғон хайрия эълонлари (раҳмдилларни алдаш), яқин соатларда кучли зилзила бўлиши ҳақидаги ваҳимали миш-мишлар (қўрқув уйғотиш) ёки диний-экстремистик оқимларнинг одамлар эътиқоди билан ўйнашувчи даъватлари фикримизнинг яққол тасдиғидир. Улар бизга ўйлашга, маълумотни текширишга вақт қолдирмайди, дарҳол реакция билдиришга (пул ўтказишга ёки хабарни бошқаларга тарқатишга) мажбур қилади.
ЎзЖОКУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори Нозима Муратова бундай манипуляцияларнинг энг хавфли томони уларнинг «манзилли» эканида деб ҳисоблайди:
— Ахборот манипуляцияси натижасида жамиятда бутунлай нотўғри фикр ва тасаввурлар шаклланиши мумкин. Ушбу жараённи амалга оширувчи медиа каналлар ёки алоҳида шахслар кўп ҳолларда ўзининг мақсадли аудиториясини, уларнинг ижтимоий ҳолати ва психологиясини олдиндан яхши билади. Улар аудиториянинг қизиқишларини аниқ мўлжалга олиб, ўзининг манипулятив ахборотини худди ҳақиқатдек сингдиради. Агар материал моҳирона, психологик усуллар билан тайёрланган бўлса, унинг манипулятив технология асосида яратилганини бир қарашда англаш деярли мумкин эмас. Шу сабабли инсон муҳим бир қарор қабул қилишида ёки жамоатчилик муносабати шаклланишида бу кўринмас таъсир остида қолиб кетганини ўзи ҳам сезмайди. Бу эса бугунги ахборот жамиятидаги энг хавфли, энг жадал ривожланаётган ва инсон иродасини четлаб ўтувчи технологиялардан бири саналади.
Қонун бор, лекин…
Албатта, бундай таҳдидлар олдида давлат қараб тургани йўқ. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида ёлғон ахборот тарқатганлик, ваҳима уйғотганлик ва жамиятда нотўғри фикр шакллантиришга уринганлик учун аниқ ҳуқуқий жавобгарлик нормалари белгилаб қўйилган. Қонуний базамиз мустаҳкам. Бироқ тан олиш керакки, виртуал оламнинг ўзига хос чегарасизлиги ва анонимлиги бу қонунларнинг ишлаш механизмини жиддий равишда қийинлаштирмоқда. Реал ҳаётда жиноятчининг изи, гувоҳи бўлса, рақамли маконда фирибгар кўпинча биргина IP-манзил ёки сохта профил ортига яширинган «шарпа»га айланади.
Серверлари хорижда жойлашган, эгаси кимлиги номаълум бўлган Telegram-каналлар ёки минглаб сохта ботлар («троллар фабрикаси») орқали жамиятга нифоқ солаётганларни тезкор топиш ва жазолаш ўта мураккаб, баъзан эса узоқ вақт талаб этадиган жараёндир. Бу ўзига хос нотенг кураш: битта ёлғон ёки ваҳимали хабарни яратиш ва тарқатиш учун манипуляторга бир неча сония кифоя қилса, ҳуқуқ-тартибот органларининг бу хабар манбасини аниқлаши, исботлаши ва чора кўриши учун ойлаб вақт кетиши мумкин. Унгача эса ёлғон ўз ишини қилиб, минглаб одамларнинг онгини заҳарлаб улгуради.
Шундай экан, бу кўринмас урушда энг асосий ва ишончли қалқон — инсоннинг ўзидир. Онгу шууримизда ёлғон ахборотга қарши мустаҳкам «иммунитет» ҳосил қилмас эканмиз, ўқиган ёки кўрган ҳар қандай шов-шувли хабарни ички тарозимизга солиб, танқидий фикрлашни (фактчекинг) кундалик одатимизга айлантирмас эканмиз, манипуляторларнинг итоаткор қўғирчоғи бўлиб қолаверамиз.
Ахборотни истеъмол қилиш ҳам худди озиқ-овқат истеъмолидек қатъий гигиенани талаб қилади. Бозорга борганда маҳсулотнинг яроқлилик муддатини, сифатини текшириб олганимиз каби, интернетдан келаётган маълумотнинг ҳам манбасига, мантиғига ва мақсадига эътибор қаратишимиз шарт. Виртуал маконда нима беришса, шуни чайнамасдан ютиб юбориш — охир-оқибат маънавий ва руҳий заҳарланишга олиб келиши муқаррар.
Азим АХТАМОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
