Фарзандининг олий таълим даргоҳига кириши ҳар бир ота-она учун катта қувонч. Лекин бу катта масъулият ҳам. Айниқса, боласи узоқ ҳудуддан пойтахтга ёки бошқа катта шаҳарга ўқишга келса, «Болам қаерда яшайди?», деган савол кўндаланг туради.
Шунинг учун талабани турар жой билан таъминлашга оддий маиший масала, деб эмас, таълим инфратузилмасининг бир қисми сифатида қараш керак.
Бу қайсидир маънода ота-онанинг елкасидаги юкни енгиллатиш, фарзандининг хотиржам ўқишига шароит яратиш дегани.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси масъул идоралар вакиллари иштирокида «Ижара бозори: уйсизлик, адолатли нарх ва ижтимоий ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Мулоқотда талабаларнинг турар жойга эҳтиёжи, талабалар турар жойларидаги имкониятлар ва реал эҳтиёж ўртасидаги тафовут, ижара ҳақининг талабалар ҳамда уларнинг оилалари даромадларига таъсири, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, яшаш жойларида шароитларни яхшилаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, талабаларни турар жой билан таъминлаш фақат ижтимоий масала эмас, балки ёшларнинг сифатли таълим олишини кафолатловчи муҳим омиллардан биридир. Чунки талаба қаерда ва қандай шароитда яшаши унинг ўқиши, кайфияти ва кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади.
Гавҳар Қаршиева,
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ижрочиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълимда тенглик бўлиши, талабаларга муносиб яшаш шароитлари таъминланиши, уларнинг таълим олиш имкониятларини ижтимоий-иқтисодий омиллар чеклаб қўймаслиги тарафдори. Чунки талабанинг қандай билим олиши ва келажагини қуришида яратилган шароит ва имкониятлар муҳим ўрин тутади.
Айниқса, бошқа ҳудуддан ўқиш учун келган талаба учун турар жой масаласи жуда муҳим. Агар талаба ҳар куни ижара ҳақи, йўл харажати ёки яшаш шароити ҳақида бош қотирса, унинг ўқишга бўлган эътибори ҳам шунга яраша камаяди. Шунинг учун муносиб турар жой — шунчаки маиший қулайлик эмас, балки таълим олиш учун зарур шартлардан биридир.
Маълумотларга кўра, 2026-2027 ўқув йили арафасида республикадаги 133 та олий таълим муассасасида 460 та талабалар турар жойи тайёрланган бўлиб, уларнинг умумий сиғими 181 минг 336 ўринни ташкил этган. 3 сентябрь ҳолатига республикада талабалар сони 1 миллион 415 минг 496 нафар бўлган. Демак, мавжуд талабалар турар жойлари умумий талабаларнинг бор-йўғи 21,1 фоизини қамраб олиши мумкин.
Турар жойга бўлган эҳтиёж айниқса, пойтахтда яққол сезилмоқда. Тошкент шаҳрида 142 та талабалар турар жойида жами 52 минг 643 нафар ёшлар жойлашиши мумкин. Айрим олий таълим муассасалари мисолида талаб ва имконият ўртасидаги тафовут янада катта экани кўринади. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига талабалар турар жойига жойлашиш бўйича 5 минг 953 та ариза келиб тушган бўлса, мавжуд ўринлар 2 минг 910 тани ташкил этган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида эса 3 минг 119 та турар жойга эҳтиёжи бор талабадан атиги 576 тасини ётоқхона билан таъминлаш имкони бор.
Ётоқхона борасида муаммога учраган талаба энди ижарага уй қидиради, шерик топади, ҳар ой ижара ҳақини ўйлайди, университетга бориб-келиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфлайди. Ота-она учун эса қўшимча харажат ва ташвиш дегани.
Шунинг учун талабалар турар жойи масаласини фақат нечта ўрин борлиги эмас, нечта талаба турар жой билан таъминлангани нуқтаи назаридан баҳолаш муҳим, деб ўйлайман.
Бундай шароитда талабаларнинг бир қисми ижара уй-жойларга жойлашишга мажбур. Бу эса уларнинг шахсий харажатларини ошириб, айрим ҳолларда оила бюджетига ҳам қўшимча юк бўлади. Айниқса, бошқа ҳудуддан Тошкентга келиб ўқийдиган, оиласининг молиявий имконияти чекланган талабалар учун ижара ҳақи сезиларли харажатга айланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ижара бозорида нархларнинг аҳоли, хусусан, талабалар имкониятига мутаносиблиги масаласи ижтимоий аҳамият касб этади.
Муҳсиддин Низомиддинов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:
– Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ташрифи ҳам талабаларнинг яшаш ва таълим олиш шароитларига бўлган эътибор қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди. Ташриф давомида талабаларнинг таълим олиши, яшаш шароити, хавфсизлиги, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, уларни қийнаётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва тезкор ҳал этиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ёшлик” талабалар шаҳарчасида 7 та олий таълим муассасасига қарашли 41 та талабалар турар жойида қарийб 18 минг нафар ёш истиқомат қилаётгани бу ерда нафақат яхши шароит яратиш, балки уни самарали бошқариш ҳам қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Шу жиҳатдан, талабалар шаҳарчасида хавфсизликни таъминлаш, кириб-чиқиш ва давоматни замонавий рақамли тизимлар орқали назорат қилиш, талабаларнинг мурожаат ва муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш каби ёндашувлар алоҳида аҳамиятга эга. Аммо замонавий бошқарувнинг мазмуни фақат муаммони аниқлаш ёки уни қайд этиш билан чекланмаслиги керак. Энг муҳими — муаммо аниқланганидан кейин унинг ечими қанчалик тез, аниқ ва самарали таъминланаётганидир.
Бу жараёнда талабаларнинг ўз фикрини эшитишни унутмаслик керак. Чунки яратилган шароитнинг қай даражада қулай ва самарали эканини, тизимдаги қайси муаммоларни биринчи навбатда ҳал қилиш зарурлигини ўша шароитдан ҳар куни фойдаланаётган талаба яхши билади.
Шунинг учун талаба билан мулоқотни шунчаки учрашув ёки ҳисобот учун ўтказиладиган тадбир эмас, муаммони аниқлаш, унинг ечимини топиш ва натижасини кўришга олиб келадиган амалий мулоқотга айлантириш муҳим.
Талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича яна бир таклиф шуки, ҳар бир олий таълим муассасаси кесимида нечта талаба турар жойга муҳтожлиги ва нечта бўш ўрин борлиги бўйича ягона электрон ҳисоб юритиш керак. Шу асосда янги ётоқхоналарни қаерда ва қанча ўринга қуриш зарурлиги аниқланади. Бунда янги бинолар қуриш билан бирга мавжуд, лекин самарали фойдаланилмаётган биноларни реконструкция қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади, менимча.
Тадбир давомида ёшлар томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, ётоқхоналарда интернет сифатини яхшилаш, ўқиш ва мустақил шуғулланиш учун қўшимча шароитлар яратиш, хавфсизлик чораларини кучайтириш каби масалаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, талабалар мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Нодирабегим Раҳмонова,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг магистратура босқичи талабаси:
– Талабалар турар жойида яшаётган талаба сифатида мен учун энг муҳим масалалардан бири – кундалик яшаш шароити. Талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласига фақат «ётоқхонада жой бор ёки йўқ» деган нуқтаи назардан қараш тўғри эмас, деб ўйлайман. Чунки талаба бир неча йил умрини шу ерда ўтказади. Демак, у ердаги шароит унинг кундалик ҳаётига, ўқишига, саломатлигига, кайфиятига ва ҳатто келажакдаги режаларига ҳам таъсир қилади.
Чунки бу ерда талаба фақат яшамайди, у ўқийди ҳам. Шунинг учун ётоқхонада дарс қилиш, китоб ўқиш, компьютерда ишлаш учун тинч ва муносиб жойлар бўлиши керак. Баъзан талаба университетда кун бўйи ўқиб, кечқурун ётоқхонага қайтганда ҳам ўз устида ишлашига тўғри келади. Агар яшаш жойида бунинг учун шароит бўлмаса, унинг таълим олиши қийинлашади.
Менинг таклифим — талабалар турар жойларидаги ҳақиқий ҳолатни, вазиятни талабаларнинг қониқиш даражаси билан ҳам баҳолаб бориш керак. Масалан, ҳар семестр якунида талабалардан электрон сўровнома олиниб, энг кўп кўтарилаётган муаммолар аниқланса ва уларни бартараф этиш муддати белгиланса, натижани кўриш осон бўлади.
Талаба бирор муаммога дуч келса, кимга мурожаат қилади ва унинг мурожаати қанча вақтда кўриб чиқилади? Энг муҳими, айтилган муаммо ҳақиқатан ҳам қанчалик тез ва самарали ҳал этилмоқда?
Талабалар турар жойлари масаласида худди шундай ёндашув зарур. Менимча, яратилган шароитнинг ҳақиқий самараси айнан шу саволларга бериладиган жавобларда намоён бўлади. Чунки натижани фақат нечта ётоқхона қурилгани ёки нечта талаба жойлаштирилгани билан эмас, балки ўша жойда яшаётган талаба ўзини қанчалик қулай, хавфсиз ва хотиржам ҳис қилаётгани билан ҳам баҳолаш керак.
Янги ётоқхоналар қуриш ва мавжуд ўринлар сонини кўпайтириш, албатта, муҳим.
Диёрахон Ташмуратова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг магистратура босқичи талабаси:
– Бошқа ҳудуддан келиб ўқиётган талаба сифатида турaр жой масаласи мен учун жуда муҳим. Ётоқхонадан жой олиш имкони бўлмаса, ижара уйи излашга тўғри келади. Бунда нафақат ижара ҳақи, балки коммунал тўловлар ва университетга қатнаш харажатлари ҳам қўшилади. Бу эса айрим оилалар учун сезиларли молиявий юк бўлиши мумкин.
Менимча, талабалар тураржойига эҳтиёжни реал ҳолат билан солиштириб бориш керак. Қайси факультетда, қайси ҳудуддан келган талабалар орасида эҳтиёж юқори, шу маълумотлар асосида режа тузилса, масалани манзилли ҳал қилиш осонлашади. Таклифим – ётоқхонадан жой ололмаган талабалар учун ҳам ягона маълумот ва кўмак тизими яратилса. Масалан, талаба бўш ўринлар, ижара вариантлари, мавжуд имтиёзлар ва ёрдам механизмлари ҳақида бир жойдан аниқ маълумот олиши мумкин бўлса, ортиқча оворагарчилик камаяди. Энг муҳими, турaр жой масаласи ҳал бўлмаган талаба “ўзинг изла” деган ёндашув билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак.
Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида таълим, илм-фан, ИТ ва юқори технологияларни бирлаштирган инновaцион муҳит яратиш бўйича белгиланган вазифалар ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Талаба фақат билим оладиган эмас, балки олган билимини амалиётда синаб кўриши, янги ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиши мумкин бўлган муҳитга эга бўлиши керак. Ана шундагина университет, Талабалар шаҳарчаси ва ёшлар сиёсати ўртасидаги узвий боғлиқлик амалий натижага айланади.
Шарофиддин Мадийев,
Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиалининг магистратура босқичи талабаси:
– Ётоқхонада яшайдиган талабанинг баъзи муаммолари майда кўриниши мумкин, лекин улар кундалик ҳаётда сезилади. Масалан, иссиқ сув бўлмаслиги, кир ювиш жиҳозининг ишламаслиги, хонадаги носозлик ёки интернетдаги узилиш. Бундай ҳолатларда муаммони кимга айтишни билмаслик ёки мурожаатдан кейин натижани кутишга тўғри келиши ноқулай.
Менинг таклифим – ҳар бир талабалар турар жойида мурожаатларни электрон тарзда юбориш ва уларнинг бажарилишини кузатиш имкони бўлса. Масалан, талаба муаммони ёзади ёки расмини юбориб, мурожаат рақамини олади. Кейин унинг кимга бириктирилгани ва қачонгача ҳал қилиниши белгиланади. Муаммо бартараф этилгач, талаба натижани баҳолайди.
Бунинг самараси катта бўлади. Чунки талаба «мурожаатим қабул қилинди» деган жавоб билан эмас, “муаммом ҳал бўлди” деган натижа билан қизиқади. Бу жараёнда ёшларнинг ўзи ҳам фаол иштирокчи бўлиши зарур.
Ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ташаббус кўрсатиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш уларнинг шахсий масъулиятини ҳам талаб этади. Бугунги ёшлар билан ишлашда энг муҳим мезон қанча иш қилинганига эмас, қанча натижага эришилганига эътибор қаратишдир. Бу ёндашув нафақат давлат бошқарувида, балки ёшлар билан ишлашнинг барча йўналишларида самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Чунки ҳар бир яратилган имконият ортида давлатнинг ресурси, меҳнати ва эътибори мужассам. Ушбу имкониятларни ҳақиқий натижага айлантириш эса давлат ташкилотлари билан бир қаторда ёшларнинг ҳам масъулиятидир.
Фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, талабаларни турар жой билан таъминлаш уларнинг муносиб шароитда яшаши, сифатли таълим олиши ва ўз келажагини хотиржам қуриши учун имконият яратишдир.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
