Ўзбекистон

Муаммо қоғозда қолмайди

Blog Image
Email : 10 0

Депутатлик фаолиятининг ҳақиқий самараси билдирилган таклифлар ёки юборилган ҳужжатлар сони билан эмас, балки одамларнинг ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар юз бергани билан ўлчанади. Чунки ҳар бир мурожаат ортида бир инсоннинг умиди, бир оиланинг ташвиши, баъзан эса йиллар давомида ечимини топмаган муаммо туради.

Шу боис депутатлик сўрови муаммонинг мавжудлигини қайд этиш билангина чекланмаслиги керак. Унинг асл мақсади — муаммонинг сабабларини аниқлаш, масъул идоралардан асосли жавоб олиш ва масала ҳал этилгунига қадар унинг ижросига эътибор қаратишдир.

Аввало, сабабларни ўрганиш зарур

Шундай ҳолатлар учрайдики, бир муаммо ҳақида қайта-қайта мурожаат қилинади, масъул ташкилотлар эса ҳар сафар расмий жавоб бериш билан чекланади. Бироқ муаммонинг ўзи бартараф этилмаса, берилган жавобнинг амалий қиймати қанчалик юқори бўлиши мумкин?

Масалан, аҳоли ичимлик суви таъминотидан норози бўлса, фақат сув етказиб беришдаги узилишларни санашнинг ўзи етарли эмас. Қувурла р ҳолати, сув манбаларининг қуввати, таъмирлаш ишларининг ўз вақтида бажарилиши, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва масъул ташкилотлар фаолияти ҳам таҳлил қилиниши лозим.

Демак, депутатлик сўрови муаммонинг туб илдизларини очиб беришга хизмат қилиши керак.

Ҳар қандай мурожаатга жавоб олиш муҳим, аммо жавобнинг мавжудлиги муаммонинг ҳал этилганини англатмайди. Фуқаро учун энг муҳими — қоғоздаги маълумот эмас, балки кундалик ҳаётида сезиладиган ўзгаришдир.

Агар йўл таъмирланмаган, мактабдаги шароит яхшиланмаган бўлса, аҳолининг бандлик ёки ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муаммоси ҳал этилмаган бўлса, берилган жавобнинг мазмуни ва амалий натижаси яна бир бор таҳлил қилиниши зарур.

Шу маънода, депутатлик сўровининг самарадорлигига баҳо беришда учта муҳим масалага эътибор қаратиш керак, деб ўйлаймиз. Яъни, муаммонинг асл сабабини аниқлаш, уни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва ушбу чоралар амалда бажарилиб, аҳоли ҳаётида ижобий ўзгариш юз бериши лозим.

Биз бугун депутатларимиз томонидан юборилаётган сўровларни ана шу нуқтаи назардан таҳлил қилишни жоиз топдик.

Аҳоли маблағига олинган трансформатор нега ишламаяпти?

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати Алишер Пардаев Бандихон туманидаги «Гулбоғ» маҳалласида яшовчи фуқаро Иброҳим Алияровнинг электр таъминоти билан боғлиқ мурожаатини ўрганиб, муаммонинг ечимини топиш мақсадида тегишли мутасадди ташкилотга депутатлик сўрови юборди.

Мурожаатда маҳалланинг «Ғазначи» кўчасида яшовчи аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш масаласи кўтарилган. Таъкидланишича, хонадонларни электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш мақсадида аҳоли томонидан 250 кВА қувватга эга трансформатор 37 миллион сўмга сотиб олинган. Бу эса од амларнинг ўз турмуш шароитини яхшилаш, мавжуд муаммони бартараф этиш йўлида ташаббус кўрсатиб, муайян маблағ сарфлаганини англатади.

Бироқ трансформаторни электр тармоғига тўлиқ улаш учун қўшимча инфратузилма зарур. Хусусан, 20 дона электр устуни ўрнатиш ва 1 500 метр юқори кучланишли сим тортиш талаб этилмоқда. Ушбу ишлар амалга оширилмас экан, аҳолининг мавжуд муаммосини тўлиқ ҳал этиш қийинлигича қолади.

Бу ерда гап фақат трансформатор ёки электр симлари ҳақида эмас, одамларнинг муносиб турмуш шароити, хонадонлардаги кундалик эҳтиёжлар ва аҳолининг ўз ташаббуси билан бошлаган ишини мантиқий якунига етказиш ҳақида бормоқда. Чунки бугунги кунда электр энергияси нафақат қулайлик, балки таълим олиш, меҳнат қилиш, маиший эҳтиёжларни қондириш ва оилаларнинг кундалик ҳаётини бир маромда ташкил этиш учун ҳам муҳим омилдир.

Мазкур масала юзасидан депутат Алишер Пардаев томонидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сурхондарё ҳудудий филиали директори М. Шамсиддиновга депутатлик сўрови юборилди. Сўровда зарур электр инфратузилмасини яратиш, трансформаторни электр тармоғига улаш билан боғлиқ масалани ўрганиш ҳамда муаммони бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралди.

Албатта, аҳоли томонидан муайян маблағ сарфланиб, зарур ускуна харид қилинганининг ўзи муаммо тўлиқ ҳал этилганини англатмайди. Энг муҳими — бошланган ишни якунига етказиш, зарур техник ва ташкилий масалаларни ҳал этиш ҳамда электр таъминотининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган амалий чораларни кўришдир.

Депутатлик сўровининг аҳамияти ҳам айнан шунда: у аҳоли мурожаатида кўтарилган масалани масъул ташкилот эътиборига етказиш, мавжуд тўсиқларни аниқлаш ва қонуний ваколатлар доирасида ечим топишга кўмаклашиш учун муҳим восита ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, «Ғазначи» кўчасидаги аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, мурожаатда кўтарилган муаммонинг амалий ечимига эришиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга жиддий киришилди.

Халқ мурожаати эътиборсиз қолмаслиги, муаммо эса фақат қоғозда эмас, ҳаётда ҳам ўз ечимини топиши керак.

Канализация қувурларини таъмирлаш масаласи кўриб чиқилмоқда

Халқ депутатлари Чиноз тумани Кенгашига 2-Ҳамза сайлов округидан сайланган депутат А. Бахромов томонидан “Хўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини таъмирлаш масаласи юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Мирякубов номига юборилган депутатлик сўровига белгиланган тартибда жавоб берилди.

Маълум бўлишича, “Хўжа” маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини таъмирлаш аҳоли учун муҳим бўлган маиший ва санитария масалаларидан биридир. Чунки канализация тизимининг соз ҳола тда ишлаши нафақат уй-жойлардаги қулайлик, балки санитарияталабларига риоя этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини асраш учун хизмат қилади.

Бундай муаммолар ўз вақтида бартараф этилмаса, аҳоли кундалик ҳаётида қатор ноқулайликлар юзага келиши мумкин. Шунинг учун муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъмирлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Депутатлик сўрови юзасидан ўтказилган ўрганиш натижасида мазкур муаммони бартараф этиш учун «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Бу — аҳоли мурожаатини ҳал этиш йўлид аги муҳим ташкилий қадам. Эндиликда асосий эътибор зарур маблағ ажратиш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш имкониятларини аниқлаш ва муаммонинг амалий ечимига эришишга қаратилиши лозим.

Мазкур масала депутат назоратига олинди. Аҳоли мурожаатида кўтарилган муаммони бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.

Зеро, депутатлик сўровининг аҳамияти фақат расмий жавоб олиш билан чекланмайди. Унинг асосий мақсади — аҳоли муаммосини масъул ташкилотлар эътиборига етказиш, ечим топиш жараёнига туртки бериш ва белгиланган чораларнинг амалий натижа билан якунланишига кўмаклашишдир.

“Қўштепа” маҳалласида қандай муаммо бор?

Халқ депутатлари Олтинкўл тумани Кенгашининг 3-«Меҳнат» сайлов округидан сайланган депутат Раҳимберди Комилов томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда уларнинг кундалик турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ичимлик суви тармоғида юзага келган носозлик юзасидан мурожаат келиб тушган. Мазкур муаммо аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш масаласи билан боғлиқ бўлгани сабабли уни ўз вақтида бартараф этиш муҳим.

– Ичимлик суви ҳар бир хонадоннинг кундалик эҳтиёжи, оила фаровонлиги ва муносиб турмуш шароитининг ажралмас қисмидир, – дейди депутат. – Сув таъминотидаги ҳатто кичик бир носозлик ҳам аҳолининг кундалик ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, хонадонларда ичимлик сувига бўлган эҳтиёж доимий бўлган бир шароитда тармоқлардаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, сув таъминоти барқарорлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Шу боис мазкур мурожаатга бефарқ қаралмасдан, мавжуд носозликни бартараф этиш ва аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида «Сув таъминоти» АЖ раҳбари Д. Бурхоновга депутатлик сўрови юбордим.

Депутатлик сўровида маҳалладаги сув тармоғида юзага келган носозликни бартараф этиш ҳамда аҳолини барқарор ичимлик суви билан таъминлаш масаласи кўтарилди.

Натижада мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилди.

Томорқа — даромад манбаи

Сув — ҳаёт манбаи, томорқа — оила фаровонлиги ва даромаднинг боши. Уларни бир-бири билан боғлаб турувчи энг муҳим омил эса сувдан оқилона фойдаланиш ва уни аҳолига ўз вақтида етказиб беришдир.

Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгаши депутати А. Абдураҳмонов томонидан «Саховат» маҳалласининг Тарвузпоя ва Бойқишлоқ кўчаларида яшовчи фуқароларнинг оқар сув билан боғлиқ мурожаати ўрганилди.

Назорат-таҳлил давомида суғориш ариқларининг бетонлаштирилмагани сабабли сув йўқотишлари юзага келаётгани, натижада сувнинг истеъмолчиларга етиб бориши қийинлашаётгани аниқланди.

Бу, бир қарашда, оддий ариқ масаласидек кўриниши мумкин. Аммо томорқасида экин етиштираётган оила учун сувнинг ўз вақтида келиши ҳосил тақдири, сарфланган меҳнат ва оилавий даромад билан бевосита боғлиқ.

Томорқа — кўплаб хонадонлар учун нафақат қўшимча даромад, балки оилани озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, рўзғор харажатларини камайтириш ва меҳнат орқали фаровонликка эришиш имконияти ҳамдир.

Сувнинг йўл-йўлакай йўқотилиши эса унинг танқислигига, суғориш самарадорлигининг пасайишига ва аҳоли учун қўшимча қийинчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Мавжуд муаммони бартараф этиш, сувнинг аҳоли томорқаларига етиб боришини яхшилаш мақсадида туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасига депутатлик сўрови юборилди.

Мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад — фуқаролар мурожаатида кўтарилган масалага эътибор қаратиш, суғориш тизимидаги камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш ва сувдан самарали фойдаланиш учун зарур шароит яратишдир.

Депутатнинг айтишича, айни кунда депутатлик сўрови ижроси доирасида суғориш ариқларини қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бу — аҳоли кўтарган муаммони ҳал этиш йўлидаги амалий қадам. Ариқларни зарур ҳолатга келтириш орқали сувнинг ҳаракатланишини яхшилаш, унинг манзилга етиб боришидаги тўсиқларни камайтириш ва томорқа ерларини суғориш имкониятларини ошириш кўзда тутилган.

***

Кўриниб турибдики, депутатлар юбораётган сўров нафақат муаммоларни кўрсатади, балки уларни амалда ҳал этишга ҳам йўл очади. Шунинг учун депутатлик сўрови халқ манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.