Ўзбекистон

Миллатнинг маънавий қиёфаси, тафаккур кўзгуси

Blog Image
Email : 8 0

Тилни асраш ва ривожлантириш — бутун жамиятнинг маънавий бурчи. Хўш, ўзбек тилининг бугунги тараққиёти қандай кечмоқда? Уни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва олдимизда турган вазифалар нималардан иборат? Шу ҳақида жамиятимиз фаолларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Одилжон ИМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Глобаллашув тобора чуқурлашаётган бугунги даврда ҳар бир миллатнинг ўзлигини, маънавий қиёфаси ва тарихий хотирасини асраб қолишда она тилининг ўрни беқиёс. Тил — шунчаки мулоқот воситаси эмас. У халқнинг тафаккури, маданияти, қадриятлари ва асрлар давомида шаклланган ҳаёт тарзини ўзида мужассам этган бебаҳо маънавий бойликдир. Шу маънода, ўзбек тилининг нуфузини юксалтириш миллий ўзлигимиз ва давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи қадам ҳисобланади.

Ўзбек тилининг жамиятдаги ва халқаро майдондаги нуфузи ҳақида гапирганда, энг аввало, унинг сиёсий-ҳуқуқий мақоми халқаро даражада тан олингани билан фахрланишимиз мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзланиши – тилимизнинг дунё ҳамжамияти томонидан глобал тиллардан бири сифатида қабул қилинишига туртки берди. Бундан ташқари, рақамли технологиялар асрида ўзбек тилининг сунъий интеллект тизимларига интеграциялашуви, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказларининг очилиши ҳамда давлат тилини ривожлантириш дастурларининг изчил амалга оширилаётгани тилимизнинг ички имкониятлари ва яшовчанлиги юқори эканидан далолат беради.

Бироқ, қонунчиликда давлат тилига оид қатъий талаблар белгилаб қўйилганига қарамай, кундалик ҳаётда тил меъёрларининг қўпол равишда бузилиши ҳали ҳам оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Кўчалардаги айрим лавҳалар, реклама баннерлари, тадбиркорлик субъектларининг номланиши, шунингдек, хизмат кўрсатиш жойлари ва ҳужжатчиликда имловий хатолар тез-тез кўзга ташланади. Баъзи ҳолларда хорижий сўз ва атамалар ўзбек тилидаги муқобили мавжуд бўлса-да, асоссиз равишда қўлланмоқда.

Ушбу ҳолатлар фақат имло ёки услуб масаласи эмас. Улар жамиятда давлат тилига бўлган муносабат, тил маданияти ва қонун талабларига риоя этиш даражасини ҳам кўрсатади. Бу борада назорат ва масъулиятни кучайтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларда раҳбарларнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти йўлга қўйилди. Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунда рекламалар мажбурий тартибда давлат тилида бўлиши, чет тилидаги матнлар эса пастки қисмда кичик ўлчамда берилиши қатъий белгилаб қўйилди. Масъул идоралар томонидан рейдлар ва мониторинглар ўтказилаётган бўлса-да, тан олиш керак, бу чоралар ҳали кутилган натижани тўлиқ бермаяпти.

Жамиятда тилга бўлган ҳурматни фақат жарима ёки маъмурий назорат орқали қарор топтириб бўлмайди. Бунинг учун ислоҳотларни энг муҳим бўғиндан — таълим-тарбиядан бошлаш зарур. Чунки миллий адабиётимизни ва она тилимизни чуқур ҳис қилмаган, уларнинг маънавий қудратини англамаган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мушкул.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тилининг тақдири — миллат ва давлат тақдиридир. Агар бугун тил софлиги, уни пухта билиш ва амалда қўллашга бўлган масъулият масаласида кескин, зарур бўлса, қатъий ислоҳотларни амалга оширмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини ошириш миллий ўзлигимиз ва мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ стратегик вазифадир.

Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,
филология фанлари доктори, профессор:

— Тилнинг ривожланиши кўп жиҳатдан унинг бошқа тиллар билан ўзаро алоқаларига боғлиқ. Ўзбек халқи ҳам узоқ тарихий тараққиёти давомида турли эллар билан сиёсий, иқтисодий, диний ва маданий муносабатларда бўлган. Бу алоқалар тилимиз луғат таркибининг бойишига таъсир кўрсатган. Шунинг учун ўзлашган сўзларнинг мавжудлиги тил тараққиётининг табиий жараёнларидан бири ҳисобланади.

Темурийлар даврида туркий тилдаги адабий ижод юксак тараққиёт босқичига кўтарилди. Айниқса, Алишер Навоий ижоди туркий тилнинг бадиий имкониятларини кенг намоён этди.

Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбек тилида иш юритиш ва расмий ҳужжатлар тайёрлаш бўйича қўлланмалар яратилди, илм-фаннинг турли соҳаларига оид энциклопедиялар, луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилди. Атамаларни тартибга солиш ва ўзбек тилининг луғат бойлигини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Лекин бу жараён сўнгги ўн йилда янада жонланганини, янги босқичга кўтарилганини қайд этмоқ керак. Хусусан, 2020 йилда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган концепция қабул қилинди. Унда давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, луғат бойлигини ривожлантириш, нутқ маданиятини юксалтириш ва замонавий ахборот технологияларида қўлланиш имкониятларини кенгайтириш каби вазифалар белгиланди.

Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий, сиёсий, маданий ва илмий-техник алоқалари кенгайиб бораётгани ҳам тилимиз луғат таркибига таъсир кўрсатмоқда. Янги тушунчалар, технологиялар ва касбий йўналишларнинг пайдо бўлиши уларни ўзбек тилида аниқ ва тушунарли ифодалаш заруратини юзага келтирмоқда. Шу боис янги атамаларни илмий асосда ишлаб чиқиш, уларни мутахассислар ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, амалиётга мақбул шаклда жорий этиш долзарб бўлиб турибди.

Ўзбек тилининг кўп жилдли изоҳли луғатини такомиллаштириш ҳам узоқ муддатли, тизимли меҳнатни талаб этади. Бунинг учун аввал луғатга киритиладиган сўзлар таркибини аниқлаш, мавжуд луғатларни ўрганиш, янги сўзлар, атамалар, шева бирликлари ва уларнинг маъноларини илмий асосда жамлаш лозим. Бундай кўламли ишларни малакали мутахассислар ва илмий муассасалар ҳамкорлигида, етарли ташкилий-молиявий кўмак асосида амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Тилни асраш ва ривожлантириш халқнинг маданияти, тарихи, анъаналари ва урф-одатларини келажак авлодларга етказиш демакдир. Тил халқни бирлаштиради, унинг маънавий дунёсини бойитади ва тараққиёт сари йўналтиради. Абдулла Авлоний таъкидлаган «ҳифзи лисон» — тилни асраш ва эъзозлаш ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Хорижий тилларни ўрганиш дунё билан мулоқот имкониятларимизни кенгайтирса, она тилимизни билиш, қадрлаш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш миллий ўзлигимиз ва маънавий масъулиятимизни намоён этади.

Ҳилола Иброҳимова ёзиб олди.