Сиёсат

Парламент минбарида долзарб масалалар кўриб чиқилди

Blog Image
Email : 7 0

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мунозараларга бой навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Қуйи палатанинг кун тартибида биринчи масала — давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат давлат харидлари соҳасида шаффофликни таъминлаш ва рақобат муҳитини кенгайтириш, харид қилиш тартиб-таомилларини хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини давлат харидларида янада фаол иштирок этишга кенг жалб қилишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда. Бу эса соҳада ҳисобдорлик ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, такрорий аукцион, танлаш ва тендерларда ягона иштирокчи билан боғлиқ тартибларни аниқ белгилаш, бюджет буюртмачиларининг давлат харидларида преференция қўлланилиши мумкин бўлган маҳаллий субъектлар доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан баъзи эътирозлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар берилди. Билдирилган фикрлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси такомиллаштириладиган бўлди.

Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилади

Ҳар бир ғоя, ихтиро ёки ижодий асар ортида инсоннинг меҳнати, изланиши ва ҳуқуқи мужассам. Уларнинг қадрланиши ва ишончли ҳимоя қилиниши ижодкорлар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Зеро, инсон ўз меҳнати самараси қадрланишига ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишонч ҳосил қилсагина, янада кўпроқ изланишга, янгилик яратишга ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилади.

Шу нуқтаи назардан, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда муаллифлар, тадбиркорлар ва инвесторлар учун аниқ ва ишончли ҳуқуқий шарт-шароитларни шакллантириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Ялпи мажлисда депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган. Ушбу ҳужжат интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Қонун лойиҳаси интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарлар, жумладан, адабий, сценарий, мусиқали, хореография, аудиовизуал, архитектура, дизайн каби асарларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлиги таъминланмоқда. Хусусан, хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг ўн йилдан кейин автоматик равишда муаллифга ўтиши ҳақидаги норма бекор қилиниб, мазкур муносабатларни шартнома асосида белгилаш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш билан бир қаторда, бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтириб, бузилган ҳуқуқларни тиклашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси билан ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва селекция ютуқларига оид патентларнинг амал қилишини сақлаш учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Бу ҳуқуқ эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш, патентларнинг техник сабабларга кўра амалдан чиқиб кетишининг олдини олиш ҳамда интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланишни таъминлашга имкон беради.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилмоқда

Мажлисда “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташнинг нуфузи ва жозибадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан олий ҳарбий, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, республика китобхонлик танловида юқори натижаларга эришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартиришни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида мазкур рағбатлантириш чораси ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган янги нормалар юқори малакали учувчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг кўп йиллик тайёргарлиги ва тажрибасини ҳарбий авиацияни янада ривожлантиришга йўналтириш ҳамда Қуролли Кучларнинг профессионал салоҳиятини юксалтиришга имкон бериши қайд этилди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Саноат хавфсизлиги тизими такомиллаштирилади

Мажлисда, шунингдек, саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳамда соҳадаги масъул субъектларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.

Лойиҳа билан Жиноят кодексига хавфли ишлаб чиқариш объектларида ва потенциал хавфли объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қатъий жазо чораларини белгилашни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини ташкил этмаслик ҳамда аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш талабларини бажармаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима жазосини қўллаш ва такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, ваколатли органларнинг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, уларнинг ҳуқуқий мақомини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар ҳам назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши саноат хавфсизлигини таъминлашда давлат назорати самарадорлигини оширишга ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида авария ва бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблиги ва соҳадаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига парламент сўрови юборилди

Депутатлар инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Қудратовга «Ҳудудларда чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда улар билан самарали ҳамкорлик механизмларини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларда чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳалар ижросида юзага келаётган муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, инвестиция лойиҳаларини ғоя босқичидан ишга туширилгунга қадар ягона ёндашув асосида кузатиб бориш, ер майдони ажратиш, зарур инфратузилма билан таъминлаш, рухсат бериш жараёнларидан ўтиш ва бошқа босқичларда юзага келаётган тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш имконини берувчи рақамли ва ташкилий механизмларнинг амалдаги самарадорлигини баҳолаш зарур.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналарнинг ҳуқуқий асослари ва бошқарув моделини такомиллаштириш, уларда инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш, резидентларни зарур инфратузилма билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудларга хорижий инвестицияларни самарали жалб этиш ва лойиҳалар ижросини назорат қилиш, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, инвестицияларнинг ҳудуд иқтисодиёти ва инсон капитали ривожига таъсирини ошириш ҳамда экспортбоп корхоналарни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан инвестициялар, саноат ва савдо вазирига парламент сўрови юборилди.

Чиқиндиларни бошқариш масаласи назоратда

Мажлисда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш.Ҳасановга «Чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда мазкур соҳада кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди. Шунингдек, Президентимизнинг соҳага оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчиларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга умумий қиймати 386,5 млрд сўм миқдоридаги инвестиция маблағлари йўналтирилган.

Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш йўналишида амалий ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида умумий қиймати 933 млн АҚШ долларидан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда олиб бораётган ўрганишлари мазкур соҳада қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, рекультивация ишларини белгиланган муддатларда якунлаш билан боғлиқ кечикишлар кузатилмоқда. Шунингдек, айрим чиқинди полигонларини экологик нормативлар, санитария қоидалари ва нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштириш зарурати мавжуд.

Бундан ташқари, жойларда соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифати юзасидан ҳам айрим фуқаролар томонидан мурожаатлар бўлмоқда.

Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, асослантирилган тушунтириш бериш ҳақида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директорига парламент сўрови юборилди.

Мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ва масалаларнинг барчаси мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим йўналишларни қамраб олгани билан а ҳамиятлидир. Энг муҳими, бу ташаббуслар одамларнинг кундалик ҳаётига, тадбиркорлар фаолиятига ва юртимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Чунки ҳар бир қонун ва қарорнинг асосий мақсади инсонлар ҳаётини яхшилаш ва мавжуд муаммоларга ечим топишдир.

Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.