Ўзбекистон

Янги Тошкент — замонавий шаҳарсозлик ва иқтисодий ривожланишнинг инновацион модели

Blog Image
Email : 8 0

Янги Тошкент қурилиши мамлакатимизда шаҳарсозликка бўлган ёндашувни ўзгартириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ва иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқталарини шакллантиришга қаратилган йирик лойиҳадир. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги шаҳарда қатор объектларнинг ишга туширилиши ва янги лойиҳаларга старт берилиши бу жараённинг навбатдаги муҳим босқичини бошлаб берди.

Янги Тошкент нафақат турар жойлар барпо этиладиган ҳудуд, балки таълим, тиббиёт, бизнес, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳалари бир-бири билан уйғун ривожланадиган иқтисодий марказ сифатида шаклланмоқда. Бу ерда муҳандислик инфратузилмаси, энергия таъминоти, транспорт ва ижтимоий объектларнинг уй-жойлар билан биргаликда барпо этилиши шаҳарнинг узоқ муддатли ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, лойиҳада «яшил» қурилиш стандартлари, қайта тикланувчи энергия манбалари, чиқиндилардан электр энергияси олиш ва кенг яшил ҳудудлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим. Замонавий шаҳарнинг қиёфаси фақат баланд бинолар ёки йўллар билан эмас, балки ҳаво сифати, энергия самарадорлиги, пиёдалар учун қулайлик ва аҳоли саломатлигига яратилган шароитлар билан ҳам белгиланади. Шу боис, Янги Тошкентда экологик ёндашувларни қурилишнинг дастлабки босқичиданоқ ҳисобга олиш келажакдаги шаҳар муҳитининг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Инвесторлар учун қулай шароит яратиш, рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш, инфратузилма тўловларини камайтириш ва йирик лойиҳаларга масъулларни бириктириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам алоҳида диққатга сазовор. Чунки бундай кўламдаги лойиҳани фақат давлат инвестициялари ҳисобига ривожлантириш билан чекланиб бўлмайди.

Давлат раҳбари 12 октябрь куни Янги Тошкентда инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда “Ўз ғоянг! Ўз сармоянг! Ўз келажагинг! Янги Ўзбекистон, Янги Тошкент ўзимизники!” деган янги шиор атрофида бирлашишга чақириб, бу ерда мамлакат учун муҳим бўлган ўзига хос лойиҳалар амалга оширилишига ишонч билдиргани бежиз эмас. Хусусий секторнинг фаол иштироки янги иш ўринларини яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш имконини беради.

Шу билан бирга, инвестицияларни жалб қилиш жараёнида лойиҳаларнинг сифати, жамоатчилик манфаатлари ва белгиланган шаҳарсозлик талабларига риоя этилиши заруратини унутмаслик керак. Хусусан, уй-жойлар билан бир қаторда мактаблар, боғчалар, шифохоналар, дам олиш масканлари ва жамоат транспортининг ўз вақтида ишга туширилиши аҳоли учун ҳақиқий қулайликни таъминлайди. Янги ҳудуднинг пойтахт билан транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳам унинг кундалик ҳаётдаги самарадорликни белгилайди.

Янги Тошкентда амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад — замонавий бинолар барпо этиш билангина чекланмасдан, одамлар яшаши, ишлаши, таълим олиши ва мазмунли дам олиши учун яхлит муҳит яратишдир. Шу маънода, бу лойиҳа шаҳарсозлик, инвестиция, экологик барқарорлик ва аҳоли турмуш сифати ўртасидаги мувозанатни таъминлаш нуқтаи назаридан истиқболли аҳамият касб этади.

Гулнора Маруфова,
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.