Дунёни эндигина англаётган митти гўдакнинг соғлиғи, унинг томирларида гупириб турган қон ва беғубор табассумидан кўра қимматлироқ бебаҳо неъмат ҳеч қаерда йўқ.
Болалар кардиожарроҳи… Касбим минглаб оилаларга умид бағишлайдиган, ҳаёт ва мамотнинг нозик чегарасида бутун масъулиятни ўз зиммасига олишни талаб қиладиган ғоят мураккаб, аммо шарафли соҳа. 2018–2019 йилларда Буюк Британиянинг нуфузли Лондон университет коллежида (UCL) магистратура босқичида таҳсил олиб қайтганимдан сўнг, илк фаолиятимни Тошкент давлат тиббиёт университетининг Болалар кўп тармоқли клиникасида бошладим. Аслида, ўша пайтларда жаҳоннинг энг етакчи клиникаларида қолиш, юқори маошли шартномалар асосида хорижда фаолият юритиш имкониятим ҳам бор эди. Аммо дипломни қўлга олгач, ҳаётимдаги энг тўғри ва масъулиятли қарорни қабул қилдим — жонажон Ўзбекистонга қайтдим.
Сабаби, кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиётга, айниқса, юқори технологик болалар кардиожарроҳлигига қаратилаётган давлат сиёсати ва эътибори тубдан ўзгарди. Илгари биз фақат орзу қилган, чет эллардагина кўриш мумкин бўлган энг замонавий ангиографлар, сунъий қон айланиш аппаратлари ва мураккаб гибрид операцияхоналар бугун ўзимизнинг клиникаларга ҳам олиб келинди. Сир эмас, шифокорда билим ва юксак салоҳият бўлса-ю, лекин замонавий шароит яратилмаса, жарроҳнинг қўли боғлиқ қолаверади. Бугун эса Ўзбекистонда хорижнинг энг илғор марказларидаги каби мураккаб амалиётларни ўтказиш учун ҳамма имконият ва моддий-техник база яратилган.
Давлатимиз кўмагида Германия, Австралия, Япония, Хитой, АҚШ ва Буюк Британия каби тиббиёти энг ривожланган давлатларда малака оширишга муваффақ бўлдим. Бугун ортга боқиб, қалбимда чексиз ғурур ва ифтихор билан айта оламанки, хорижда орттирилган тажриба ҳамда юртимизда яратилган замонавий шароитлар туфайли шу кунгача жамоамиз билан 1200 дан ортиқ мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётларини ўтказдик. Энг муҳими, мураккаб септал нуқсонларни даволаш, юрак бўлмачаси қулоқчасидан клапан ясаш инновацион технологияси, Эбштейн аномалияси коррексияси ҳамда дунё тиббиётидаги «Сеннинг» (Senning) операцияси каби ноёб амалиётларни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб йўлга қўйиш айнан бизга насиб этди.
Очиғини айтиш керак, илгари туғма юрак нуқсони билан дунёга келган гўдаклар тақдири оилалар учун оғир фожиа, ечими йўқ дарддек қабул қилинарди. Мураккаб очиқ юрак амалиётлари юртимизда жуда чекланган миқдорда ўтказилар, минглаб оилалар жигарбандини қутқариб қолиш илинжида катта маблағ излаб хорижга боришга мажбур бўларди. Уй-жойини, борбудини сотиб, қарзга ботиб чет элда сарсонсаргардон бўлган юртдошларимизни кўриш ҳар бир шифокорнинг қалбини оғритарди.
Бугун-чи? Бугун тизимда тамомила янгича ёндашув — соғлом рақобат ва беғараз ижтимоий ҳимоянинг мустаҳкам механизми яратилди. Президентимиз ташаббуси билан ажратилаётган давлат субсидиялари ва махсус жамғармалар маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларнинг минглаб фарзандларида туғма юрак нуқсони амалиётлари тўлиқ бепул амалга оширилмоқда. Оилалар гарданидаги молиявий юк давлат томонидан кўтарилмоқда. Эндиликда мураккаб операциялар фақат пойтахт Тошкентда эмас, балки чекка ҳудудий кардиожарроҳлик марказларида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Бу эса минглаб чақалоқларнинг ҳаётини илк кунларданоқ, вақтни бой бермасдан сақлаб қолиш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ва бугун умуммиллий ҳаракатга айланган Учинчи Ренессанс ғояси ҳақида гапирганда, шу ҳақиқатни теран англашимиз керак: ҳар қандай буюк келажак, иқтисодий ва маънавий юксалиш, энг аввало, СОҒЛОМ АВЛОД эвазига қурилади.
Жарроҳлик столида кичкина, уришдан тўхтаб қолган юракни қайта жонлантириб, чақалоқни соғ-саломат онасининг бағрига топширган лаҳзамда ҳис қиладиган туйғуларимни сўз билан таърифлаш жуда қийин. Мана шу қўлларимизда қайта урган мўъжаз юрак — эртага юртимиз байроғини дунёда ҳал қилувчи соҳаларда баланд кўтарадиган бўлажак олим, бунёдкор муҳандис ёки етук шифокорнинг юрагидир.
Давлатимиз томонидан шифокорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг малакасини жаҳон стандартларига мослаштириш мақсадида улкан молиявий ресурслар йўналтирилмоқда. Биргина Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида шифокорларнинг нуфузли хорижий ташкилотларда таҳсил олиши ва малака ошириши учун ҳар йили 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда. Жорий йилда мен ҳам айнан мана шу кенг имкониятдан фойдаланиб, АҚШнинг дунёга машҳур Гарвард университетига қарашли «Boston Children’s Hospital» клиникасида бир ойлик интенсив малака ошириш курсини ўтаб қайтдим. Айни пайтда мен билан бирга елкама-елка ишлаётган ҳамкасбларимдан бири Австралияда, яна бири эса Туркияда ўз устида ишлаб, тажриба орттирмоқда. Хўш, бу нимадан далолат беради? Бу — давлатнинг ўз фуқароси, миллат генофонди ва келажаги учун тикаётган энг тўғри, энг оқилона ва беғараз сармоясидир!
Тиббиётимиздаги, хусусан, болалар кардиожарроҳлигидаги бундай кескин ижобий бурилишлар халқаро майдонда ҳам ўз натижасини кўрсатмасдан қолмаяпти. Яқин-яқингача юртдошларимиз орасида мураккаб юрак нуқсонлари билан туғилган болаларни катта маблағлар эвазига Ҳиндистонга олиб бориб операция қилдириш одатий ҳолга айланган эди. Ҳозир эса бу оқим кескин камайди.
Ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган нуфузли халқаро кардиожарроҳлар конференциясида маъруза билан чиқиш қилдим. Маърузам якунлангач, Ҳиндистоннинг кўзга кўринган, дунёга танилган катта профессорларидан бири олдимга келиб, қўлимни маҳкам сиқди ва шундай деди:
«Охирги пайтларда Ўзбекистондан бизга келадиган беморлар оқими жуда камайиб кетганди. Бунинг сабаби нима экан, деб ўзимча кўп ўйлардим. Бугун маърузангизни эшитиб, ҳаммасини тушундим: аслида ҳозир энг мураккаб операцияларни ўзингизда, ўз шифокорларингиз муваффақиятли қилаётган экан-да! Сизларни ва бутун жамоангизни бу катта ютуқ билан чин дилдан табриклайман!»
2025 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Шунингдек, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан таъсис этилган «Инсон фахри — Йил шифокори» каби нуфузли мукофотларни қўлга киритиш менга улкан масъулият ва ғурур бағишлади.
Бугунги кунда юртимизда шифокорларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг моддий ва маънавий манфаатдорлиги тобора ошмоқда. Оддийгина ўзимнинг мисолимда айтсам, хорижий магистратура дипломим учун давлатимиз томонидан қўшиладиган махсус устамалар ҳисобига маошим 1000 АҚШ доллари эквивалентидан ошади. Тиббиёт марказларимизда эса қилинаётган мураккаб амалиётларнинг тури ва иш ҳажмига қараб ойига 20–30 миллион сўмлаб маош олаётган тажрибали, фидойи мутахассисларимиз жуда кўп. Табиийки, бу рақамлар осмондан тушгани йўқ, бу — шифокорларнинг заҳматли меҳнатига муносиб баҳо ва давлатнинг тиббиёт ходимларига бўлган юксак эҳтиромининг ёрқин натижасидир.
Бугун баланд овозда, қатъий ишонч билан айта оламанки: фақатгина соғлом ва кучли авлодгина Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини ярата олади. Биз, шифокорлар эса ҳар бир митти юракнинг соғлом уриши, ҳар бир гўдакнинг баркамол бўлиб улғайиши йўлида ўзимизнинг бор билим ва маҳоратимизни сафарбар этишдан асло чарчамаймиз.
Бобур ТЎРАЕВ,
Болалар кардиожарроҳи, Лондон университет коллежи (UCL) битирувчиси.
