Инсон учун тоза сув ҳаёт-мамот аҳамиятига эга масаладир.
Бежизга сувни ҳаёт манбаи дейишмайди. Кундалик турмуш тарзимизга назар ташласак, сувнинг қанчалик муҳим эканини кўрамиз. У ош-овқатимиздан тортиб, уй-жойимизни обод қилиш, кийим-кечакларимизни ювишдан тортиб, боғ-томорқаларимиз ва экинларимизни парваришлашгача бўлган барча юмушларимизда керак.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, марказлаштирилган ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатига бағишланган жамоатчилик эшитувида бу ҳақида алоҳида таъкидланди.
Эшитувда қайд этилганидек, 2026 йил 1 январь ҳолатида Жиззах вилоятида 1,5 миллион нафар аҳолининг 76,3 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Вилоятда 660 та ичимлик суви иншооти ва 4 минг километрга яқин ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлиб, 69 та иншоот ҳамда 1,1 минг километр тармоғи таъмирталаб ҳолатда. Оқова сув хизматлари билан қамров эса 26,2 фоизни ташкил этиб, мавжуд 460 километрдан ортиқ оқова сув тармоғининг деярли 100 километри таъмирга муҳтож.
Нуриддин ХОЛМАТОВ,
ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:
– Тоза сув шунчаки қулайлик эмас, аввало, соғлом ҳаётнинг зарур шартларидан биридир. Чунки аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш инсон саломатлиги, оила фаровонлиги ва жамият келажагини кафолатлайди.
Шу нуқтаи назардан, эшитувда аҳолини сифатли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдик.
Тўғри, мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, мавжуд сув таъминоти тизимларини яхшилаш ва сув сифатини назорат қилиш ишларида яхши ўзгаришлар бор. Аммо бу борада қилиниши керак бўлган масалалар ҳам етарлича топилади.
Масалан, аҳолини сув билан таъминлаш даражасини фақат қамров фоизи орқали баҳолаш етарли эмас. Аҳоли учун сувнинг ўз вақтида, етарли ҳажмда ва сифатли етказиб берилиши, мавжуд тармоқларнинг ишончли ишлаши ҳам асосий мезон бўлиши лозим.
Ўрганишлар жараёнида бу ҳолатни тасдиқловчи қатор мурожаатлар аниқланди. Хусусан, Зарбдор туманида марказий ичимлик сув тармоғи ёз ойларида аҳолига етарли сув етказиб бера олмаслиги, янги қурилган сув минораларининг тўлиқ ишламаётгани бўйича мурожаатлар келиб тушган.
Бахмал тумани Новқа қишлоғида 3 километр янги сув тармоғи тортилганига қарамасдан, аҳолига сув уч кунда бир марта берилаётгани аниқланди. Ўрганиш давомида бу ҳолат марказий тармоқдан фойдаланувчи хонадонлар сони кўплиги билан изоҳланган. Бироқ партия депутатлари нуқтаи назарича, бундай ҳолатни фақат мавжуд график билан изоҳлашнинг ўзи етарли эмас. Аҳоли сони ва эҳтиёж ортиб бораётган шароитда инфратузилманинг қуввати ҳам шунга мос равишда кучайтирилиши зарур.
Пахтакор туманида эса партиянинг сайёр қабуллари давомида 57 та мурожаат кўриб чиқилиб, 6 та сайёр қабул ўтказилган, 8,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилган ва 329 та сув ҳисоблагичи ўрнатилган. Бу каби амалий ишлар аҳолининг мавжуд муаммоларини ҳал этишда депутатлик назорати муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.
Айниқса, ичимлик суви масаласида ҳар бир километр тармоқ ортида қанча хонадон, қанча оила борлигини ўйласак, бу ишларнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.
Жамоатчилик эшитувида соҳани молиялаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилда Жиззах вилоятида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш учун 316,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, унинг асосий қисми республика бюджети ва халқаро маблағлар ҳисобига тўғри келади. Ушбу маблағлар ҳисобидан ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда тегишли иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Жорий йил сентябрь ҳолатига кўра, йиллик режанинг 65 фоизи бажарилган.
Ўрал ЎРАЗБАЕВ,
халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:
– Амалдаги режаларга кўра, 2026 йил якунига қадар 60,5 минг нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, марказлашган қамров даражасини 76,3 фоиздан 80,2 фоизга ошириш, шунингдек, 111,4 минг нафар аҳолига илк бор канализация хизмати кўрсатиш ва оқова сув қамровини 26,2 фоиздан 34,1 фоизга етказиш кўзда тутилган.
60 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиши — бу минглаб хонадонларга тоза сув кириб бориши, оилаларнинг сув ташиш билан боғлиқ ташвишлари камайиши, фарзандлар учун янада қулай ва соғлом шароит яратилиши демакдир.
Канализация хизматларининг кенгайиши ҳам аҳоли учун қулайликдан кўра кенгроқ маънога эга. Бу, аввало, тозалик, санитария, атрофмуҳит муҳофазаси ва инсон саломатлиги билан боғлиқ.
Энг муҳими, бу режалар қоғоздаги рақам бўлиб қолмаслиги, ҳар бир километр тармоқ, ҳар бир янги хонадон ва ҳар бир хизмат ортида инсонлар ҳаётида ўзгариш бўлиши керак.
Жамоатчилик эшитувида қайд этилганидек, Ўзбекистон ХДП аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти ҳамда канализация хизматларини янада яхшилашга қаратилган ушбу мақсад ва ташаббусларнит тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Чунки партиянинг Сайловолди дастурида аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш алоҳида устувор вазифа этиб белгиланган. Партия коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, ресурслар йўқотилишига йўл қўймаслик ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш тарафдори.
Жамоатчилик эшитуви якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши бу масалани депутатлик ва жамоатчилик назорати доирасида изчил давом эттириш, белгиланган вазифаларнинг ижросини кузатиб бориш ва аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга эришишини маълум қилди.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
