Жаҳоннинг кўҳна, донишманд тарихидан маълум: бошқарув босим, жисмоний назорат ва инсон идрокига хўжайинлик қилиш устига қурилса, халқ ўзига, уйига, ички ташвишларига ёпилиб олади. Нотўғри муносабатга нисбатан жамиятнинг табиий ҳимоя инстинкти шундай бўлади.
Аксинча, бошқаришдан мақсад халқнинг бирини икки қилиш, дунё олдида ғурурини кўтариш, босим эмас, балки қўллов ва имконият бериш бўлса, миллатнинг қалби очилади. Қачонлардир ўз уйига бекиниб олган одамлар остона хатлаб кўчага чиқади, эрта баҳор ҳовлисига ниҳол қадаб, маҳалла ва жамият билан завқланиб яшамоқ учун янги йўлларга отланади.
Янги ўқув йилининг илк кунларида фарзандини мактабга кузатаётган оналарнинг бахтиёрлигини кўриб, яқин ўтмишнинг оғриқли хотиралари хаёлдан ўтади. Биз эркинлик нималигини тушунар-тушунмас, синфхоналардан тўғри пахта даласига қувилган авлод эдик. Асли мўъжизали болаликнинг энг катта ғами этакни қандай тўлдириш ва кунлик “план”ни бажаришдан иборат бўларди.
Энди-энди ўйласанг, мустабид совет тузумидан бери бошидан мақсад меҳнат, манфаатдорлик, ишчи-деҳқонлар бахту иқболи эмас, назорат қилиш, босимда ушлаб туриш бўлгани очилгандай туюлади. Коммунизмнинг ўзича бош “доҳий”ларидан бирининг “ҳисоб ва назорат ҳар бир совет ишчиси ва солдатларининг энг асосий иқтисодий вазифаларидан биридир”, деган гапидан бу англаниш кенгайгандек бўлади. Ҳаммага ё ишчи-деҳқон, ё солдат, деб қаралар, бу қадимий мамлакатда гўёки инсон йўқ эди…
Мустақилликнинг дастлабки ўн йилликлари ҳамма жойда ҳам осон кечмайди. Кўнгли чўкиб, ҳафсаласи пир бўлган бир кишининг руҳини кўтариш, аввали ўзига ишонтириш қанчалик қийинлигини ўйлаб, кейин бутун бир мамлакатдаги вазиятни тасаввурга сиғдиришга уриниб кўриш мумкин. Мустабид тузум асоратлари ювилиб кетиши қийин бўлди. Гўёки давлат ва жамият бўлиб, эркин халқ бўлиб яшашнинг мажбурийликдан, босимли назоратдан бошқа йўли йўқдек эди. Давлат бошқаруви фуқарога қўлловчи эмас, балки фақат назорат қилувчи “объект” сифатида қарайдиган вазиятда, жамиятда давлат институтига нисбатан ҳадик аралаш лоқайдлик муҳити шаклланиши табиий эди. Кейинги ўн йилликдаги ўзгаришларга мана шу нуқтадан қаралса, бутунлай бошқа замон ва маконга ўтиб кетилгандек тасаввур уйғонади.
Халқ билан гаплашиш катта иштиёқ асосида йўлга қўйилгани, қанчалик қийин бўлмасин, шу маслакда қатъий турилгани, бугун тўлиқ ишонч билан айтиш керакки, халқни ҳам, давлатни ҳам ўзгартирди. Одамлар фаоллашиб, талабчан бўлиб кетса, кейин бошқариш қийин бўлади, гапга юрмай қўяди, деган мустабид тузумдан пинҳона оқиб келган ожиз қарашлар чилпарчин бўлди.
Фақат муаммони эшитиш, бурчни бир марталик бажариш билан чекланилмади: мулоқотдан кейин мамлакатдаги вазият аёнлашгач, бутун давлат тизими, кучи ва имкониятлари ҳудудларга сафарбар қилинди, муаммолар, чигалликлар билан ёпилиб олган жойларга ободлик, тоза ҳаво кирди. Бу ҳаво маҳалла гузарларидан ошиб, ҳовлиларга ҳам ўтиб борди. Мажбурлаши, босим билан назорат қилиши орқали таниган давлатни фуқаролар бошқатдан кашф этгандек бўлди. Давлат бошқарувининг тоталитар ва маъмурий-буйруқбозлик моделларидан инсон ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган замонавий бошқарув тизимига ўтилиши жамият ва давлат ўртасидаги ишонч кўпригини қайта тиклади.
Кейин ҳар бир маҳаллани обод қилиш, ривожлантиришга ўтилди. Бир хил хонадон эгалари уй-жойи ташқи томондан чиройли бўлиб қолганини сезмай ҳам қолди. Ҳижолат бўлиб, ичидаги муҳитни ўзлари ўзгартиришга уринишни бошлади.
Мана шундай қилиб, бир замонлар мажбурийликдан безиб, уйига, ўзига ёпилиб олган одамлар эшикларини ҳам, кўнглини ҳам очди. Бугун маҳалладошлари билан бирлашиб, овоз йиққан лойиҳаси бўйича кўчасига ётқизилган асфальтнинг қалинлигини ўлчаб, сифатини текшириб кўрадиган, инсофи камроқ катта-кичик раҳбарларни сўраб-тергайдиган, халқ назоратини ўрнатишни бошлайдиган бўлди.
Шу йилнинг ўзида «Ташаббусли бюджет»нинг 1-мавсумида фуқаролардан 21 мингдан ортиқ ташаббус билдирилди, лойиҳаларни қўллаш учун 10 миллиондан ортиқ овоз йиғилди. 2-мавсумда ҳам 10 миллиондан кўпроқ овоз берилди. Айни рақамлар мамлакатда ижтимоий-иқтисодий фаоллик қанчалик ошиб бораётганининг жуда самимий, жуда ҳақиқатли ифодасидир.
Бироқ, тан олиш керак, аҳолининг ичимлик суви, йўл ёки мактаб таъмири каби энг бирламчи эҳтиёжлар учун ҳам овоз тўплашга мажбур бўлаётгани жойлардаги ижроия ҳокимияти органлари ўз вазифасини тўлиқ уддалай олмаётганидан ҳам далолат беради. Лойиҳа фақат овоз йиғиш пойгасига айланиб қолмаслиги, бюджет маблағлари тақсимотида шаффофлик тўлиқ таъминланиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Барибир, юқоридаги рақамлар эскидан қолиб кетган мажбурийлик муаммосидан ташаббускорлик ва масъулият босқичига чиқилаётганини билдириб турибди. Бунинг ортида кенг саъй-ҳаракатларнинг натижадорлигини кўрсатувчи бошқа рақамлар ҳам бор, албатта.
Ижтимоий ҳимоя, «Ижтимоий реестр» ва маҳаллабай тизим: 2016 йилга қадар нафақа олиш учун маҳалладан «справка» йиғиш, таниш-билишчилик одатга айланган эди. 2026 йилга келиб, инсон омилисиз ишлайдиган электрон тизим ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бор. Эндиликда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали кўмакка муҳтожлар манзилли аниқланмоқда.
Лекин тизим рақамлаштирилгани билан, жойларда «Ижтимоий реестр»га киролмай қолаётган ёки техник сабаблар туфайли ёрдамдан узилиб қолаётган реал муҳтож оилалар ҳали ҳам учраб турибди. Инсон омилини истисно қилиш қуруқ алгоритмларга суяниб қолишни англатмаслиги, ҳар бир вазиятга индивидуал ёндашув сақланиб қолиниши керак.
2025–2026 йилларда Давлат бюджети харажатларининг 50 фоиздан ортиғи айнан ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Бу – давлат топган пулининг ярмини халқнинг тўғридан-тўғри эҳтиёжларига сарфлаётганини англатади.
2016 йилда ижтимоий ҳимоя фақатгина « давлат берадиган кичик бир моддий ёрдам» сифатида кўрилган бўлса, 2026 йилга келиб у иқтисодий фаоллик билан боғланди. Ҳозирги тизимнинг асосий мақсади муҳтож оилага нафақа берибгина қолмай, унга имтиёзли кредит ёки ер ажратиб, касбга ўқитиб, ўз оёғида туриб кетишига шароит яратишдир. Рақамларнинг бир неча баравар ўсгани эса иқтисодиётнинг хуфиёна соядан очиқликка чиққанини кўрсатмоқда.
Кези келганда, кейинги йилларда Ўзбекистон Халқ деморатик партияси сиёсий мафкураси марказида турувчи ғоялар амалга ошаётганини таъкидлаш зарур. Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаб, ижтимоий-иқтисодий фаол қатлам сафига ўтказиш, ҳуқуқлар билан бирга имкониятлар тенглигини амалда таъминлаш, бандлик ва барқарор даромад манбаларини яратиш, камбағалликнинг туб сабабларини бартараф этиш, энг асосийси, давлат идораларини фуқаролар олдида доимий масъул ва ҳисобдор қилиш йўналишларидаги стратегик ислоҳотлар халқимизнинг нафақат турмушини, ялпи тафаккурини ҳам ўзгартирмоқда.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллик байрами тантаналарида Президент томонидан келгуси ўн йиллик пойдевори бўладиган еттита тарихий Миллий дастур ғояси илгари сурилди. Бу дастурлар ҳар бир ватандошимизнинг рўзғорига, чўнтагига, соғлиғига ва кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган, ижтимоий-иқтисодий фаолликни кўтарадиган янада кучли шижоатни уйғотади.
Масалан, биринчи миллий дастур: билим ва малака келажак капиталига айланади. Илгари бойлик деганда фақат олтин, газ ёки пахта тушунилган бўлса, энди энг катта бойлик инсоннинг билими ва фаолияти, деб белгиланди. Бу мажбурийлик эмас, инсоннинг эркинлиги, ихтиёри ва ташаббуси биринчи ўринга чиқади, деганидир. Билимли авлод шаклланиши мамлакатга миллиардлаб долларлик хорижий инвестицияларни олиб келади ва меҳнат унумдорлигини кескин оширади.
Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш дастури бўлиши айтилди. Дастур доирасида яқин йилларда мамлакат иқтисодиётини тубдан модернизация қилиш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган: 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, келгуси ўн йил ичида иқтисодиётнинг турли тармоқларига жами 450 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори қўшилган қиймат яратиш, энг муҳими, 2 миллионта барқарор даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилди. Натижада мамлакат иқтисодиёти тубдан ўзгариши кутилади, инновацион иқтисодиёт моделига ўтилади.
Одамлари фаол қиймат яратмаган мамлакат кучли бўла олмайди. Мажбурийлик ҳеч қачон бир нарса кашф қилмайди, вақтнинг, ироданинг, охир-оқибат инсон шахсининг бутунлай йўқотилишига олиб боради. Бир вақтлар мажбурийлик ва ночорликдан бошқасини кам билган қанча оилалар бугун фаол қиймат яратувчига айланиши учун нима керак бўлса, чораси кўриляпти: натижалар рақамларда аниқ, муаммолар ҳам йўқ эмас, шунинг учун янгидан-янги вазифалар қўйиляпти. Ҳар кимнинг ҳолати, вазияти, ҳатто дунёқарашига қараб ёндашув қилиняпти. Асосийси, ишчи ёки солдат эмас, инсонга инсондек муносабатда бўлиняпти.
Кўҳна ва донишманд тарих эса бошқарувдаги нотўғри ёндашувлар одамларни йиллар давомида қийнаб келиши мумкинлигини, аксинча, халқ манфаатларига асосланган сиёсат ва тизимли ислоҳотлар инсонлар ҳаёти, дунёқараши ва мамлакат тақдирини бутунлай ўзгартиришга қодирлигини эслатиб туради. Бу жараёнда давлат, жамият ва сиёсий институтларнинг умумий масъулияти мамлакат истиқболини белгиловчи энг асосий омил бўлиб қолаверади.
Тўлқин Тўрахонов,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.
