Спорт

ДУНЁ ШАХМАТЧИЛАРИ – САМАРҚАНДДА

Blog Image
Email : 18 0

Қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида расман старт берилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси яна бир бор бутун дунё аҳли нигоҳини юртимизга қаратди.

ПАРИЖДАН БОШЛАНГАН БАҲСЛАР

Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бир асрлик тарихга эга. 1924 йилги Париж ёзги Олимпия ўйинлари шахмат тарихида бурилиш нуқтасини ясади. Ташкилотчилар шахматни спорт тури сифатида эътироф этган бўлса-да, иштирокчиларнинг «ҳаваскор» ёки «профессионал» мақоми бўйича юзага келган тушунмовчиликлар жиддий баҳсларга сабаб бўлди. Бироқ айнан ана шу ташкилий инқироз глобал шахмат ҳамжамиятини ягона мақсад атрофида бирлаштирди — мусобақанинг сўнгги кунида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ташкил топди. Шу тариқа, Париждаги баҳсли мусобақа жаҳон шахмат дипломатияси ва ягона қоидалар тизимига пойдевор қўйди.

1927 йилда Лондонда ўтказилган илк расмий олимпиада шахматни глобал спорт мақомига кўтарди. 1950 йилдан эътиборан мусобақа ҳар икки йилда мунтазам ўтказиладиган анъанавий турнирга айланди. Гендер тенглиги ва интеллектуал интеграция йўлидаги муҳим қадам сифатида 1957 йили Нидерландияда аёллар ўртасидаги илк олимпиада ташкил этилди, 1976 йилга келиб эса аёллар ва очиқ турнирлар ягона майдонда бирлаштирилди. Мусобақа ғолибларига топшириладиган эркаклар ўртасидаги тарихий Гамильтон-Расселл кубоги ҳамда аёллар жамоалари учун Вера Менчик кубоги шунчаки мукофот эмас, балки бир асрлик интеллектуал зафарлар ва шахмат маданиятининг рамзи ҳисобланади.

МАРКАЗИЙ ОСИЁДАГИ ИЛК ДЕБЮТ

Шахмат ўйинининг энг қадимги илдизлари айнан Самарқанд замини (Афросиёбдан топилган VII асрга оид шахмат доналари бунинг далили) билан боғланиши ҳеч кимга сир эмас. Бугун ушбу қадимий кентнинг глобал шахмат марказига айланиши маданий ва тарихий адолатнинг қарор топишидир.

Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси — интеллектуал спорт оламидаги энг нуфузли ва йирик мусобақа. Ушбу қадимий турнир тарихида Марказий Осиё минтақаси илк бор улкан жамоавий баҳсларга мезбонлик қилмоқда. Эркаклар ва аёллар ўртасидаги турнирлар ёнма-ён ўтказилиб, юзлаб федерацияларни 11 турдан иборат муросасиз баҳсларда бирлаштиради. Дунё тан олган жаҳон чемпионлари ва янги порлаб чиқаётган ёшларнинг бир майдонда учрашуви турнирнинг шиддатини янада ошириши шубҳасиз.

Бу беллашув, албатта, тасодиф эмас. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган, маданиятлар ва илм-фан чорраҳаси бўлган қадимий Самарқанд бугун ақл соҳибларининг глобал пойтахтига айланмоқда. Сўнгги йилларда ўзбек шахмат мактабининг жаҳон аренасида кўрсатаётган феноменал натижалари, хусусан, 2022 йилги Ченнай олимпиадасидаги тарихий ғалабамиз ва ёш гроссмейстерларимизнинг кетма-кет зафарлари Ўзбекистоннинг ҳақиқий шахмат мамлакатига айланганини халқаро ҳамжамиятга исботлади. Эндиликда юртимиз нафақат кучли шахматчилари, балки жаҳон даражасидаги турнирларни юқори савияда ташкил эта оладиган марказ сифатида эътироф этилмоқда.

САМАРҚАНДДА 200 ДАН ЗИЁД МАМЛАКАТДАН ЖАМОАЛАР

Ҳар қандай йирик халқаро спорт анжуманининг нуфузи, аввало, унинг қамрови ва ташкилий миқёси билан ўлчанади. Худди шундай, Самарқанддаги тарихий мусобақада дунёнинг 200 дан зиёд мамлакатидан гроссмейстерлар, мураббийлар ва шахмат ихлосмандлари иштирок этмоқда. Бундай улкан қамров мусобақанинг Будапешт-2024 рекордини ҳам ортда қолдирди.

Халқаро регламентга мувофиқ, мезбон давлат сифатида Ўзбекистонга мусобақанинг ҳар икки йўналишида 3 тадан, жами 6 та терма жамоа билан иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Таҳлилий ёндашадиган бўлсак, бу фақатгина мезбонга берилган ташкилий имтиёз эмас, балки ўзбек шахмат мактабининг захирасини тоблаш учун яратилган беқиёс трамплиндир. Асосий жамоамиз олтин медаллар учун мардонавор кураш олиб борса, иккинчи ва учинчи таркибдаги ёш вундеркиндларимиз жаҳоннинг энг кучли гроссмейстерларига қарши ўйнаб, эртанги чемпионлар авлодини шакллантиришдек муҳим стратегик вазифани ўтайди.

Айтгандай, бундай миқёсдаги турнирни қабул қилиш фақатгина меҳмондўстликни эмас, балки улкан иқтисодий ресурслар ва сиёсий иродани ҳам талаб этади.

АФСОНАЛАР ВА АВЛОДЛАР ТЎҚНАШУВИ

Самарқанддаги олимпиада шунчаки турли давлатларнинг эмас, балки турли даврларнинг, аниқроғи, бой тажриба ва шиддатли ёшликнинг ўзига хос тўқнашуви майдонига айланиши кутилаётир. Зотан, бугунги глобаллашув ва компьютер технологиялари асрида шахмат кескин «ёшариб» боряпти, бироқ тажриба ўз сўзини айтишдан тўхтагани йўқ. Турнир иштирокчилари рўйхатига кўз югуртирсангиз, гўёки вақт машинасида саёҳат қилаётгандек бўласиз.

Бир томонда жаҳонни ҳайратга солаётган ёш вундеркиндлар.

Иккинчи томонда эса классик шахмат мактабининг тирик афсоналари ўзларининг мустаҳкам позицияларини ҳимоя қилади.

Бу борада асосий диққат марказида амалдаги чемпион – Ҳиндистон ва 2022 йилги олимпиада ғолиби – мезбон Ўзбекистон терма жамоалари турибди.

Ўзбекистон терма жамоаси Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов етакчилигида ушбу турнирга ўзгача мотивация билан тайёргарлик кўрган. Мезбонлик мақоми жамоамизга нафақат қўшимча масъулият юклайди, балки ўз мухлисларимиз қаршисида қудратли руҳий устунлик ҳам беради. АҚШнинг тажрибаси, Ҳиндистоннинг тактикаси ва Ўзбекистоннинг ўз уйидаги шиддати — олтин медаллар тақдирини айнан мана шу учлик ҳал қилишини экспертлар алоҳида таъкидламоқдалар.

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Олимпиада доирасида Самарқанддаги «EXPO» марказида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Шарлиз ван Зил модераторлигида ўтган тадбирда Вишванатан Ананд билан бир қаторда терма жамоамиз етакчилари — Нодирбек Абдусатторов ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова иштирок этди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев Янги Ўзбекистоннинг шахмат оламидаги бугунги мақоми ва давлат даражасидаги эътибор ҳақида сўз юритди.

— Биринчидан, олимпиада мезбонлигини қўлга киритганимиз ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг Самарқандда ўтказилиши — давлатимиз раҳбарининг шахматга қаратаётган эътибори ҳамда мамлакатимиздаги ушбу спорт турига бўлган улкан қизиқиш самарасидир, – деди А. Саъдуллаев. – Иккинчидан, олимпиада билан бир вақтда FIDE конгресси ва сайловларининг ўтказилиши зиммамизга қўшимча масъулият юклайди. Ҳукуматимиз томонидан ушбу нуфузли тадбирларни ўз бўйнимизга олиб, юқори савияда ўтказишимиз — Ўзбекистоннинг шахмат оламидаги ўрни, нуфузи ва ўз сўзига эгалигининг амалдаги исботидир.

Эътиборли жиҳати, олимпиада бошланишидан олдин кўпчилик бизга «Ўзбекистондан ташқари яна кимларни фаворит сифатида кўряпсиз?» деган савол билан юзланмоқда. Бу — бутун дунё Ўзбекистоннинг мутлақ фаворит эканини аллақачон тан олиб бўлганини англатади. Албатта, барчамиз ғалаба кутяпмиз ва бизга фақат биринчи ўрин ярашади. Бундай йирик тадбирларнинг мамлакатимизда ўтказилаётгани бежиз эмас. Унинг замирида ҳақиқатан ҳам шахматга қаратилаётган юксак эътибор ва тараққиёт ётибди.

Самарқанддаги интеллектуал фестиваль фақатгина чемпионларни аниқлаш билан чекланмайди. Мусобақанинг энг инсонпарвар жиҳатларидан бири — у билан параллель равишда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги 3-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ўтказилаётганидир. Бу лойиҳа ақл-заковат спортида жисмоний чекловлар аҳамиятсиз эканини, мантиқ ва тафаккур майдонида барча инсонлар тенг ва чексиз имкониятларга эгалигини бутун дунёга намойиш этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнашчиларига йўллаган
табригидаги “Ишончим комил, мазкур йирик спорт анжуманлари дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Улар Ўзбекистонда шахматни янада оммалаштириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиши билан ҳам аҳамиятлидир”, деган сўзлар ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ҳа, олдинда бизни икки ҳафталик ҳаяжонли ва муросасиз ўйинлар, “ақл баҳслари» кутиб турибди…

Азим АХТАМОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.